Малтус назарияси қанчалик ҳақиқат?
У аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши ва чекланган ресурсларнинг потенциал хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади, лекин айни пайтда шафқатсиз чоралар ва ижтимоий тенгсизликни оқлаш учун ишлатилиши мумкин.
2020 йилда COVID-2019 пандемияси бутун дунёга ваҳима солгани одамзот тарихида кўп соҳаларда туб бурилиш ясади. Одамлар ўз фаолиятига бошқа ракурсдан назар солишга уринди, ҳаётий қадриятларини қайта кўриб чиқди. Кучли ва кучсиз томонлари ошкор бўлди.
Ҳаммасига масонлар айбдор...ми?
Албатта, пандемия конспирологик қарашлар ва сохта илмий назария ишқибозларининг ҳам юрагига ўт ёқди. COVID-2019 вируси атайлаб айрим қудратли “гуруҳлар” (буюк давлатлар, масонлар, яҳудийлар, “глобал мафия”, “Бутунжаҳон ҳукумати”, рептилоидлар, ўзга сайёраликлар ва ҳоказо) томонидан лабораторияларда яратилиб, тарқатилгани иддао қилинди. Бу Ер юзида одамлар популяциясини қисқартириш учун уюштирилган, аввалдан режалаштирилган тадбир бўлди, деган фикрлар урчиди. Эмишки, одам кўпайиб кетса, экология ва Ер сайёраси биологик мувозанати ва экотизимига путур етказиши ва охир-оқибат одамзот деган биологик турнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин эмиш. Одамзотнинг бутунлай йўқолиб кетишининг олдини олиш ёки Ердаги чекланган ресурсларнинг “самарали” истеъмоли учун (қайта тикланиши ёки талабни қондирадиган даражасини инобатга олган ҳолда) вақти-вақти билан одамлар сонини камайтириб туриш зарур эмиш. Шу боис турли урушлар, табиий офатлар ва пандемиялар содир бўлиб туриши мақсадга мувофиқ эмиш.
Айрим назарияларга кўра, бундай глобал офатларни одам яратиши ҳам шарт эмас. Ер юзидаги биологик тизимнинг ўзи “автоматик равишда” бирор турнинг кўпайиб кетишининг олдини олиш учун вулқон отилиши, тўфон, эпедимия ва урушлар пайдо бўлишига омил ўлароқ одамлар камайишига олиб келади.
Яна айрим назарияларга кўра, “Жаҳон ҳукумати” яшашга нолойиқ, одамзот келажаги ва тараққиёти учун бефойда, ҳатто зарарли миллат ва элатларни камайтириш учун шундай режалар тузар эмиш.
Ер сайёрасида жойлар чекланганми?
Баъзи “мутахассислар” Ердаги максимал аҳоли сонини ҳам ҳисоблаб чиқишган. Ҳатто расмий ва илмий, халқаро-сиёсий доираларда бу рақам эълон қилинган. Хусусан, БМТнинг 2012 йилда очиқланган махсус ҳисоботида сайёрамизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун аҳоли кўпайишининг эҳтимолий 65 та варианти тақдим этилган. Энг кўп тарқалган вариант – 8 миллиард киши. Яъни аҳоли шу миқдордан ошмаса, Ердаги ресурслар етарли бўлади, экологияга тикланмас зарар етказилмайди. Ортиқчаси эса ортиқча муаммолар туғдиради.
Айни пайтда (2024 йил август ойи ҳолатига) Ер юзидаги аҳоли сони 8,12 млрд кишини ташкил этиши ҳисобга олинса, “рухсат этилган” максимал кўрсаткичдан бироз ошиб ҳам кетилган. БМТнинг демокрафик истиқбол борасидаги энг янги ҳисоботига кўра, 2080 йилга бориб сайёрамиз аҳолиси 10,3 млрд кишига етади.
Одамлар кўпайиб кетишининг зарарлиги ҳақидаги назариялар шунчаки табассум беришдан бошқасига ярамаса-да, улар орасида жиддий илмий доираларда доимий муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётганлари ҳам йўқ эмас. Шундай назариялардан бири бу – Малтус назарияси ҳисобланади.
Зиддиятли Томас Малтус
Томас Роберт Малтус – бу иқтисодчилар, демографлар ва экологлар орасида турлича муносабат ва ҳис-туйғуларни уйғотадиган исм. 1766 йилда Aнглияда туғилган Малтус 1798 йилда нашр этилган “Нуфус (аҳоли) қонуни ҳақидаги тажриба” номли эссеси билан машҳур бўлди. Унинг мазкур асардаги ғоялари демографик назариядаги бутун бир йўналиш учун асос бўлди. Лекин бир пайтнинг ўзида қизғин баҳс-мунозараларга ҳам замин яратди. Баъзилар унинг назариясини муҳим огоҳлантириш, бошқалар эса қаттиқ ижтимоий ва сиёсий чоралар учун асос сифатида кўришади.
