Bitcoin курсининг барқарорлиги шубҳа остида

Bitcoin курсининг ўсиши ёки пасайишини аниқ айтиш қийин, аммо инвесторлар кескин ўзгаришларга тайёр туриши ва криптовалюталарга сармоя киритиш билан боғлиқ барча рискларни инобатга олиши даркор.

Таҳлил
22 август, 20:05
Bitcoin курсининг барқарорлиги шубҳа остида
Фотоколлаж: Platina.uz

Жаҳон молиявий бозоридаги энг машҳур ва барқарор криптовалюталардан бири Bitcoin (BTC) курси 5 август куни эрталаб 50 минг доллардан пастга тушди. Бу 2024 йил январидан бери энг паст кўрсаткич ва 2021 йилдан бери криптовалюта нархининг энг кескин пасайиши бўлди. Bitcoin курси қисман тикланиб, 50850 долларга чиқди. Бироқ бундай ҳолат Bitcoin курсининг барқарор ўсиш хусусияти борасидаги шубҳаларни ҳамда ваҳимани кучайтирди. 

Bitcoin ўзи нима?

Bitcoin – энг биринчи ва энг машҳур криптовалюта бўлиб, 2009 йилда “Сатоши Накамото” тахаллусидаги аноним дастурчи ёки дастурчилар гуруҳи томонидан яратилган. У блокчейн технологиясига – барча транзакцияларнинг шаффофлиги, хавфсизлиги ва ўзгармаслигини таъминлайдиган марказлаштирилмаган реестрга асосланган. 

Доллар ёки евро каби анъанавий валюталардан фарқли ўлароқ, Bitcoin ҳеч қандай ҳукумат ёки молия институтлари томонидан назорат қилинмайди. Бу шуни англатадики, унинг эмиссияси (ишлаб чиқарилиши) ва нархи фақат бозордаги талаб ва таклиф асосида белгиланади.

Bitcoin даставвал анъанавий пулларга муқобил вариант сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, операцияларни банк ва бошқа воситачилар иштирокисиз амалга ошириш имкониятини таклиф қилган. Бироқ вақт ўтиши билан у нафақат айирбошлаш воситаси, балки юқори даромад келтира оладиган инвестиция активи сифатида ҳам кўрила бошлади. Аҳоли ўсиб бораётган иқтисодий ноаниқлик ва инфляция шароитида кўпчилик Bitcoin’ни "рақамли олтин" – ўз жамғармаларини сақлаш ва ошириш усули сифатида қабул қила бошлади.

Bitcoin айланмаси ва халқаро машҳурлик

Bitcoin яратилганидан бери, ҳеч ким танимаган рақамли активдан глобал молиявий феномен даражасига қадар узоқ йўлни босиб ўтди. 2024 йилда Bitcoin айланмаси кунига юзлаб миллиард доллардан ошади. Унинг бозор капиталлашуви 2024 йил августида қулашдан олдинги вазиятда 1 триллион доллардан зиёд бўлган.

CoinMarketCap маълумотларига кўра, 2024 йил бошига келиб, Bitcoin бутун криптовалюта бозори капиталлашувининг тахминан 40 фоизлик улушини ташкил этган. Бу эса Bitcoin’нинг барча рақамли активларга нисбатан етакчи мақомда эканини тасдиқлайди.

Bitcoin’нинг глобал машҳурлиги бир неча омилларга боғлиқ. Биринчидан, анъанавий молиявий тизимдан норози ёки иқтисодиёти беқарор бўлган мамлакатларда яшовчи одамларни Bitcoin’нинг марказлашмаган хусусияти қизиқтириб қўяди. Масалан, инфляция ниҳоятда юқори бўлган Венесуэла ва Aргентинада одамлар ўз жамғармаларини сақлаб қолиш учун Bitcoin’дан фаол фойдаланади. 

Бундан ташқари, одамлар Bitcoin’ни осон сотиб олишлари ва сотишлари мумкин бўлган криптовалюта биржаларининг кўпайиши ҳамда криптовалюта ҳамёнлари ва тўлов тизимларини ўз ичига олган инфратузилманинг ривожланиши ҳисобланади. 2024 йил ҳолатига кўра, бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар Bitcoin’га эга бўлиб, ундан транзакциялар ёки узоқ муддатли инвестиция активи сифатида фаол фойдаланмоқда.

Нега Bitcoin курси тез кўтарилди?

