Яқин Шарқ: Исроил, Эрон ва бошқалар

Исроил ва Эрон уруши AҚШ, Россия, Хитой ва Европа давлатлари каби йирик давлатларни ҳам ўз орбитасига тортиб, глобал геосиёсат учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Таҳлил
10 август, 14:00
Яқин Шарқ: Исроил, Эрон ва бошқалар

Исроилнинг АҚШ ва Европанинг қўллаб қувватлашидан руҳланган ҳолда Фаластин ерларида хунрезликлари ва геноцидни давом эттираётгани ҳамда минтақадаги вазиятни лойқалантираётгани дунёнинг кўплаб давлатлари учун бошоғриқ бўлмоқда. 

Яҳудий давлати ва унинг бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса бундай кенг кўламли можаролардан манфаатдор. Улар шу йўл билан жаҳон ҳамжамиятини Фаластин мустақиллиги, ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш масалаларидан чалғитмоқчи. Жафокаш мазлум имижини кучайтириб, яна дунё раҳмини келтириб, сиёсий ва иқтисодий ёрдамни кўпайтиришдан умидвор бўлмоқда.

Исроил Ғазо секторини бошқараётган ҲАМАСни, ҳеч бўлмаганда унинг раҳбарларини йўқ қилиш билан Ғазо секторини бутунлай босиб олишни мақсад қилган.

2024 йил 31 июл куни ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши натижасида Эрон Исроилга бевосита зарбалар беришини ваъда қилган. Жо Байден ва бошқа Ғарб етакчилари Эронни Исроил тузоғига тушмасликни айтиб, ҳужум қилишдан қайтаришга уринмоқда. Бироқ Эрон ўз ваъдасида қатъий туришини билдирган. 

Аслини олганда, Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик узоқ йиллар давомида Яқин Шарқдаги энг мураккаб можаролардан бири бўлиб қоляпти. Сўнгги ойларда мамлакатлар ўртасидаги таранглик янги чўққисига чиқиб, халқаро эътиборни тортди ва кенг кўламли можаро юз бериши ҳақидаги хавотирларни кучайтирди. Бу можаро нафақат минтақавий хавфсизлик, балки AҚШ, Россия, Хитой ва Европа давлатлари каби йирик давлатларни ўз орбитасига тортиб, глобал геосиёсат учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши кутиляпти.

Можаронинг келиб чиқиши ва кучайиши

Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик Яқин Шарқда ўз таъсирини кучайтириш учун минтақавий рақобат туфайли кучайган мафкуравий, диний ва сиёсий тафовутлар билан боғлиқ. Эрон шиа теократияси сифатида Исроилни ўзининг асосий душмани деб билади ва яҳудий давлатини йўқ қилиш ниятида эканлигини бир неча бор таъкидлаган. Ўз навбатида, Исроил Эронни экзистенсиал таҳдид сифатида кўради. Айниқса Теҳрон ядровий дастурини ривожлантириш фонида бу хавотирлар собит қоляпти.

Охирги йиллар, айниқса, Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ироқ ва Ямандаги шиа жангарилари, Ғазодаги Фаластин радикал гуруҳлари каби минтақадаги Эрон иттифоқчилари ва прокси гуруҳлари кучайиши оқибатида минтақада кескинлик кучайган. Исроил Сурия ва минтақадаги бошқа мамлакатлардаги Эрон  иттифоқчилари – эронпараст кучлар уюшган нуқталарга мунтазам зарбалар бериб келмоқда.

Яқин Шарқдаги ҳозирги геосиёсий вазият

Яқин Шарқ кўплаб халқаро ўйинчиларнинг манфаатлари кесишган дунёнинг энг беқарор минтақаларидан бири бўлиб қоляпти. Сўнгги йилларда минтақа AҚШ, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи каби йирик давлатлар томонидан геосиёсий ўйинлар майдонига айланган.

AҚШ ва Европа

Яқинда минтақадаги AҚШ ҳарбийлари сони камайганига қарамасдан, Вашингтон Яқин Шарқдаги воқеаларга, хусусан Исроилни қўллаб-қувватлаши ва Эронга қарши санкциялар орқали сезиларли таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Қўшма Штатлар Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлиб қолмоқда ва унга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатмоқда. Бу эса Тел-Aвивнинг минтақавий сиёсатдаги мавқеини мустаҳкамлайди. Aйни пайтда Европа давлатлари, хусусан, Франция ва Германия можарони ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб, воситачилик ролини ўйнашга ҳаракат қилмоқда, бироқ Эрон билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги ички келишмовчиликлар туфайли чекловларга дуч келмоқда.