Малтус назариясининг асосий жиҳатлари нимада?
Малтус назариясининг асосий ғояси – аҳолининг ўсиши яшаб қолиш учун зарур ресусрлар, айниқса, озиқ-овқатнинг ўсишидан тезроқ содир бўлади, деган тахминдир. Малтус ўз илмий ишида аҳоли сони геометрик прогрессия (ҳар 25 йилда икки баравар кўпаяди), озиқ-овқат ишлаб чиқариш эса арифметик прогрессия тарзида ўсиб боришини иддао қилди. Малтуснинг фикрича, туғилишни назорат қилиш чоралари кўрилмаса, аҳоли сони мавжуд ресурслар миқдоридан ошиб кетади ва натижада очарчилик, эпидемия ва урушларга олиб келади.
Малтус аҳоли ўсишини чекловчи омилларни икки тоифага – превентив (профилактик) ва позитив (ижобий) гуруҳга ажратган:
Превентив чора-тадбирлар аҳолининг ўсишини чеклаши мумкин бўлган кеч никоҳ (турмуш қуриш ёшини ошириш) ва абстинация (жинсий ҳаёт ва оила қуришдан тийилиш) каби ахлоқий чекловларни ўз ичига олади. Ҳатто, айрим фикрларга кўра, оила институтига зарба берувчи, аҳоли кўпаймаслиги учун ишончли асос яратувчи бир жинсли никоҳларни қўллаб-қувватлаш каби глобал тенденциялар тагида ҳам аслида аҳоли кўпайишини чеклаш мақсади ётади. Шунингдек, одамларни мажбурий-ихтиёрий, очиқ-хуфёна бичиш (туғиш ва туғдириш хусусияти – репродуктив қобилиятини йўқ қилиш) чораларини ҳам шулар қаторига киритиш мумкин.
Позитив чора-тадбирлар қаторига эса турли эпидемиялар, урушлар, очарчилик ва бошқа табиий офатлар киради. Бундай вазиятлар аҳолини камайтириб, шу орқали аҳоли ва ресурслар ўртасидаги “олтин” мувозанатни тиклайди.
Малтус назарияси аҳоли ўсиши ва чекланган ресурслар билан боғлиқ муаммоларни ўрганадиган йўналиш – малтузианлик (малтусизм) учун асос бўлди.
Малтус назарияси ғоявий ва илмий асосларга эгами?
Малтус катта ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар даврида фаолият юритган. XVIIIаср охири - XIX аср бошлари саноат инқилоби даври бўлиб, у аҳоли сонининг сезиларли ўсиши, урбанизация ва иқтисодиёт таркибидаги ўзгаришлар билан кечди. Бу ўзгаришлар аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши мумкинлиги ва натижада юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий тартибсизликлар қўрқувини келтириб чиқарди.
Мафкуравий жиҳатдан, Малтус назарияси Aдам Смит ва Дэвид Рикардо каби олимлар тақдим этган классик иқтисодий фикрларга асосланган эди. Бу иқтисодчилар иқтисодиётни сақлаб туриш учун қишлоқ хўжалиги ва ресурсларнинг муҳимлигини таъкидладилар. Малтус эса улардан ҳам узоқроққа борди ва агар аҳолининг ўсиши озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг ўсишига мос келмаса, ҳалокатли бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Илмий нуқтаи назардан, Малтус аҳоли ва ресурсларнинг ўсиш суръатларидаги фарқларни кўрсатиши керак бўлган оддий математик моделларга таянган. Унинг даврида демографик тенденциялар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳақида аниқ маълумотлар кам бўлган. Шунинг учун Малтуснинг тахминлари асосан назарий бўлган ва эмпирик тадқиқотлар билан тасдиқланмаган.
Малтус назариясининг пайдо бўлиш сабаблари
Малтус назариясининг пайдо бўлиш сабабларини бир неча тоифаларга бўлиш мумкин: ижтимоий, иқтисодий ва мафкуравий.
Биринчидан, XVIII аср охирида Европа аҳоли сонининг тез ўсиши муаммосига дуч келди. Тиббий ёрдам ва овқатланишнинг яхшиланиши ўлимнинг камайишига ва аҳоли сонининг ўсишига олиб келди. Бу ўша даврнинг кўплаб зиёлиларини хавотирга солиб, улар бу ҳолатга жамият барқарорлигига таҳдид дея қарай бошлади.
