Курск учун жанглар – Путинга навбатдаги оғир зарба
Илк кунлардаги шок ҳолатидан ўзига келган Россия зудлик билан захираларни сафарбар қилишга ва Курск вилоятига катта кучларни ўтказишга мажбур бўлди.
Украина қўшинларининг 2024 йилнинг 6 август куни Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирди. Бу ҳодиса Украина-Россия можаросида янги ва хавфли бурилиш ясади. Бу кутилмаган ҳаракат уруш динамикасини ўзгартириб, Кремлда ҳам, Ғарбда ҳам хавотир уйғотди.
Ҳозирги ҳолат
Айни пайтда Курск вилоятида вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда. 2024 йил 6 август куни зирҳли техника билан мустаҳкамланган Украина қўшинлари тўсатдан Россия чегарасини кесиб ўтди.
Маълумотларга кўра, Украина кучлари Россия ҳудудига 10 километр илгарилаб, Сужа туманидаги бир неча аҳоли пунктларини эгаллаб олган. Курск вилоятининг губернатор вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг Россия перезидентига берган ҳисоботига ишонилса, Украина “диверсион-разведка гуруҳлари” 12 км ичкарига кирган, эгалланган ҳудудлар кенглиги эса 40 километрга тенг.
Украина ҳарбийлари тезкор ҳужум тактикасини қўллаган ҳолда кутилмаганлик эффектидан максимал фойдаланишга ҳаракат қилган. Улар ҳам Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиш учун дронлардан фаол фойдаланмоқда, бу эса вазиятни жиддий равишда беқарорлаштиради. Россия армияси, гарчи тан олмаётган бўлсада, ҳужумни тўхтатишга уринишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Путин буйруғи билан Курск, Белгород ва Брянск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Россия етакчисининг хавотир олишича, “душман” фақат Курск билан чекланиб қолмайди, у Белгород ва Брянск вилоятлари чегарасини ҳам бузиб кириши мумкин.
Мазкур ҳужум 2022 йилда уруш бошланганидан бери Россия чегарасининг энг йирик бузиб кирилиши ва Украина мунтазам қўшинлари томонидан амалга оширилган энг муваффақиятли ҳарбий амалиётлардан бири бўлди. Аслини олганда, 1969 йил 2-15 март кунлари Уссури дарёсидаги Даман оролида ХХР армиясига қарши бўлиб ўтган жангдан бери, ҳали бирор давлат армия Россия чегарасини бузиб киришга журъат қилмаган эди. Бу нафақат 3 кунда Киевни олишни ваъда бериб, уддасидан чиқмаган “буюк” рус армиясининг камчилигини, балки Россия чегараларининг заифлигини кўрсатиб қўйди.
Шу билан бирга Путин Украинага бостириб киришга буйруқ берганини оқлаш учун “Биз Россия ҳудудида уруш бўлмаслиги, душман ҳужумининг олдини олиш учун ҳаракат қиляпмиз”, дея баҳона кўрсатганди. Худди “НАТО кенгаймаслиги учун курашяпмиз” деганидан кейин НАТО Финляндия ва Швеция ҳисобидан янада кенгайиб, Россияга янада яқинлашиб қолгани каби, бу баҳонанинг ҳам “миси чиқди”.
Россия раҳбариятининг муносабати
Москванинг босқинга жавоби тез, аммо тартибсиз бўлди. Вазиятни изоҳлаш ва ҳаммаси назорат остида эканлигига ишонтириш учун бир-бирига зид бўлган тушунтириш-баёнотлар ҳам берилди. Ҳар куни Украина “жангарилари” деярли йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.
Илк кунлардаги шок ҳолатидан ўзига келган Россия зудлик билан захираларни сафарбар қилишга ва Курск вилоятига катта кучларни ўтказишга мажбур бўлди. Россия президенти Владимир Путин халққа мурожаатида Россия “қўпол тажовуз”га дуч келаётганини айтди ва мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришга ваъда берди.
(Энг қизиғи, айрим маълумотларга қараганда, Россия разведкаси бу ҳужум ҳақида аввалроқ хабар топган. Бироқ Путинга кеч хабар беришган ва бу унинг “қаттиқ ғазабаланишига” сабаб бўлган).
Россия мудофаа вазири ғарбий чегарага қўшимча қўшинлар киритилиши ва чегара ҳудудларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилишини маълум қилди. Россиялик ҳарбий таҳлилчиларнинг қайд этишича, Россия ўз ҳудудида жиддий таҳдидга дуч келмоқда ва кўрилган чоралар ҳам мудофаани кучайтириш, ҳам Украина қўшинларини Курск вилоятидан сиқиб чиқаришга қарши ҳужумга қарши ҳаракатларни қамраб олиши мумкин.
Ғарб реакцияси
Ғарб давлатларининг Украина қўшинларининг Россияга бостириб киришига муносабати аввал-бошда ноаниқ эди. АҚШ Европа Иттифоқи давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашини очиқ билдирди. Аммо можаронинг кучайиши ва глобал хавфсизлик учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан хавотирда эканлигини маълум қилди.
AҚШ президенти Жо Байден ўз баёнотида Украина ўзини ҳимоя қилиш ва Россия агрессиясига жавоб бериш ҳуқуқига эгалигини таъкидлади. Шу билан бирга, у томонларни вазминлик кўрсатишга ва можарони ҳал қилишнинг дипломатик йўлларини излашга чақирди. Европа Иттифоқи ҳам худди шундай позицияни эгаллаб, Украинани қўллаб-қувватлаш зарурлигини, лекин назоратдан чиқиб кетиши мумкин бўлган эскалациядан қочиш кераклигини таъкидлади.
Британияда бош вазир Украинани кучлироқ қўллаб-қувватлаб, Лондон Кевга зарур ҳарбий ёрдам беришда давом этишини айтди. Шу билан бирга, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Олаф Шолц вазият бўйича шошилинч маслаҳатлашувлар ўтказишга чақирди ва можаронинг бошқа ҳудудларга ҳам кенгайиши эҳтимолидан хавотир билдирди.
Вазият таҳлили
Украина қўшинларининг Курск вилоятига бостириб киришини Россия ҳарбий кучларини тор-мор қилиш ва уларни бошқа фронтлардан чалғитишга қаратилган тактик маневр сифатида кўриш мумкин. Бу ҳаракат сиёсий оқибатларга ҳам эга, чунки бу Украинанинг Россия ҳудудига ҳужумлар уюштириш қобилиятини кўрсатади, бу эса мамлакат ичида Россия раҳбариятига ишончни ва уни қўллаб-қувватлашни заифлаштириши мумкин.
Бироқ, бу маневр катта хавф билан боғлиқ. Бир томондан, Украина ўз имкониятлари ва қатъиятини намойиш қилмоқда, иккинчи томондан, бу Россиянинг жавоб ҳаракатларига, жумладан, кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ва Украина инфратузилмасига ҳужумларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, Украина Россияда босиб олинган ҳудудларни узоқ муддат ушлаб туришга қанчалик тайёр ва бунинг учун қандай ресурсларни сафарбар қила олади, деган савол ҳам туғилиши табиий.
Шунингдек, агар бу амалиёт муваффақиятсизликка учраса, Украинанинг Курскдаги аскарлари қуршовга олиниб, йўқ қилиниши ва бу Зеленскийнинг ҳамда украина ҳарбий раҳбариятининг обрўсига путур етказиши мумкин.
Бошқа томондан, бу қадам Россиянинг дипломатик иҳоталанишини кучайтириши ва Ғарбни Москвага нисбатан санкциялар босимини янада оширишга ундаши мумкин. Шунингдек, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш, жумладан, оғирроқ қуроллар етказиб бериш бўйича янги ташаббуслар юзага чиқиш эҳтимоли ҳам ортади. Бу эса Украинанинг узоқ муддатда ғалаба қозониш имкониятларини оширади.
Вазият қандай ривожланиши мумкин?
Яқин ҳафталарда Курск вилоятида жанговар ҳаракатлар яна авж олишини кутиш мумкин. Россия қўшинлари Украина қўшинларини мамлакат ҳудудидан сиқиб чиқариш учун кенг кўламли қарши ҳужумга эътиборни кучайтиради. Украинанинг операцион муваффақиятлари ва душман ҳудудида осон маневр қилиш қобилияти ҳисобга олинса, қарши ҳаракатлар қанчалик самарали бўлади, деган савол ҳам туғилади.
Узоқ муддатда эса вазият бир нечта сценарийлар бўйича ривожланиши мумкин:
Aгар Украина эгаллаган ҳудудларни ушлаб тура олса ва ҳужумни давом эттира олса, бу фронтда сезиларли ўзгаришларга олиб келиб, Россияни ўта оғир аҳволга солиб қўяди.
Бироқ, агар Россия муваффақиятли қарши ҳужумга ўтиб, Курск вилояти устидан назоратни қайтариб олса, бу унинг позициясини мустаҳкамлайди ва Украина ҳудудига янги ҳужумларни амалга оширишгига олиб келади.
Бу воқеаларнинг сиёсий оқибатлари ҳам сезиларли бўлади. Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириши, аммо можарони ҳал қилиш бўйича дипломатик ташаббусларнинг янги тўлқини ҳам пайдо бўлиши мумкин. Чунки бу инқирознинг “газак олиши” Украина-Россия можаросининг минтақавий доирадан чиқиб, глобал инқирозга айланиб бориши хавфини келтириб чиқаради.
Умуман, Украина қўшинларининг Россиянинг Курск вилоятига бостириб кириши можарода бурилиш нуқтаси бўлди. Бу можаро томонлари учун ҳам, бутун халқаро ҳамжамият учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши кутилмоқда. Айни пайтда вазият ўта беқарор бўлиб қолмоқда. Кейинги ўзгаришлар эса кўплаб омилларга, жумладан, қуруқликдаги ҳарбий амалиётлар, дипломатик саъй-ҳаракатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг жавобига боғлиқ бўлади.
Украинанинг режаси қандай?
Воқеалар ривожи борасидаги охирги хабарларга кўра, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Курск ҳужуми ҳақида “Украинага Россия ҳудуди керак эмас, бу ҳарбий амалиётдан мақсад - украиналик ҳарбийлар ҳаётини ҳимоя қилишдир”, дея баёнот берган.
“Россиядан фарқли ўлароқ, Украина Россиянинг Курск вилоятидаги ҳудудни эгаллаб олишдан манфаатдор эмас, балки Россиянинг Донецк вилоятига қўшимча бўлинмаларини олиб киришига йўл қўймаслик ва рус қўшинлари учун логистика таъминотини қийинлаштириш орқали ўз халқи ҳаётини ҳимоя қилишни истайди”, деди Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихий. У, шунингдек, Украина Курск вилоятида “тегишли мақсадларга” эришаётгани ва буни амалга оширишда давом этишини, чунки бу мамлакат хавфсизлиги ва мудофааси учун зарурлигини таъкидлаган.
Аввалига Украина раҳбарияти бу воқеаларга изоҳ бермади. Аммо рад этмади ҳам. Ниҳоят 10 августдан сўнг президент Владимир Зеленский бу амалиёт урушни Россия ҳудудига сиқариб чиқариш, Россия ҳам уруш нималигини ҳис қилиши учун режалаштирилганини айтди. Унинг айтишича, бу амалиёт рамзий маънога ҳам эга. 1994 йил 30 декабрда Путин ва ва унинг атрофидаги масъулларнинг хатолари боис К-141 «Курск» — Россия атом сув ости ракета ташувчи кемаси ҳалокатга учраб, чўкиб кетганди. “Бу воқеа эса (Курскка ҳужум – таҳр.) Россия чўкишининг ибтидоси бўлади”, деган Украина етакчиси.
Зеленский, шунингдек, “ҳарбийларимиз 1000 дан ошиқ рус аскраларини асир олиб, келажакдаги алмашув захираларимизни тўлдиришди”, дея фахрланган.
Айни пайтда эса Украина раҳбарияти Ғарб берган қуролларни Россия ҳудудида узоқ масофага ишлатишга рухсат беришини сўрамоқда.
Бироқ ҳозирча бундай рухсат берилмаслиги қатъий айтилмоқда. Зеро, Ғарб бундай рухсат Россия билан бевосита тўқнашувларга олиб келишидан қўрқади.
Ҳатто Италия парламенти Италия берган қуроллар Курскда улардан сўрамасдан ишлатилганидан норози эканлигини билдирди.
Бироқ таҳлилчиларнинг тан олишича, Курск ҳудудида Ғарб қуролларининг ишлатилиши Путин учун кўплаб қизил чизиқлар – чегаралар босиб ўтилганини англатади. Уруш бошида “Украинага ёрдам берган ҳар қандай давлат шафқатсиз жазоланади” дея керилган Путин энди Ғарб қуроллари Россия ичида ишлатилишига жим қараб туришга мажбур бўлмоқда.
Айни шароитда эса украинларнинг Сужани – Россия гази Европага экспорт қилинадиган тизимнинг “булоқ бошини” эгаллаб олгани ва Курск АЭС сари ҳаракатланаётганини катта ютуқ дейиш мумкин. Бу бўлажак музокараларда катта устунлик бериши турган гап.
Музокаралар эҳтимоли эса катта. Аввало ҳамма урушдан чарчаган. Қолаверса, агар Доналд Трамп президент этиб сайланадиган бўлса, Россия ва Украинани музокаралар столига ўтиришга “мажбурлашини” айтган. Бунга Украина кўнмаса, унга бериладиган ёрдам тўхтатилади. Агар Россия кўнмаса, Украинага ёрдам кучайтирилиб, бу қуроллардан чекловсиз фойдаланишга рухсат берилади.
Бундай истиқбол можаронинг ҳар икки тарафини ҳам ўйлантираётгани табиий. Шу боис, Украина музокараларгача имкон қадар кўпроқ устунликка эришишни мақсад қилган бўлиши табиий.
Ҳарбий экспертларнинг тавсияларига кўра, ҳозир Украина аскарлари Россия ичкарисига силжиб, кўпроқ ҳудудни эгаллашга уринмаслиги, балки эгалланган ҳудудларга жойлашиб олиб, уларни музокараларгача қўлдан бермай туриши муҳим.
Маълумки Иккинчи жаҳон урушида, 1943 йилда бўлиб Курск жанглари душманлар қарши ҳужум бошланишига сабаб бўлиб, урушда туб бурилиш ясаганди.
Украинанинг “Курск” амалиёти ҳам можаронинг адолат билан якун топиши йўлида муҳим босқич сифатида тарихда қолиш эҳтимоли катта.
Телеграмда кузатиб боринг!