“Навоийазот”нинг Рақобат қўмитаси устидан шикояти рад этилди
Корхона минерал ўғитларни назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслиги оқибатида жами 20,5 млрд сўм асоссиз даромад олгани айтилган.
Суд “Навоийазот”нинг Рақобат қўмитаси устидан қилган шикоятини рад этди.
Рақобат қўмитаси қарорининг қонунийлиги Суд тартибида кўриб чиқилган.
Қўмита томонидан “Навоийазот” АЖга нисбатан минерал ўғитларни биржа орқали реализация қилишда манипуляция ҳолатларини содир этганлиги бўйича иш қўзғатилиб, Рақобат қонунчилиги талаблари бузилган деб топилганлиги ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берилганлиги тўғрисида хабар берилган эди.
Қўмита томонидан минерал ўғитлар бозорида устун мавқега эга бўлган "Навоийазот" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар биржа савдолари орқали реализация қилинишида нарх манипуляциялари ҳолатлари аниқланган.
2021-2023 йилларда минерал ўғит, поливинилхлорид ва формалин маҳсулотларини тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслиги оқибатида жами 20,5 млрд сўм асоссиз даромад олинган.
“Навоийазот” АЖ томонидан мазкур қарор ва кўрсатма устидан Тошкент туманлараро маъмурий судига шикоят қилинган бўлиб, мазкур қарор ва кўрсатмани ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 23 июлдаги ҳал қилув қарори билан “Навоийазот” АЖнинг шикояти рад этилди.