Тасвирий санъатдаги йўналишлар, мактаблар ва услубларни қандай ажратиш мумкин?

Йўналиш - бу санъатнинг кенг тоифаси бўлиб, у муайян фалсафий ёки эстетик тамойилларни баҳам кўрадиган кўплаб услублар ва мактабларни ўз ичига олади.

Маданият
23 август, 11:18
Тасвирий санъатдаги йўналишлар, мактаблар ва услубларни қандай ажратиш мумкин?

Тасвирий санъат - бу жуда кўп йўналиш, мактаб ва услублар мавжуд бўлган бой ва ранг-баранг дунёдир. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятлари, эстетик тамойиллари ва фалсафаси билан ажралиб туради. 

Бу соҳадаги йўналиш, мактаб ва услублар ўртасидаги фарқлар етарли тайёргарлик ва махсус билимга эга бўлмаган томошабин учун унчалик тушунарли бўлмаслиги мумкин. Шу боис турли санъат асарларини шунчаки томоша қилиб, эстетик завқ олишни истовчилар учун айрим маълумотларга эга бўлиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Қолаверса, бу фарқларни тушуниш санъат асарларини идрок қилиш жараёнини ҳамда дунёқарашни бойитиши мумкин.

Тасвирий санъат йўналишлари

Йўналиш - бу санъатнинг кенг тоифаси бўлиб, у муайян фалсафий ёки эстетик тамойилларни баҳам кўрадиган кўплаб услублар ва мактабларни ўз ичига олади. Йўналишлар кўпинча жамиятдаги ижтимоий, маданий ёки сиёсий ўзгаришларга жавобан пайдо бўлади. Уларнинг айримлари қуйидагича тавсифланади.

Реализм. Реализм санъатдаги оқим сифатида XIX аср ўрталарида пайдо бўлган ва у ҳаётни қандай бўлса шундай ҳолида – идеаллаштирмасдан ва романтик туйғуларсиз кўрсатишга интилган. Реалист рассомлар кундалик ҳаётнинг ишончли тасвирларини яратиб, тафсилотларига алоҳида эътибор берган. Гюстав Курбе ва Иля Репиннинг асарлари шу йўналишдаги ишлар ҳисобланади. 

Иля Репин. “Волгадаги шатакчилар”. 1870-1873

Импрессионизм. Бу йўналиш XIX аср охирида Францияда пайдо бўлган ва кўпинча табиат билан боғлиқ бўлган оний-ўткинчи сезгилар ва таассуротларни етказишга қаратилган. Клод Моне ва Пьер-Огюст Ренуар каби импрессионист рассомлар ёруғлик ва ҳаракат эффектини яратиш учун мўйқаламнинг эркин суртмалари ва ёрқин ранглардан фойдаланган.

Клод Моне. “Шафтолили идиш”. 1866

Модернизм. Модернизм XIX аср охири ва XX аср бошларида пайдо бўлган бир қанча услуб ва мактабларни қамраб олган кенг йўналишдир. Модернистлар анъанавий шакллардан узоқлашишга интилиб, янги ифодалаш  усулларини синаб кўришган. Модернизмда экспрессионизм, кубизм, футуризм ва сюрреализм каби оқимларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Тасвирий санъат мактаблари

Тасвирий санъатда, барча соҳаларда бўлгани каби муъайян бир умумийлик ва ўхшашлиги билан ажралиб турувчи мактаблар ҳам бўлган. Айрим рассомларнинг чизган суратлари ўхшаш услубда ва мавзуда эканлигини уларнинг ягона мактабга оидлиги билан ифодалаш мумкин баъзан. 

Мактаб - бу умумий бадиий тамойиллар, техника ёки ҳудудий мансублик билан бирлаштирилган рассомлар гуруҳидир. Мактаб маълум бир йўналишнинг бир қисми бўлиши мумкин, лекин у ўзига хос хусусиятларга ва санъат яратишга ёндашувларга эга бўлади.

Флоренция мактаби. Бу мактаб Уйғониш даврида Флоренция шаҳрида вужудга келган ва Ғарб санъатининг ривожланишида асосий рол ўйнаган. Флоренция мактабининг Сандро Боттичелли ва Леонардо да Винчи каби вакиллари перспектива ва анатомик аниқликка алоҳида эътибор қаратишган.

