Маймунчечак: симптомлар, юқтириш йўллари ва даволаш
Ушбу касаллик анъанавий чечакка ўхшаш симптомларни келтириб чиқаради, одатда иситма, бош оғриғи, миалгия (мушак оғриғи) ва кучли чарчоқ билан бошланади.
Шу кунларда яна бир хавф - маймунчечак вируси дунё бўйлаб тарқала бошлади. Африка қитъасидан ташқарида маймунчечак инфекциясининг биринчи ҳолати Швецияда, шунингдек, Покистонда қайд этилди.
Австралияда эса июн ойи бошидан бери 93 та ҳолат аниқланган. Инфекция тарқалиши бошланган Марказий Африка Республикасида йил бошидан буён 17 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган ва 571 киши вафот этган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вазиятнинг жиддийлигини таъкидлаб, фавқулодда ҳолат эълон қилган ва яна ниқоб тақиб юришга чақирмоқда.
Кечаги маълумотларга кўра, Туркиянинг Истанбул аэропортидан Африкага парвоз қилаётган стюардессалар маймунчечак туфайли энди ниқоб ва қўлқоп кийишни бошлайди.
Маймунчечак қандай касаллик? У қандай пайдо бўлган?
Маймунчечак (Monkeypox) - бу поксвируслар оиласига мансуб маймунчечак вируси келтириб чиқарадиган ўта юқумли касаллик. Вирус биринчи марта 1958 йилда, тадқиқот учун сақланадиган лаборатория маймунлари орасида бир нечта эпидемиялар содир бўлганида аниқланган. Вирус маймунчечак деб аталсада, унинг табиий резервуари маймунлар эмас, балки олмахон, каламуш ва сичқон каби кемирувчилар ҳисобланади.
Одамда бу касаллик илк марта 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган. Ўшандан бери касаллик асосан Марказий ва Ғарбий Африкада аниқланган. Бу ерда вируснинг ҳайвонлардан одамларга, шунингдек, одамдан одамга юқиши тасқдиқланган. 2003 йилгача эпидемиялар фақат Африкада, кейин эса бошқа қитъаларда қайд этилган, аммо аксарият ҳолатларда вирус бошқа минтақаларга ташиб борилган.
Маймунчечак касаллиги Африкадан ташқарида 2022 йилда, илк марта Европа ва Шимолий Америкада қайд этилди. 2023–2024-йилларда касаллик тарқалишда давом этди, аммо фаол назорат чоралари туфайли унинг қамрови чекланиб қолди.
Энг муҳим авж олишлар Европада, хусусан Испания ва Португалияда, шунингдек, АҚШ ва Канадада қайд этилган. Айрим Осиё мамлакатларида, жумладан, Таиланд ва Сингапурда ҳам алоҳида ҳолатлар аниқланган. Беморлар асосан касалланганлар билан бевосита алоқада бўлган ёки эндемик ҳудудларга ташриф буюрган.
Маймунчечак қанчалик хавфли? Синдромлар, юқтириш усуллари ва тарқалиш усуллари
Маймунчечак касаллиги камроқ оғир бўлса-да, анъанавий чечакка ўхшаш симптомларни келтириб чиқаради. Касаллик иситма, бош оғриғи, миалгия (мушак оғриғи) ва кучли чарчоқ билан бошланади. Биринчи аломатлар пайдо бўлганидан бир неча кун ўтгач, беморда биринчи бўлиб юзида ва кейин бутун танага тарқаладиган тошма пайдо бўлади. Тошма бир неча босқичлардан (доғлар, папулалар, пуфакчалар ва пустулалар) ўтади, кейинчалик улар пўст бойлайди.
Лимфаденопатия ёки лимфа тугунларининг катталашуви маймунчечакни сувчечак ёки чечак каби бошқа касалликлардан ажратиб турадиган ўзига хос белгидир. Касаллик билан оғриш одатда икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этади.
Вируснинг иккита асосий клони мавжуд. Булар Ғарбий Африка ва Марказий Африка (Конго) клонларидир. Ғарбий Африка штамми камроқ вирулент ва ўлим даражаси тахминан 1-3 фоизни ташкил этади.
Мазкур вирус касал ҳайвонлар билан мулоқот қилиш орқали юқади. Масалан, тишлаш ёки уларнинг қони, тана суюқликлари ёки тери тошмаси билан контактда бўлиш шундай хавф туғдиради. Одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
Вирус жинсий алоқа, терига тегиниш, йўталиш ва аксириш орқали ҳам ўтади. Бемор одамнинг баданига, у контактда бўлган ва ишлатган тўшак ёки кийим каби нарсаларига тегиниш орқали, шунингдек, касал ҳайвоннинг нотўғри тайёрланган гўштини истеъмол қилиш натижасида ҳам вирусни юқтириш мумкин.
Қандай оқибатларга олиб келади?
Ҳозирча бу инфекцияга қарши самарадорлиги исботланган дори йўқ. Ўзи умуман, ҳар қандай вирусни даволай оладиган самарали дори ўйлаб топилмаган.
