Харрис-Трамп қарама-қаршилиги: кимда имконият кўпроқ?
Ушбу сайлов кампаниясини AҚШ замонавий тарихидаги энг кескин ва қутбланган пойгалардан бири дея ифодалаш мумкин.
AҚШ тарихидаги биринчи аёл ва афро-америкалик вице-президент Камала Харрис ва мамлакатнинг 45-президенти Доналд Трамп ўртасидаги 2024 йилги президент кампанияси Aмерика жамиятидаги чуқур бўлинишларни акс эттирувчи сиёсий кураш ҳисобланади. Иккала номзоднинг ҳам ўзига хос тарихи, сиёсий тажрибаси ва Оқ уйга даъвогарлик қилишда фойдаланадиган стратегиялари бор.
Ушбу сайлов кампаниясини AҚШ замонавий тарихидаги энг кескин ва қутбланган пойгалардан бири дея ифодалаш мумкин. Ҳар икки номзод сиёсий кескинлик кучаяётган ва сайловчиларнинг хоҳиш-истаклари ўзгариб бораётган бир шароитда уларнинг қўллаб-қувватлашидан умид қилмоқда.
Камала Харрис: ҳуқуқшунос ва сиёсатчи
Камала Харрис ўз фаолиятини прокурор сифатида бошлаганидан сўнг сиёсий пиллапоялардан тез кўтарилди. У аввал Калифорния бош прокурори, кейин эса AҚШ сенатори этиб сайланди ва 2020 йилда вице-президент лавозимини эгаллаган биринчи аёл ва биринчи афроамерикалик бўлди. Ҳаррис ўз кампаниясини ижтимоий адолат, иқлим ўзгариши ва иқтисодий тенглик масалаларига қаратган.
Харрис кампаниянинг стратегияси ва асосий йўналишлари
Харрис сайлов кампаниясида аёллар, этник озчиликлар ва ЛГБТ ҳамжамиятининг имкониятларини кенгайтиришга асосий урғу берилган. У соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли учун қулайлаштириш, полиция ва жиноий-адлия ислоҳотлари ва иқлим ўзгариши, яшил энергия ва яшил иқтисодиёт ташаббусларини илгари суради. Ҳаррис Демократик партияни бирлаштириш, унинг прогрессив ва марказчи қанотлари ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишга интилмоқда.
Ҳарриснинг ташқи сиёсат стратегияси – бошқа давлатлар билан халқаро алянсларни мустаҳкамлаш, AҚШнинг жаҳон миқёсида етакчилигини тиклаш ҳамда иқлим ўзгариши ва пандемия каби глобал муаммоларга қарши курашишга қаратилган. Ҳаррис, шунингдек, кўп томонлама келишувлар ва иттифоқчилар билан дипломатик мулоқотга қайтиш муҳимлигини таъкидлайди.
Доналд Трамп: тажриба ва салобатга эга номзод
2016 йилда АҚШ ҳокимияти тепасига популистик кайфият тўлқинида келган Доналд Трамп ўтмишда унга муваффақият келтирган усуллардан фойдаланиб, Оқ уйга қайтишга интилмоқда. У ўзининг ёрқин чиқишлари ва радикал қарашлари билан ОAВ ва сайловчилар эътиборини ўзига жалб этишда давом этаётган замонамизнинг энг нуфузли ва баҳсли сиёсатчиларидан бири бўлиб қолмоқда.
Трампни яқиндан қулоғидан яралашгани ҳам унинг популистик фаолиятини авжига чиқарди. “Мен озодлик учун ўқ еган одамман”, дея тинимсиз такрорлаб, қулоғидаги жароҳатига ёпиштирилган лейкопластирини бамисоли медал каби фахр билан, бир неча кун олмасдан, оммавий тадбирларда қатнашиб юрди.
Трамп кампаниясининг стратегияси ва асосий йўналишлари
Трамп сайловолди кампаниясининг устувор йўналишлари сирасига солиқларни камайтириш ва тартибга солиш йўли билан иқтисодий тараққиётни тиклаш, иммиграцион назоратни кучайтириш ва AҚШ миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш киради. Унинг "Aмерикани яна буюк қилинг" шиори ҳали ҳам америкалик сайловчиларнинг катта қатламлари орасида, айниқса қишлоқ ва саноати ривожланган штатларда акс-садо бермоқда.
Халқаро майдонда Трамп турли алянс ва иттифоқлардан кўра, икки томонлама келишувларга, савдо шартномаларини қайта кўриб чиқишга ва AҚШнинг НAТО каби кўп томонлама иттифоқлардаги иштирокини камайтиришга эътибор қаратиб, “Биринчи навбатда Aмерика манфаати” ғоясини илгари суришда давом этмоқда. У, шунингдек, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатларга нисбатан қаттиқ сиёсий риторикаси билан танилган ва уларни AҚШ миллий манфаатларига таҳдид деб билади.
Трампни ким қўллаб-қувватлаши мумкин?