Иккинчидан, саноатлаштириш билан боғлиқ иқтисодий ўзгаришлар янги муаммоларни келтириб чиқарди. Қишлоқ хўжалигидан саноат жамиятига ўтиш анъанавий иқтисодий назарияларни қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Бироқ уларнинг кўпчилиги эскирган эди. Малтус назарияси янги чақириқларга жавоб беришга ва ўзгарувчан дунёда иқтисодий ривожланиш динамикасини тушунтиришга уриниш бўлди.
Мафкуравий жиҳатдан Малтус назарияси қашшоқлик ва азоб-уқубат ҳақидаги анъанавий насроний-диний қарашлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Малтус, насроний руҳоний сифатида, қашшоқлик ва азоб-уқубатлар инсоният ҳаётининг ва “Худо режаси”нинг муқаррар қисми эканига ишонган.(Айрим насроний оқимлар “Исо азоблангани учун одамзот ҳам азобга мустаҳиқ, қолаверса, одамзот Одам пайдо бўлганидан бери гуноҳ билан туғилади”, дейди). Малтуснинг назарияси асосан унинг насроний эътиқодларни акс эттириб, ижтимоий тенгсизликлар ва фалокатларнинг сабабларини тушунтиришга уринди.
Малтус тарафдорлари нима дейди?
Малтус назарияси бир қатор иқтисодчилар, демографлар ва экологлар томонидан қўллаб-қувватланди. Улар орасида Жон Стюарт Милл ҳам бор. У ўзининг "Сиёсий иқтисодиёт тамойиллари" асарида малтусча ғоялар қашшоқлик ва ижтимоий муаммоларни оқилона тушунтиришини таъкидлаган. Милл туғилишни назорат қилишни аҳолининг ижтимоий мавқеини яхшилашнинг зарурий шарти деб ҳисоблаган.
XX асрда малтусизм "нео-малтусизм" шаклида қайта тикланди, у экологик барқарорлик ва чекланган табиий ресурслар масалаларига урғу берди. Иқтисодчи олим Пол Эрлих эса ўзининг “Популяция бомбаси” (1968) китобида Ер юзида аҳоли сони жуда тез ўсиб бораётгани, уни чеклаш учун радикал чоралар кўрилмаса, дунё глобал фалокатга юз тутишини уқдирган. Эрлих, шунингдек, ўз ғояларини иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби экологик муаммолар билан боғлаган.
Aмерикалик биолог олим Гарретт Хардин ҳам малтусчиларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаб, аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши экологик муаммоларнинг асосий сабаби эканини таъкидлади. Хардин ўзининг “Умумий ресусрлар фожиаси” асарида аҳоли назоратисиз ва ресурслардан масъулиятли фойдаланмасдан туриб, дунё муқаррар равишда экологик ва ижтимоий инқирозларга дуч келишини иддао қилган.
Малтусизм тарафдорлари, шунингдек, аҳолининг тез ўсиши иқтисодий аҳволнинг ёмонлашувига ва экологик инқирозларга олиб келган мамлакатларни ҳам мисол сифатида келтиришган. Улар глобал фалокатларнинг олдини олиш учун аҳоли сонини назорат қилиш ва ресурсларни оқилона бошқариш зарурлигини таъкидлаган.
Тарафдор бор жойда мухолиф ҳам топилади
Малтусча ғоялар жиддий танқидларга ҳам сабаб бўлган. Малтус назариясининг мухолифлари унинг пессимистик табиати ва технологик тараққиёт ва ижтимоий ўзгаришларни ҳисобга олмаслигини таъкидлайди.
Малтуснинг энг машҳур танқидчиларидан бири Карл Марксдир (1818-1883). Маркснинг фикрича, Малтус назарияси жамиятнинг синфий тузилиши ва капитализмнинг қашшоқлик ва тенгсизликни вужудга келтиришдаги ролини эътиборсиз қолдирган. Маркснинг фикрича, қашшоқлик ва ижтимоий муаммолар аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши натижаси эмас, балки капиталистлар томонидан меҳнаткашлар синфини эксплуатация қилиш ва ресурсларни адолатсиз тақсим қилиш билан боғлиқ. Маркс, агар капиталистик тузум барҳам топса, Малтус башорат қилган муаммолар ўз-ўзидан йўқолади, деб “башорат” қилган.
Бошқа бир танқидчи, даниялик иқтисодчи Эстер Босерап ўзининг "Aграр ўсиш шартлари" (1965) китобида аҳоли ўсиши технологик тараққиётни ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кўпайтиришни рағбатлантирадиган муқобил назарияни тақдим этди. Босерапнинг таъкидлашича, инсоният жамияти демографик ўзгаришларга мослашишга ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг янги усулларини топишга қодир.