Маймунчечакнинг аксарият ҳолатлари енгил ўтса-да, баъзи беморларда иккиламчи бактериал тери инфекциялари, пневмония, сепсис, энсефалит ва кўришнинг йўқолишига олиб келадиган кўз инфекциялари каби жиддий асоратлар ривожланиши мумкин. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети кучсиз одамларда касалланиш хавфи юқори ва уларда хасталик оғир кечади.
Кейинчалик юзага келадиган таъсирлари - терида чандиқлар (чўтир) ва доғлар қолиб кетиши, руҳий безовталик ва камдан-кам ҳолларда ўлимдан иборат. Вируснинг турига ва даволаш шароитларига қараб, ўлим даражаси 1% дан 10% гача ўзгариши мумкин.
"Соғлиқни сақлаш бўйича экспертлар орасида хавотир уйғотадиган мутант вариант “clade 1” деб аталади. Уни юқтирган ҳар 20 нафар катта ёшдаги одамнинг бири ўлади, болаларнинг эса ҳар 10 нафаридан бири ўлади. Ҳомиладор аёлларга юқса, вақтидан олдин чала туғиш (бола ташлаш) ҳолатлари кузатилган.
Австриялик шифокорларнинг таъкидлашича, маймунчечакдан ўлиш даражаси тахминан 1% ни ташкил қилади. Умуман олганда, улар касалликни жуда хавфли эмас, балки жуда ёқимсиз деб баҳолайди.
Шуни ҳисобга олиш керакки, COVID-19 дан ўлим даражаси (ўлим) беморнинг сурункали касалликлари, минтақаси ва эпидемия босқичига қараб 2-40 фоизни ташкил этган эди.
Касалликнинг олдини олиш усуллари
Маймунчечак тарқалишининг олдини олиш - инфекциянинг мумкин бўлган манбалари билан контактни камайтириш ва вакциналардан фойдаланиш билан боғлиқ. 1980 йилда бартараф этилгандан сўнг тўхтатилган чечакка қарши вакцина маймунчечакдан ҳимояни таъминлайди. Бироқ, 1980 йилдан кейин туғилган одамлар эмланмаган ва шунинг учун улар кўпроқ ҳимоясиз.
Эндемик ҳудудларда ёввойи ҳайвонлар, айниқса, кемирувчилар билан мулоқот қилмаслик, контакт зарурияти туғилса, эса ҳимоя кийим ва қўлқоплардан фойдаланиш шарт. Вирусни юқтирган одам билан иулоқот қилганда, карантин чораларига қатъий риоя қилиш ва симптомларни кузатиш керак.
Маймунчечак касаллиги инсонлар, жамият ва мамлакатлар ва дунё иқтисодиёти учун қанчалик хавфли?
Маймунчек инсон саломатлигига, айниқса, тиббий ёрдам кўрсатилмаган мамлакатларда катта хавф туғдиради. Жиддий асоратлар ва ўлим эҳтимоли бу инфекцияни, айниқса заиф аҳоли учун хавфли қилади.
Маймуннинг тарқалиши жамият ва иқтисодиёт учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Жумладан, тиббий харажатлар, карантин чоралари, меҳнат қобилиятини йўқотиш ва туризм фаоллигини камайтиришга сабаб бўлади. Африканинг айрим мамлакатларида касаллик аллақачон аҳоли саломатлиги ва иқтисодиётига чуқур салбий таъсир кўрсатмоқда.
Глобал миқёсда маймунчечак COVID-19 каби хавф туғдирмайди. Аммо унинг тарқалиши кучайтирилган профилактика ва назорат чораларини талаб қилади. Глобаллашув ва халқаро саёҳатларнинг кучайиши шароитида вирусни бошқа мамлакатларга олиб кириш ва тарқалиш хавфи долзарблигича қолмоқда.
Маймунчечак тарқалиши юзасидан ЖССТ тавсиялари
ЖССТ маймунчечакнинг тарқалишига жавобан юқиш ҳолатларини тезда аниқлаш, касалланганларни иҳоталаш ва юқтириш хавфи юқори аҳоли гуруҳларини эмлаш борасида тавсиялар берган. Ташкилот, шунингдек, глобал пандемиянинг олдини олиш учун халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашиш муҳимлигини таъкидлаган.
ЖССТ экспертларининг фикрича, маймунчечак COVID-19 каби пандемияга олиб келиши даргумон, бироқ вазият алоҳида тибор ва ўз вақтида зарур чоралар кўришни талаб қилади. Эндемик ҳудудларда ва юқори хавфли гуруҳларда чечакка қарши эмлаш кампаниялари ўтказиш касаллик профилактикасининг асосий воситаси бўлиб қолмоқда.
Ҳозирги эпидемиологик вазият
2024 йил август ҳолатига кўра маймунчечак касаллиги бўйича эпидемиологик вазият нисбатан барқарор. Аксарият ҳолатлар Марказий ва Ғарбий Африкада қайд этилган бўлиб, у ерда вирус табиий равишда ёввойи ҳайвонлар орасида тарқалади. Бироқ, дунёнинг бошқа қисмларида ҳамкасаллик ҳолатлари аниқланаётгани доимий мониторинг ва тезкор чоралар кўришга тайёр бўлишни талаб қилади.