2024 йил 6 августдаги ижтимоий сўровларга кўра, сайлов пойгаси ўта кескинлигича қолмоқда. Харрис жуда оз фарқ - 0,5 фоиз билан Трампдан орқада турибди. (Трамп - 47,4 фоиз, Ҳаррис 46,9 фоиз)
Бундай натижа Америка жамиятидаги қутбланишнинг юқори даражада эканлигидан гувоҳ беради. Мичиган, Пенсилвания ва Висконсин каби муҳим штатларда иккала номзод ҳам “елкама-елка” кетаётган бўлиб, айни пайтда 5 ноябрга белгиланган сайлов натижаларини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлмоқда.
Номзодларнинг баёнотлари ва оммага таъсири
Иккала номзод ҳам бир-бирини фаол танқид қиляпти, ўз тарафдорларини сафарбар қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланяпти.
Ҳарриснинг таъкидлашича, Трампнинг президентликка қайтиши демократик институтлар ҳамда миллий, диний, этник ва гендер озчиликларнинг ҳуқуқларига путур етказади. Харрис Трампнинг 2021 йил 6 январ “тўполон”ларидаги ролини ва сайлов натижаларини бекор қилишга уринганларини ҳам унинг “юзига солмоқда”. У, шунингдек, Трампнинг COVID-19 пандемияси ва унинг иқтисодий оқибатларини бартараф эта олмаганига сайловчилар эътиборини қаратмоқда.
Трамп эса, ўз навбатида, Ҳаррис Aмерика иқтисодиётини ҳаддан ташқари тартибга солиш ва юқори солиқлар орқали йўқ қилмоқчи бўлган “радикал сўл кучлар вакили” эканига эътибор қаратяпти. Трамп, шунингдек, Ҳаррисда тажриба етишмаслиги ва миллий хавфсизлик масалаларини ҳал эта олмаслигини “башорат” қилиб, Харрис президент этиб сайланса, AҚШнинг халқаро майдондаги мавқеси заифлашишини таъкидламоқда.
Жамоат арбоблари ва экспертларнинг фикрлари
Сайловолди пойгасида нуфузли сиёсат ва жамоат арбобларининг фикрлари муҳим ўрин тутади. Демократик партиянинг прогрессив қаноти етакчиларидан бири, сенатор Берни Сандерс Харрисни фаол қўллаб-қувватлаб, унинг ижтимоий адолат масалалари ва иқлим ўзгаришига қарши курашга содиқлигини қайд этди. Сандерснинг фикрича, Ҳаррис мамлакатни бирлаштиришга ва демократик институтларга ишончни тиклашга қодир номзод.
Бошқа томондан, собиқ давлат котиби Майк Помпео ва бошқа юқори мартабали республикачилар Трампни қаттиқ қўллаб-қувватлаб, уни Хитой ва Россия таҳдидларига қарши тура олувчи ягона номзод, деб кўрсатишмоқда. Улар Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари борасида қатъиятли экани ва Aмерика фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилишга содиқлигини таъкидлайди.
Камала Харрис учун муваффақият омиллари
Aёллар ва этник озчиликларни қўллаб-қувватлаш
Ҳаррис аёллар, афро-америкаликлар, испанияликлар ва осиёлик америкаликлар орасида кўпроқ обрўга, демакки, муҳим устунликка эга. Бу эса аҳолиси орасида мазкур қатламларнинг улуши юқори бўлган асосий штатларда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин.
Прогрессив дастур
Ҳарриснинг иқлим ўзгариши, полиция ислоҳоти ва соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича дастурлари ёш сайловчилар ва Демократик партиянинг прогрессив қанотида ижоибй акс-садо бермоқда.
Халқаро иттифоқчиликни қайта тиклаш
Ҳаррис AҚШнинг халқаро сиёсатдаги етакчилик ролига қайтишига умид қилмоқда. Бу мақсадни Aмериканинг кўплаб иттифоқчилари қизғин қўллаб-қувватлайди.
Демократияга ишонч
Ҳаррис демократик жараёнлар ва институтларга ишончни тиклаш бўйича фаол ишламоқда. Бу, 2020 йилги сайловларни бузишга қаратилган уринишлар фонида айниқса катта аҳамиятга эга.
Доналд Трамп учун муваффақият омиллари
Иқтисодий популизм
Трамп иқтисодий ўсиш, солиқларни камайтириш ва тартибга солишни бекор қилиш ваъдалари билан ўрта қатлам ва қишлоқ сайловчиларини ўзига жалб этишнинг уддасидан чиқмоқда.
Иммиграцион сиёсат
Трампнинг иммиграцияга нисбатан муросасиз позицияси - миллий хавфсизлик ва маданий ўзига хослик масалаларидан хавотирда бўлган сайловчиларнинг “меҳри”га сазовор бўляпти.
Кучли қўллаб-қувватлаш базаси
Трамп, айниқса оқ танли ишчилар синфи ва диний консерваторлар орасида содиқ сайловчиларига эга. Бу дегани, Трамп асосий штатларда осон ғалаба қозониши мумкин, деганидир.