Барбизон мактаби. XIX аср ўрталарида Францияда пайдо бўлган Барбизон мактаби импрессионизмнинг “аждоди” бўлган. Бу мактабнинг Жан-Франсуа Милле, Камил Коро каби рассомлари юмшоқ ранглар ва реалистик деталлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ табиати ва деҳқонлар ҳаётини тасвирлашга қизиқишган.

Баугаус мактаби. Баугаус 1919 йилда Германияда ташкил этилган санъат мактаби бўлиб, замонавий санъат ва дизайн ривожига катта таъсир кўрсатди. Бу мактаб санъат ва ҳунармандчиликни бирлаштириб, функционаллик ва минимализмга интилди. Паул Клее ва Василий Кандинский каби рассом ҳамда дизайнерларнинг асарлари Баугаус услубининг ёрқин намунасидир.

Тасвирий санъатдаги услублар

Тасвирий санъатда услуб тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб - бу йўналиш ёки мактабга қараганда торроқ тушунча ҳисобланади. Услуб бирор рассом ёки рассомлар гуруҳи томонидан қўлланиладиган техника ва ифодалаш воситаларининг ўзига хос хусусиятларини тавсифлайди. Услуб муайян ҳаракат ёки мактабнинг бир қисми бўлиши мумкин, лекин кўпинча ижодий ёндашувнинг индивидуал хусусиятларини акс эттиради. Ҳаётимиздан кўпроқ ўрин олган айрим услубларга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. 

Барокко услуби. Барокко XVI  аср охирида пайдо бўлган ва драматизм, тафсилот-деталларнинг кўплиги ва дабдабаси билан ажралиб турадиган услубдир. Караваджо ва Питер Пол Рубенс каби барокко рассомлари таъсирчан асарлар яратишда ёруғлик ва соя контрастларидан, мураккаб композициялар ва ҳиссий саҳналардан фойдаланган.

Микеланджело Меризи да Караваджо. “Ҳаворий Матфейнинг чақириб олиниши”. 1599—1600

Кубизм услуби. Кубизм XX аср бошларида пайдо бўлган авангард услуб бўлиб, санъатдаги шакл ва макон тушунчасини тубдан ўзгартириб юборган. Пабло Пикассо ва Жорж Брак каби кубистлар объектларни бир вақтнинг ўзида турли нуқтаи назардан тасвирланган геометрик шаклларга бўлишган.

Робер Делоне. “Эйфел минораси”. 1911

Импрессионизм услуби. Юқорида айтиб ўтилганидек, импрессионизм ҳам рассомчиликдаги йўналиш бўлсада, унга услуб сифатида ҳам қараш мумкин. 

Пьер Огюст Ренуар. “Қурбақазор”. 1869

Машҳур рассомларнинг асарларини қандай ва қандай белгилари билан ажратиш мумкин?

Машҳур рассомларнинг асарларини фарқлаш, айниқса, ўхшаш услуб ёки ҳаракатларда ишлайдиган рассомлар ҳақида гап кетганда, қийин жараён бўлиши мумкин. Бироқ, ҳар бир рассомнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, унинг асарларини осон фарқлаш имкониятини беради. Леонардо да Винчи, Винсент Ван Гог ва Салвадор Дали каби тасвирий санъат усталарининг асарлари кенгроқ оммалашгани боис, улар асарларидаги асосий хусусиятларни кўриб чиқамиз.

Леонардо да Винчи

Уйғониш даврининг энг буюк рассомларидан бири бўлган Леонардо да Винчи қолдирган мерос бугунги авлод санъат ихлосмандларини ҳам ҳайратлантиришда давом этмоқда. Да Винчи асралари юқори техникага эгалиги ва инсон анатомиясини чуқур тушуниши билан ажралиб туради.

Сфумато. Леонардо да Винчининг ўзига хос техникаларидан бири бу сфумато бўлиб, ранглар ва оҳанглар орасидаги юмшоқ ўтиш, туманли эффект яратади. Бу, айниқса, “Мона Лиза” ва “Қоядаги қиз” каби асарларида яққол сезилади. Ушбу расмлардаги қаҳрамонларнинг юзлари бироз хиралашган кўринади, бу уларга сирлилик бағишлайди.

