Коронавирус асорати - бўғимлар емирилиши кўп учрамоқда

Вируснинг бўғимларни шикастлайдиган асосий механизми тананинг гиперяллиғланиш реакцияси билан боғлиқ. 

Жамият
8 сентябрь, 10:52
Коронавирус асорати - бўғимлар емирилиши кўп учрамоқда

SARS-CoV-2 вируси келтириб чиқарадиган COVID-19 (коронавирус) хасталиги XXI асрнинг энг долзарб тиббий офатларидан бирига айланди. Гарчи жамоавий иммунитет ва бошқа омиллар таъсирида бу касаллик бироз унутилган бўлсада, ҳозирги кунда кўплаб инсонларда бўғим емирилиши ва пневмония каби иккиламчи хасталиклар тез-тез учрай бошлади. Шифокорлар буни коронавирус асоратлари билан боғлашмоқда. 

Бир пайтлари коронавирус билан оғриб тузалган беморларда энди этимологияси ноаниқ ўпка шамоллаши – пневмония яъни зотилжам ҳамда ўткир респиратор дистресс синдроми (ARDS) каби симптомлар кузатиляпти. Ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. 

Шунингдек, коронавиурсдан тузалган беморлар (асосан оёқдаги ва тос суягидаги) бўғимларнинг емирилиши ва сурункали оғриқлардан шикоят қилишяпти. Ҳатто баъзи хасталар таянч-ҳаракат тизимининг фаолияти кескин бузилгани ва сурункали оғриқлардан азоб чекишгани боис, бўғинлардаги айрим суякларни протезлар билан алмаштириш учун жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлишяпти. 

Илмий тадқиқотлар ҳам шуни тасдиқлаяптики, COVID-19 хасталиги бўғимларнинг яллиғланишига олиб келиши ва миалгия (оғриқлар) каби иллатларнинг ривожланишига ҳисса қўшиб, беморларнинг ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бўғимларнинг шикастланиш механизмлари

COVID-19 тизимли касаллик бўлиб, унинг таъсири, аввал ўйлаганимиздек, ўпкадан ҳам кенгроқ кўламга эга бўлиб чиқди. Вируснинг бўғимларни шикастлайдиган асосий механизми тананинг гиперяллиғланиш реакцияси билан боғлиқ. Кўпгина беморлар организмида кузатилган цитокин бўҳрон иммун тизимининг фаоллашувига ҳамда интерлейкин-6 (IL-6), интерлейкин-1β (IL-1β) ва алфа ўсимта некрози омили (TNF-α) каби яллиғланишга қарши молекулаларнинг кўплаб ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Бу цитокинлар нафақат ўпкада, балки бошқа тўқималарда, шу жумладан бўғимларда ҳам яллиғланишни келтириб чиқаради.

Содда қилиб тушунтирганда, одам организми коронавирусга қарши курашиш учун “аскарлар”ни кўпайтиради, бироқ бу “аскар”ларнинг дастурида носозлик пайдо бўлиб, ўз “хўжайини” - одам танасига ҳам ҳужум қилиб, нозик тўқималарга зарба бера бошлайди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, COVID-19 билан касалланган беморларнинг 20 фоизи касалликнинг ўткир босқичида бўғим ёки мушак оғриғини бошдан кечиради. Бироқ, айрим беморларда бундай аломатлар бир неча ой давомида сақланиб қолади. Бу эса вирусдан кейинги артритнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

COVID-19 ва артрит

COVID-19 келтириб чиқарган артрит турли шаклларда бўлади. Реактив артрит, вирус-индуцияланган артрит ва илгари мавжуд ревматик касалликларнинг кучайиши шулар жумласидандир. 2021 йилда Италияда ўтказилган тадқиқотлардан бирида аниқланишича, COVID-19 оғир кечган беморларнинг тахминан 2 фоизи тузалганидан кейин бир неча ҳафта ўтгач, реактив артрит белгиларига гувоҳ бўлган.

