Ўрмон ёнғинлари: Туркия ва Бразилияда жиддий вазият юзага келди
Туркиядаги ёнғинлар йирик шаҳарлардан бири Измир атрофида тарқалган ва аҳоли яшаш ҳудудларигача етиб борган.
Туркия ғарбидаги ўрмон ёнғинлари Измир шаҳридаги аҳоли яшаш ҳудудларигача кириб борди. Ҳодиса жойида минглаб фавқулодда вазиятлар ходимлари ишламоқда.
Туркия ички ишлар вазири Али Эрликая 17 август, шанбага ўтар кечаси маҳаллий ҳокимият органлари жабрланган ҳудудлардан 900 га яқин одамни эвакуация қилингани ҳҳақида хабар берган
Измир вилоятида ёнғинларни ўчиришга 2965 киши ва 600 га яқин техника жалб этилган, деб хабар қилди мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон матбуот хизмати.
Измир шимолидаги Қарцияка туманида ёнғин 30 та бинога зарар етказди, деди шаҳар ҳокими Жемил Тугай. Бундан ташқари, 10 қаватли турар жой биноси ёниб кетди – ўт ўчирувчилар зудлик билан аҳолини эвакуация қилишди ва бинодаги ёнғинни ўчиришди.
Измирнинг бошқа ҳудудларида ҳам бир қанча уйлар ёниб кетган, дея қайд этди маҳаллий ҳукумат.
Расмийларга кўра, ёнғинга дам олувчиларнинг гулханни ўчирмагани сабаб бўлган. Туркия ички ишлар вазирлиги ёнғинлар сабаб бир неча кишини қўлга олди.
Шунингдек, Бразилиядаги Серра до Cипо миллий боғидаги ёнғин уч кундан бери ўчирилмаяпти, дея ёзади Globo нашри.
Ёнғин боғнинг ноёб флора ва фаунасига, жумладан, мамлакатда учинчи ўринда турадиган Табулейро шаршарасига таҳдид солмоқда.
Боғнинг 33,8 минг гектар майдонидан 478 гектари аллақачон ёниб кетган.
Чико Мендес институти қўриқхона учун жиддий хавф ҳақида огоҳлантирмоқда.
Қутқарув хизматлари ёнғинга қарши курашда давом этмоқда, бироқ ёнғиннинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин.