Популизм, “ўнгу сўллар” ва сайловлар
Популист атайлаб одамларнинг туйғулари ва инстинктларига таъсир қилади, онги юқори бўлмаган кенг ижтимоий қатламнинг истакларини қондиришга уринади.
Демократия ажойиб нарса. Халқ ва кўпчилик аҳоли давлатни сайлов-овоз бериш орқали бошқаргани яхши, албатта. Бироқ улар ҳам қайсидир номзодга овоз беради. Номзодларнинг ҳаммаси ҳар томонлама тўкис, давлат ва иқтисодиёт бошқарувини яхши тушунадиган мутахассислар бўлмайди. Бироқ, британиялик сиёсатчи Уинстон Черчиллга нисбат бериладиган бир нақлда айтилгандек, “демократия – бошқарувнинг энг ёмон шакли, лекин у инсоният синаб кўрган бошқа усуллардан яхшироқ”.
Ҳокимият тепасига етиб келганларнинг муваффақият қиссалари турлича бўлади. Бироқ халқ номзодлар орасидан биттасини танлаётганида, уларнинг ақлий салоҳияти ва қобилиятларини, қолаверса, тажриба ва режаларини таҳлил қилиб, кейин тарози палласини босган номзодга овоз беради, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Кўпинча сайловчилар номзодларнинг обрўси, машҳурлиги, аввалги қилмишлари ва ҳиссиёт уйғотган жиҳатлари таъсирида унга овоз беради.
Бирор-бир давлатда, айтайлик, америкаликларнинг ҳиссиётга берилишини турли воқеалар ва янгиликлар биржа савдоларига қандай таъсир қилишида ҳам кўриш мумкин. Ҳар қандай ҳаяжонли ўзгариш, воқеа ва шов-шувлар биржадаги нархларнинг зудлик билан кўтарилишига ёки пасайишига, ҳатто инқирозларга сабаб бўлади.
АҚШдаги президентлик сайловлари борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ерда собиқ актёр ва қўшиқчилар ҳам, машҳурлиги боис, АҚШ президенти бўла олади. (Бу ерда ҳокимият вертикали шундай тузилганки, ҳатто президент бўлмаса-да, давлат машинаси ишлайверади. Чунки ҳамма мурватлар созланган, тизим самарали ташкил этилган).
Президентлик сайловларида одамлар номзоднинг ташқи кўриниши, хатти-ҳаракатлари, гапларига қараб ўзига керакли одамни танлайди. Масалан, шу пайтгача бирорта кал одам АҚШ президенти этиб сайланмаган. Аёллар ҳам ҳали бу юксак лавозимга ўтирмаган. Қора танлилар орасидан фақат Барак Обама бир марта президент этиб сайланган.
Популизм – сиёсат каби қадимий ғоя
Икки минг йил аввал римлик ҳажвчи шоир Ювенал “Халққа нон ва томоша беринг, шунда ҳеч қачон исён кўтаришмайди”, деб ёзган эди. Бу нақл сиёсий популизмнинг қадим-қадимдан сиёсатчиларнинг ажралмас ҳамроҳи бўлиб келганини англатади. Зеро ўша даврларда Римда ташкил этиладиган, ойлаб давом этадиган гладиаторлар жанглари турнирлари, кўчаларда текин нон тарқатишлар ҳақиқатан ҳам тарихий факт. Император ва бошқа раҳбарлар шу йўл билан обрўларини ошириш ва халқ меҳрини қозонишга уринишган.
Бир йилда бир марта 20-30 кишига нон тарқатиб, “мана императоримиз бутун халқни (!) текин нон билан таъминлаяптилар” деган миш-мишлар тарқатиш ҳозир сал бошқачароқ усулда амалга оширилади. Бирор амалдор ёки депутат видеокамералар ҳамроҳлигида риё учун кўча айланганида, йўлидан “тасодифан” чиқиб қолган фуқарога “тила тилагингни” дейиши ёки бирор нарсани инъом қилиб юбориши, ёхуд бирор депутатнинг қандайдир утопик талаб билан мурожаат қилиб, ваъдалар бериб, халққа яхши кўринишга уриниш усуллари ҳозир ҳам учраб туради.
Чунки популизм (лотинча populus – халқ) – кенг оммани ўзига жалб этиш мақсадида уларга долзарб ижтимоий муаммоларни тез ва осон ҳал этишни ваъда қиладиган сиёсат ҳисобланади.
Популизм замирида у ёки бу сиёсий кучнинг омма ишончи ва қўллаб-қувватлашини қозониш, халқни рози қилишга уриниш истаги ётади. Шу билан бирга, популист сиёсатчиларнинг ҳақиқий мақсадлари (ҳокимият тепасига чиқиб олиш, халқ ҳисобидан бойиб кетиш ва ҳоказолар) ижтимоий жозибали ғоялар ортида яширинган бўлади одатда. Масалан, Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам мухолифатчи сиёсатчи сифатида кўплаб популистик ваъдалар берган. У 90-йилларда “мункиллаб қолган кекса сиёсатчилар асри тугади” деганди. Яъни у 70-80 яшар коммунист чолларнинг то ўлгунича СССРни бошқарганини танқид қилган. Бироқ, ҳозир 70 ёшга кирган Лукашенконинг ўзи конституцияни бузган ҳолда 1994 йилдан бери Беларуснинг ўзгармас президенти бўлиб келмоқда ва ўлгунича шу курсида қолиш эҳтимоли мавжуд.
Популистлар кўпинча ўз риторикасида оддий одамларнинг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларига урғу беришга уринади. 1980-йиллардан буён кўплаб популизм тадқиқотчилари уни битта эмас, балки бир нечта мафкураларга хизмат қила оладиган риторика услуби сифатида кўришган.
