Метро қурилишида сохтакорликка йўл қўйган мансабдорларга жазо тайинланди
Улар кўп миллиардлик иш ҳажмлари аслида бажарилмаганлиги ҳақида била туриб, уларни имзолаш орқали қабул қилиб ва молиялаштириш учун тақдим этишган.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Тошкентдаги ер усти метросида қурилишида сохтакорликка йўл қўйган мансабдорларга жазо эълон қилинди.
Судланувчи Қ.Субанов, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Капитал қурилиш дирекциясининг ишлаб чиқариш бўлими қурилиш бўйича муҳандис-технологи лавозимида ишлаб келган. У ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши 2-босқичи” объектида қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилиши юклатилганидан фойдаланиб, “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши 2-босқичи” объектида қурилиш-монтаж ишларининг турлари, ҳажмлари ва қийматлари ҳамда сифати лойиҳа-смета ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини назорат қилиш ва қабул қилиш учун масъул бўлганлигидан қасддан фойдаланган.
У “13-Кўприкқурилиш отряди” бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган А.Қалдибеков билан олдиндан тил бириктириб, 2.515.804.542 сўмлик иш ҳажмлари бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар ва ёзувларни такроран киритишган. Объектда қурилиш-монтаж ишларининг ҳажмлари ва қийматлари ҳамда
сифати лойиҳа-смета ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини назорат
қилиш ва қабул қилиш учун масъул бўлган Қ.Субанов эса 633-649, 657, 659, 661-сонли таянч устунларни барпо этиш бўйича 9.343.297.286 сўмлик иш ҳажмлари аслида бажарилмаганлиги ҳақида била туриб, уларни имзолаш орқали қабул қилиб ва молиялаштириш учун тақдим этган.
Бундан ташқари, судланувчи Қ.Субанов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна бир мутасадди Б.Эргашов билан тил бириктириб 6.512.955.092 сўмлик иш ҳажмлари аслида бажарилмаганлиги ҳақида била туриб, уларни имзолаш орқали қабул қилиб ва молиялаштириш
учун тақдим этишган.
Судланувчи А.Қалдибеков, Б.Эргашев ва Қ.Субановлар ҳолат юзасидан, юқорида кўрсатилган таянч устунлари қурилиши мўлжалланган ер майдонларида фуқароларга тегишли бўлган уй-жой ва бошқа объектлар мавжуд бўлиб, уларни бузиш ва таянч устунларини қуриш техник имконияти мавжуд бўлмаганлигини, мазкур таянч устунлари қурилиши учун мўлжалланган қурилиш материаллари, яъни қум-тош, шағал, цемент, металл конструкцияларнинг барчаси корхоналар омборларига топширилганлиги, бироқ ҳужжатларда мазкур қурилиш материаллари сарфлангани ва ишлар бажарилгани ҳақида маълумотлар киритилганлиги,
қурилмаган таянч устунлари ўрнига конструкцияни мустаҳкамлигини оширувчи бошқа ишлар амалга оширилганлиги ва қурилиш объектлари давлат комиссияси томонидан тўлиқ қабул қилиб олинганлигини билдиришган.
Фуқаровий даъвогарга кўра ҳам, техник имкониятлар йўқлиги сабаб юқорида ёзилган сохтакорлик иши ниҳоясига етмаган ва жамият ва давлат манфаатларига зарар етмаган.
Якуний ҳукмга кўра, ҳар уччала судланувчи реабилитация қилинди ва жазодан озод этилди.