“Биринчи навбатда Aмерика манфаати” риторикаси
Трампнинг миллий манфаатларга урғу бериши ва AҚШнинг халқаро иттифоқлардаги иштирокини камайтириши “Aмерика ҳукумати ички масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши керак”, деб ҳисоблайдиган сайловчилар томонидан қатъий қўллаб-қувватланиши аниқ.
Сайлов прогнози ва эҳтимолий оқибатлар
Хўш, умуман олганда тарозининг қайси палласи оғир келмоқда, ҳозирги мувозанат 5 ноябрдаги сайловларгача сақланиб қоладими? Қайси номзод сайланса, АҚШ ва дунёдаги қандай катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин?
Қисқасини айтганда, Ҳаррис ва Трамп сиёсий курашининг ҳал қилувчи воқеалари бир неча муҳим штатларда рўй беради ва сайлов натижаси иқтисодий кўрсаткичлар, ички партиявий бўлинишлар ҳамда сайловчиларнинг иштироки даражаси каби турли омилларга боғлиқ бўлади.
2024 йил 8 август ҳолатига кўра, ғолибни олдиндан айтиш қийин, аммо Ҳаррис ҳозирча бироз устунликни сақлаб турибди. Яна бир муҳим жиҳат - Трампга қарши суд жараёни тарозининг бир палласини босиб кетадиган тош ролини ўйнаш эҳтимоли бор. Эҳтимолий суд жараёнлари Трамп обрўсига таъсир қилиши мумкин.
Харрис ғолиб чиқса нима бўлади?
Агар Харрис ғалаба қозонса, Байден маъмурияти томонидан белгилаб қўйилган траекторияни давом эттиради. Бунда халқаро алянсларни қайта тиклаш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал ташаббусларни илгари суришга урғу берилади. AҚШ БМТ ва ЖССТ каби халқаро ташкилотлардаги аввалги фаол ролига қайтиши, шунингдек, углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган янги кўп томонлама шартномаларни имзолаши мумкин.
Харрис ғалабаси АҚШда соғлиқни сақлаш, ижтимоий сиёсат ва жиноий-адлия тизимида ижобий ислоҳотларга олиб келиши мумкин. Лекин бу Америка жамиятининг янада қутбланишига ҳам сабаб бўлади. Айниқса, Ҳарриснинг кун тартибини анъанавий қадриятларга таҳдид, деб ҳисоблайдиган консерватив доиралар Харрисни “тинч қўймаслиги аниқ”.
Трамп ғалаба қилса нима бўлади?
Мабодо Доналд Трамп иккинчи марта Овал кабинетни қўлга киритса, АҚШнинг бошқа давлатлардан иҳоталаниш сиёсатининг кучайишига олиб келади. Шунингдек, Хитой, Эрон ва AҚШ учун таҳдид деб ҳисобланган бошқа давлатлар билан муносабатлар ёмонлашиб кетиши мумкин. Бу, шунингдек, турли муҳим халқаро савдо битимларини қайта кўриб чиқилишига ва АҚШнинг баъзи халқаро шартномалардан, масалан, иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Трамп президент этиб сайланса, турли ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши ва унинг сиёсати тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида янада бўлиниш юз бериши ҳам кутилмоқда. Трампнинг солиқларни камайтириш ва тартибга солиш борасидаги иқтисодий ислоҳотлари иқтисодий ўсишни кучайтириши, бироқ тенгсизликнинг ортиши ва илғор одамларнинг норозлигига сабаб бўлиши тахмин қилинмоқда.
Умуман олганда, Камала Харрис ва Доналд Трамп ўртасидаги 2024 йилги пойгага шунчаки икки номзод ўртасидаги кураш эмас, балки Aмерика келажаги учун икки хил қарашларнинг тўқнашуви, деб қараш тўғри бўлади.
Aйни дамда ҳар икки номзодни ҳам етарлича қўллаб-қувватлашаётгани инобатга олинса, сайлов натижаларини олдиндан айтиш қийин. Бироқ, Камала Харрис аёллар, этник озчиликлар ва ёш сайловчилар орасида ўз қўллаб-қувватлаш базасини сақлаб қолса ва кенгайтира олса, Трампни ортда қолдириш имкониятига эга.
Бироқ, яқинда президент Жо Байден, Трамп мағлуб бўлса, ҳокимиятнинг тинч йўл билан транзитига шубҳа билан қарашини таъкидлади. Бундай ҳолатда Трамп ва унинг тарафдорлари сайлов натижаларини тан олмаслиги ва турли тўнашувларга сабаб бўлиши мумкинлиги гумон қилинмоқда.
Демакки, бизни ҳали олдинда жудаям қизиқ сиёсий шоу кутяпти. Зеро 2024 йилги АҚШ президент сайловлари нафақат Aмерика келажагини, балки яқин йиллардаги сиёсий вазиятни ҳам белгилаб берадиган жуда муҳим геосиёсий жараён ҳисобланади.
Абулфайз Сайидасқаров