platina.uz

Жаҳондаги эпидемиологик вазият

Айни пайтда дунёнинг турли чеккаларида у ёки бу хавфли касалликлар бош кўтариб қолмоқда. Иқлим ўзгаришлари, ҳаёт шароити ва тиббий хизмат сифатининг ёмонлашуви бунга сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳон
4 август, 14:25
Жаҳондаги эпидемиологик вазият
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўрта асрларда тарқалиб ўнлаб миллион аҳолининг умрига зомин бўлган вабо ва ўлат эпидемиялари сал унутилганида, 2020 йилда Covid-19 хасталиги пандемияси жаҳон ҳамжамиятини ларзага солган эди. Кейинчалик вакциналар ҳамда коллектив иммунитет ёрдамида SARS-CoV-2 қўзғатувчиси сабаб бўлган бу хасталик жиловланган эса-да, ҳамон у билан оғриш ва вафот этиш ҳолатлари учраб турибди. Қолаверса, айни пайтда дунёнинг турли чеккаларида у ёки бу хавфли касалликлар бош кўтариб қолаётганига гувоҳмиз. Иқлим ўзгаришлари, ҳаёт шароити ҳамда тиббий хизмат сифатининг ёмонлашуви бунинг асосий сабабчилари бўлиши мумкин.

Коронавирус (SARS-CoV-2)

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, коронавирус биринчи бор қайд этилган 2019 йил 17 ноябрдан бошлаб, 2024 йил 23 май ҳолатига қарийб 776 миллион киши бу хасталик билан оғриди ва уларнинг 7 миллион 47 минг кишидан зиёди вафот этди.

Бироқ The Economist нашри ўтказган суриштирув ва таҳлил натижаларига кўра, 2024 йил 5 прелгача дунё бўйлаб ковиддан ўлганларнинг миқдори 18,5-35,2 млн атрофида.

Айни пайтга келиб эса жаҳонда коронавируснинг FliRT гуруҳига оид штаммлари тарқалмоқда. Улар Европанинг 14 та давлати ва Исроилда аниқланган. Бу штаммлар коронавирус билан набатдаги хасталик тўлқинларини вужудга келтириши мумкин. Бу хасталикни юқтирганлар сони ортиб бормоқда.

Вабо (Vibriocholerae бактерияси)

Лагос штати ҳукумати вабо авж олгани гумон қилинган вазият натижасида беш кишининг 48 соат ичида вафот этганидан сўнг ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик чораларини кучайтиришга чақирди. Эти Оса, Лагос ороли, Икороду ва Кософе аҳоли пунктларида яшовчи жамоаларда оғир гастроэнтерит (ошқозон ва ингичка ичакнинг ўткир яллиғланиши) ҳолатлари қайд этилган. Касалликнинг авж олиши натижасида 60 га яқин одам касалхонага ётқизилган. Асосан, кучли сувсизланган ва касалхонага жуда кеч келтирилган беморлар вафот этган.

Сўнгги ёмғирлардан кейин Лагос штатида қусиш ва ич кетиш аломатлари билан боғлиқ шикоятлар кўпайган. Вабо юқиши мумкин бўлган вазият, айниқса, санитария шароитлари ёмон шаҳарларнинг одамлар гавжум, қашшоқ ва хароба бошпаналар кўп ҳудудларида хавфли тус олган.

Маймунчечак (MPOX)

Жанубий Aфрика Республикасида маймунчечак билан касалланган одам вафот этди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Жо Паахла маълум қилган.

ЖАРда лаборатория томонидан тасдиқланган бешта ҳолат ва битта ўлим ҳолати ҳақида хабар берилган, деди у. Барча беморлар 30-39 ёшдаги эркаклар бўлган. Шуниси ғалатики, уларнинг ҳеч бири айни даврда маймунчечак авж олган мамлакатларга ташриф буюрмаган.

Сибир яраси

Озарбайжоннинг Загатали туманида 3 киши “Сибир яраси” – Bacillus anthracis бактерияси қўзғатадиган хасталик ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

АҚШ нинг Техас штатида эса ранчо эгаси ушбу хасталикни юқтирган. У ҳовлида ўлиб қолган бузоқни сўйиб, уни қовурган ва 10 нафар дўстини меҳмон қилган. Қолганларга хасталик юқмаган. Ранчо соҳиби бузоқни ўзи сўйиб, нимталагани боис касаллик юқтирган бўлиши мумкин.

