platina.uz

Нега китлар ва делфинлар ўзларини қирғоққа отишади?

Оммавий худкушликнинг энг аниқ сабабларидан бири - касаллик ва инфекциядир. Касалланган ҳайвонларнинг сувда ориентация қобилияти пасаяди. 

Жамият
3 сентябрь, 15:30
Нега китлар ва делфинлар ўзларини қирғоққа отишади?

Жорий йилнинг 28 июнида АШнинг Массачусетс штатидаги Кейп-Код кўрфази соҳилларида 10 делфин ўзини қирғоққа отган. Бу АҚШ тарихидаги энг йирик шундай ҳалокат ҳисобланади. Қутқарувчиларнинг айтишича, делфинларнинг 102 нафари, яъни 70 фоизи омон қолган. Таъкидлаш керак, Кейп-Код соҳил чизиғининг деярли 20 километрлик ҳудудига дунёнинг бошқа жойларига нисбатан энг кўп делфинлар ўзини қирғоққа отади.

Худкушликми ёки...

Кит ва делфинларнинг оммавий равишда равишда қирғоққа чиқиб қолиб, ҳалок бўлиш ҳодисаси кўп асрлар давомида кузатилган сирли ва хавотирли ҳодисадир. Илк қайд этилган ҳолатлар қадимги даврларга бориб тақалади. Аммо сўнгги ўн йилликларда бундай ҳодисаларнинг тез-тез учраб туриши олимлар ва экологларни тобора хавотирга солмоқда.

Тарихий муаммо

Денгиз сутэмизувчиларининг ўзини қирғоққа отиши ҳақидаги илк ҳужжатлаштирилган гувоҳлик милоддан аввалги 300-йилларга тўғри келади. Юнон тарихчиси ва файласуфи Aрасту ўзининг “Ҳайвонлар тарихи” китобида китларнинг шундай ғалати хатти-ҳаракатлари ҳақида ёзган. Ўша пайтларда бу воқеаларнинг сабаблари номаълум эди ва сир бўлиб қолаверди. Ўрта асрларда ҳам Европа қирғоқларида китлар ва делфинларнинг оммавий худкушлик ҳолатлари қайд этилган. Бироқ фақат XIX – XX асрларга келиб, бу ҳодисани тизимли ўрганиш бошланди.

1918 йилда Янги Зеландия тарихидаги энг йирик оммавий худкушлик рўй берди:100 дан ортиқ китлар қирғоқда қолиб кетишди. 1985 йилда Флорида (AҚШ) қирғоқларида 300 дан ортиқ китларнинг соҳилга чиқиб, уммонга қайта олмагани қайд этилган.

2009 йилда 200 га яқин делфинлар Aвстралиядаги Кинг оролида қирғоққа ўзини отган. Бу ва бошқа кўплаб ҳолатлар денгиз сутэмизувчиларнинг оммавий қирғин бўлиш ҳодисаси нафақат қадимий, балки ҳозирги кунгача давом этаётган муаммо эканлигини кўрсатади.

2020 йилда Тасмания ороли қирғоқларига 270 делфин чиқиб қолган эди.

Кит ва делфинларни нима мажбурлайди?

Йиллар давомида олимлар китлар ва делфинлар ўзини нега қирғоққа отиши ҳақида кўплаб фаразларни илгари сурди. Ҳозирги тадқиқотларнинг натижалари бир нечта эҳтимолий сабабларга ишора қилади:

Касаллик ва инфекция

Оммавий худкушликнинг энг аниқ сабабларидан бири - касаллик ва инфекциядир. Касалланган ҳайвонларнинг сувда ориентация қобилияти пасаяди, бу эса тасодифан қирғоққа, саёз соҳилга чиқиб қолишига олиб келади. Масалан, 2018 йилда Шотландия қирғоқларида 70 дан ортиқ китлар қолиб кетишди. Улар ёриб кўрилганида, уларнинг ориентация қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган паразитлар мавжудлиги аниқланган.

Антропоген ва техноген муаммолар

Китлар ва делфинлар сувда ҳаракат қилиш учун эхолокациядан фойдаланадилар. Антропоген омиллар, шунингдек, кемаларнинг сув остидаги шовқинлари, ҳарбий машқлар ва сув отсида қазиб олиш ишларининг шовқинлари бу сутэмизувчиларнинг навигация қобилиятига халақит бериши мумкин. 2000 йилда Багама оролларида фаол сонар ёрдамида ҳарбий денгиз машқлари ўтказилган вақтда бир неча китлар оммавий равишда ўзларини соҳилга отишган. Айрим илмий тахминларга кўра, эволция аввалида кит ва делфинларнинг аждодлари қурқуқликда пайдо бўлган ва шу муҳитда яшаган. (Кит ва делфинларда жабра йуқ, улар ҳаводан нафас олади, сувда бола туғиб, сут билан боқади – таҳр.) Кейинроқ уларнинг авлодлари айрим ўзгаришлар натижасида сувда яшашга ўта бошлаган. Бироқ сувда ҳам бирор ваҳима ёки муаммо туғилса, сутэмизувчилар инстинктив равишда, тарихий ирсият ва хотира таъсирида қирғоқдан нажот қидиришлари тахмин қилинади. Бироқ бу ғоя мухолифларининг далил келтиришича, техника ривожланиши ва эхолокация тизимлари ихтиро қилинишидан аввал ҳам кит ва делфинлар ўзларини қирғоққа отган. Демак, бу ягона сабаб эмас.