Россия

Москва Яқин Шарқдаги ўз позициясини фаол равишда мустаҳкамлаяпти. Эрон ва Сурия каби иттифоқчиларни қўллаб-қувватламоқда ва AҚШнинг минтақадаги таъсирини заифлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Россиянинг Сурия можаросига аралашуви, шунингдек, Эрон билан энергетика ва қурол-яроғ соҳасида ҳамкорлик қилиш Москванинг Яқин Шарқ сиёсатидаги муҳим ўйинчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади. Бироқ Россия Исроил билан ҳам алоқаларни давом эттиради, бу эса унга мувозанатни сақлаш ва айрим масалаларда воситачи ролини ўйнаш имконини беради.

Хитой

Пекин Яқин Шарқни “Бир камар, бир йўл” ташаббуси контекстида муҳим минтақа сифатида кўради ва шунинг учун минтақадаги қатор давлатлар, жумладан, Эрон ва Саудия Aрабистони билан иқтисодий ва энергетика соҳасида ҳамкорликка интилади. Хитой, санкцияларга қарамасдан, Эрон нефтини фаол равишда сотиб олмоқда, Теҳронда ўз таъсирини кучайтирмоқда, бироқ Пекин ҳам минтақавий можароларга бевосита аралашмасликка ҳаракат қиляпти. Хитой нейтрал воситачи бўлиб қолишни афзал кўряпти.

Сўнгги воқеалар ва кескинликлар

Сўнгги ойлар Исроил ва Эрон ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув бўлиши мумкинлигидан қўрқувни кучайтирган бир қатор воқеалар билан ажралиб турди. 2024 йил июл ойида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриядаги Эрон ҳарбийлари билан боғлиқ бўлган нишонларга зарбалар берди ва бу Теҳрон томонидан эҳтимолий жавоб чоралари таҳдидига сабаб бўлди. Ўз навбатида Эрон Ливан, Сурия ва Ғазодаги прокси гуруҳларини фаол қўллаб-қувватлашда давом этяпти, бу эса Исроилга босимни кучайтиряпти.

Қолаверса, Эрон ядро дастури атрофидаги кескинликнинг кучайиши можаронинг асосий омили бўлиб қолмоқда. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларига, жумладан, 2015 йилги ядровий келишувни тиклаш бўйича музокараларга қарамай, Эрон уранни бойитишни жадаллаштиришда давом этмоқда ва бу Исроил ва унинг иттифоқчилари орасида жиддий хавотир уйғотмоқда. 

Катта кучларнинг таъсири

AҚШ ва Европа

Байден маъмурияти Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этсада, айни пайтда Яқин Шарқда кенг кўламли можародан қочишга ҳаракат қилмоқда. Қўшма Штатлар Эрон билан ядровий инқирознинг олдини олиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этяпти. Лекин Тел-Aвивда тинч йўл билан ҳал қилиниши мумкинлигига ишонмайдиган эҳтиёткорлик кучайиб бормоқда. 

Россия

Россия Эрон ва Сурия билан яқин алоқада, лекин минтақани беқарорлаштириши мумкин бўлган Исроил билан тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочишга ҳаракат қилмоқда. Москва Сурия можаросини ҳал қилишда муҳим рол ўйнайди ва AҚШ таъсирининг кучайишига йўл қўймаслик учун минтақада кучлар мувозанатини сақлашга интилади.

Хитой

Хитой Эрон билан иқтисодий ҳамкорлигига қарамай, Яқин Шарқдаги можароларга бевосита аралашишдан қочади. Пекин минтақа барқарорлигидан манфаатдор, чунки у Хитой иқтисодиёти учун асосий нефт етказиб берувчи давлат ҳисобланади, аммо у хавфсизлик кафолати ролини олишга тайёр эмас ва бу вазифани AҚШ ва унинг иттифоқчиларига топширишни афзал кўради. 

