Электромобиллар “эйфория”си йўқолмоқда

Ўзбекистонда тобора оммалашиб, монополлашиб бораётган бу турдаги машиналардан дунё давлатлари секин-аста воз кечмоқда.

Таҳлил
8 август, 20:11
Электромобиллар “эйфория”си йўқолмоқда
Фотоколлаж: Platina.uz

2000-йилларда бошланган электромобил “васвасаси”, аниқроқ айтганда, “эйфорияси” ўз чўққисига чиқиб, энди пасая бошлаган кўринади. Бунинг сабаблари кўп ва бу фақат электромобилларнинг ноқулайлиги билан боғлиқ эмас. Ҳатто йирик автомобил ишлаб чиқариш компаниялари ҳам аввал электромобиллар асри бошланишини башорат қилиб, яқин 5-10 йил давомида ички ёнув двигателли (ИЁД) транспорт воситаларини ишлаб чиқаришни тўхтатиб, фақат электр транспорт воситаларини (ЭТВ) ишлаб чиқаришини эълон қилган бўлса-да, сўнгги пайтларда бу режаларига тузатиш киритмоқда. 

Масалан, Ford компаниясининг экология учун зарарсиз ва электромобил ишлаб чиқаришга масъул Model E – “яшил” бўлинмаси ижрочи директори Марин Гжажанинг айтишича, Европа автомобил моделлари қатори учун электрлаштириш стратегиясини қайта кўриб чиқишга қарор қилинган. Маълумки, 2021 йилда Ford’нинг Европа бўлинмаси раҳбарияти янги ишлаб чиқариш дастурини эълон қилди. Дастурга кўра, компания 2030 йилгача электромобиллар ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтиши керак эди. Бироқ, вақт кўрсатганидек, ўн йиллик охиригача ИЁД автомобиллардан бутунлай воз кечиш режаси баландпарвоз бўлгани тан олинди. “Саноатдаги барча иштирокчилар буни ўз аччиқ тажрибалари орқали англаб етди”, деган Марин Гжажа.

Хусусан, Ford раҳбарияти Оквиллда (Онтарио, Канада) жойлашган ва 3 млрд доллар сармоя ётқизилган заводда SUV – тўлиқ электр йўлтанламас автомобилларини ишлаб чиқариш режаларини кечиктиришга қарор қилди. Завод Ford Explorer ва Lincoln Aviator электромобиллари ўрнига бензин ва дизел двигателли йирик Super Duty пикапларини ишлаб чиқаради. 

General Motors (GM) концерни раҳбарияти ҳам шундай қарор қабул қилди. 2022 йил бошида дебют қилган Chevrolet Silverado EV электромобилини ишлаб чиқаришни яна (иккинчи марта!) кейинга қолдирди. Аммо бу сафар режа номаълум муддатга ортга сурилган. 

Chevrolet Silverado EV Детройтдаги Орион заводида йиғилиши керак эди, аммо энди бу завод фақат ИЁД моделларни ишлаб чиқарадиган бўлди. 

Жаҳон миқёсида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Шимолий Aмерика автомобил бозори харидорлари на Aмерикадан, на Хитойдан келадиган электромобилларни ҳатто жуда арзон нархда ҳам сотиб олишни хоҳламаяпти. Ҳатто Хитойнинг демпинг ўйинлари ҳам фойда бермаяпти.

(Айтишларича, Хитой ўз ЭТВнинг нархини ҳатто таннархидан ҳам паст нархда дунёга сотиб, бошқа мамлакатларнинг ЭТВ компанияларини синдириб ўйиндан чиқаргач, якка монополияга айланиб, ўзи истаганча нархда сотмоқчи эди. Бунда Хитой автозаводларига компенсация ва субсидия бериш ҳам кўзда тутилган. Бироқ бошқа давлатлар бу “тузоқ”ни пайқаб қолишди шекилли, айрим давлатлар “маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш” баҳонасида Хитой автомобиллари учун чекловлар киритиб, бож тўловларини оширди. – муал.)