Сўнгги йилларда Bitcoin’нинг тез ўсиши бир нечта муҳим омилларнинг жамлангани билан боғлиқ:

Институционал инвестициялар

2020 йилларда Bitcoin хедж-фондлар, пенсия жамғармалари ва ҳатто йирик корпорациялар каби йирик институционал инвесторларнинг эътиборини торта бошлади. Мисол учун, 2021 йилда MicroStrategy Bitcoin’га 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди ва Tesla 1,5 миллиард доллар сармоя киритди, бу унинг нархи сезиларли даражада ошишига олиб келди. Ушбу ҳаракатлар бошқа бозор иштирокчиларига Bitcoin’ни тўлиқ инвестиция активи сифатида кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида сигнал бўлди. Унинг ликвидлиги ва унга ишончни бирмунча оширди. Бундай эътибор домино эффектини ҳосил қилиб, бошқа йирик ташкилотлар ва хусусий инвесторларни ҳам жараёнга тортди.

“Рақамли олтин”нинг тан олиниши

Чекланган таъминот (фақат 21 миллион танга) ва пул сақлаш воситаси бўлиб хизмат қилиш хусусияти туфайли, Bitcoin тобора олтин билан солиштирилмоқда. Инфляция ва иқтисодий беқарорлик шароитида, айниқса COVID-19 пандемиясидан кейин кўплаб инвесторлар ўз активларини ҳимоя қилишнинг муқобил усулларини қидиришди. Натижада Bitcoin шундай усуллардан бири бўлиб чиқди.

Ривожланаётган инфратузилма

Криптовалюта биржалари, тўлов тизимлари ва крипто-ҳамёнлар миқдорининг ўсиши Bitcoin олди-бердисини анча осонлаштирди. Бу эса мазкур криптовалютага талабни оширди ва бу, табиийки, унинг нархи ўсишига ҳам ҳисса қўшди.

Чакана инвесторлар ўртасида оммалашув

Криптовалюталар ҳақидаги ахборот ва таълим ресурсларининг ортиб бориши туфайли Bitcoin миллионлаб чакана инвесторларда жонли қизиқиш уйғотди. Ижтимоий тармоқлар, форумлар ва блогерлар криптовалюталарда пул ишлаш имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни тўхтовсиз тарқата бошлади. Бу ҳам Bitcoin’га талабнинг янада ортишига олиб келди.

Медиа-эффект ва хайп (шов-шув)

ОAВнинг доимий эътибори, шунингдек, Илон Маск каби машҳур шахсларнинг оммавий баёнотлари Bitcoin атрофида ўзига хос шов-шув пайдо бўлишига ёрдам берди. Бу бозорнинг янги иштирокчилари, жумладан, илгари криптовалюталарга сармоя киритмаганлар эътиборини ҳам тортди.

Бундай омиллар 2020 ва 2023 йиллар оралиғида Bitcoin нархи бир танга учун 10 000 доллардан 60 000 долларгача ортишига олиб келди. Бироқ, маълум бўлишича, бу тез ўсиш чексиз давом эта олмас экан. Бунинг тасдиғи сифатида 2024 йилда криптовалюта ҳамжамиятини ҳам, анъанавий молия бозорларини ҳам ҳайратда қолдирган инқироз юз берди.

Bitcoin курси заифлашувининг асосий сабаблари ва омиллари

2024 йил август ойида Bitcoin нархи бирданига 50 фоиздан зиёдга тушиб кетди, бу инвесторлар орасида ваҳима кўтарди. Криптовалюта биржаларида Bitcoin’дан “қутулиш” учун уни катта ҳажмда сота бошлашгани ўзига хос “юқумли” тўлқин пайдо қилди. Умуман олганда, Bitcoin курсининг қулашига сабаб бўлган омиллар кўп ва турдош ва турдош бўлмаган соҳалар фаолияти билан боғлиқ.

Криптовалюта бозорини тартибга солувчи регуляторларнинг зарбаси

Bitcoin’нинг қулаши ортидаги асосий омиллардан бири – бир қатор мамлакатларда криптовалютани тартибга солиш сиёсатининг ўзгариши бўлди. 2024 йил ўрталарида AҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой расмийлари криптовалюта бозори устидан назоратни кучайтиришга қаратилган бир қатор қаттиқ чораларни амалга татбиқ этишди.

Масалан, AҚШ молия вазирлиги криптовалюталар учун янги солиқ қоидаларини эълон қилди. Жумладан, қиймати 10 000 дан доллардан ошадиган барча амалиётларни декларациялаштириш, шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича кенгайтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳукумат назоратини кучайтиришидан қўрққан инвесторлар орасида ваҳима тўлқинини келтириб чиқарди.