Денге иситмаси

Эронда 93 киши Денге иситмаси вирусини юқтирган. Уларнинг 3 нафари вафот этган. Хўрмўзгон, Сиистон ва Белужистон, Бушер, Форс, Гилян, Мозандарон ва Гулистон вилоятларида ҳамон ушбу хасталикни юқтириш хавфи мавжуд.

Ғарбий Нил иситмаси

Исроилда сирли хасталик – ғарбий Нил истимаси билан оғриганлар сони 42 кишига етди, улардан 3 нафари вафот этган.

Бу иситма ҳашаротларнинг чақиши орқали юқади, лекин хаста инсон бошқа одамларга бу касалликни юқтирмайди. Ғарбий Нил иситмаси 20 фоиз беморларда турли оғирликда иситмалаш, чарчоқ, бош оғриши каби белгилар билан кечади. Атиги 1 фоиз беморда жиддий неврологик асоратлар кузатилиши мумкин.

Буйрак синдроми мавжуд геморрагик иситма (БСГИ)

Швеция жанубида 2 киши ушбу касалликка чалингани хабар қилинди. Икки бемор ҳам вирусни уйида юқтирган. Умуман, Швецияда ҳар йили 100-450 кишида мазкур синдром қайд этилади. (Қайд этиш жоиз, хасталиклар номидаги “геморрагик” сўзи қон кетиши билан бирга кузатиладиган белгиларни англатади).

Вирус асосан Скандинавияда, хусусан, Финляндияда бош кўтариб туради. Шунингдек, баъзан Шимолий Европа, Полша ва Россияда ҳам учрайди. БСГИнинг асосий белгилари – иситма, умумий ҳолсизлик, бурундан қон кетиши ва буйракларнинг ишдан чиқишидан иборат. Олимлар бу хасталик тарқалиш ҳудуди йил сайин кенгайиб бораётганидан хавотирга тушмоқда.

Конго-қрим геморрагик иситмаси (КҚГИ)

Россияда кана чақиши орқали юқадиган КҚГИ синдромига чалиниш ҳолатлари яна кўпаймоқда. Боиси, ҳарорат целсий бўйича 10 даражадан юқорилаганда, яъни асосан баҳор ва ёз фаслларида бу каналар фаоллашиб қолади. Дам олишга ёки қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачилик фаолияти боис ўтлоқ ҳамда ўрмонларга чиққан одамларни кана чақади ва унинг сўлагидаги инфекция одам организмига ўтади. Мавсум бошидан бери Россияда 128 киши шундай шикоят билан тез тиббий ёрдам бўлимларига мурожаат қилган.

Дарров чора кўрилмаса, КҚГИ ўлим билан якунланади. Яқинда Доғистондаги Қизилюрт марказий шифохонасида бир бемор ушбу хасталик оқибатида вафот этди. Илк тахминларга кўра, у касалликни кана чақиши оқибатида юқтирган.

Конго-қрим геморрагик иситмаси – ўткир юқумли касаллик бўлиб, бадан ҳароратининг кўтарилиб кетиши, умумий организм заҳарланиши, тери ва ички аъзоларга қон қуйилиши билан кечади. Бу касаллик ўз вақтида даволанмаса, ўлим билан якунланиши мумкин.

Парранда гриппи(A(H5N2)

Ўтган ойда Мексикада парранда гриппи A(H5N2) билан касаллиниш ҳолатлари қайд этилди. Бир бемор вафот этган. Бу дунёда биринчи лаборатория воситасида тасдиқланган касалланиш ҳолати ҳисобланади.

Ҳиндистонда эса иккинчи ҳолат кузатилди: Ғарбий Бенгалияда яшовчи 4 яшар болада A(H5N2) вируси аниқланган. Биринчи ҳолат 2019 йилда – Калкуттадан Австралияга учиб кетаётган болада кузатилган эди.

Оропуш иситмаси (OROV)

Бразилияда икки нафар қиз Оропуш иситмаси вирусидан вафот этди. Бу тарихда Оропушдан ўлган илк қурбонлар ҳисобланади. Икки қиз ҳам 30 ёшдан кичик бўлган ва Баия штатида яшаган.

Умуман олганда, 2024 йилда Бразилиянинг 20 та штатида 7236 киши мазкур хасталикка чалинган. Бироқ касалликнинг ўлим билан якунланиши нафақат Бразилия, балки дунё бўйича ҳам биринчи марта рўй бериши ҳисобланади.

