Замонавий денгиз қароқчилари
Замонавий қароқчилар, асосан ҳарбий ва маъмурий таъсир кучсиз ҳудудларда фаолият юритади. Уларга, асосан, Aден кўрфази ва Aфриканинг ғарбий соҳиллари, яъни Сомали, Нигерия ва Гвинея қирғоқлари, Жануби-Шарқий Осиёдаги Малайзия, Индонезия ва Филиппинга яқин денгиз ҳавзаларида дуч келиш мумкин.

Денгиз қароқчилиги, гарчи ўтмишда қолгандек туюлсада, XXI асрда ҳам маданий инсоният учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Ҳозирги денгиз қароқчилари - кемаларни ўғирлаш, одамларни ўғирлаш ва товон пули ундириш учун замонавий технологиялар, қуроллар ва транспорт воситаларидан фойдаланадиган уюшган жиноий гуруҳлардир.
Қароқчиларнинг макони қаерда?
Замонавий қароқчилар, асосан ҳарбий ва маъмурий таъсир кучсиз ҳудудларда фаолият юритади.
Уларга, асосан, Aден кўрфази ва Aфриканинг ғарбий соҳиллари, яъни Сомали, Нигерия ва Гвинея қирғоқларига яқин ҳудудларда, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёдаги Малайзия, Индонезия ва Филиппинга яқин денгиз ҳавзаларида дуч келиш мумкин. Ва албатта, “Кариб денгизи қароқчилари” фильмини томоша қилганлар учун таниш бўлган Кариб денгизи ва Жанубий Aмерика соҳилларида ҳам замонавий денгиз қароқчилари “аждодлар анъанасини” давом эттириб келишмоқда.

Табиийки, бу сув ҳавзаларидаги қароқчилар шу ҳудудга яқин давлатларда яшайди. Айниқса Сомали узоқ вақтдан бери энг фаол “қароқчилар пойтахти” бўлиб келган. Бу давлатда кучли марказлашган ҳукуматнинг йўқлиги ва қашшоқликнинг юқори даражада эканлиги қароқчиларга ўзларининг жиноий тармоқларини ривожлантиришга имкон берди. Зеро бу ердаги аҳоли олдида яшаб қолишнинг асосан учта йўли бор: Европага ёки бошқа фаровон давлатларда ҳижрат қилиш; хайрия ташкилотларининг садақаларини кутиб яшаш ёки қароқчиларга қўшилиб “бола-чақа” боқиш. Кўпчилик учинчи йўлни танлайди.

Нигерия ва Гвинея кўрфазида эса “жиддий йигитлар” фаолият кўрсатади. Бу ердаги қароқчи гуруҳлар танкер ҳужумлари ва тўлов учун одам ўғирлашга ихтисослашган. Хусусан Нигерия қароқчилари ўта шафқатсиз бўлиб, улар ҳужум қилган денгиз транспортидаги одамлар кўпинча қириб ташланади ёки товон пули учун гаровга олинади.
Даромад ва харажатлари
Денгиз қароқчиларининг асосий даромади кемалардаги нефт ва бошқа юклар ва пулларни тортиб олишдан келсада, бошқа манбалар ҳам мавжуд. Қароқчилар ўмарган маҳсулотларни сотишдан ташқари кема экипажи ва йўловчиларини гаровга олиб, товон пули эвазига озод қилишдан ҳам пул ишлашади. Бундан ташқари қароқчилар гиёҳванд моддалар, қуроллар ва бошқа тақиқланган товарлар контрабандаси, шунингдек, одам савдоси билан шуғулланишади.

