platina.uz

Президент Мустақиллик байрами тантанасида нутқ сўзлади

Шавкат Мирзиёевга кўра, "бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда".  Иқтисодда монопол ҳуқуқлар бекор қилиниб, барчага тенг имкониятлар берилиши таъкидланди. 

Жамият
31 август, 21:11
Президент Мустақиллик байрами тантанасида нутқ сўзлади

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президент сўнгги 7 йилда Ўзбекистон ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан зиёд, жумладан, жорий йилда 4 та махсус резолюция қабул қилинганини қайд этди.

Жаҳон банки бу йил мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Кўплаб давлатлар билан солиштирганда бу анча юқори кўрсаткичдир. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди.

"Одамларимизда ҳаётдаги муаммолар ечимига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси кучаймоқда. Аҳолимиз “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол қатнашиб, маҳаллалар ҳамда ижтимоий объектларни молиялаштиришни мустақил ҳал этмоқда. Ўтган даврда юртдошларимиз маъқуллаган 13 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 11 триллион сўм маблағ ажратилгани ҳам буни тасдиқлайди.

Экологияни асраш, табиий ресурсларни тежаб ишлатиш, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича замонавий тизимларга ўтиш ишларини кучайтирдик.

Мамлакатимизда “Яшил макон” дастури давом этмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда" дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент нутқида таъкидланишича, "бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда".

"Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз.

Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт" дейди давлат раҳбари.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилади. Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиб, барчага тенг ҳуқуқлар берилишини таъминланади.

Жорий йилда энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизмати соҳаларида 17 турдаги давлат монополиясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ишлар давом этиб, мамлакат халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига айлантирилади.

"Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак" дея қайд этди Президент.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+