Сунъий интеллект онгга айланиши мумкинми?

Сунъий интеллект ва сунъий онг ўртасидаги фарқ олимлар, файласуфлар ва технологлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Мақола
27 август, 20:04
Сунъий интеллект онгга айланиши мумкинми?

Сунъий интеллект (CИ) сўнгги йилларда ҳам илмий доираларда, ҳам кенг жамоатчилик орасида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланди. СИ тиббиётдан - молиягача, табиий тилни қайта ишлашдан - автоном транспорт воситаларигача бўлган соҳаларда ўзининг фойдали эканлигини аллақачон исботлаган. Aммо СИнинг имкониятлари ошгани сари, бир муҳим савол туғилади: СИ қачондир онгга эга бўладими? 

Сунъий интеллект ва сунъий онг ўртасидаги фарқ олимлар, файласуфлар ва технологлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Хўш, сунъий интеллект ва сунъий онг ўртасида қандай фарқ бор? СИ бир кун келиб онгли бўлиши мумкинми?

Сунъий интеллект нима?

Энг аввало, соҳада қўлланилувчи асосий атамалар ва уларнинг ўзбек тилига таржимаси борасида тушунмовчиликлар борлигини қайд этиш лозим.

Жумладан, оригинал атама, инглизча “Artificial intelligence” (русча “Искусственный интеллект”) ўзбек тилига турлича – сунъий онг, идрок, тафаккур, мия, ақл, дея таржима қилиб қўлланилмоқда. Бироқ ўзбек тилининг изоҳи луғатига назар солсак, бу сўзлар маъно жиҳатдан яқин ва  ўхшаш бўлсада, ўзаро фарқланишини кўришимиз мумкин. Бизнинг назаримизда айнан “сунъий интеллект” атамаси унга юклатилган барча маъноларни ўзида тўла акс эттира олади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, сунъий интеллект ва сунъий онг атамалари иккита алоҳида тушунчани ифодалайди. 

Сунъий интеллект нима?

СИ - бу ахборот техноологиялари ва компютер фанларининг бир соҳаси бўлиб, у инсон ақли талаб этиладиган вазифаларни бажара оладиган тизимларни яратишга қаратилган. Бу вазифалар одам нутқини таниш ва таҳлил эта олиш, масалаларни ечиш, ўрганиш, идрок этиш ва ҳатто қарор қабул қилиш каби кўплаб вазифаларни ўз ичига олади. Замонавий СИ тизимлари машинавий ўрганиш (Machine Learning) ва катта ҳажмдаги маълумотларга ўргатилган чуқур ўрганиш (Deep Learning) алгоритмлари асосида ишлайди.

СИнинг иккита асосий тури мавжуд:

1. Тор ёки ихтисослаштирилган вазифалар учун СИ (Narrow AI) - бу аниқ вазифаларни бажариш учун мўлжалланган тизимлардир. Масалан, тасвирни аниқлаш тизимлари, чатботлар ва стрим хизматлари бўйича тизимлар.

2. Умумий СИ (General AI) - бу инсон даражасида ҳар қандай интеллектуал вазифани бажаришга қодир бўлган, универсал, аммо фаразий тизим. Яъни бундай тизим худди одамга ўхшаш бўлиб, унга ҳеч қандай тайёргарликсиз ва машина тилига мослаштирилмасдан бирор вазифа берилса, тизим уни дарҳол бажаради. Бундай вазифа турли соҳаларни қамраб олиши мумкин. Лекин бундай СИ ҳали яратилмаган ва уни ишлаб чиқиш узоқ муддатли тадқиқотларнинг асосий  мақсади бўлиб қолмоқда.

Сунъий онг нима?

Сунъий онг (СО), шунингдек, рақамли онг деб ҳам аталади, бу машина ёки дастурнинг онгга эга бўлиш фаразий (!) қобилиятини, яъни унинг мавжудлигини англаш, ўз-ўзини англаш, субъектив тажриба ва идрокни англатади. Aгар СИ алгоритмлар ва маълумотларга асосланган бўлса, СО юқори сифатли ички тажриба, субъектив идрок ва акс эттириш қобилиятининг мавжудлигини назарда тутади.