Умуман, ҳозирча вируснинг тарқалиш даражаси пастлигича қолмоқда ва маймунчечакнинг глобал миқёсда тез тарқалишига қодирлиги бўйича ҳали тасдиқланган маълумот йўқ. Касаллик аниқланган аксарият мамлакатлар қатъий назорат ва профилактика чоралари орқали вазиятни муваффақиятли назорат қилиб турибди.
2024 йил август ойи ҳолатига кўра, касалланганларни изоляция қилиш ва даволаш бўйича фаол чоралар туфайли умумий касалланиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Эпидемияга қанчалик тайёрмиз?
Турли мамлакатларнинг маймунчечак билан курашишга тайёрлиги уларнинг соғлиқни сақлаш тизимларининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Самарали эпидемиологик назорат тизими ва вакциналарга эга ривожланган мамлакатларда касалликка қарши курашишга тайёрлик даражаси юқори. АҚШ, Буюк Британия ва Канада каби давлатлар аллақачон инфекцияланган одамларни аниқлаш ва изоляция қилиш чораларини ишлаб чиққан ва амалга оширишни бошлаган. Шунингдек, аҳолини ҳимоя қилиш учун вакциналардан кенг фойдаланилмоқда.
Кам ривожланган мамлакатларда, айниқса Африкада вазият анча мураккаб. Чекланган ресурслар, заиф соғлиқни сақлаш инфратузилмаси ва вакциналарнинг этишмаслиги маймунчечакка қарши курашни қийинлаштиради. ЖССТ ва UNICEF каби халқаро ташкилотлар ушбу мамлакатларни тиббий асбоб-ускуналар, вакциналар билан таъминлаш ва маҳаллий тиббиёт ходимларини ўқитиш орқали қўллаб-қувватламоқда.
Жумладан, Европа Комиссияси Африкадаги Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази учун 215 минг дозадан ортиқ маймунчечак вакцинасини харид қилиш ва хайрия қилишни режалаштираётгани билдирилган.
Россияда эса “Роспотребнадзор” ташкилоти аввалроқ мамлакатда маймунчечакнинг тарқалиш хавфи йўқлигини, чегарада бошқа давлатлардан келганлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилганини маълум қилган эди. Саёҳатчиларга ниқоб тақиш ва тана гигиенасига амал қилиш тавсия этилади.
Департамент вакилларининг айтишича, Россияда “Роспотребнадзор” томонидан ишлаб чиқилган юқори технологияли замонавий тест тизимлари етарли миқдорда мавжуд. Улар маймунчечак вирусини энг қисқа вақт ичида аниқлаш имконини беради ва уни лабораториядан ташқари шароитларда қўллаш мумкин”, — дейилади департаментда.
Россия Федерацияси, шунингдек, «ОртопоксВак» вакцинаси ишлаб чиқилган бўлиб, у барқарор иммунитетни шакллантиради ва юқори хавфсизлик профилига эга. Хитойда эса расмийлар аллақачон бир қатор чекловлар жорий этган. Қозоғистонда эса ПЦР тестлари сотиб олинган
Ўзбекистондаги вазият ҳам ҳозирча хавотир туғдирмайди. Санепидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икрамов маълум қилишича, Ўзбекистонда касалликка чалинганликда гумон қилинадиган ҳолатларда лаборатория ташхисларини ўтказиш учун божхоналардаги ва вирусология илмий текшириш институтидаги вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган. Шунингдек, маймун чечаги касаллигини аниқлаш учун зарур бўладиган диагностика ва тест системаларини олиб келиш юзасидан ишлар йўлга қўйилган.
Дунёда эпидемиологик вазият прогнози
Мутахассисларнинг маймунчечак ҳақидаги прогнозлари нисбатан оптимистик хусусиятга эга Глобал пандемия ва қатъий карантин чораларини жорий этиш эҳтимоли пастлигича қолса-да, вируснинг назоратсиз тарқалишининг олдини олиш муҳим. Халқаро ҳамжамият ҳушёр туриши ва юзага келиши мумкин бўлган янги эпидемияларга тайёр бўлиши лозим.
Касалликни фаол аниқлаш, эмлаш ва инфекцияланган шахсларни изоляция қилиш каби чоралар бу касалликка қарши курашда ўз самарасини бермоқда. Агар керак бўлса, назорат чоралари кучайтиришлари ҳам кутилмоқда. Бироқ COVID-19 пандемияси пайтида киритилгани каби кенг кўламли карантинларга ҳожат бўлмайди.
Шундай қилиб, маймунчечак хавфли касаллик бўлиб қолаётган бўлса-да, уни тўғри назорат қилиш ва олдини олиш чоралари натижасида глобал пандемияга сабабчи бўла олмайди. Халқаро ҳамжамият ҳар қандай янги таҳдидларга тезкор жавоб бериш мақсадида вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
Телеграмда кузатиб боринг!