Aнатомик аниқлик. Леонардо да Винчи нафақат рассом, балки инсон анатомиясини чуқур ўрганган олим ҳам бўлган. У мазкур билимларини ишга солиб одам танасини ҳайратланарли аниқлик билан тасвирлаган. Масалан, “Сўнгги махфий зиёфат” асарида Исо Масиҳнинг ҳар бир ҳаворийси тасвирининг ҳаракатлари ва ҳис-туйғуларини катта маҳорат билан етказганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Композиция. Леонардо расмлари композицияси кўпинча учбурчак каби геометрик шаклларга асосланади, бу композицияга уйғунлик ва барқарорликни бахш этади. Бу, айниқса, “Сўнгги махфий кечки зиёфат”да сезиларли бўлиб, унда ҳар бир одам тасвири қатъий тартибда жойлаштирилган ва Масиҳнинг марказий тасвири алоҳида таъкидланган.

Леонардо да Винчи. “Сўнгги махфий зиёфат”. 1495—1498

Винсент Ван Гог

Винсент Ван Гог энг машҳур постимпрессионист рассомлардан бири бўлиб, унинг асарлари ўзининг ёрқин ранглари ва мўйқаламнинг динамик суртмалари билан осон фарқланади.

Ёрқин ранглар. Ван Гог ўзининг ҳис ва туйғулари етказиш учун бой, деярли тажовузкор ранглардан фойдаланган. Унинг “Кунгабоқар” ва “Юлдузли тун” асарларида бу асарларни унутилмас ҳолатга келтирувчи қизғин сариқ, кўк ва яшил рангларни кўриш мумкин.

Экспрессив мўйқалам суртмалари. Ван Гог мўйқалам билан қуюқ бўёқ суртмаларини тортиш орқали суратлар чизган бўлиб, бу унинг асарларига ёрқин текстура ва динамикани берди. Бу, айниқса, вортекс чизиқлари тунги осмоннинг ҳаракати ва шиддатини акс эттира олган “Юлдузли тун” асарида яққол сезилади. 

Винсент Ван Гог. “Юлдузли тун”. 1889

Мавзу. Ван Гог кўпинча табиат, қишлоқ ва қишлоқ ҳаёти манзараларини чизган. Унинг майда-чуйда тафсилотларга бўлган эътиборини, табиатни севишини “Олд фонда ирис гуллари бўлган Aр манзараси” ва “Тунги қаҳвахона” каби асарларини томоша қилиб ҳис этиш мумкин.

Винсент Ван Гог. “Тунги қаҳвахона айвони”. 1888

Салвадор Дали

Салвадор Дали энг машҳур сюрреалистлардан бири бўлиб, унинг асарлари ғалати, гротеск тасвирлар ва кутилмаган комбинацияларга тўла.

Сюрреаллистик образлар. Далининг асарларида кўпинча “Хотиранинг барқарорлиги” асардаги каби эриётган соатлар ёки “Филлар” асаридаги узун оёқли филлар каби ҳақиқий бўлмаган, фантастик элементлар мавжуд. Бу элементлар Дали асарларини бошқаларникидан осон ажратиб олиш имконини беради. 

Деталларга эътибор. Фантастик мавзуларга қарамай, Дали деталларга катта эътибор берди. Унинг расмлари кўпинча ҳайратланарли аниқлик билан яратилган. Ҳатто ақл бовар қилмайдиган мавзуларда ҳам ҳақиқийлик эффекти уфуриб туради. 

Аллюзия ва символизм. Салвадор Далининг асарлари рамзий маъно ва ташбеҳларга бой. Масалан, “Хотиранинг бардавомлиги” асаридаги эриётган соат вақтнинг нисбийлиги ва тутқич бермаслигининг рамзи сифатида талқин этилади. Умуман, Дали асарлари вақт, ўлим, ва онгости ҳамда тушдаги тушунчалар каби мураккаб мавзу, ишора, белги ва ўхшатма ҳамда ҳаволлардан иборат. Унинг асарларини турлича талқин қилиш мумкин.

Салвадор Дали. “Филлар”. 1948

Пабло Пикассо

XX асрнинг энг нуфузли рассомларидан бири бўлган Пикассо ижоднинг бир неча босқичларини босиб ўтган бўлиб, ҳар бир босқич ўзига хос услубга эга.

Мовий ва пушти даврлар. Пикассо ўз карьераси аввалида сокин ва бўғиқ ранглар ва тушкун мавзулари билан ажралиб турадиган асарлар яратди. “Мовий давр”да эса совуқ, кўк оҳанглар, “Пушти давр”да эса иссиқ пушти ва қизил ранглар устунлик қилди.