Бошқа автомобил компаниялари ортидан, Audi ҳам ишлаб чиқариш дастурини қайта кўриб чиқишни эълон қилди. Aгар аввалроқ Audi матбуот хизмати немис бренди томонидан ишлаб чиқилган охирги ИЁД автомобил 2026 йилда тақдим этилишини, 2033 йилда ИЁД автомобилларини ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатишини режалаштираётганини билдирган бўлса-да, энди режалар ўзгарган. Audi келгуси йилларда дастлабки режадан кўра кўпроқ ИЁД моделларни модернизация қилади ва ишлаб чиқмоқчи. Бундан ташқари, гибрид моделларни ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади. 

Хитойнинг Geely холдинги томонидан сотиб олинган Швециянинг Volvo Cars компанияси ҳам бошқа Ғарб автомобил ишлаб чиқарувчилари ортидан ўзининг "электр автомобил" режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. "Биз фақат ЭТВ билан жон сақлаб қололмаймиз” дея баёнот беришган Volvo’нинг бир қатор дилерлари. 

Audi, Mercedes-Benz, GM, Ford ва бошқа бир қатор Ғарб автомобил компанияларидан кейин Porsche ҳам ЭТВ борасида аввалги умидлари ҳаддан зиёд юқори бўлганини тан олди ва энди ИЁД моделларнинг ишлаш муддатини узайтириш ва модернизациялаш устида ишлашини маълум қилди. 

Бироқ эсга олиш керакки, ЭТВ даври эйфорияси глобал автомобил саноатининг ИЁД транспорт воситаларидан ЭТВга босқичма-босқич, аммо қатъий ўтиши билан бошланган эди. Ушбу ўтиш технологик ютуқлар, атроф-муҳит муаммолари, сиёсат ташаббуслари ва истеъмолчиларнинг хоҳиш-истакларининг ўзгариши оқибатида шаклланган. Қолаверса, яна бир қатор омиллар электромобилларга умиднинг кучайишига олиб келди. 

Технологик ютуқлар

Аввало, шуни айтиш керакки, дунёдаги биринчи ЭТВ бензинда ишлайдиган автомобиллардан анча олдин пайдо бўлган. Илк экспериментал прототиплар Венгрия, Нидерландия ва Британияда 1830-йиллардаёқ ясалган эди. 1890-йилларда америкалик ихтирочи Уилям Моррисон яратган автомобил амалда фойдаланиш мумкин бўлган илк ЭТВ ҳисобланади.

Деярли 300 йиллик тарихга эга бу ғоя ИЁД каби тез ривожланмаса-да, мунтазам ва изчил тараққиёт йўлини босиб ўтди. ЭТВнинг ривожланишига туртки бўлган асосий омиллардан бири – аккумулятор технологиясини такомиллаштириш бўлди. Дастлаб мобил қурилмаларда қўлланилган литий-ион батареялар автомобилларда фойдаланиш учун мослаштирилди ва сезиларли даражада яхшиланди. Ушбу аккумуляторлар янада сиғимли, ихчам ва бардошли бўлиб, ЭТВни омма учун амалий ва арзонроқ қилиш имконини берди. Қувватлаш станциялари инфратузилмасини ривожлантириш муҳим жиҳат бўлди. Бу ЭТВ эгаларига ўз автомобилларини нафақат уйда, балки йўлда ҳам қувватлантириш каби қулайликни тақдим этди. 

Экологик эҳтиёж

Энергия инқирози, нефт нархининг ошиши ва ИЁДдан CО2 ва бошқа зарарли моддаларнинг ҳавога ва тупроққа чиқарилиши натижасида юзага келадиган экологик муаммолардан хабардорлик муқобил энергия манбаларига қизиқишни оширди. Экологик ҳаракатлар ва олимлар анъанавий автомобилларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини тобора кўпроқ таъкидлаб, бажариш оғир эмиссия қоидалари ва стандартлари пайдо бўлишига туртки бўлмоқда. Сиёсатчилар ва ҳукуматлар, айниқса, Европа ва Хитойда яшил энергия ғояларини фаол равишда илгари суриш ва субсидиялар, солиқ имтиёзлари ва ИЁДларига чекловлар орқали ЭТВга ўтишни рағбатлантиришга киришдилар.

