Олимпиададан кейинги ҳаёт
Мусобақаларни ўтказишда давлатлар борган сари энг кам маблағ сарфлашга ўтиб кетяпти. Масалан, 2028 йилдаги ўйинларга давлат бюджетидан пул ажратилмайди.
2024 йилнинг энг муҳим ва тарихий воқеаларидан бири – Париж шаҳрида Ёзги олимпия ўйинлари ўтказилиши бўлди. Улкан тантана ва шукуҳ билан ўтказилган мусобақалар учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Катта вақт ва маблағлар сарфланди.
Аслида олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш ҳар қандай шаҳар ва мамлакат учун энг муҳим, обрўли ва масъулиятли воқеалардан биридир. Бу нафақат спорт тадбири, балки инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиёт ва халқаро нуфузни ошириш учун кучли рағбат ҳисобланади. Бироқ ўйинлар якунланганидан кейин инфратузилма, бино ва стадионлардан қандай фойдаланиш муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда.
Зеро, бир неча ўн минг киши учун мўлжалланган стадионлар ва махсус қурилган бинолардан ўйинлар якунлангач, тўла қувват билан фойдаланиб бўлмайди. Уларни сақлаб туриш ва таъмирлаш, бошқа доимий ҳамда зарурий харажатлар учун пул сарфлаш ўзини қопламайди.
Олимпиада мероси: муваффақиятлар ва муаммолар
Олимпия ўйинлари тугагандан сўнг, стадионлар ва спорт иншоотлари энг кўзга кўринган ва муҳим объектлардан бири, айни пайтда эса муҳим муаммолар манбаи бўлиб қолмоқда. Баъзи ҳолларда улардан янги мақсадларда фойдаланишади, бошқалари эса қаровсиз қолади ва аста-секин харобага айланади. Олимпиада учун қурилган турар-жой мажмуалари, кўпинча, ўйинлардан сўнг аҳоли турар жойлари, меҳмонхоналар ёки таълим муассасаларига айланирилади. Турли йилларда ва турли шаҳарларда бу борада ўзига хос йўл тутилган.
Лондон, 2012 йил
Муваффақиятли мисоллардан бири 2012 йилги Лондон олимпиадаси ҳисобланади. Бу ерда Бош олимпия стадионининг номи “Олимпия стадиони” деб ўзгартирилди ва West Ham United футбол клубининг уй-стадионига айлантирилди. Бундан ташқари, сузиш ҳавзалари ва велодромлар каби бошқа объектлар қайта таъмирланиб, одамлар фойдаланиши учун очилиб, маҳаллий аҳоли фаол фойдаланаётган инфратузилманинг бир қисмига айланди.
Aфина, 2004 йил
2004 йилги олимпия ўйинларидан кейин кўплаб олимпия объектлари қаровсиз қолган Aфинада бунинг тескариси юз берди. 22 та йирик объектдан 21 таси ўйинлардан бир неча йил ўтиб яроқсиз ҳолга келган. Стадионлар ва бошқа иншоотлар қурилишига катта миқдорда сармоя киритиш узоқ муддатли фойда келтирмади ва уларнинг баъзилари шунчаки қулаб тушмоқда. Бир пайтлар спортчилар ҳамда мухлисларнинг ҳаяжонли ҳайқириқларидан титраган объектлар ҳозир ёввойи ўтлар билан қопланган ва нотўғри бошқарув рамзига айланган.
Пекин, 2008 йил
“Қуш уяси” номи билан танилган Пекин миллий стадиони муваффақиятнинг ёрқин намунасидир. Стадион сайёҳлар учун диққатга сазовор жой сифатида ишлатилади, аммо уни сақлаб туриш катта харажатларни талаб қилади. Ташрифдан тушган даромад бу харажатларни қисман қоплайди. Бироқ бу стадиондан максимал даражада фойдаланилмаётгани айтилади.
