Европа Иттифоқи кенгайишининг чегараси борми?
Ушбу тузилма ўтган давр мобайнида самарали ҳамкорлик натижаларини намоён этгани боис, унга аъзо бўлишга талабгорлар кўп. Бироқ иттифоққа киришнинг маълум бир талаблари бор.
Европа Иттифоқи (ЕИ) ўзига хос сиёсий ва иқтисодий иттифоқ бўлиб, ўзининг яратилганидан буён ўзгариш ва кенгайишнинг турли босқичларини босиб ўтган. ЕИнинг кенгайишига чекловлар борми, деган савол, айниқса, янги номзодлар билан мураккаб музокаралар ўтказиш ва янги аъзоларнинг интеграциялашуви билан боғлиқ муаммолар контекстида тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Тарихга қисқа назар
Европа давлатлари бирлашуви учун пойдевор Иккинчи жаҳон урушидан кейин қўйилган. Ўшанда Европа давлатлари барқарор тинчлик ва иқтисодий барқарорликни яратишга интила бошлади. 1951 йилда Париж шартномаси асосида Европа кўмир ва пўлат бирлашмаси (ЕКПБ) ташкил этилди. 1957 йилда эса Европа иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ) ҳамда Aтом энергияси бўйича Европа ҳамжамиятига (Евратом) асос солган Рим шартномаси имзоланди. Ушбу тузилмалар 1992 йилда Маастрихт шартномаси билан расман ташкил этилган Европа Иттифоқининг пайдо бўлишига асос бўлди.
ЕИ доимий равишда кенгайиб борди. Олтита таъсисчи аъзодан (Белгия, Германия, Италия, Люксембург, Ҳолландия, Франция) иборат ЕИ 2023 йилга келиб 27 та аъзо давлатни ўзида жамлади. ЕИ кенгайишининг ҳар бир тўлқини аъзо давлатлар ва номзод мамлакатлар манфаатларини акс эттирувчи иқтисодий, сиёсий ва маданий ўзгаришлар билан боғлиқ.
“Осон эрмас бу майдон ичра турмоқ...”
ЕИ ўтган давр мобайнида самарали ҳамкорлик натижаларини намоён этгани боис, унга аъзо бўлишга талабгорлар кўп. Бироқ бу тузилмага киришнинг маълум бир талаблари бор. ЕИга янги аъзоларни қабул қилиш бир қатор меъёрий ва халқаро ҳужжатлар билан тартибга солинади. Аъзо бўлишнинг асосий мезонлари - 1993 йилда Копенҳагендаги Европа кенгашида белгиланган Копенҳаген мезонлари ҳисобланади. Ушбу мезонлар бир қатор йўналишлар билан боғлиқ:
Сиёсий мезонлар - демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва миллий-диний озчиликларни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишни кафолатловчи барқарор институтлар мавжудлиги;
Иқтисодий мезонлар - ишлаётган бозор иқтисодиёти ва ЕИдаги рақобат босими ва бозор кучларига дош бера олиш қобилиятининг мавжудлиги;
Ҳуқуқий мезонлар - аъзоликдан келиб чиқадиган мажбуриятларни қабул қилиш қобилияти, шу жумладан сиёсий, иқтисодий ва валюта иттифоқи мақсадларига содиқлик.
Янги аъзоларни қабул қилиш жараёни бир неча босқичлардан иборат бўлади ҳамда 10 йил ва ундан кўп вақтга чўзилиши мумкин. Аъзоликка интилган давлат ариза бергач, Европа Кенгаши уни ўрганиб чиқиб, агар истаса, бу мамлакатни номзод сифатида тан олиб, ЕИга аъзоликка номзод мақомини беради. Шундан сўнг Европа Кенгаши номзод давлатни Копенҳаген мезонлари асосида баҳолашга киришади. Кейин эса ЕИ қонунчилигининг турли боблари юзасидан музокаралар бошланади. Яъни номзод давлат қонунчилиги ЕИ билан уйғун бўлиши ёки мувофиқлаштирилиши талаб этилади.
Агар номзод давлат шу каби чиғириқлардан ўта олса, уни ЕИга қабул қилиш ҳақидаги келишув тузилади ва у ЕИга аъзо барча давлатлар ва номзод томонидан имзоланади. Кейин мазкур келишув аъзо давлатларнинг миллий парламентлари ва Европа парламенти томонидан ратификация қилиниши лозим. Шундан сўнггина номзод давлат ЕИнинг тўлақонли аъзосига айланади.
