Ғазо аҳолисига хавфли касаллик бўлган полиомиелит хавф солмоқда
Исроил Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини вайрон қилган, 36 касалхонадан 31 таси шикастланган ёки бузиб ташланган, дейилади ЖССТ маълумотида.
Исроил зарбалари остида қолаётган Ғазо сектори аҳолисида янги муаммо пайдо бўлди. Ҳудудда хавфли касаллик полиомиелит қайд этилган.
Ғазода кўп вақтдан бери истиқомат қилаётган Эид ал-Аттар, ҳудуднинг шимолий қисмида ўқитувчилик қилар эди. Эндиликда у оиласини сақлаб қолиш учун етарли миқдорда озиқ-овқат ва сув топишга ҳаракат қилмоқда.
Октябрь ойида бошланган урушдан бери 42 ёшли Эид 5 фарзандини можародан ҳимоя қилиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди.
"Биз фарзандларимизни ҳимоя қила олмаймиз. Доимий бомбардимонлар туфайли ҳар лаҳзада ўлим билан олишамиз. Ва мен уларни касалликлардан ҳам ҳимоя қила олмайман. Биз чодирда яшаймиз, дори-дармон йўқ, ҳамма жойда чиқинди, кўчалар оқава сувга тўлиб кетган", деди у.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Исроил Ғазонинг соғлиқни сақлаш тизимини вайрон қилган, 36 касалхонадан 31 таси шикастланган ёки вайрон қилинган.
Ғазо секторида яшовчи 2,3 миллион аҳолининг қарийб 90 фоизи ўз уйларидан кўчирилган, уларнинг аксарияти жуда гавжум, антисанитария шароитидаги вақтинчалик лагерларда яшайди. Гепатит, пневмония ва дизентерия, диарея каби касалликлар, шунингдек, қўтир, бит ва заифлаштирувчи тошмалар аллақачон кенг тарқалган, дейди ЖССТ.
ҲАМАС назорати остидаги ҳудудда қурбон бўлган 40 мингдан ортиқ аҳолининг қанча қисми касаллик туфайли ўлганлиги ҳақидаги аниқ маълумот мавжуд эмас. Аммо ўтган ҳафтада Ғазода чорак асрдан буён кузатилмаган полиомиелитнинг 2 тури қайд этилгани соғлиқни сақлаш ходимларини қўрқувга солди. Юқумли касаллик, асосан, чақалоқлар ва 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Касаллик фалажланиш ҳолатига олиб келиши ва ўлим ҳолати билан якунланиши мумкин.
ҲАМАС ва Исроил вакцинация қилиш учун жангларни маълум соатлар оралиғида тўхтатиб туришга келишиб олдилар.
Биринчи ҳолат ўтган ҳафта бир оёғи фалаж бўлган 10 ойлик болада қайд этилган. ЖССТ маълумотларига кўра, яна юзлаб одамлар аллақачон ушбу касалликни юқтирган бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат Ғазодаги юз минглаб болаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин.
Полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.
Полиомиелитни юқтириб олиш жуда осон. Касалланган киши билан мулоқотда бўлиш ёки ҳаводаги томчилар йўли билан ўтадиган вирусни ташиб юрувчига тегишнинг ўзи кифоя. Организм ичига тушган вирус марказий асаб тизимини шикастлайди, бунинг натижасида фалаж ёки шол ривожланиши мумкин.