Барселона, 1992 йил
1992 йилги Барселона олимпиадаси инфратузилмада унумли фойдаланишнинг энг муваффақиятли намуналаридан биридир. Олимпия шаҳарчаси турар-жой майдонига айлантирилди ва шаҳарнинг илгари саноат ҳудуди бўлган соҳилолди қисми эса асосий сайёҳлик марказларидан бирига айланди. Ҳудуднинг ўзгариши янги инвестицияларни ўзига жалб қилди ва шаҳарнинг иқтисодий ўсишига ёрдам берди.
Рио-де-Жанейро, 2016 йил
1996 йилда ўтказилган олимпия ўйинлари Бразилия пойтахти тарихига улкан ва нуфузли ҳодиса бўлиб битилди. Бироқ мусобақалар якунлангач, кўплаб объектлар кераксиз бўлиб қолди ва аста-секин вайрон бўла бошлади. Масалан, “Олимпия парки” ташландиқ аҳволда. Миллий велодром 2017 йилда ёниб кетган. Экспертларнинг баҳолашича, айни пайтда Риодаги олимпия объектларининг деярли ярми аянчли аҳволда.
Сочи, 2014 йил
Россияда, Сочидаги 2014 йилги қишки олимпия ўйинларидан сўнг “Олимпия шаҳарчаси” курорт мажмуасига айлантирилди. Ўйинлар учун қурилган иншоотлардан ҳозир турли спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш учун фойдаланилмоқда. Бироқ баъзи объектлар ҳамон мижоз етишмовчилиги ва техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.
Монреал, 1976 йил
1976 йилги Монреал олимпиадаси ўзидан кейин катта қарз ва ташландиқ объектларни “мерос” қолдирди. “Олимпия шаҳарчаси” турар-жой мажмуасига айлантирилди, аммо унинг фаолият юритиши кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Бошқарув ва молиялаштиришдаги қийинчиликлар айрим биноларни яроқсиз ҳолга келтирди.
Хатолардан хулоса чиқариб...
Шу пайтгача йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарган Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2020 йилда Олимпиадага тайёргарлик кўриш стратегиясини ўзгартирди.
Эндиликда ХОҚ ташкилотчилардан ёки мавжуд бино ва инфратузилмадан самарали фойдаланиш ёки вақтинчалик, камхарж структуралар қуришни талаб қилмоқда. Янги биноларни қуриш учун, аввал унинг келажакда ҳам узоқ муддатларда фойдаланишини исботлаб бериш керак.
ХОҚ ҳаттоки Aфинада илк бор 1896 йилда ўтказилган ўйинлардан 2018 йилда Пхёнчханда ўтказилган ўйинларгача бўлган 125 йил давомида олимпиададан кейин тегишли объектлардан фойдаланишнинг расмий инвентаризациясини ҳам ўтказди. Маълум бўлишича, барпо этилган иншоотларнинг 85 фоизи ҳозиргача ишлаб турибди. Қолган 15 фоизи ишламайди. Улар турли сабабларга кўра бузилган ёки урушлар пайтида ёки бахтсиз ҳодисалар натижасида вайрон қилинган. Бироқ уларнинг аксарияти янги шаҳарсозлик лойиҳаларига айлантирилгани таъкидланган.
Яқинда Парижда якунланган Олимпиада чоғида ҳам ана шу тавсиялардан фойдаланилгани сезилиб турди.
Париж тавсияларга амал қилди
Париж олимпиадаси учун танланган биноларнинг 95 фози амалда ишлаб турган ёки вақтинчалик бинолар эди. Франция бу мусобақаларни энг экологик ва нисбатан камхарж қилишга ваъда берди.
Жумладан, спортчиларнинг хоналарида ҳаво совутиш тизимлари доимий ишламади – чунки фреон озон қатламини емиради. Хоналардаги мебеллар эса бир марта фойдаланиладиган, қайта ишланиши осон ёки бузилганидан сўнг бошқа мақсадлар учун фойдаланса бўладиган материаллар, жумладан қаттиқ картондан ясалгани айтилади.
