2035 йилгача автомобилсозликни тўлиқ электромобил ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш илгари сурилади
Экологик партия 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш ташаббуси билан чиқди.
Экологик партия 2035 йилгача маҳаллий автосаноатни электромобил ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш ташаббусини илари суради. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясининг V Форуми бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган делегатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат, нодавлат ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Экологик партиясининг 2020-2024 йиллар давридаги фаолияти, партиянинг Сайловолди дастури ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.
Партия Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ва ҳар бир вилоят кенгашларида "ишонч телефони" ишга туширилиб, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишнинг яхлит тизими яратилди. Бунинг натижасида 2020-2024 йилларда партияга келиб тушган экологик масалаларга оид 5 436 та мурожаатнинг 2 692 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари ижро юзасидан тегишли инстанцияларга юборилди.
Партия фаоллари иштирокида Орол денгизининг қуриган тубида "яшил қопламалар" ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш лойиҳаси ва харитаси ишлаб чиқилди. Партия ташаббуси билан 2021 йилда "Оролга мадад", 2022 йилда "Оролга нигоҳ", 2023 йилда "Яшил тараққиёт учун бирлашайлик" лойиҳалари амалга оширилиб, Мўйноқ тумани Оролбўйи ҳудуди ҳамда Хоразм вилоятининг Қизилқум чўли ҳудудида ҳашар йўли билан 25 минг дона кўчат, 10 тоннадан ортиқ саксовул уруғлари ва 10 минг тупдан зиёд саксовул кўчатлари экилди, 2 йил давомида 7 та "Дўстлик экобоғ"лари барпо этилди.
Форумда Ўзбекистон Экологик партиясининг Сайловолди дастури муҳокама қилинди.
Партиянинг бўлажак сайлов учун ишлаб чиққан платформасидан мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитини яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга оид муҳим ташаббус ва таклифлар ўрин олган.
Мафкураси экологизм бўлган партия сиёсий майдонда ўзининг "сўл" позициясини қатъийлик билан давом эттирган ҳолда янги Сайловолди дастурида мамлакатнинг барқарор ривожланиши йўлида бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш, инсон ва табиат узвийлиги устувор бўлган ривожланган жамият барпо этиш ғоясини илгари суради.
Партия дастурида давлат томонидан аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мамлакатнинг йўл инфратузилмаси учун ажратиладиган сумманинг муайян қисмини мажбурий равишда пиёдалар йўлакчаларини ташкил этишга йўналтириш, автомобиль йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жамоат транспортидан доимий фойдаланувчи шахслар учун йўл ҳақини арзонлаштириб бориш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш, экология соҳасидаги қонунчилик талаблари ижросини таъминлашда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар жавобгарлигини кучайтириш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Мамлакат таянчи бўлган хавфсиз ва ишончли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш, 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобил ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини икки карра ошириш каби ташаббуслар ҳам Экопартия тарафдорлари томонидан фаол қўллаб-қувватланди.
Сайловолди дастурида, шунингдек, давлат муассасалари объектлари, кўп квартирали уйлар ва майдони 1 000 м2дан ортиқ бўлган объектлар учун энергия тежовчи технологияларни ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш,
10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга чеклов ўрнатиш, 2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлаш, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш каби таклифлар ҳам ўрин олган.
Қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида партия 2030 йилга қадар пестицидлардан фойдаланиш ҳажмини 50 фоизга камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларидан фойдаланиш тизимини кенг жорий этиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Сайловолди дастурга киритилган ҳар бир ташаббус ҳозирги кунимиз учун долзарб ва ҳаётий зарурат экани, буни бугунги экологик вазият, атроф-муҳитнинг ўзи тақозо этаётгани алоҳида қайд этилди. Экологик партия "Табиат учун бирлашайлик!" ғояси мужассамлашган Сайловолди дастурини тасдиқлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.
Номзодларнинг 44,6 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 31,5 фоизини экологлар, 10 фоизини ҳуқуқшунослар, 9 фоизини тиббиёт, 15 фоизини иқтисодиёт ва 34,5 фоизини бошқа соҳалар вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 26 нафарини юқори малакали олимлар ташкил этади.
Телеграмда кузатиб боринг!