Aтроф-муҳит омиллари

Сув ҳарорати, оқимлари ва ифлосланиш даражасининг ўзгариши каби экологик ўзгаришлар денгиз сутэмизувчиларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилиши мумкин. Мисол учун, уларнинг озиқ-овқатларининг миграция йўлларидаги ўзгаришлари ҳайвонларни нотаниш ва хавфли сувларда саргардон бўлишга мажбур қилиши мумкин.

Токсик сув ўтлари ва ифлосланиш

Қизил тошқин каби заҳарли сув ўтлари китлар ва делфинлар учун зарарли бўлган заҳарларни ишлаб чиқаради. Сувнинг ифлосланиши, жумладан, нефтнинг тўкилиши ва оғир металларнинг тўпланиши ҳам денгиз сутэмизувчиларнинг саломатлиги ва хатти-ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин.

Жамоавий хулқ-атвор

Китлар ва делфинлар ўта ижтимоийлашган ҳайвонлардир. Битта касал ёки йўналишини йўқотган кит ёки делфин бутун гуруҳни ортидан эргаштириб қирғоққа олиб чиққан ҳолатлар бўлган. (Худди битта қўй қоядан сакраса, бошқа қўйлар унга эргашиб ўзини қоядан отгани каби – таҳр.) 2015 йилда Ҳиндистон қирғоқлари яқинида “учувчи кит”ларнинг оммавий худкушлик ҳодисаси кузатилди. Тадқиқотчилар касал гуруҳ раҳбари ортидан соғлом китлар эргашиб, қирғоққа чиқиб қолишган, деб ҳисоблашади.

Ижтимоийликнинг яна бир зарари шуки, кит ва делфинлар тўда бўлиб ов қилишади ёки душманлардан қочишади. Шундай маневрлар натижасида, эҳтиётсизлик ёки мажбурликдан улар саёз ҳудудга чиқиб кетишганини билишмайди. Сув ортга қайтганида эса улар очиқ қирғоққа чиқиб қолишади.

Яна бир тахминга кўра, битта сутэмизувчи нимадир сабабга кўра қирғоққа чиқиб қолса, у бутун тўдасини ёрдамга чақиради. Оқибатда, унга ёрдамга келган “дўст”лари ҳам соҳилда қолиб кетади.

Энг сўнгги тадқиқотлар ва натижалар

Ҳозирги даврда сунъий йўлдош орқали кузатиш ва сув ости акустикаси каби замонавий технологиялар олимларга мазкур муаммо сабабларини аниқроқ ўрганиш имконини беради. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар океандаги инсон фаолияти ва оммавий худкушликлар ортиши ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда. Хусусан, нефт ва газни қидириш учун сонар ва сейсмик тадқиқотларнинг фаол қўлланилиши сутэмизувчиларнинг ўзларини қирғоққа отиш ҳолатларининг кўпгина қисмига сабаб бўлганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, иқлим ўзгариши ва океан ҳароратининг кўтарилиши денгиз сутэмизувчиларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиришда ҳам рол ўйнаши мумкин. Сув ҳароратининг кўтарилиши озиқ-овқат тақсимотига таъсир қилади, бу миграция шаклларининг ўзгаришига ва тўсиқлар хавфининг ошишига олиб келиши мумкин.

Муаммонинг олдини олиш мумкинми?

Кит ва делфинларнинг қирғоққа чиқиб қолишиннг олдини олиш мураккаб ва комплекс ёндашувни талаб қилади. Лекин айрим чораларни кўриш фойдадан ҳоли бўлмайди:

Шовқинларни чеклаш

Океанда сонарсиз зоналарни ташкил этиш, кит ва делфинлар яшайдиган жойларда шовқин даражасини пасайтириш - денгиз сутэмизувчилари орасида чалкашлик ва стрессни камайтиришга ёрдам беради.

Мониторинг ва муносабат

Мониторинг ва огоҳлантириш тармоқларини ўрнатиш, шунингдек, бундай фожиали ҳодисаларга тезда жавоб бериш - бу ҳайвонларни қутқариш ва уларни денгизга қайтаришга ёрдам беради.

Тадқиқот ва таълим

Сутэмизувчиларнинг ўзини оммавий равишда қирғоққа отиш сабабларини ўрганишни давом эттириш ва бу ҳақдаги маълумотларни жамоатчилик ва манфаатдор томонларга тарқатиш - янада самарали олдини олиш стратегияларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Яшаш ҳудудини муҳофаза қилиш

Китлар ва делфинларнинг табиий яшаш ҳудудларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш, жумладан, ифлосланишни камайтириш ва озиқ-овқат ресурсларини ҳимоя қилиш чоралари ҳам юқорида зикр этилган глобал муаммога ечим бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, китлар ва делфинларнинг оммавий худкушликлари табиий ва техноген омилларнинг комбинациясидан келиб чиқадиган мураккаб ва кўп қиррали муаммо бўлиб қолмоқда. Илмий тадқиқотлардаги ютуқларга қарамай, ушбу ҳодисанинг кўп жиҳатлари ҳали ҳам яхши ўрганилмаган. Кит ва делфинларнинг оммавий тарзда соҳилда ўлим топиш ҳолатларини самарали батараф этиш учун кейинги тадқиқотлар, олимлар, ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ва денгиз экотизимларини ҳимоя қилиш ва инсоннинг океанга таъсирини камайтириш каби амалий чора-тадбирлар талаб этилади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+