platina.uz

Глобал иқтисодий тенденциялар, муаммолар, уларнинг ечимлари ва истиқбол

2023 йилда дунё иқтисодиётида инфляция рекорд даражага етди ва 2024 йилда глобал иқтисодий ўсиш 2,9% даражасида прогноз қилинмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткич. 

Иқтисод
3 сентябрь, 20:01
Глобал иқтисодий тенденциялар, муаммолар, уларнинг ечимлари ва истиқбол

Ярмидан зиёди ўтаётган 2024 йилда жаҳон иқтисодиёти унинг ривожланиш тенденцияларини белгилаб берувчи ва глобал кун тартибини шакллантирадиган бир қатор муҳим муаммолар ва тенденцияларга дуч келади.

COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатлари, давом этаётган геосиёсий можаролар, иқлим ўзгариши ва технологик инновациялар глобал бозорларга кучли таъсир кўрсатмоқда. Шундай тенденциялар фонида асосий иқтисодий тенденциялар, мавжуд муаммолар, уларнинг эҳтимолий ечимларини кўриб чиқиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Aсосий иқтисодий тенденциялар: жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашди

2024 йилда Халқаро Валюта Фонди глобал иқтисодий ўсишни 2,9% даражасида прогноз қилмоқда. Бу эса сўнгги йиллардаги ўртача кўрсаткичдан ҳам паст. Динамика сустлашувининг асосий омиллари - инфляцияга қарши курашиш учун турли давлатларнинг марказий банклари томонидан жорий этилган юқори фоизли ставкалар, шунингдек, AҚШ ва Хитой каби дунёнинг йирик иқтисодиётларида хизмат ва товарларга талабнинг пасайиши билан боғлиқ.

Инфляция ва фоиз ставкалари ошди

2023 йилда дунё иқтисодиётида инфляция рекорд даражага етди ва бу омил AҚШ Федерал резерв тизими ҳамда Европа Марказий банки каби марказий банкларни асосий фоиз ставкаларини оширишга мажбур қилди. Иқтисодий ўсишнинг секинлашув хавфи мавжудлигига қарамасдан, ушбу чора-тадбирлар инфляция кутилмаларини ушлаб туриш учун 2024 йилда ҳам ўз кучида қолиши прогноз қилинган.

Рақамли трансформация ва автоматлаштириш

Бутун дунё бўйлаб турли компаниялар ўз бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштиришга сармоя киритишда давом этмоқда. McKinsey & Company консалтинг компаниясининг маълумотларига кўра, 2024 йилда рақамли технологияларга сармоя киритиш ҳажми 15 фоизга ўсиши кутиляпти. Бундай вазият эса янги иш ўринларини яратиш ва меҳнат унумдорлигини ошириши билан бирга, меҳнат бозорида таркибий ўзгаришларни ҳам келтириб чиқаради. Яъни, айрим касблар ва мутахассисликларга эҳтиёж пасайиб, ҳатто йўқолса-да, айрим янги соҳалар пайдо бўлади ва улар янги профилдаги мутахассисларни талаб қилади.

Экологик барқарорлик ва яшил иқтисодиётга ўтиш

Иқлим ўзгариши кучайиб бораётган бир пайтда ҳукуматлар ва компаниялар барқарор ривожланишга эътиборни кучайтирмоқда. 2024 йилда яшил технологиялар ва қайта тикланадиган энергия соҳаларига инвестиция киритиш 20 фоизга ортиши кутиляпти. Бундай истиқбол эса иқлим бўйича Париж келишуви мақсадларига эришиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Шу билан бирга, жаҳон иқтисодиёти жорий йилда қатор ўткир муаммоларга ҳам дуч келди. Улар эса долзарблиги ва таъсирчанлик даражасидан келиб чиққан ҳолда, дунё иқтисодиётидаги мувозанатни ўзгартиришга қодирлигини яширишдан фойда йўқ. Хусусан, айни даврда қуйидаги асосий иқтисодий муаммолар алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади:

Геосиёсий можаролар ва иқтисодий беқарорлик

Украинадаги уруш, AҚШ ва Хитой ўртасидаги сиёсий-иқтисодий характердаги кескинлик ва бошқа шу каби давом этаётган можаролар глобал иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатади. Улар таъминот занжирларининг узилишига, энергия ва озиқ-овқат нархларининг ошиши ва иқтисодий беқарорликнинг кучайишига олиб келишига шубҳа йўқ.

