platina.uz

Михаил Мишустиннинг ташрифи: ким учун кўпроқ фойдали?

Ғарб давлатлари билан савдо-иқтисодий фаолликнинг пасайиши Москвани янги ҳамкорлар излашга ва Ўзбекистон асосий ўринни эгаллаган Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга ундамоқда.

Сиёсат
15 сентябрь, 12:00
Михаил Мишустиннинг ташрифи: ким учун кўпроқ фойдали?

Россия Бош вазири Михаил Мишустиннинг 2024 йил 9-10 сентябр кунлари Ўзбекистонга ташрифи жаҳон экспертлари томонидан икки давлат муносабатларида очиқ ва яширин мақсадларга эга муҳим воқеа дея баҳоланди. Украинада давом этаётган можаро ва Россияга қарши муттасил халқаро санкциялар фонида бу ташриф Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият учун жуда катта оқибатларга олиб келиши кутилмоқда.

Ташрифнинг очиқ ва яширин мақсадлари

Мишустин ташрифининг асосий мақсадларидан бири - Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни, айниқса, Украина инқирози туфайли Россиянинг халқаро майдонда яккаланиб қолгани фонида мустаҳкамлаш эди, деган хавотирлар мавжуд. Ғарб давлатлари билан савдо-иқтисодий фаолликнинг пасайиши Москвани янги ҳамкорлар излашга ва Ўзбекистон асосий ўринни эгаллаган Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга ундамоқда.

Очиқ мақсадлар эса - савдо, логистика ва ишлаб чиқариш соҳаларида Россияга Ғарб бозорлари ва технологияларини йўқотишнинг ўрнини қоплашга ёрдам берадиган қатор келишувларни имзолашдан иборат бўлган. Бу соҳалардаги ҳамкорлик иқтисодиётни диверсификация қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга интилаётган Ўзбекистон манфаатларига ҳам мос келади. Бироқ бу ташрифда яширин мақсадларни ҳам кўриш мумкин, масалан, Тошкентнинг ЕОИИга қўшилиши бўйича босим кучайиши мумкин. Шу билан бирга, бу масала узоқ вақтдан бери муҳокама қилиб келинсада, аниқ натижа бермаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Келишувлар ва уларнинг оқибатлари

Ташриф чоғида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган бир қанча шартномалар, жумладан, Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ишлаб чиқарадиган завод яратиш бўйича келишув имзоланди.

Ушбу лойиҳа келажакда ишлаб чиқарилажак дронлар ёрдамида айнан қандай вазифалар бажарилиши ва бу Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан муносабатларига, айниқса, Украинадаги уруш шароитида, қандай таъсир қилиши ҳақида кўплаб саволлар ва тахминларни келтириб чиқаради.

Албатта, бундай технологиялардан қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма мониторинги каби фуқаролик мақсадларида фойдаланиш мумкин. Бироқ, мазкур дронлар икки мақсадли товарлар ҳисоблангани боис, келажакда улардан жанговар мақсадларда фойдаланиш мумкин, деган хавотирларни туғдиради. Хусусан, бу завод билан, ўтган йили Татаристондаги “Елабуга” иқтисодий зонасида Эроннинг "Shahed" русумидаги камикадзе учувчисиз парвоз аппаратларини йиғиш заводи қуриш режаси ўртасида параллалеллар ўтказилган.

Гарчи Татаристондаги заводга Эрон эҳтиёт қисмлар етказиб бериши айтилган бўлсада, микрохемалар ва бошқа деталлар топиш масаласи санкциялар қуршовида қолган Россия учун ҳамон ўткир муаммо ҳисобланади. Ўзбекистонда хориждан бу деталларни импорт қилшда чекловлар йўқ. Шу боис айрим экспертлар Ўзбекистон Россияга сакцияларни айланиб ўтишда ёрдам беряпти, деган шубҳага боришяпти. Айниқса яқинда эълон қилинган ҳисоботларда Ўзбекистон ва Россиянинг ўтган йили хорижга олтин экспортини кескин оширгани, гўёки аслида бу Россия олтинларининг реэкспорти эканлиги борасидаги маълумотлар фонида бу шубҳаларга ишонч туғилиши табиий.

Мишустин ташрифи давомида Ўзбекистонда темир йўл машинасозлиги соҳасида ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиши ҳам очиқ айтилган. Ўзбекистоннинг яқин келажакда поезд ва вагонларга, умуман бу оғир саноат билан боғлиқ машинасозлик соҳасига эҳтиёжи борлиги бирор марта расман қайд этилмаган. Таҳлилчиларнинг гумон қилишича бу келишув ҳам асосан Россия манфаатларига мос келади ва ишлаб чиқарилажак механизмлар ҳам икки мақсадли бўлмаслигига ишонч йўқ.

Умуман, Россия-Украина можаросини ҳисобга олсак, Россия Ўзбекистондан кейинчалик урушда қўлланилиши мумкин бўлган ускуналар ишлаб чиқариш базаси сифатида фойдаланиши хавфи бор. Бу халқаро ҳамжамиятда хавотир уйғотади ва мабодо Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган учувчисиз аппаратлар Украинадаги ҳарбий амалиётларда иштирок этаётгани аниқланса, Ўзбекистонга қарши иккиламчи санкциялар таҳдиди пайдо бўлади.