Хитой эса анча пайтдан бери криптовалюта операциялари учун энг йирик бозор бўлиб келаётган эди. Бироқ бу давлат ҳукумати ҳам криптовалюталарга нисбатан сиёсатини қаттиқлаштиришда давом этди. 2024 йил август ойида ушбу мамлакат расмийлари криптовалюталарни майнинг (яратиш) ва сотишни тўлиқ тақиқлашини эълон қилди. Бундай янгилик Bitcoin тармоғи хешрейти ва криптовалютага ишончнинг пасайишига олиб келди.

Маълумот: Bitcoin хешрейти (hashrate) бутун блоклар занжири бўйлаб қанча таклифлар жўнатилишини белгилайди. Нисбатан юқори хешрейт – ҳисоблаш техникаси қувватини, электр энергияси сарфини ва транзакциялар текшириш вақтини ошириш зарурлигини кўрсатади. Бу Bitcoin’ни “майнинг” қилишни секинлаштириши, харажатлар, демакки, Bitcoin “таннархи”нинг ортишига олиб келади.

Европа Иттифоқи эса криптовалюта айланмасини тартибга солувчи қонунларнинг янги пакетини, жумладан, криптовалюта биржалари ва ҳамёнларини мажбурий лицензиялашни, шунингдек, KYC (Know Your Customer) ҳамда AML (Anti-Money Laundering) қоидаларини жорий қилди. Ушбу чора-тадбирлар Европа бозорларида Bitcoin’нинг ликвидлик даражаси пасайишига ва оммавий сотилишига олиб келди.

Bitcoin тармоғидаги техник муаммолар

Bitcoin нархининг пасайишига сабаб бўлган яна бир омил – тармоқдаги техник муаммолар бўлди. 2024 йил август ойида йирик майнер pool’ларидан бирида юз берган носозлик туфайли транзакцияларга ишлов беришда сезиларли секинлашув кузатилди. Бу эса амалиётлар учун комиссияларнинг ортиши ва тармоққа ишончнинг пасайишига олиб келди.

Тармоқдаги узилишлар фойдаланувчилар орасида ваҳима уйғотди. Уларнинг аксарияти ўз активларини оммавий равишда сотишни бошлади. Шу билан бирга, бозорларда кредит “елкаси”дан фойдаланган ҳолда оммавий ликвидация жараёни бошлангани ҳам Bitcoin нархига таъсир қилди. Маржа савдосидан фойдаланадиган кўплаб инвесторлар нархлар маълум даражага етганида ўз позицияларини ёпишга мажбур бўлишди, бу эса бозорнинг каскадли пасайишига олиб келди.

Бозордаги манипуляция

Баъзи экспертлар йирик ўйинчиларнинг эҳтимолий манипуляциясига ишора қилади. Кўп миқдорда Bitcoin’га эга қатор йирик фондлар ва хусусий инвесторлар, кейинроқ активларни арзонроқ нархда сотиб олиш мақсадида атайлаб нархнинг тушиб кетишига ҳаракат қилиб, бозорни “чайқатишди”, деган тахминлар ҳам мавжуд.

Иқтисодий ва геосиёсий беқарорлик

Ниҳоят, глобал иқтисодий ва геосиёсий беқарорлик шароитида инвесторлар олтин ва давлат облигациялари каби хавфсизроқ активларга ўтишни бошлади. Украина билан боғлиқ вазият, Россияга қарши санкциялар, Хитой ва AҚШ ўртасидаги савдо “уруш”лари – буларнинг барчаси бозорларда ноаниқликни кучайтирди ва рискли активлардан, жумладан, криптовалюталардан капиталнинг чиқиб кетишига олиб келди.

Bitcoin’га муносабат ва ишонч барқарор эмас

Қайд этиш жоиз, Bitcoin’га муносабат ва ишонч ўзгариб турибди. Ҳатто айрим машҳур шахсларнинг мазкур криптовалютага муносабати ҳам вақт ўтиши ҳамда вазият ўзгариши билан боғлиқ равишда эврилишга учрамоқда. 

Хусусан, AҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Bitcoin ҳақидаги баҳсли фикрлари билан танилган. У 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган президентлик даврида бир неча бор криптовалютани “фирибгарлик” ва “молиявий барқарорликка таҳдид” деб атаган эди. Бироқ, 2024 йилда ўзининг янги сайловолди кампанияси пайтида, Трамп кутилмаганда ўз позициясини ўзгартирди ва Bitcoin’ни AҚШнинг расмий криптовалютаси сифатида тан олиш ғоясини илгари сура бошлади.