Оропуш инфекциясини асосан оқмас сув ҳавзалари ва ботқоқликларга тухум қўйиб кўпаядиган безгакпашшалар (Culicoides paraensis) тарқатади. Касалланиш ҳолатлари ҳам кўпинча шундай ҳавзалар яқинида яшовчиларда кузатилади.

Нипах вируси (Nipah henipavirus)

Ҳиндистонда Нипаҳ вирусидан бир киши вафот этди. Мазкур вирус бош мия яллиғланиши (энцефалит) ва респиратор синдромларга сабаб бўлади.

Ушбу инфекцияни Pteropodidae кўршапалаклари тарқатади. Улар одамни, уй ҳайвонлари ва меваларни тишлаши оқибатида сўлак орқали вирусни ўтказади. Вирус, шунингдек, одамдан одамга ҳам ўтиши мумкин. Шу боис беморлар билан мулоқотда эҳтиёт чоралари кўрилиши лозим.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Нипаҳ инфекциясининг олдини олиш учун вакцина ва уни даволаш учун дори йўқлигини таъкидлаган.

Чандипура вируси (Chandipura vesiculovirus)

Мунтазам антисанитария вазияти билан дунёга танилган Ҳиндистонда Чандипура вирусидан одамлар ўлиши кўпайган. Мазкур вирус чивинлар орқали юқади ва касаллик асосан 15 ёшгача бўлган болаларга таъсир қилади. Ҳиндистоннинг Гужарат штатида Чандипура вируси чақирадиган ўткир энцефалитга чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Гужарат штатининг Соғлиқни сақлаш департаменти 21 июл куни вируснинг 13 та янги тахминий ҳолати ва 5 та ўлим ҳақида хабар берди. Мазкур сана ҳолатига Чандипура вирусини юқтирганлар сони 84 кишига етган. Уларнинг 32 нафари вафот этган.

Листериоз (Listeria monocytogenes)

АҚШ ва Канадада эса хавфли ва кам учрайдиган листериоз касаллигидан одамлар ўлмоқда. Аввалроқ, 17 май куни Москвада ҳам бир киши бу хасталикдан вафот этгани маълум қилинган эди. У денгиз маҳсулотларидан заҳарланган.

АҚШда 20 июл ҳолатига листериоз тарқалиши 12 штатни қамраб олган, 2 киши ўлган, 28 киши шифохонага ётқизилган. Беморлар инфекцияни озиқ-овқат дўконларидан сотиб олинган гўшт ва колбаса маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали юқтиришган.

Листериоз – Listeria monocytogenes бактерияси табиатда кенг тарқалган. Улар сув, тупроқ, ўсимлик ҳамда айрим ҳайвонлар ахлатида учрайди ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушиб қолиши мумкин.

Листериоз иммун тизими паст, сурункали хасталиклардан азоб чекаётган беморлар, кексалар ва чақалоқларда айниқса оғир кечади. Бу хасталикни юқтирганларнинг 20-30 фоизи вафот этади. Беморлар юқори тана ҳарорати, миалгия (мушакларнинг қақшаб оғриши), септицемия (яллиғланиш ва заҳарланиш) ва менингитдан азоб чекишади.

Иммун тизимини мустаҳкамланг!

Юқоридаги ҳолатларга чалинмаслик учун санитария ва гигиена табаларига риоя этиш, беморлар ва касаллик тарқалиш эҳтимоли юқори ҳудудлар билан контакт қилмаслик, касалликнинг илк белгилари намоён бўлгани заҳоти шифокорларга мурожаат қилиш муҳим албатта. Аммо ппрофилактика, хасталикнинг олдини олиш ва эмлаш масалаларини ҳам назардан соқит қилмаслик лозим. Зеро, касаллик даволангани билан, у асоратлар қолдириши, саломатлик билан билан боғлиқ бошқа муаммоларга ҳам йўл очиб бериши мукин.

Энг муҳими, инсоннинг иммун тизими маромида ишласа, ҳеч қандай хасталик инсонга хавф туғдира олмайди. Соғлом ва иммунитети яхши организм хасталикни ўзи енга олади. Иммунитет кучли бўлиши учун эса соғлом ҳаёт тарзи ва соғлом овқатланиш, ухлаш ва меҳнат қилиш тартибига риоя этиш лозим.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+