Президент сунъий интеллектни ривожлантиришни топширди
Сунъий интеллект ва IT соҳасидаги стартап лойиҳаларни ривожлантириш чора-тадбирларига доир тақдимот бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, банк, солиқ, божхона каби соҳаларда сунъий интеллект технологиялари ривожлантирилади.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган сунъий интеллект ва IT соҳасидаги стартап лойиҳаларни ривожлантириш чора-тадбирларига доир тақдимотда айтилади.
Айтилишича, сунъий интеллект бўйича қонунчилик базаси яратилади. Сунъий интеллектни жорий этиш стратегияси ва икки йиллик лойиҳалар дастури ишлаб чиқилади. Президент Сунъий интеллект технологиялари марказини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди.
Хусусан, банк-молия соҳасида сунъий интеллектни қўллашни кенгайтириш, бу бўйича кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
"Бугунги кунда 4 та университетда сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрланаяпти. Ҳозирда катта маълумотларни қайта ишлаш ва тил моделлари бўйича 600 нафар мутахассисга талаб бор. Бу келгуси йилларда каррасига ошади. Шуни инобатга олиб, соҳалар кесимида талабга мос мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги айтилди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, ўтган йили стартап лойиҳалар учун жалб қилинган венчур инвестициялар ҳажми 134 миллион долларни ташкил қилган.