Тенгсизлик ва қашшоқлик

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда 700 миллиондан ортиқ одам қашшоқлик чегарасида яшаяпти. Даромадлардаги тенгсизликнинг кучайиши ва мамлакатлар ўртасида ва мамлакат ичида ресурслардан фойдаланишдаги тенгсизлик - иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ривожланишга тўсқинлик қилувчи муҳим муаммо бўлиб қолмоқда.

Қарз юки

Халқаро молия институти (IIF) маълумотларига кўра, 2023 йилда жами глобал қарз 300 триллион долларга етди. Бу рақам жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 349 фоизини ташкил этади. Қарзнинг юқори даражаси, айниқса ривожланаётган мамлакатларда инвестициялар ва барқарор иқтисодий ривожланиш имкониятларини чеклаши табиий.

Қандай ечим топиш мумкин?

Албатта дунённинг назариётчи ва амалиётчи иқтисодчилари бу каби муаммоларга ечим топишга уринишдан тўхтагани йўқ. Бироқ ечим топиш ўз йўлига, аммо уни амалга татбиқ этиш учун турли давлат, тизим ва турли характердаги сиёсий ирода манбалари ўртасида ўзаро мувофиқликка эришиш мушкул. Шундай бўлсада, бу глобал муаммоларга ечимларни қуйидаги таснифларга кўра ажратиб кўрсатиш мумкин:

Дипломатик саъй-ҳаракатлар ва савдо келишувлари

Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги савдо келишувлари геосиёсий можароларни юмшатиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ёрдам беради. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) эксперти Жонатан Остри халқаро савдода барқарорликни сақлаш учун Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) каби кўп томонлама савдо институтлари фаолияти самарадорлигини кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Таълим ва тиббиётга инвестиция киритиш

Албатта, таълим сифати ва даражасини ошириш ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланишни яхшилаш тенгсизлик ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам беради, деб ишонилади. Жаҳон банки барқарор ривожланишга эришиш ва глобал рақобатбардошликни ошириш учун дунё мамлакатларига инсон капиталига сармоя ҳажмини кўпайтиришни тавсия қиляпти.

Халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш

Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) ва Жаҳон банки халқаро молия тизимларини ислоҳ қилиш, жумладан, ривожланаётган мамлакатларнинг қарзларини енгиллаштириш ва молиявий ресурслардан фойдаланишни яхшилаш чораларини кўришни талаб қилаяпти. Масалан, машҳур иқтисодчи Кармен Райнхарт барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун янада мослашувчан молиявий воситалар ва қарзларни реструктизация қилиш механизмларини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этади.

Жаҳон иқтисодиётини қандай истиқбол кутмоқда?

Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, глобал иқтисодиёт 2024 йилда тикланиш ва ўсиш потенциалини сақлаб қолиши кутиляпти. Барқарор ривожланиш, рақамли трансформация ва инновациялар иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлиб қолмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕCD - Organisation for Economic Co-operation and Development) прогнозларига кўра, жаҳон иқтисодиёти 2024 йил охиригача тикланиш сари юз тутади ва 2025 йилда 3,2 фоизлик ўсиш кўрсатади.

Лекин барқарор ўсишга эришиш ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий секторнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини талаб қилади. Барқарор ривожланишга сармоя киритиш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш - келажак 5-10 йилда дунё иқтисодиёти келажагини шакллантиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Хулоса

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2024 йилда жаҳон иқтисодиёти жиддий муаммоларга дуч келади. Лекин шу билан бир қаторда, глобал иқтисодиёт ўсиш ва ривожланиш имкониятларига ҳам эга бўлади. Жорий қийинчиликларни енгиш ва имкониятлардан муваффақиятли фойдаланиш янада барқарор ва адолатли глобал иқтисодиётни яратиш учун дунё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва стратегик қарорлар қабул қилишни талаб этади. Қисқа қилиб айтганда, умумий фаровонлик ва муваффақият – умумий келишув ва баҳамжиҳатлик бўлишини шарт қилиб қўймоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+