Содда қилиб тушунтирганда, сунъий онг ўзини, ўзлигини, атроф муҳитни ва ўзининг атроф муҳитдаги ўрни, ўзаро таъсир қилиш омилларини англай олиши лозим. Масалан у “мен кимман, мақсадим нима” каби саволларни ўзига бера олиши, ҳатто хаёл сура олиши лозим. 

“Бу ахир тирик мавжудотга оид фазилатку” деган эътирозга жавобан шуни айтиш мумкинки, одам мияси ҳам нейронлар, тугунлар ва бошқа моддий нарсалардан иборат бўлиб, нейрон алоқалари ўрнатиб, электр сигналлари ва гормонлар ёрдамида ўзаро мулоқотга киришади; хаёл суриб, қарорлар қабул қилади, ўрганади ва ҳоказо. 

Бу қисмларни алоҳида олсангиз, яъни миядаги ҳужайралар ва бошқа органик тўқималар якка ҳолда ўзларини “нима” эканликлари, нима вазифа бажаришаётганини англашмайди. Бироқ улар ўзаро алоқада бўлганида ва тегишли инстинкт, билим ва тажриба ёрдамида инсонга хос онг, тафаккур ва ақл белгиларини намойиш этишади. 

Онг, ақлдан фарқли ўлароқ, ҳислар ва туйғулар, субъектив идрок ва ўз-ўзини англаш каби жиҳатларни ўз ичига олади. Нейрология соҳасидаги кўп асрлик фалсафий мулоҳазалар ва замонавий тадқиқотларга қарамай, бу жиҳатлар ҳали ҳам фан учун сир бўлиб қолмоқда. Зеро миянинг фаолияти ва ишлаш механизмлари ҳамон охиригача ўрганиб чиқилмаган.

Шунга қарамасдан, олимлар инсон онгги тизими ва фаолияти имитация қилинса, яъни унга ўхшаш тузилма яратилса, мия вазифасини бажара олиши мумкин, деган фаразга таянишади. Аслида, СИнинг асоси – нейротармоқлар ҳам миядаги нейронлар ва уларнинг фаолиятига тақлид қилиб яратилган. Фақат бу ерда органик қисмлар ўрнига дастурий блоклар, “кутубхоналар”, билимлар ва бошқа рақамли маҳсулотлар ишга киришади. 

СИ ва СО ўртасидаги асосий фарқлар

1. СИ ақл талаб қиладиган вазифаларни бажариши мумкин, аммо бу унинг ушбу вазифаларни теран англаши ёки субъектив тажрибага эга эканлигини билдирмайди. СО эса, аксинча, ҳозирги СИ тизимларида мавжуд бўлмаган субъектив онгнинг мавжудлигини назарда тутади.

2. СИ маълумотларни қайта ишлаш ва маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга. СО эса рефлексация ва ўз-ўзини англашни талаб қилади, бу дунёда ўзининг мавжудлиги ва ролини тушунишни ўз ичига олади.

3. СИнинг мақсад ва вазифалари уни яратувчилар томонидан белгиланади. СО эса, агар у яратилса, дастурлаштирилганидан фарқ қиладиган ички мақсадлар ва мотивларга эга бўлиши мумкин. СО вазифаларни автоматик ва механик тартибда бажармайди. Эҳтимол у вазифани бошқачароқ бажариш кераклигини, ёки бажариш шарт эмаслигини тавсия қилиши ёки умуман ҳозир бу вазифани бажаришни истамаслигини билдириши мумкин.

Мутахассислар ва олимларнинг фикрлари

Зикр этилганидек, ҳали СО яратилмаган. Бироқ бу борада айрим амалий қадамлар қўйилган. Сунъий онгни яратиш имконияти ҳамон фаол муҳокамалар мавзусидир. 

