Лаборатория синовида 8 маҳсулот амалдаги ҳужжатларга номувофиқ дея топилди
Рақобат қўмитаси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Тошкентдаги савдо шохобчаларида назорат тадбири ўтказди ва 9 маҳсулотни текширди.
Рақобат қўмитаси ўтказган назорат харидида 8 маҳсулот амалдаги ҳужжатларга номувофиқ деб топилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда бошланган янги лойиҳага асосан назорат хариди ташкил этилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад сифатсиз маҳсулотлардан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, истеъмолга яроқсиз ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар айланмасининг олдини олишдир, дейилади хабарда.
Назорат хариди учун Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, аккредитaциядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилди.
Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий “Referens” ва “Texnostandart–NEO” МЧЖ ҳузуридаги аккредитациядан ўтган лабораториялар хулосаларини берди. Синов натижаларида 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси яъни уларнинг 88 фоизи амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги маълум бўлди.
Жумладан, техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёриқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегиишли эканлиги аниқланди:
1. “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти - ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;
2. “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;
3. “BIO KEFIR” кефир – ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;
4. “Qand” маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;
5. “Черноголовка” газланган салқинлантирувчи ичимлик - ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;
6. “Urussa” кунгабоқар ёғи - ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;
7. “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти - ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;
8. “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарвчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
1-моддасига мувофиқ, товарнинг нуқсони - товарнинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товарнинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;
13-моддасига мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш белгиланган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.06.2021 йилдаги ПФ-6240-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 июлдаги 490-сонли қарори билан тасдиқланган Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентининг 90-бандига асосан, назоратни амалга оширувчи давлат органлари Техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган тамғаланган озиқ-овқат маҳсулотлари муомалага чиқарилишининг олдини олиш, шунингдек бундай маҳсулотларни бозорда муомаладан олиб қўйиш учун барча чораларни кўриши шартлиги белгилаган.
Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.