Мусобақаларни ўтказиш учун Франция пойтахтидаги диққатга сазовор жойлар ва ёдгорликлардан фойдаланилди.
“Марс майдони”да эса майдони 10000 кв м.га тенг вақтинчалик тузилма – “Спорт саройи” қурилди. Уни ўйиндан кейин бузиб ташлаш режалаштирилган. Айнан 2024 йил олимпиадааси учун қурилган ягона бино Сен-Дени-даги “Сув спорти маркази” бўлиб, у камуглеродли конструкциядан ясалган.
Парижнинг саноат ҳудудида эса янги “Олимпия шаҳарчаси” пайдо бўлди. Бу ердаги турар-жойларни қуришда қайта ишланган материаллардан камуглеродли бетон ва ёғочдан фойдаланилган. Бундай ечимлар ҳавога CO₂ чиқарилишини 30 фоизга камайтиради. Ўйинлар якунлангач, бу шаҳарча офислар ва савдо марказларидан ҳамда аҳоли яшовчи турар-жойлардан иборат шинам даҳага айланади.
Лос-Анжелес янада “олдинроқ” кетмоқчи
Маълумки, кейинги – 2028 йил Ёзги олимпиада ўйинлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилади. Машҳур актёр Том Круз олимпия байроғини қабул қилиб олиб, “Фаришталар шаҳри”га элтадиган бўлди.
Дарҳол қайд этиши керак, Лос-Анжелеснинг олимпиада ўтказиш учун тажрибаси етарли – бу шаҳар 1932 ва 1984 йилларда халқаро мусобақаларга мезбонлик қилган.
Антисанитария шароитида кўчада яшайдиган уйсизлар ва наркоманлар муаммосини айтмаганда, Лос-Анжелес бўлажак тадбирни ўтказишга кўп қийналмайди. “Бизга 4 йил ҳам шарт эмас, 4 кунда тайёр бўламиз”, дея керилмоқда шаҳар фаоллари ОАВлардаги чиқишларида.
Лос-Анжелес 2028 йил ўйинларини ўтказиш учун берган аризасида бирорта ҳам янги нарса қурмаслигини билдирган. Фақат 4 та янги майдон қурилади ва улар манфаатдор тадбиркорларнинг шахсий маблағлари ва бизнес-лойиҳалари асосида барпо этилади. Ўйинлар якунлангач, улардан тижорий мақсадларда фойдаланилади.
Шунингдек, олимпиада иштирокчилари учун алоҳида “Олимпия шаҳарчаси” қурилмайдиган бўлди. Спортчи меҳмонлар Жанубий Калифорния ҳамда Лос-Анжелес университетларининг кампус-ётоқхоналарига жойлаштирилади.
Хулоса қилиб айтганда, олимпия ўйинларига мезбонлик қилган шаҳарлар тажрибаси шуни кўрсатадики, мусобақадан сўнг олимпия инфратузилмасидан муваффақиятли фойдаланиш – объектларни пухта режалаштириш ва шаҳар ҳаётига интеграциялашувига боғлиқ. Лондон ва Барселона каби муваффақиятли мисоллар Олимпия ўйинлари объектлари шаҳар инфратузилмасининг муҳим қисмига айланиши ва минтақа ривожига ҳисса қўшиши мумкинлигини кўрсатади.
Бироқ Aфина ва Рио-де-Жанейро мисоллари яхши бошқарув муҳимлигини ва олимпия инфратузилмаси қурилишининг узоқ муддатли таъсирини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлайди. Мезбон давлатлар молиявий йўқотишларга йўл қўймаслик ва олимпиаданинг маданий ва спорт меросини сақлаб қолиш учун ўйинлардан кейин майдонлардан қандай фойдаланишни олдиндан режалаштиришлари керак.
Абулфайз Сайидасқаров
Телеграмда кузатиб боринг!