Европа Иттифоқидан чиқиш ҳам мумкин
ЕИ халқаро ҳуқуқий субъект бўлгани боис уни тарк этиш ҳам қонун ва халқаро келишувлар ёрдамида тартибга солинган. ЕИдан чиқиш механизми 2009 йилда кучга кирган Лиссабон шартномасининг 50-моддасида белгилаб берилган. Хусусан, ЕИдан чиқиш жараёни бир неча босқичларни ўз ичига олади:
Чиқиш тўғрисида билдиришнома: аъзо давлат ЕИдан чиқиш нияти ҳақида Европа Кенгашига расман хабар беради.
Музокаралар: Икки йил давомида чиқиш шартлари ва келажакдаги муносабатларни тартибга солувчи ЕИ аъзолигини бекор қилиш келишуви бўйича музокаралар ўтказилади.
Шартномани ратификация қилиш: ЕИдан чиқиш тўғрисидаги битим Европа Парламенти ва аъзо давлатнинг миллий парламентлари томонидан ратификация қилинади.
Чиқиш: Икки йиллик хабарномадан сўнг, агар келишувга эришилмаган бўлса ёки музокаралар муддати узайтирилмаган бўлса, мамлакат ЕИни автоматик равишда тарк этади.
Нега Буюк Британия ЕИдан чиқиб кетган?
Кўплаб давлат ЕИга киришни орзу қилиб, ниятига эриша олмаётган бир пайтда 2020 йилда Буюк Британия ЕИдан чиқиб кетди.
Эсга олиш жоиз, расмий Лондон 1950 йилларда Европа бирлашувига қарши чиққан. 1962 ва 1967 йилларда аъзо бўлиш учун ариза берганида эса Франция унга қарши чиққан. Лондон, ҳатто аввал 1973 йилда Европа иқтисодий ҳамжамияти, 1993 йил ноябрдан Европа Иттифоқига аъзо бўлганидан кейин ҳам бирмунча мустақил сиёсат юритишга уринган. Буюк Британия 1995 йилги “Шенген ҳудуди” келишувига (аъзо давлатлар ўртасида фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши ва хорижликлар учун ягона виза тартиби) ҳам аъзо бўлмаган, 1999 йилда ташкил этилган Евроҳудудга ҳам кирмаган, яъни евро валютасини қабул қилмаган.
Аслини олганда, ЕИдан чиқиш борасидаги шиорлар Буюк Британияда 2015 йилларда бошланган эди. 2016 йилда ўтказилган референдум бу масалага нуқта қўйди. “Брекзит” (Brexit) деб аталувчи бу қарорга кўплаб омиллар сабаб бўлган:
Иммиграция: айниқса Шарқий Европа давлатларидан оммавий иммиграция борасида хавотирлар кучаймоқда.
Иқтисодиёт: ЕИга аъзо бўлишнинг иқтисодий фойдали эканига шубҳа пайдо бўлгани, шунингдек, иқтисодий ва савдо сиёсати устидан назоратни қайта тиклаш истаги.
Суверенитет: ЕИ аралашувисиз миллий қонунчилик ва сиёсат устидан тўлиқ назоратни тиклаш истаги.
Популизм: популистик ва евроскептик кайфиятнинг кучайиши, айниқса консерватив сиёсатчилар ва сайловчилар орасида янграган аксилевропа чақириқлари. 2016 йилги референдум натижасига кўра, британияликларнинг 51,9 фоизи ЕИдан чиқиш учун овоз берди. Бу у эса 2017 йилда “Брекзит”нинг расмий бошланиши бўлиб хизмат қилди.
“Кремл қўли”: айрим экспертларнинг тахмин қилишича, Буюк Британиянинг ЕИ дан чиқишида Россиянинг қўли бўлиши мумкин. Чунки Россия ЕИнинг кучайиши ва жипслашувини истамайди. ЕИни тарқатиш ва унинг халқаро майдонда бир мушт бўлиб турмаслиги учун Кремл ўз ихтиёридаги ҳар қандай куч ҳамда воситалардан фойдалангани эҳтимолдан ҳоли эмас. Боиси, 2014 йилда Россия Қримни босиб олгач, Ғарб ва Москва ўртасидаги муносабатлар совуқлашди. Кучсиз бўлсада, санкциялар эълон қилинди. Москвага ҳеч ким қулоқ солмай қўйди. СССР тарқалгани, ЕИ ва НАТО кенгайиб бораётганининг аламини унута олмаган Россия президенти Владимир Путиннинг пропаганда машинаси Буюк Британиядаги ЕИга ишончсизлик ва норозилик кайфияти уруғларидан унумли фойдаланди. Ёлғон ахборот оқимидан билан суғориб ўз мақсадига эришди.