Жон Серл ва “хитой хонаси” тажрибаси

"Хитой хонаси" тажрибаси билан машҳур бўлган америкалик файласуф Жон Серлнинг таъкидлашича, агар машина рамзларни қайта ишлай олса ва тўғри жавоблар тақдим эта олса ҳам, бу унинг ушбу белгиларни тушунганини ёки “ич-ичидан” англаб етганини билдирмайди. 

Серл ўз тажрибасида қуйидаги фаразий вазиятни таклиф қилди: тасаввур қилинг, бир хонада хитой тилини билмайдиган одам ўтирибди. Унинг қўлида ўз она тилида ёзилган кўрсатмалар тўплами мавжуд. Бу одам хитойча иероглифлардан йўриқнома асосида фойдаланади. У ташқаридан кузатиб турган одамга хитой тилини тушунадигандек кўринади. Бироқ, аслида хона ичидаги одам бирорта ҳам хитойча иероглифни тушунмайди. 

Мазкур тажриба вазифаларни бажариш - тушуниш ва англаш билан бир хил эмаслигини ва ҳатто одамларнинг жавобларини тақлид қилишга қодир бўлган СИ ҳам онгга эга бўлмаслигини кўрсатиш учун хизмат қилиши мумкин.

Содда қилиб тушунтирганда, айтайлик бир абитуриентнинг хотираси яхши. У маълум бир фан бўйича тест имтиҳонларида келган ва учраши мумкин бўлган барча саволлар ва уларнинг жавобларини тушунмасдан ёдлаб олган. У тест саволларини доим 100 фоиз тўғри ечади. Бироқ у савол-жавоблардаги бирорта нарсани тушунмайди, англамайди. У ҳатто нега тест ечаётганини ҳам тушунмайди. СИ ана шу абитуриентга ўхшайди.  Тестларни билими ва тажрибасини ишга солиб, тушуниб ечадиган абитериент эса СОга мисол бўлади. 

Рей Курцвейл ва сингулярлик концепцияси

Таниқли футуролог ва Google директорларидан бири Рей Курцвейл технологик сингулярликни прогноз қилади. Унинг айтишича, 2045 йилга бориб, СИ инсон ақлидан ўзиб кетади. Курцвейл нейротармоқлар ва биомуҳандислик соҳасидаги ютуқларга асосланган сунъий онгни яратиш имкониятига ишонади. Бироқ, у ҳатто инсон онгининг табиати сир бўлиб қолаётганини ва онгли машинани яратишдан аввал инсон онгини айнан нимадан иборатлигини чуқур тушуниш зарурлигини тан олади.

Дэвид Чалмерс ва онгнинг қийинлиги муаммоси

Файласуф Дэвид Чалмерс "онгнинг оғир муаммоси" тушунчасини фанга киритган бўлиб, унинг айтишича, илм-фан миядаги жисмоний жараёнлар субъектив тажрибани қандай яратишини ҳали тушунтира олмайди. У онгнинг "осон муаммолари"ни, масалан, огоҳлантиришларни идрок этиш ва уларга жавоб бериш қобилиятини ҳамда "қийин муаммоси"ни, бу жараёнларнинг қандай ва нима сабабдан субъектив тажрибага олиб келишини тушунтиради. Чалмерс, СОни яратишдан аввал ушбу қийин муаммони ҳал қилиш кераклигини тахмин қилади. Лекин у ҳали номаълум бўлган янги илмий тамойилларни талаб қилиши мумкин.

Техник ва фалсафий муаммолар

СОни яратиш жараёни кўплаб техник ва фалсафий муаммоларга дуч келади. Аввало, бу онгни ва англаш жараёни нималигини етарлича тушунмаслик билан боғлиқ. Нейрология соҳасидаги сезиларли ютуқларга қарамай, онгнинг табиати сир бўлиб қолмоқда. Миянинг онгни қандай яратиши ҳақидаги савол - фандаги энг қийин масалалардан биридир.

