Туркий давлатлар учун умумий алифбо қабул қилинди
Мазкур лойиҳани Туркий академия мувофиқлаштирган бўлиб, алифбо 34 ҳарфдан иборат бўлади.
Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи мамлакатлар учун ягона алифбо қабул қилинди.
2024 йилнинг 9-11 сентябр кунлари Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти томонидан тузилган Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашув натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо лойиҳаси келишиб олинди. Учрашув Туркий Академия ва Турк тили институти билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда ТДТга аъзо мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад туркий тиллар учун ягона алифбо лойиҳаси устидаги ишларни якунлашдан иборат эди. Комиссия 1991 йилдаги дастлабки лойиҳани кўриб чиқди ва керакли ўзгартиришлар киритди.
"Ана шундай фидокорона иш натижасида 34 ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо таклифи бўйича келишувга эришилди. Таклиф этилаётган алифбодаги ҳар бир ҳарф туркий тилларда мавжуд бўлган турли фонемаларни ифодалайди", — дейилади расмий баёнотда.
Туркий тиллар академияси бу воқеанинг тарихий аҳамиятини таъкидлади.
" Умум туркий алифбони ишлаб чиқиш туркий халқларнинг тил меросини асраб-авайлаш билан бирга ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади», — дейилади баёнотда.
Эндиликда барча тегишли муассасалар янги умумий туркий алифбони жорий этишни фаол қўллаб-қувватлашга таклиф этилади.
Мазкур лойиҳани мувофиқлаштирган Туркий академиянинг бош қароргоҳи Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида жойлашган.