Арманистондаги Глобализация ва минтақавий ҳамкорлик бўйича бўйича таҳлиилй марказ раҳбари Степан Григоряннинг ёзишича, Россия ҳукумати Европа ва АҚШда ўз пропагандасини тарқатиш, яъни гибрид уруш учун бор куч ва маблағини сарфлаган. Бундай уринишлар ўз самарасини берди, аҳоли орасида ЕИга қарши кайфият ва ижтимоий фикрни шакллантиришга муваффақ бўлинди. Бу Буюк Британияда ЕИдан чиқиш борасида ўтказилган референдум натижаларига ҳам таъсир этмай қолмади, албатта.
Ягона иттифоқ – ягона валюта
ЕИ деганда унинг ўзига хос рамзларидан бири сифатида ягона пул бирлиги – евро кўз олдимизга келади. Маълумки, 999 йилда ЕИнинг 15 аъзосидан 11 нафари Маастрихт мезонларига жавоб беришгани боис, евроҳудудни ташкил этиб, ягона евро валюта бирлигига ўтишган эди.
Шуни таъкидлаш керакки, ЕИнинг барча аъзолари еврони миллий валюта сифатида қабул қилишлари шарт эмас. Маастрихт шартномасига кўра, аъзо давлатлар еврони қабул қилишдан олдин “Маастрихт мезонлари” деб номланувчи маълум иқтисодий ва ҳуқуқий мезонларга жавоб беришлари керак.
Лекин, Буюк Британия ва бошқа айрим аъзо давлатлар евро валютасини қабул қилишга шошилмаган. Жумладан, Дания ва Швеция, имтиёзлар олди ёки евро ҳудудига кирмасликка қарор қилди. Жумладан, Дания 2000 йилги умуммиллий референдумдан сўнг еврони қабул қилмасликка қарор қилди.
Швеция ягона валюта доираси - евроҳудудга расман қўшилиш мажбуриятини олган, аммо ҳозирча бу давлат айрим мезонларга жавоб бермайди ва шу боис швед раҳбарияти мамлакат миллий валютасини еврога ўзгартиришга шошилмаяпти.
Янги аъзоларни қабул қилиш хроникаси
Юқорида зикр этилганидек, ЕИга аъзо бўлишни истаган давлатлар қатор жиддий текшириш ва музокаралар жараёнидан ўтади. Масалан, Греция 1981 йилда иқтисодий ва сиёсий мезонларга жавоб бергандан сўнггина ЕИга қабул қилинди. Испания ва Португалия 1986 йилда демократик ислоҳотлар ўтказганидан сўнг аъзо бўлган. Швеция, Финляндия ва Aвстрия 1995 йилда Совуқ уруш тугаганидан сўнг ва ЕИ талабларига риоя қилганларидан кейин ЕИга қўшилган.
Шарқий Европа мамлакатлари коммунистик режимлар қулаганидан сўнг ЕИга умид билан қарай бошлади. Жумладан, 2004 йилда Полша, Чехия ва Венгрия каби Марказий ва Шарқий Европа давлатлари ЕИга қўшилди.
Болгария ва Руминия эса 2007 йилда суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ қўшимча шартларни бажаргандан сўнг қўшилган. Хорватия узоқ давом этган музокаралар ва ислоҳотлар жараёнини якунлагач, 2013 йилда ЕИнинг 28-аъзоси бўлишга эришди.
Нега айрим давлатлар, масалан Туркия ҳалигача ЕИга қабул қилинмаяпти?
Туркия 1987 йилда ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берган ва 1999 йилда номзод мақомини олган, бироқ унинг аъзолиги бир қатор омиллар туфайли кечиктирилган.
Бу, аввало, Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ вазиятга тегишли. Боиси, ЕИ Туркиядаги демократия, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ҳолатидан хавотир изҳор қилиб келади.
Шунингдек, ЕИга аъзо бўлган Кипр Республикаси билан Туркия ўртасидаги ҳал этилмаган можаро ҳам аъзоликка муҳим тўсиқ бўлиб қолмоқда. Қолаверса, Туркиянинг иқтисодий аҳволи ЕИ стандартларидан сезиларли даражада фарқ қилади ва бу мамлакатнинг иқтисодий мезонларга жавоб бера олишига шубҳа уйғотади. Бундан ташқари, Европа раҳбариятининг фикрича, Туркияда авторитар тенденцияларнинг кучайиши ва ЕИга аъзо бўлган алоҳида давлатлар билан кескинликнинг ортиши ҳам музокараларни қийинлаштирмоқда.