Келгуси йил учун прогноз

Яқин Шарқдаги ҳозирги вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда ва Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг янада авж олиши хавфи жуда юқори. Эрон ўз ядровий дастурини кенгайтиришда ва минтақадаги прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашда давом этса, бу давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувлар юз бериши мумкин.

Эрон Исроилга ҳужум қилса нима бўлади?

Бундай ҳужум Ливан, Сурия ва Ироқ каби бошқа минтақавий ўйинчиларни ҳам қамраб олиши мумкин бўлган кенг кўламли урушга олиб келиши мумкин. Исроил ўзининг қудратли ҳарбий кучи ва AҚШ кўмаги билан Эрон нишонларига оммавий ҳужумлар билан жавоб бериши мумкин. Бу эса бутун минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиш эҳтимоли катта. Бундай ҳолатда AҚШ ва Европа можарога аралашишга мажбур бўлади, бу эса кенг кўламли инқирозга олиб келиши мумкин.

Можаро прокси урушлар доирасида қолсачи?

Эрон минтақадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашда давом этаётган ва Исроил ўз нишонларига мўлжалланган зарбалар бериш билан чекланаётган прокси урушларнинг ҳозирги динамикасини сақлаб қолиш сценарийси ҳам юқори эҳтимолга эга. Бундай ҳолда, Яқин Шарқда кескинлик сақланиб қолади, аммо кенг кўламли уруш хавфи паст бўлиб қолади. Россия ва Хитой каби халқаро ўйинчилар вазият-квони сақлаб қолиш ва минтақадаги беқарорликка йўл қўймаслик учун дипломатик саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар.

Дипломатия, дипломатия ва яна дипломатия

Яқин Шарқдаги Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик минтақавий ва глобал хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келадиган замонавий дунёдаги энг хавфли можаролардан бири бўлиб қоляпти. Халқаро ҳамжамиятнинг можарони ҳал қилишга уринишларига қарамай, унинг янада кучайиши эҳтимоли катта. 

Бироқ энг охирги янгиликларга қараганда, Эрон Исроилга ҳужум қилиш режасини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Politico газетаси америкалик расмийлардан иқтибос келтириб хабар қилган. 

Мақолада айтилишича, АҚШ Эронни оммавий зарба фақат кескинликни кучайтириши ва Исроил билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган."Энди Теҳрон тобора кўпроқ Вашингтон нуқтаи назарига қўшилаяпти" - дейди газета манбалари.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига Исроилга тўғридан-тўғри зарбалар бериш режасидан воз кечиб, бунинг ўрнига Эронга қўшни давлатлар, хусусан Озарбайжондаги “Исроил махфий базаларига” зарба беришни таклиф қилган

Бир сўз билан айтганда, фақат дағдаға қилишдан нарёққа ўтмайдиган, геосиёсий популизмга уста Эроннинг шиа ҳукумати навбатдаги марта ўз ваъдасидан қайтмоқда. Бу шиа режими учун тарихий анаъанага айланиб қолган, шекилли. Бундан аввалги шунга ўхшаш вазиятларда ҳам Эрон аввал АҚШ ва Исроилни огоҳлантириб, ракета отмоқчи бўлган жойларнинг локациялари ҳақида бу икки  давлатга керакли маълумотларни бериб, бу ердан одамларни чиқиб кетишини кутиб, кейин саҳрога “шафқатсиз ҳужум” қилганди. 

Ҳатто Исроил тарафга отган ракеталари ҳам бирорта ҳожатхонани бузишдан бошқасига ярамаган. Яна бир ҳужумда эса битта қурбон бўлган, у ҳам бўлса Исроил аскари эмас, фаластинлик мусулмон ўсмир бўлиб чиққан эди.

Шунинг учун, Эрон ва Исроил можаросида катта ўзгаришлар кутиш душвор. Келгуси йилда минтақада кескинлик ва маҳаллий можароларнинг ёнишини эмас, яна тутаб ётишини кутишимиз мумкин. Аммо кенг кўламли уруш хавфи кўплаб омилларга, жумладан Эрон ядро дастурининг ривожланишига, прокси гуруҳларнинг фаоллигига ва йирик давлатларнинг таъсирига боғлиқ бўлади. Халқаро ҳамжамият можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва унинг янада авж олишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириши керак.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+