Иккиламчи санкциялар таҳдиди

Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишгани каби, Россия Ўзбекистондан санкцияларни четлаб ўтиш учун ўзига хос “туйнук” сифатида фойдаланишга уриниши кўп бора таъкидланган. Ўзбекистон ҳукумати бунга ва унинг оқибатларга йўл қўймаслик учун Россия билан муносабатларини эҳтиёткорлик билан мувозанатлаши керак, албатта. Иккиламчи санкциялар Ўзбекистон учун ташқи сиёсатдаги рискларнинг энг мураккаб жиҳатларидан бири ҳисобланади. Зеро, қозонга яқин юрсанг, қораси юқмай қолмайди: Россия билан, айниқса, ҳарбий маҳсулотларга оид лойиҳаларда иштирок этиш AҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан санкцияларга сабаб бўлиши тайин. Бу ҳол юз берса, Ўзбекистон иқтисодиётининг банк, энергетика ва саноат каби муҳим тармоқларига таъсир қилиши ва иқтисодий ўсиш йўлида жиддий тўсиқлар яратиши мумкин. Албатта Тошкент Россиянинг ҳарбий ва империалистик амбициялари йўлида ўзбек халқи манфаатларини қурбон қилмайди ва бунга ишончимиз комил.

Путиннинг ташрифи билан боғлиқлик борми?

Михаил Мишустиннинг ташрифини Владимир Путиннинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи билан бошланган Россия дипломатик “трафиги”нинг давоми сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Ўшанда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги потенциал иштироки муҳокама қилингани айтилган эди. Бу ташрифлар Россиянинг Ўзбекистон билан интеграцияни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканидан далолат беради. Шу билан бирга, Москва иқтисодий лойиҳалардан Тошкентни Россия учун кўпроқ манфаатли иттифоқларга кўпроқ жалб қилиш учун восита сифатида ишлатаётган бўлиши мумкин. Айрим экспертларнинг таъкидлашича, Мишустин Кремлнинг Ўзбекистоннинг Россияга иқтисодий ва сиёсий қарамлигини кучайтиришга қаратилган сиёсатини давом эттиришни мақсад қилган. Путиннинг ташрифи, бир қатор келишувлар билан бир қаторда, Жиззахда кичик қувватли АЭСлар қуриш қарорини мустаҳкамлаган бўлса, Мишустиннинг ташрифи Тошкентнинг ЕОИИга қўшилиш борасидаги қарорига таъсир қилиши мумкин.

ЕОИИ: истиқбол ва муаммолар

Учрашувда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири - Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан интеграциялашув йўналиши бўлгани ёзилади. Бу иқтисодий блокка қўшилиш Тошкент учун мунозарали масала бўлиб қолмоқда. Бир томондан, Ўзбекистон экспорт ва иш ўринлари учун муҳим бўлган кенгайтирилган савдо имкониятларини қўлга киритиши мумкин. Иккинчи томондан, ЕОИИга қўшилиш мамлакатнинг иқтисодий суверенитетини чеклайди ва Россияга қарамлигини оширадики, бу ҳозирги халқаро кескинлик шароитида айниқса хавфли экани аниқ.

Ҳозирда Россияда мигрантларга қарши сиёсатнинг кескинлашиб ва абсурдлашиб бораётгани ҳам бу борадаги гумонларни мустаҳкамлайди. Зеро, тарихга назар солсак, Россия Тошкентдан бирор нарса талаб қилса, дарров унинг оғриқли нуқтаси – мигрантлар “жароҳати”ни эзғилашга ўрганиб қолган.

Бироқ шуни унутмаслик керакки, ўзининг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга, Ғарб ва Хитой билан ҳамкорликни ривожлантиришга, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилаётган Ўзбекистон учун Россия манфаатлари устун бўлган ЕОИИда иштирок этиш самарасиз, ҳатто зарарли бўлиши мумкин.

Нима қилмоқ керак?

Мишустиннинг ташрифи, дипломатик протокол тили билан айтганда, Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди. Шу билан бирга, асосан Россия манфаатлари устувор бўлган, халқаро ҳамжамият мақбул деб ҳисобламайдиган турли иқтисодий лойиҳаларга қўшилиш Ўзбекистон олдига қийин танловлар қўйиши аниқ.

Табиийки, минтақанинг Москва учун аҳамиятини инобатга олган ҳолда Россиянинг юқори мартабали сиёсатчиларининг Ўзбекистонга ташрифлари яна давом этади. Бироқ барча хавф-хатарлардан хабардор Тошкент турли таъсир марказлари, жумладан, Россия, Хитой ва Ғарб ўртасида мувозанатни сақлашга интилиб келаётганини кўряпмиз. Доимо эҳтиёткорлик ва вазминлик билан иш тутиб келган Ўзбекистон ҳукумати ва дипломатияси бу борада ҳам иқтисодий манфаатлар ва сиёсий хавфларни ақл ва мантиқ тарозисида тортиб кўришни унутмаслигига ва бунга журъат этишига шубҳамиз йўқ.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+