Трампнинг Bitcoin’га бўлган муносабатини ўзгартириш сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

1. Сиёсий стратегия. Доналд Трамп доимо ҳиссиётли масалалардан сиёсий-популистик мақсадларида фойдалана олган. Криптовалюталар тобора оммалашиб бораётган ва кенг аҳоли учун қизиқиш уйғотаётган бир пайтда, Bitcoin’ни қўллаб-қувватлаш – ёш сайловчилар ва молиявий инновациялар тарафдорларининг эътиборини жалб этиши мумкин.

2. Aнъанавий молиявий тизимга мухолифат. Трамп АҚШнинг Федерал резерв тизимини ва бошқа анъанавий молия институтларини мунтазам танқид қилиши билан танилган. Bitcoin’ни расмий валюта сифатида тан олиш Федерал резерв тизими таъсирини заифлаштириш ва ижро ҳокимияти томонидан молия тизими устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қадам бўлиши мумкин.

3. Иқтисодиётни рағбатлантириш. Bitcoin’нинг тан олиниши АҚШга янги сармояларни жалб этиш ва инновацион технологияларни ривожлантиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Шунингдек, бу қадам Хитой ва Европа Иттифоқи билан рақобати кучайиши фонида мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқесини мустаҳкамлаши тахмин қилинади. 

4. Халқаро тўловлар. Халқаро тўловларда Bitcoin’дан фойдаланиш молиявий операцияларнинг тезлиги ва шаффофлигини оширишга ёрдам бериши мумкин, бу эса глобаллашув шароитида муҳим афзаллик бўлади.

Бироқ экспертлар Bitcoin’ни AҚШ расмий валютаси сифатида тан олиш ғоясига шубҳа билан қарашади. Криптовалютанинг юқори ўзгарувчанлигини, шунингдек, уни тартибга солиш ва анъанавий молия тизимига интеграциялашуви билан боғлиқ қийинчиликлар бунга тўсқинлик қилади. Бироқ Трампнинг таклифи унинг тарафдорлари орасида ҳам, рақиблари орасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Bitcoin нархининг тахминий прогнози

Bitcoin курсини унинг юқори ўзгарувчанлиги шароитида прогноз қилиш ўта қийин вазифа. Аммо келгуси йилда унинг динамикасига таъсир қиладиган бир нечта асосий омилларни мисол келтириш мумкин:

1. Норматив ўзгаришлар. Криптовалюталар билан боғлиқ янги қоидалар ва қонунларнинг киритилиши ҳал қилувчи рол ўйнайди. Криптовалюта бозори устидан назоратни кучайтириш, Хитой мисолида бўлгани каби, ушбу валюта курсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Назоратни либераллаштириш эса, аксинча, инвесторлар қизиқишини тиклаши мумкин.

2. Институционал инвестициялар. Банклар ва корпорациялар каби йирик ўйинчилар  ёрдамида Bitcoin нархи ўзгаришда давом этади. Aгар институционал инвесторлар бозорга киришда ёки ўз позицияларини кучайтиришда давом этса, бу Bitcoin нархини барқарорлаштириши ёки ҳатто ошириши мумкин.

3. Иқтисодий ва геосиёсий вазият. Глобал иқтисодий инқирозлар, урушлар ва сиёсий ўзгаришлар Bitcoin курсига таъсир қилишда давом этади. Ноаниқлик даврида инвесторлар умумий вазиятга қараб Bitcoin нархини қўллаб-қувватлаши ёки заифлаштириши мумкин бўлган муқобил активларни излаши мумкин.

4. Технологик ривожланиш. Блокчейн технологияларини такомиллаштириш, тармоқнинг кўламдорлиги ва хавфсизлигини ошириш – Bitcoin’га ишончнинг ортиши ва янги фойдаланувчилар ва инвесторларни жалб этишга ёрдам беради.

5. Бозор кайфияти ва манипуляцияси. Бозор кайфияти, миш-мишлар ва асосий ўйинчилар томонидан ишга солиниши мумкин бўлган манипуляция Bitcoin нархининг қисқа муддатли ўзгаришига бевосита таъсир қилади.

Ушбу омилларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилда Bitcoin нархи жуда ўзгарувчан бўлиб қолади, деб тахмин қилиш мумкин. Bitcoin курсининг ўсиши ёки пасайишини ҳозирги шароитда аниқ прогноз қилиш осон эмас. Нима бўлганда ҳам, инвесторлар кескин ўзгаришларга тайёр туриши ва криптовалюталарга сармоя киритиш билан боғлиқ барча рискларни инобатга олиши даркор.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+