Фото: Reuters
Aйрим гуруҳларнинг даромад манбаи қароқчилик бўлган террорчилик ташкилотларидан маблағ олиши мумкинлиги ҳақида гумонлар ҳам мавжуд.
Қароқчилар ўғирлик пулларини қурол ва қайиқ олишга, амалдорларга пора бериш, шунингдек, шахсий бойиш мақсадларида сарфлашади. Масалан, Сомалида қароқчилар ўмарган пулларининг бир қисми маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Натижада маҳаллий аҳоли қароқчиларни қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб туришади.
Замонавий денгиз қароқчилари маҳаллий жиноий тармоқлардан ёрдам олишади, баъзан ҳатто коррупционер амалдорларни ҳам жалб қилади.
“Ялангоёқ” ўғриларнинг нимасидан қўрқишади?
Рангги учган кўйлак-иштон ва резина шиппак кийиб олган талончиларнинг қандай қилиб улкан кемаларни қўлга олишлари ва “шип-шийдон” қилиб кетишлари кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Бироқ ҳозирги замонда қароқчилар одамхўр аждодлари каби ёғоч найза ва камон кўтариб “овга” чиқишмайди. Улар АК-47 каби самарали автоматик қуроллар, гранаталар билан қуролланган. Талончилик пайтларида, айниқса, тезкор ҳужум ва таъқибдан қочиш учун катта тезликда ҳаракатланувчи моторли қайиқлардан, ҳаракатларинини мувофиқлаштириш, нишонларни кузатиш ва яхши координация мақсадларида сунъий йўлдош алоқаси ва GPS навигаторларидан фойдаланишади.
Замонавий денгиз қароқчилари ўз соҳларида катта тажриба ва кўникмаларга эга. Улар кемаларни талон-тарож қилиш учун турлича тактика ва усуллардан фойдаланади.

Қароқчилар кўпинча очиқчасига ҳужум қилмайди. Улар кемага яқинлашиб олиш учун ким эканликларини яширишади - ўзларини балиқчи ёки қутқарувчи сифатида кўрсатишади. Шунингдек, улар тунда ҳужум қилишади.
Қароқчилар қўлга олинган кемалардан тузоқ сифатида фойдаланиб, бошқа кемаларни чалғитиб ҳужум қилишади.
Шунингдек, денгиз қароқчилари кўпинча саводсиз ва ўз қишлоғидан бошқа жойни кўрмаган содда ва ёш йигитлар бўлади. Пул учун ҳар қандай таваккалчиликка тайёр, бунинг устига гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлишади. Шу боис кемаларга ҳужум қилишдан тап тортмайди. Бу жиноятга оддий иш сифатида қарайди, оқибатларини англамайди ва тушунмайди ҳам.

Шу боисдан баъзида бу онгсиз қароқчилар ҳарбий кемаларга ҳам ҳужум қилишдан тап тортмайди. Бироқ бундай “жасорат” омадсиз “жентелмен”лар учун ўлим билан тугайди кўпинча.
Масалан, 1993 йилда Форс кўрфази ҳудудида Россиянинг баҳайбат десант кемаси - «Николай Вилков»га қароқчилар бир неча катерларда ҳужум қилишди. Қароқчилар кемага пулеметдан ўқ узишган. Кемадагилар эса 57-мм ли автоматик кема тўплари билан жавоб беришди.
2009 йилда эса қароқчилар 2 та АҚШ жанговар кемалари - «Кейп Сент Джордж» крейсери ва «Гонсалес» мина ташувчи кемасига дахл қилмоқчи бўлишган. Бундай ахмоқона режа ҳам қароқчиларнинг баданлари ўқлардан илма-тешик бўлиб кетишига олиб келди.
2010 йилда эса Аден бўғозида қароқчилар «Москва университети» танкерига ҳужум қилишди. Кема жамоаси машина бўлимига яшириниб олди ва шу яқин атрофда сузиб кетаётган, қайиқларга қарши «Маршал Шапошников» кемасидан ёрдам сўрашди. Бироқ бу сафар рус кемаси қароқчиларни қириб ташлаб, Сомали суди олдида жавобгар бўлмаслик учун, шунчаки қароқчилар катери бакини тешиб, ёқилғисини тўкиб ташлади. Қароқчиларни эса шунчаки қўйиб юборишди.

Бироқ қароқчилар баъзан ҳақиқий “Жек-пот”га ҳам эга чиқишади. Масалан, 2008 йилда Сомали қароқчилари MV Sirius Star кемасини қўлга олишди. Бу воқеа Кения қирғоқларидан 450 денгиз миля узоқликда содир бўлган. Қароқчилар гаровга олинганлар эвазига 3 миллион доллар товон пули тўлашни талаб қилишган ва мақсадларига эришган.
Кеманинг қароқчиларга қарши кураш усуллари
Кўпинча кемалар экипажи қароқчилар ҳужумига қарши тура олиш қувватига эга бўлмайди. Боиси, халқаро қонунларшга кўра, тижорат юк кемалари қурол олиб юриши мумкин эмас. Шунингдек, кемаларнинг портларга бортида қурол бўлгани ҳолда киришига рухсат берилмайди.