Кубизм. Пикассо санъатдаги шакл ва макон тушунчасини тубдан ўзгартирган кубизмга асос солган. Унинг бу даврда яратган “Авиньон қизлари” каби асарлари геометрик шакллар ва бир нечта нуқтаи назарларни ўз ичига олган.

Пабло Пикассо. “Аёл боши”. 1939.

Сюрреалистик давр. Кейинчалик Пикассо сюрреализмга юзланиб, бу даврда  кўпинча символизм ва шахсий аллюзияларга тўла бузилган, беўхшов шакллар ва тасвирлардан фойдалана бошлади.

Пикассонинг сўнгги даврдаги ижодиёти борасида латифа ҳам мавжуд. Айтишларича бир кибор ва бой хоним Пикассога суратини чиздирибди. Орадан бир ҳафта ўтиб ўша хоним суратни қайтариб келган ва кўзларимни сал каттароқ қилинг деган. Пикассо “бир пасда ҳал қиламиз” дея мўйқаламни қўлига олган ва суратга тикилиб қотиб тураверган. Мижоз аёл “Янги ғоя ўйлаяпсизми” деб савол берса, Пикассо, “Йўқ хоним, кўзингизни қаерга чизганимни тополмаяпман” деган экан.

Ҳазиломуз 12 тавсия

Айрим санъат ихлосмандлари санъат асарларининг қайси рассом қаламига оидлигини аниқлаш учун айрим ҳазиломуз, аммо фойдали маслаҳатлар беришади. 

1. Aгар суратда қоронғу фон ва одамлар юзида ҳар хил азоб-уқубат туйғуларини кўрсангиз, демак бу рассмо Тициан асари.

2. Aгар расмдаги одамларнинг кетлари катта ва целлюлитли бўлса - бу Рубенс.

3. Aгар расмдаги эркаклар кўзлари маъноли ва сочлари жингалак аёлларга ўхшаса - бу Караваджо.

4. Aгар расмда кўплаб кичкина одамчалар тасвирланган бўлса – бу Брейгель.

Катта Питер Брейгель. “Ўлим ғалабаси”. 1561—1563

5. Агар суратда кўплаб кичкина одамлар ва тушунарсиз майда чуйдалар бўлса – бу Босх асари.

6. Aгар сиз мавжуд композицияни бузмасдан, суратга бир нечта семиз амур сурати ва қўйларни осонгина қўшиб қўя олсангиз (ёки улар аллақачон турли хил конфигурацияларда мавжуд бўлса) – бу рассом Буше ёки Вато қаламига мансуб асар.

7.  Агар суратдаги одамларнинг ҳаммаси чиройли, яланғоч ва фигуралари културистга ўхшаган бўлса – буни Микеланжело чизган.

8. Агар суратда балеринани кўрсангиз, энг аввало Дега асари бўлса керак деб гумон қилинг.

9. Агар асар контрастли, кескин бўлса, ундаги эркаклар озғин ва соққолли бўлса – бу суратни катта эҳтимол билан Эль Греко чизган.

10. Aгар ҳамма, ҳатто аёллар ҳам Путинга ўхшаса, бу Ян ван Эйк.

Ян ван Эйк. “Арнольфинлар жуфтлиги портрети”. 1434.

11. Ҳамма нарса ёрқин, эҳтиросли ва ранг-баранг бўлса – аввало Ван Гог хаёлингизга келсин.

12. Асарда доғлар кўп бўлса – Моне, одамлар кўп бўлса Эудард Мане чизган бўлиши мумкин. 

Хулоса ўрнида мулоҳаза

Умуман олганда, тасвирий санъатдаги йўналишлар, мактаблар ва услубларни фарқлаш тарихий шароит, техника ва эстетик тамойилларни чуқур англашни талаб қилади. Ҳар бир йўналиш, мактаб ёки услуб санъат тарихидаги жамият, маданият ва дунёқарашдаги ўзгаришларни акс эттирувчи ўзига хос беқиёс ҳодисадир. Ушбу фарқларни билиш эса санъат асарларини яхшироқ тушуниш ва қадрлаш, шунингдек, буюк рассомлар яратган асарларнинг ўзига хос хусусиятларини таниб олишга ёрдам беради. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+