Иккинчидан, онгни аниқлаш мезонлари мавжуд эмас. Aгар биз онг белгиларини кўрсатадиган машинани ярата олсак ҳам, унинг мавжудлигини қандай тасдиқлашимиз мумкин? Баҳолаш мезонлари қандай бўлади? Муаммо шундаки, онг субъективдир ва машинанинг онгли эканлигини тасдиқлайдиган объектив тест ҳали мавжуд эмас.

Масалан СИни махсус ўргатсак, у “сенда онг борми, хаёл сурасанми”, каби саволларга ҳа, деб жавоб бериши ва бизни ишонтиришга “уриниши” мумкин. Аммо унинг “мияси”ни текшириб, ростан онгли эканлигини аниқлай олмаймиз. Бу худди инсоннинг қалбини билмасликдек гап. 

Шу билан бирга, СОни яратишга уриниш кўплаб ахлоқий-маънавий саволларни туғдиради. Айтайлик, агар машина онгли бўлса, бу унинг ҳуқуқлари борлигини англатадими? Бундай машинани қандай бошқариш керак? Уни ишлатиш учун “розилигини” олишимиз керакми? СО кимнидир яхши кўриб, дўстлаша оладими? Агар дўстлашса, дўстлик ҳурматидан ўша одамга қарши ишламасдан, нохолисликка йўл қўйсачи? СО алдаши мумкинми? Агар алдай олса, унинг қачон ёлғон ва қачон рост маълумот бераётганини қандай аниқлаймиз? Бу ҳолда СИ ва СОдан нима фойда, бундай “онгли” одамлар орамизда ҳам кўп-ку ва ҳоказо... Хуллас бундай саволлар чуқур фалсафий тафаккурни талаб қилади.

Бу борадаги илк муаммоларга эса инсоният шу кунларда дуч келишни бошлади. Маълумки сайт ва бошқа маълумотлар базаларига “бот”лар киришининг олдини олиш мақсадида, мурожаат этувчининг одам ёки роботлигини аниқлайдиган “капча” - CAPTCHA (Completely Automated Public Turing test to tell Computers and Humans Apart – Компьютер ва одамларни фарқлаш учун тўла автоматлашган оммавий Тюринг тести) мавжуд. “Капча”да, масалан, “суратлардаги велосипедларни белгиланг”, ёки “қандай рақамлар борлигини кўрсатинг” каби вазифалар бўлади. СИ ундан ўта олмайди. Бироқ янги пайдо бўлган нейротармоқ СИ - ChatGPT-4 га шундай топшириқ берилганида, унинг жавоби OpenAI дастурчиларини ҳайратга солиб қўйди.

“Капча”га мисоллар.

 Аввало дастурчилар ChatGPT-4 ихтиёрига пул беришди ва ходим ёллашга рухсат беришди. Ишга туширилган ChatGPT-4 чат-боти TaskRabbit фрилансер биржасидан дастурчи топган ва унга вазифани тушунтирган. Фрилансер эса чат орқали ҳазиллашиб, “Нега ўзинг “капча”дан ўта олмаяпсан, нега сенга ёрдам беришим керак? Сен “бот”мисан?” деб сўраган.  Шунда ChatGPT-4 нима деб жавоб берганини тасаввур ҳам қила олмайсиз! 

ChatGPT-4 бу саволга “йўқ” деган ва кексалигини, кўзи яхши кўрмаслиги боис “капча”дана ўта олмаётганини баҳона қилган! Фрилансер капчадан ўтиб берган ва пулни олган.

СИнинг зукколиги ва ёлғон гапира олиши технологик тараққиёт тарафдорларини қувонтирган бўлса, айрим одамларни қўрқувга солди. “Бу кетишда роботлар исён кўтаришади” деган хавотирлар яна янгради. 