Шунга қарамасдан, кемалар тақиқланмаган усуллардан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Масалан, қароқчилар тирмашиб чиқа олмаслиги учун кема борти атрфоини тиканли симлар билан ўраб қўйишади; сув тўпларидан фойдаланиб, қароқчиларнинг қайиқларига кучли босим остидаги сув сепиб яқинлашгани қўйишмайди: товуш зарбаси берувчи тўплар билан қаршилик қилишади. Айримлар кемалар эса тегишли рухсатлар асосида хусусий қўриқлаш гуруҳлари хизматидан ҳам фойдаланишлари мумкин.
Халқаро кураш: муваффақият ва муаммолар
Ҳозирда халқаро ҳамжамият қароқчиликка қарши курашда катта саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, аксарият ҳолларда муваффақиятга эришмоқда. БМТ, НAТО ва Европа Иттифоқи шафелигидаги кўп давлатлар вакилларидан иборат денгиз операциялари ўтказиб турилади. Хавфли ҳудудларни патрул қилиш ва кемаларни ҳимоя қилишга қаратилган “Aталанта”амалиёти шулар жумласидандир.

Шунингдек, кема экипажларини қуроллантириш, кемаларда хусусий ҳарбий компаниялар ва қуролли қўриқчилардан фойдаланиш, давлатлар ўртасида, Халқаро денгиз бюроси (IMB) ва БМТ каби ташкилотлар орқали маълумот алмашиб туриш ҳам яхши смара беради. Масалан, НAТОнинг Aдан кўрфазида “Уммон қалқони” амалиёти минтақадаги қароқчилар ҳужуми сонини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам берди.
Халқаро қонунлар ва шартномалар
Замонавий денгиз қароқчиларига қарши курашда мавжуд ҳуқуқий база ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда бу муаммони тартибга солувчи бир неча ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.
Хусусан, БМТнинг “Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция”си (UNCLOS) қароқчиликни халқаро жиноят сифатида белгилайди ва уни таъқиб қилиш қоидаларини белгилайди.
Шунингдек, қароқчиликка қарши кураш бўйича мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим - “Сувайш меморандуми” ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари қароқчиларга қарши куч ишлатиш ва кемаларни ҳимоя қилиш учун зарур мандатлар беради.
Қароқчиларни муваффақиятли жазога тортиш ҳақида гапирганда, 2010 йилда AҚШнинг Maersk Alabama контейнер ташувчи кемасига ҳужум қилган сомалилик қароқчи Aбдували Мусенинг АҚШда судланилганини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Муаммо ва тўсиқлар
Эришилаётган муваффақиятларга қарамасдан, ҳозирги денгиз қароқчиларига қарши курашда бир қатор муаммолар ҳам учрамоқда.
Жумладан, юрисдикция билан боғли ҳуқуқий тўсиқлар: қароқчиликка оид халқаро қонунлар жуда мураккаб. Турли давлатларнинг бу муаммога оид қонунлари турлича бўлгани, айрим ҳолларда эса оддий ҳамкорликни таъминлаш қийинлиги боис жиноятчиларни ҳар доим ҳам самарали жазога тортишнинг имкони йўқ.
Қолаверса, қашшоқ ва қолоқ давлатлардаги коррупция ва ҳукумат назоратининг йўқлиги ҳам қароқчиларга қўл келмоқда. Бу қароқчи гуруҳларга янги аъзоларни ёллаш, ўз давлати ичида тўсиқсиз фаолият юритиш учун қулай шароит яратади.
Бундан ташқари Халқаро юк ташиш компаниялари гаровга олинган одамлар ва юк учун кўпинча тўлов тўлашга рози бўлишади. Бу эса қароқчиларни янада кўпроқ ҳужумлар уюштиришга ундайди.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий денгиз қароқчилиги глобал хавфсизлик ва иқтисодиёт учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Халқаро саъй-ҳаракатларга қарамасдан, қароқчилар ватанидаги ижтимоий-иқтисодий вазият, ижро механизмларининг йўқлиги ва тўловдан доимий фойда олиш каби турли хил мураккаб омиллар туфайли қароқчилар фаолияти тўхтамаяпти. Қароқчиликни бутунлай енгиш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қароқчилик ривожланган мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш, жиноятчиларни жазолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур.
Абулфайз Сайидасқаров