Алоҳида диққат жалб этадиган томони шундаки, COVID-19 ревматоид артрит (РA) каби илгари мавжуд бўлган ревматик касалликларни қўзғатиб, оғирлаштиради. 2022 йилда Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, аввал ревматоид артрит билан оғриган беморлар COVID-19 билан касаллангач, уларнинг тахминан 10 фоизи илгари назорат остида бўлган касалликларининг ёмонлашганидан шикоят қилишган. Хасталик кучайиши - яллиғланиш жараёнининг фаоллашуви ва иммунитет тизимининг бузилиши билан боғлиқ.

Постковид синдроми ва бўғинлардаги сурункали оғриқлар

Постковид синдроми (post-COVID-19 syndrome) ёки long COVID - касалликнинг ўткир босқичидан кейин бир неча ой давом этадиган кенг кўламли аломатлар билан тавсифланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, COVID-19 ни бошидан ўтказган беморларнинг деярли 30 фоизи тинка қуриши, сабабсиз чарчоқ, нафас қисиши ва бўғим оғриқлари каби узоқ давом этадиган симптомлардан азият чеккан. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, мазкур  беморларнинг айримларида бўғин оғриқлари сурункали тус олади ва узоқ муддатли даволанишни талаб қилади.

2021 йилда AҚШда ўтказилган илмий тадқиқотларда аниқланишича, постковид синдроми бўлган беморларнинг тахминан 15 фоизи тиббий аралашувни талаб қиладиган сурункали бўғин оғриқларидан шикоят қилган. Афсуски, коронавирус ҳамон инсониятни бутунлай тарк этгани йўқ. Коронавирус билан хасталаниш ҳолатлари давом этаётган бир шароитда, COVID-19 асоратларига дуч келган беморлар сони ортса ортяптики, камаймаяпти.

Даволаш ва реабилитация

COVID-19 билан касалланган беморларда бўғимлар шикастланишини даволаш индивидуал ёндашувни талаб қилади. Бугунга келиб, яллиғланишга қарши ностероид дорилар ва кортикостероидлар асосий терапия воситаси  бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, сурункали оғриқлардан азият чекаётган беморлар учун жисмоний терапия ва реабилитация дастурларини ўз ичига олган кенг қамровли даволаш чора-тадбирлари талаб этилиши мумкин.

Энг муҳим жиҳат - реабилитация бўлиб, у бўғинлар ҳаракатчанлигини тиклаш ва оғриқларни камайтиришга қаратилган. 2022 йилда Германияда коронавирусдан кейинги бўғин муаммоларига учраган беморлар учун махсус реабилитация дастури ишлаб чиқилган. У жисмоний терапия, машқлар терапияси ва яллиғланишга қарши дориларни қўллашни ўз ичига олади. Мазкур даволаш дастури натижаларига кўра, даволаниш бошланганидан 3 ой ўтгач, беморларнинг 80 фоизида ҳаракатчанликнинг сезиларли даражада яхшиланиши ва оғриқларнинг камайиши кузатилган.

Прогноз ва узоқ муддатли асоратлар

COVID-19 дан тузалганларнинг бўғинлари шикастланиши вақтинчалик ёки узоқ муддатли бўлиши мумкин. Баъзи беморларда оғриқ ва яллиғланиш бир неча ойдан кейин йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Айримларида эса бу сурункали тус олиши мумкин. Вазиятнинг янада ёмонлашувининг олдини олиш учун беморлар доимий шифокор назорати ва кузатуви остида бўлишлари, мунтазам даволаниб юришлари керак бўлади.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар ўз вақтида ва тўғри даволанмаса, коронавирусдан кейинги артрит, айниқса кекса одамлар ёки COVID-19 дан олдин ревматик касалликлардан азият чекканларнинг ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлади. 2023 йилда эълон қилинган тадқиқотлардан бирининг кўрсатишича, коровирусдан кейин бўғимларида оғриқлар пайдо бўлган беморларнинг 5-10 фоизида интенсивроқ тиббий аралашувни талаб қиладиган ногиронлик келиб чиқади. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+