Бироқ айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Туркия аҳолиси ва маданияти ҳамда тарихи ислом билан боғлиқ бўлгани учун ҳеч қачон ЕИга қабул қилинмайди. Масалан, 2004 йилда Европа кенгашининг бўлажак раҳбари Херман Ван Ромпёй шундай деганди:
«Туркия — Европанинг бир қисми эмас ва ҳеч қачон унинг бир қисми бўла олмайди. Европа Иттифоқининг Туркияни қабул қилиш ҳисобига кенгайишини ўтмишда бўлган кенгайиш билан солиштириб бўлмайди. Европа кучини ўзида мужассам этган ва насронийликнинг асосий қадриятлари бўлган умуминсоний қадриятлар Туркия каби йирик ислом давлатининг қўшилиши билан ўз кучини йўқотади”.
Таъкидлаш лозим, ҳозирда Туркиянинг ўзи ҳам ЕИга аъзо бўлишга ошиқаётгани йўқ. Масалан, 2023 йил 1 октябрда Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон мамлакат парламентидаги нутқи чоғида “энди Туркия Европа Иттифоқига қўшилиш учун Брюссел шартлари ва талабларини қабул қилмайди”, деди.
- Биз Европа Иттифоқига берган барча ваъдаларимизни бажардик, бироқ улар ўз ваъдаларининг бирортасини бажармади. Энди Aнқара қўшилиш жараёнида ҳеч қандай янги талаб ёки шартларни қабул қилмайди. Туркия, бизни 40 йилдан бери ўз дарвозасида куттириб қўйган Европа Иттифоқидан бошқа ҳеч нарса кутмайди, - деган Туркия президенти.
Айни пайтда Туркия билан ЕИга қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни музлатиб қўйилган.
ЕИнинг кенгайиш чегараси борми?
ЕИнинг кенгайиши бўйича ҳеч қандай расмий чекловлар йўқ, аммо жараёнга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бир қатор омиллар мавжуд:
Сиёсий ирода. ЕИнинг кенгайиши ЕИнинг барча аъзоларининг розилигини талаб қилади ва алоҳида мамлакатларнинг ички сиёсати ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин.
Иқтисодий барқарорлик. Аъзоликка номзод давлатлар қатъий иқтисодий мезонларга жавоб бериши керак, бу кам ривожланган мамлакатлар учун қийин бўлиши мумкин.
Ижтимоий ва маданий омиллар. Ўзаро маданий фарқлар ва ижтимоий муносабатлар янги аъзоларнинг интеграциялашув жараёнига салбий таъсир қилиши мумкин.
Институционал чекловлар. ЕИ янада кенгайса, бошқарув ва операцион муаммолар юзага келиши мумкин.
ЕИга яна кимлар чоғланмоқда?
Айни пайтда бир нечта давлатлар ЕИга аъзо бўлишга интилишда давом этмоқда. Масалан, Ғарбий Болқон давлатлари - Сербия, Черногория, Шимолий Македония ва Aлбания аъзоликка номзод бўлиб, барча мезонлар бажарилган тақдирда кейинги ўн йил ичида аъзо бўлиши кутилмоқда.
Россиянинг Украина, Молдова ҳамда Грузия ҳудудларига бостириб киргани бу давлатларнинг аҳолиси орасида аксилроссия кайфияти, ғарбга мойиллик ва интеграцияга интилишларнинг кучайишига олиб келди. Бундай вазият фонида мазкур давлатлар ЕИга аъзоликка номзод мақомини олди. Аммо уларнинг қўшилиши юқорида зикр этилган бир неча талабларни қандай бажаришига боғлиқ бўлади.
Грузия билан эса музокаралар жараёни музлатиб қўйилган. Бу ерда россияпарастлиги гумон қилинаётган ҳукуматнинг саъй-ҳаркатлари билан инсон ҳуқуқлари ва демократияга зид келувчи “хорижий агентлар” борасидаги қонун қабул қилиниши Ғарбнинг, айниқса ЕИнинг қаттиқ норозилиги сабаб бўлди. Шу боис Грузияни ЕИга, шунингдек, НАТОга қабул қилиш масалалари ҳозирча истиқболга эга эмас.
Абулфайз Сайидасқаров
Телеграмда кузатиб боринг!