Aвтомобил ишлаб чиқарувчиларнинг роли

Етакчи автомобил ишлаб чиқарувчилар ва стартаплар кейинги эйфорияда муҳим рол ўйнади. Tesla ЭТВларни оммавий ишлаб чиқариш ва оммалаштиришда пешқадам бўлди. Компания ЭТВлар нафақат экологик тоза, балки замонавий, юқори унумдорликка эга ва инновацион бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Tesla’дан кейин Nissan, General Motors, Volkswagen каби гигантлар ҳам ўз электромобилларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришга сармоя кирита бошлади. Буни нафақат стратегик зарурат, балки ўз имижини яхшилаш ва янги мижозларни қозониш имконияти сифатида ҳам кўрди.

Истеъмолчиларнинг таъблари ўзгариши

Ҳар йили тобора кўпроқ истеъмолчилар ўз автомобилларини ИЁДдан электр двигателига ўзгартириш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу нафақат экологик, балки иқтисодий масалаларга ҳам боғлиқ эди. Батарея нархининг пастлиги, узоқроқ масофаларга сафар қилиш имконияти ва кўпроқ қувватлаш станциялари ЭТВни янада арзонроқ қилди. Бундан ташқари, уларнинг операцион харажатлари (техник хизмат кўрсатиш, қувватлаш) анъанавий автомобилларга нисбатан сезиларли даражада паст эди.

Сиёсат ва иқтисод

Бир қатор мамлакатларнинг ҳукуматлари келажакда ИЁД транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ва сотишга тақиқ ва чекловлар жорий қила бошлади, бу эса электромобиллар бозорининг ривожланиши учун қўшимча рағбат яратди. Масалан, Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари учун ЭТВ ишлаб чиқариш квоталарини белгилаб, ички бозорни рағбатлантирди ва нефтга қарамликни камайтирди. Европа давлатлари қатъий эмиссия стандартларини жорий этди ва ИЁД бўлган автомобилларни босқичма-босқич бекор қилиш режаларини ишлаб чиқишни бошлади.

Оммавий эйфория

Бу омилларнинг барчаси биргаликда 2020-йилларнинг бошларида дунё "ЭТВ даври" деб аталадиган даврга қадам босишига олиб келди. Электр автомобиллари энди экзотик ёки ўзига хос маҳсулот эмас – улар оммавий ҳодисага айланди. ЭТВлар барқарорлик, инновациялар ва иқтисодий манфаатлар марказий рол ўйнайдиган янги даврнинг рамзи бўлди. ЭТВлар атрофидаги эйфория глобал ифлосланиш ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадиган тоза ва барқарор келажакка умид қилишдан келиб чиқди. 

“Олимп” чўққисидан қулашнинг бошланиши

Бироқ охирги пайтларда ЭТВ машҳурлик ва жозибадорлигини йўқотмоқда. Ўтган йигирма йил ичида улар углерод чиқиндилари ва қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик каби муаммоларга ечим таклиф қилишди. Бироқ, дастлабки шов-шувга қарамай, бироз ўтиб, кўплаб мутахассислар электромобиллар даври тугаши ҳақида гапира бошладилар. Улар ЭТВларнинг ИЁД автомбилларидан афзал эмаслигини таъкидлаб, уларнинг айрим камчиликларига урғу беришмоқда.

Иқтисодий самарасизлик

ЭТВлардан умидсизликка тушишнинг асосий сабабларидан бири – уларнинг юқори нархидир. Тадқиқотларга кўра, электр автомобил ишлаб чиқариш ИЁДга эга, шунга ўхшаш автомобилга қараганда 45 фоиз қимматга тушади. Бу фарқнинг катта қисми батарея ишлаб чиқариш улушига тўғри келади. Мисол учун, Tesla’нинг С модели учун аккумулятор тахминан 15-20 минг доллар туради, бу бутун автомобил нархининг ярмидан кўпини ташкил этади. Технологиядаги ютуқлар ва ишлаб чиқаришнинг кўпайишига қарамай, батареялар нархи ЭТВнинг нархини ИЁД автомобиллари билан рақобатбардош қилиш учун етарлича тез пасаймаяпти.

Бундан ташқари, ЭТВнинг операцион харажатлари ҳам кутилганидан юқори. Электр энергияси бензинга қараганда арзонроқ бўлса-да, қиммат батареяларни алмаштириш ва мураккаб бошқарув тизимлари туфайли ЭТВга техник хизмат кўрсатиш харажатлари юқори бўлиши мумкин. Батареянинг ўртача ишлаш муддати, уни алмаштириш керак бўлгунга қадар тахминан 8-10 йилга тенг. Янги аккумуляторнинг нархи автомобил нархининг 50% гача бўлиши мумкин, бу эса узоқ муддатли истиқболда электромобилларни камроқ жозибадор қилади.