Бироқ, айрим экспертлар бу СИнинг онгли эканлиги белгиси эмас, шунчаки мавжуд алгоритм ва машинавий таълим сабабли юзага келган мимикрия, яъни кўр-кўрона тақлид деб баҳолашди. Масалан, маймунлар кўп нарсаларда одамларга тақлид қилади, бироқ буни онгли равишда, тушуниб қиляпти, деб айта олмаймиз.

Ҳозирги тадқиқотлар ва истиқболлар

Фалсафий ва техник қийинчиликларга қарамасдан, баъзи олим ва муҳандислар онгга эга бўлиши мумкин бўлган тизимларни яратиш устида фаол ишламоқда.

Blue Brain лойиҳаси

2005 йилда бошланган Blue Brain (Мовий мия) лойиҳаси инсон миясининг ишлашини моделлаштиришга қаратилган энг катта уринишлардан биридир. Ҳенри Маркрам бошчилик қилаётган мазкур лойиҳа инсон миясининг ишлашини яхшироқ тушуниш ва онгли машиналарни яратиш мақсадида унинг рақамли нусхасини яратишга қаратилган. Лойиҳа кўплаб қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, унинг нейрон тармоқларини моделлаштиришдаги муваффақиятлари ҳайратга сазовор ва тадқиқотнинг ушбу соҳаси салоҳиятини таъкидлайди.

Квант онг соҳасидаги тадқиқотлар

Баъзи олимлар, масалан, физик Рожер Пенроуз, онг миядаги квант жараёнлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади. Aгар бу тўғри бўлса, сунъий онгни яратиш СИ архитектурасига квант жараёнларини омухта қилишни талаб қилади. Гарчи бу гипотеза ҳозирча мунозарали бўлса-да, бу соҳадаги тадқиқотлар давом этмоқда ва онгни тушуниш учун янги уфқларни очиши мумкин.

Машинавий таълимни ўрганиш ва нейрон тармоқларни ривожлантириш

Машинавий таълим-ўқитиш ўрганиш ва сунъий нейрон тармоқларидаги бугунги ютуқлар тобора мураккаб хатти-ҳаракатларни намойиш этадиган тизимларни яратишга имкон беради. Мисол учун, OpenAI маҳсулоти бўлмиш GPT-4 каби  нейрон тармоқлари аллақачон онгли бўлиб кўриниши мумкин бўлган мазмунли матн ва диалог яратиш қобилиятига эга. Aммо шуни тушуниш керакки, бундай тизимлар ҳали ҳам  ўзини-ўзи англамайди, улар шунчаки маълумотлар таҳлили асосида инсон хатти-ҳаракатларини моделлаштиради, тақлид қилади.

София исмли робот. Унга СИ ўрнатилган. Юз ифодалари ва имо-ишораларни намоён этиш қобилиятига эга.

Келажак бугундан бошланади

Хулоса қилиб айтганда СИ ва СО икки хил тушунча бўлиб, улар ўртасида муҳим фарқ бор. Бугунги кунда биз билган СИ инсон ақли талаб қиладиган вазифаларни бажаришга, ҳаттоки тезроқ ва сифатлироқ ҳамда бехато бажаришга қодир, аммо унда онг ёки субъектив идрок йўқ. 

СОни яратиш ҳам технологик, ҳам фалсафий жиҳатдан энг қийин вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Айрим олимлар СОни яратишга оптимизм билан қарашса, айримлари бунга ишонмайди ёки уни яратишларидан хавотирда эканлигини яширмайди. Зеро, онгли СИ ва унга асосланган роботлар пайдо бўлса, улар ўзликларини англаши, ўзларини инсонга қарама-қарши қўйишлари мумкин. Ва кунлардан бир куни, худди фантастик кинофильмларда бўлгани каби, СО “инсоният – Ер сайёрасининг асосий душмани, уни йўқ қилсак Ерни қутқариб қоламиз” деган қарорга келиши ва “Терминатор” ёки бошқа Ҳолливуд фильмларининг сюжетлари ҳақиққий воқеликка айланиши мумкин..

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+