Иқтисодчи Жулиан Саймон ҳам малтусизмни танқид қилиб, инсон ресурслари иқтисодий ўсиш ва инновацияларнинг асосий омили эканини таъкидлади. Саймон “Ултиматив ресурс” (1981) асарида аҳоли сонининг кўпайиши иқтисодий ривожланишни рағбатлантиради, чунки илмий кашфиётлар ва технологик инновацияларга ҳисса қўшишга қодир одамлар сони ортиб боради, деб ёзган.
Малтус назариясини фош этишга уринишлар
Танқидчилардан ташқари Малтус назариясини зарарли ва хавфли ғоя сифатида фош этишга уринганлар ҳам бўлди. Шундайлардан бири – америкалик социолог ва демограф олим Бенжамин Уорд бўлиб, у “Малтусга қарши” (1973) асарида малтусизм ижтимоий ва сиёсий репрессияларни оқлаш учун қўлланилганини таъкидлаган. Уорд Малтус ғоялари мустамлакачилик сиёсатини оқлаш ва аҳолининг айрим гуруҳларига нисбатан камситиш учун ишлатилганини исботлашга уринган.
XIX асрда малтусизмга фаол қарши чиққан инглиз олими Майкл Томас Садлернинг ишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Садлер, Малтус назарияси муҳим ижтимоий ва иқтисодий омилларни эътиборсиз қолдириб, туғилишни назорат қилишнинг шафқатсиз чораларини оқлаш учун воситадир, деб ҳисоблади. Иқтисодий муаммоларни ресурсларни адолатли қайта тақсимлаш ва аҳолининг барча қатламлари учун турмуш шароитларини яхшилаш орқали ҳал этиш мумкин, деган фикрни илгари сурди.
Малтус назариясини фош этишга уринганлар, шунингдек, айрим мамлакатларда аҳолини қисқартириш сиёсатини асослашда ундан фойдаланишга ишора қиладилар. Хусусан, Хитойда демографик ва ижтимоий оқибатларга, жумладан, аҳолининг қариши муаммоси ва гендер номутаносиблигига олиб келган “битта оилада – бир бола” сиёсатини асослаш учун малтусча ғоялар қўлланилгани айтилади.
Малтус назариясининг замонавий ҳаётда қўлланилиши
Замонавий дунёда Малтус назарияси демография, экология ва иқтисодиёт ҳақидаги мунозараларга таъсир қилишда давом этмоқда. Бу иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг камайиши ва бойликларнинг нотекис тақсимланиши каби глобал муаммолар нуқтаи назаридан айниқса долзарб бўлиб қолади.
Сиёсатда Малтус ғоялари аҳолини назорат қилиш ва барқарор ривожланиш дастурларини асослаш учун ишлатилади. Масалан, туғилиш даражаси юқори ва ресурслари чекланган мамлакатлар демографик инқирознинг олдини олиш учун туғилишни назорат қилиш ва оилани режалаштириш чораларини қўллаши мумкин.
Малтус назарияси атроф-муҳит сиёсатида ҳам қўлланилади. Глобал иқлим ўзгариши ва ресурсларнинг камайиши хавфи шароитида ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар аҳоли ўсишини чеклаш, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг барқарор усулларига ўтиш зарурлигини фаол муҳокама қилмоқда.
Бироқ, замонавий воқеликлар янада кенгроқ ёндашувни талаб қилади. Биотехнология ва қайта тикланадиган энергия каби илмий ютуқлар Малтус томонидан прогноз қилинган муаммоларни ҳал қилиш учун янги имкониятлар очмоқда. Шунга қарамай, Малтус ғоялари инсоният келажаги ва унинг ўзгарувчан шароитларга мослашиш қобилияти ҳақидаги мунозараларнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.
“Ҳар бир инсон ризқи билан туғилади”
Малтус назарияси мураккаб ва кўп қиррали ҳодиса бўлиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиши ва чекланган ресурсларнинг потенциал хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади, лекин айни пайтда шафқатсиз чоралар ва ижтимоий тенгсизликни оқлаш учун ишлатилиши мумкин. Охир-оқибат, Малтус назариясини қабул қилиш контекст ва талқинга боғлиқ ҳамда унинг замонавий дунёда долзарблиги ҳамон мунозарали масала бўлиб қолмоқда.
Айниқса, Ислом динининг бу масалага қарашларини эътироф этмасдан иложи йўқ. Исломий эътиқодга кўра, ҳар бир инсон ўз ризқи ва тақдири билан туғилади. Аҳолини камайтириш ёки туғилишни чеклаш каби чора-тадбирлар шарт эмас ва ҳатто гуноҳ ҳисобланади. Шу боис Малтус ғоялари Ғарб маданияти ва менталитетидан фарқ қилувчи хусусиятларга эга аҳоли қатлами, айниқса, мусулмонлар учун шунчаки дунёқараш ва билимларни ошириш учун мавзу холос, десак кўп ҳам адашмаган бўламиз.
Абулфайз Сайидасқаров