Чекланган масофа ва инфратузилма

ЭТВ соҳиблари дуч келадиган иккинчи жиддий муаммо – бу бир зарядда чекланган диапазон ва қувватлаш станцияларининг етарли даражада ривожланмаган инфратузилмаси ҳисобланади. Электромобиллар бир марта қувватланганда тахминан 300-400 километр масофани босиб ўта олади. Лекин бу мунтазам ва узоқ қувватлаш учун тўхташларсиз узоқ сафар қилишга етарли эмас. 

ИЁДга эга автомобиллар эса бензин тўлатилган бак билан 600 километрдан ортиқ масофани бемалол босиб ўта олади, ёнилғи қуйиш жараёни учун эса бир неча дақиқа кифоя бўлади.

Қувватлаш инфратузилмаси ҳам асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Дунёнинг аксарият мамлакатларида қувватлаш станцияларининг сони анъанавий ёқилғи қуйиш шохобчалари миқдоридан анча кам. Мисол учун, AҚШда ҳар бир қувватлаш станциясига 25 га яқин ёқилғи қуйиш шохобчалари тўғри келади, бу эса ЭТВ эгалари учун анча ноқулайлик туғдиради. Баъзи ҳудудларда қувватлаш станцияларига кириш чекланган бўлиши ҳам мумкин.

Экологик нотўғри тушунчалар

Бир вақтлар ЭТВларга ИЁД ўрнига экологик тоза муқобил вариант сифатида қаралган. Бироқ ЭТВни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг ўсиши билан бирга улар қанчалик экологик тоза эканлиги ҳақида саволлар пайдо бўлди. ЭТВ учун аккумуляторларни ишлаб чиқариш катта ресурсларни, жумладан, литий, кобалт ва никел каби ноёб қазилма металларини талаб қилади. Ушбу металларни қазиб олиш жиддий экологик ва ижтимоий оқибатларга олиб келади. Экотизимлар ва маҳаллий жамоалар ҳуқуқларининг бузилиши шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ЭТВни ишлаб чиқариш юқори CО– карбонат ангидрид чиқиндилари билан боғлиқ. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, электр автомобил ишлаб чиқариш жараёни ИЁД автомобил ишлаб чиқаришга қараганда 50% кўпроқ CО2 чиқариши мумкин. Бу батареялар ва бошқа электр автомобил компонентларини ишлаб чиқариш учун юқори энергия харажатлари билан боғлиқ. Натижада, ЭТВнинг экологияга умумий таъсири авваллари ўйлашганидек унчалик паст эмас.

ЭТВнинг ишлаш экологияси уларни қувватлаш учун ишлатиладиган электр энергияси манбасига боғлиқлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Электр энергиясининг катта қисми кўмир ёки газ электр станцияларидан ишлаб чиқариладиган мамлакатларда ЭТВдан фойдаланиш нафақат CОчиқиндиларини камайтирмайди, балки оширади ҳам. Бундай шароитда ИЁД автомобиллар, айниқса, замонавий чиқинди газларни тозалаш тизимлари билан жиҳозланган бўлса, ЭТВлардан тозароқ бўлиши мумкин.

Технологик чекловлар

ЭТВ ҳам бир қатор технологик чекловларга эга. Улардан бири - қувватлаш вақтидир. Ҳатто энг замонавий, тез қувватлаш станцияларида ҳам ЭТВни тўлиқ қувватлаш 30 дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Бу бир неча дақиқада ёнилғи қуйиш мумкин бўлган ИЁД автомобил билан солиштирганда ЭТВдан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада чеклайди.

Бундан ташқари, ЭТВ паст ҳароратли муҳитда сезиларли самарадорлигини йўқотади. Совуқ ҳавода батарея қуввати 20-30% га камайиши мумкин, бу эса ҳар бир заряд оралиғини камайтиради ва тез-тез қувватлашни талаб қилади. Бу ЭТВнинг қиши қаттиқ бўлган ҳудудлар учун жозибадорлигини пасайтиради. 

