platina.uz

Виртуал оламда радикаллашувга қарши курашишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилади

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси конференциясида шу ҳақда муҳокама бўлиб ўтди.

Сиёсат
5 сентябрь, 20:29
Виртуал оламда радикаллашувга қарши курашишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилади

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ)нинг Х халқаро илмий-амалий конференцияси 5 сентябр куни Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида ўз ишини давом эттирди. Унда ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари, халқаро ташкилотларнинг ваколатли тузилмалари делегациялари раҳбарлари иштирок этди.

“Терроризмга қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатлар” мавзусидаги тўртинчи сессия доирасида халқаро ташкилотлар (БМТ хавфсизлик кенгашининг таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги гуруҳи), Россия, Беларус, Қозоғистон хавфсизлик ва махсус хизмат органлари ҳамда Хитой ва Италия илмий-маърифий муассасалари вакилларининг маърузалари тингланди.

Иштирокчилар терроризмни молиялаштириш, хусусан пул оқимлари мониторинги самарадорлигини ошириш ҳамда шубҳали пул ўтказмаларини аниқлаш, МДҲ аксилтеррор маркази ва ШҲТ МАТТ платформаларида террорчилик ташкилотлари ва терроризмни молиялаштиришга дахлдор бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар базасини ривожлантиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Террорчилик ташкилотларининг ўз жиноий фаолиятини молиялаштиришда қўллаётган замонавий шакл ва усуллари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари терроризм ва экстремизм билан боғлиқ пул оқимларини янада самарали аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини давом эттириш зарур, деган якдил фикр билдирди.

Маърузаларда иштирокчилар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқалаётган экстремизм мафкураси, хусусан, ижтимоий тармоқлар ва турли веб-манбаларда экстремистик контентни аниқлаш ва таҳлил қилиш, виртуал оламда радикаллашувга қарши курашиш мақсадида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Экстремизм ва радикализмнинг тарқалишига қарши чора-тадбирлар сифатида экспертлар томонидан ахборот алмашиш ва рақамли маконда экстремизмга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича халқаро стандартлар ва баённомаларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш таклиф этилди.

Сессия якунида иштирокчилар очиқлик ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида халқаро ҳуқуқ меъёрларига таянган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини билдирди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+