Ишлатилган батареяларни утилизация – йўқ қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳам жуда оғриқли. Ҳозирги вақтда аккумуляторларни қайта ишлаш тизимлари етарли даражада ишлаб чиқилмаган, бу эса жиддий экологик таҳдидларни келтириб чиқаради. Натижада, кўп миқдорда ишлатилган батареялар чиқиндихоналарга тушиб, заҳарли моддалари билан атроф-муҳитни ифлослантиради. Батарея учун зарур нодир метал ва моддаларни қазиб олиш табиатга қанчалик зарар етказаётгани эса алоҳида мавзу.

Ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар

Aвтомобил саноати кўплаб мамлакатлар иқтисодиётида асосий рол ўйнайди ва ЭТВга ўтиш жиддий ижтимоий бузилишларга олиб келиши мумкин. ЭТВни ишлаб чиқариш ИЁД автомобилларини ишлаб чиқаришдан кўра камроқ иш ўринларини талаб қилади, бу эса автомобил ва тегишли соҳаларда ишдан бўшатиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ЭТВ ишчилардан янги кўникма ва малакаларни талаб қилади, бу эса қайта тайёрлаш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариш эҳтимолини оширади. Германия, Япония ва AҚШ каби автомобилсозлик саноати ривожланган мамлакатларда ёппасига ЭТВга ўтиш иқтисодий йўқотишларга ва ижтимоий кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ЭТВ ҳали ҳам аҳолининг катта қисми учун қўл етмас орзу бўлиб қолмоқда. ЭТВнинг қимматлиги уларни бойлар қатлами учун хос қилади. ИЁД автомобиллари эса ўрта синф ва кам даромадли одамлар учун қулай вариант бўлиб қолмоқда. Бундай вазият ижтимоий тенгсизликни кучайтириши ва жамиятнинг янада табақаланишига олиб келиши мумкин.

ИЁД автомобилларининг афзалликлари

ИЁД автомобиллар, уларнинг камчиликларига қарамай, ЭТВга нисбатан бир қатор афзалликларини сақлаб қолмоқда. 

Aввало, улар катта автономияга ва фойдаланиш қулайлигига эга. ИЁД транспорт воситасини ёнилғи билан тўлдириш бир неча дақиқа вақтни олади ва деярли ҳамма жойда амалга оширилиши мумкин. ЭТВни қувватлаш эса анча вақтни ва қувватлаш станциясини талаб қилади.

Бундан ташқари, ИЁД автомобиллар янада ривожланган ва қулай инфратузилмага эга. Ёқилғи қуйиш шохобчалари деярли ҳамма жойда мавжуд, бу эса ИЁД машиналардан фойдаланишни қулайроқ кўрсатади. 

Бунинг устига, ИЁД автомобиллар узоқроқ хизмат қилади ва арзонроқ техник хизмат кўрсатишни талаб қилади. Замонавий ИЁД анча ишончли ва ўнлаб йиллар хизмат қилиши мумкин. ЭТВ эса батареяларни мунтазам равишда алмаштириш ва мураккаб техник хизмат кўрсатишни талаб қилади.

“Яна нефт магнатларини бой қиламизми?”

Кўриб турганингиздек, ЭТВларнинг ИЁДларга қарши навбатдаги “уруши” ҳам муваффақиятсиз якунланиши мумкин. Айрим конспирологик қарашларга кўра, нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш компаниялари ҳеч қачон ЭТВларга бозорни буткул эгаллашига йўл қўймайди. Акс ҳолда ёқилғи бизнесига путур етишидан қўрқишади. Шу боис, “ЭТВларга ўтишни тезлаштириш шарт, бўлмаса яна нефт магнатларини бой қилаверамиз” деган шиорлар ҳамон янграб туради. 

Бироқ теран таҳлиллар ва мавжуд вазият ЭТВлар ҳали мукаммалликдан йироқлигини, ИЁДларни бутунлай сиқиб чиқара олмаслигини кўрсатмоқда. Юқори ишлаб чиқариш ва фойдаланиш харажатлари, чекланган диапазон ва ёмон инфратузилма, атроф-муҳит муаммолари ва технологик чекловлар ЭТВга ишончни ва уларнинг жозибадорлигини пасайтириши табиий. ИЁД автомобиллари эса, қатор камчиликларига қарамай, ҳамон муҳим афзалликларни сақлаб, кўпчилик истеъмолчилар учун жозибалироқ танлов бўлиб қоляпти.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+