Кўпгина популистлар ўзларини маълум бир минтақалар ёки маълум ижтимоий гуруҳларнинг ҳимоячиси сифатида кўрсатади. Масалан, ишчилар, аёллар, шаҳарликлар, қишлоқ аҳолиси, айрим саноат ишчилари ва бошқалар. Риторикада популистлар кўпинча дихотомиядан фойдаланади. Яъни "ёки-ёки" тамойили, "учинчи вариант йўқ" деган тушунчада фойдаланади. Масалан, “эшик қурамизми ёки дераза” деб сўрайди. “Ҳозир шу нарсаларни қуриш шартми?”, деган фикрга йўл қўйилмайди.
Популистлар кўпинча аксарият аҳоли манфаатларини ифода этишини даъво қилади.
Ўнг, сўл ва марказий сиёсий қарашлар
Қўллаб-қувватлайдиган мафкурасига, асосий сиёсий йўналишларига қараб, ўнг ва сўл популистларни фарқлаш мумкин. Бундан аввал эса сиёсатда “ўнг” ва “сўл” тушунчалари нималигини тушуниб олиш талаб этилади.
Маълумки, 1790-йилларда Францияда Буюк француз инқилоби бошланди. Инқилоб эски сиёсий-иқтисодий тузум ва тартиботни ағдариб ташлади. Инқилоб аввалида Миллий кенгаш мажлиси ўтаётган бинода асосан 3 та сиёсий оқим тарафдорлари ғуж бўлиб ўтиришган:
Ўнг тарафда фелянлар – конституцион монархия тарафдорлари ўтирган. (Конституцион монархия – қирол ҳокимиятини, унинг ваколатларини конституция билан чеклаган ҳолда сақлаб қолиш усули бўлиб, ҳозирги Буюк Британиядаги тузум шундай монархиянинг ёрқин мисолидир. – таҳр.)
Марказда жирондистлар – мўътадил республика тарафдорлари, чап томонда эса якобинчилар – радикал (кескин) ўзгаришларнинг тарафдорлари ўтиришган. Кейинчалик бу томонлар сиёсий қараш ва оқимларни англата бошлаган.
XIX асрда ҳам кўпчилик Европа давлатларидаги парламент ёки кенгашларда “сўл оқимлар” – чапда, “ўнг оқим” вакиллари – ўнг томонда ўтиришган.
Шу тариқа, аввал-бошда сўллар ёки сўл партия деб, ўзгаришлар ҳамда кескин ва тезкор ислоҳотларнинг тарафдорларига айтилган.
Мавжуд тартибни сақлаб қолиш (консерваторлар) тарафдорлари эса ўнглар ёки ўнг партия деб номланган.(Либераллар ва коммунистлар ҳам аввал сўл ҳисобланган, бироқ кейинчалик фаолият йўналишига қараб, уларнинг таснифи ўзгарган. – таҳр.)
Тўғри, аввалига популизм марказий, ўнг ёки сўл популизмга бўлинмаган, бироқ юқоридаги ҳуқуқий-сиёсий амалиётнинг давлат ва мамлакатларга кенг кўламда татбиқ этилиши оқибатида сиёсатшуносликда популизмни ҳам шундай “томон”ларга бўлиш анъанаси пайдо бўлди.
Ушбу таснифга кўра, сўл популистлар (ёки социал популистлар) популистик риторика ва мавзулар билан чамбарчас бўлган сўл сиёсат стратегиясига амал қилади. Улар кўпинча элитага қарши, истеблишментга мухолиф сиёсат юритиб, “кенг халқ оммаси” номидан иш тутади. Иқтисодий демократия ва ижтимоий адолат тушунчаларини илгари суради, глобализацияга ишонишмайди, капитализмга мухолифлик қилади.
Ўнг популистлар эса, табиийки, ўнг, яъни консерватив сиёсий ғояларни тарғиб этади. Сайловчилар билан мулоқотда ҳам ўнг популистик моделларни қўллашади. Энг кўзга кўринадиган жиҳати – ўнг популистлар асосан “туб жой аҳоли” ва келгиндилар мавзусидан фойдаланишга интилади. Миграцияга қарши шиорларни қўллашади, неолиберал иқтисодий мактабга мойилликларини намоён этади. Ўнг популистлар элитани нафақат асосий халқ оммасидан ажралиб қолишда айблашади, балки иқтисодиётда давлат улушининг катталигини ҳам танқид қилади. Ўнг популистлар туб жой аҳолининг тарихий илдизлари, анъанавий миллий-ижтимоий қадриятларга содиқлигига урғу беради. Улар гендер тенглиги, ЛГБТ, миллатлар ва ирқларнинг тенглиги каби мавзуларни қўллаб-қувватлашмайди одатда.
Турли давлатлардаги партиялар ва сиёсатчилар орасида ўнг популистлиги яққол намоён бўладиган тузилма, ҳаракат ёки шахслар кўп. Масалан, Россияда Либерал демократик партиянинг собиқ раҳбари, марҳум Владимир Жириновскийни, АҚШда эса 45-президент (2017-2021 йиллар)Доналд Трампни ўнг популист сифатида кўрсатиш мумкин.
Трамп – хрестоматик ўнг популист
Доналд Трампнинг популистик фаолияти сиёсатшуносликнинг хрестоматия ва дарсликларига киритишга арзийдиган даражада мунтазам ва ёрқинлиги билан ажралиб туради. Трамп 2017 йилдаги сайлов “пойгаси”да ҳам консерватизмга мойиллиги бор республикачилар партиясидан номзод қилиб кўрсатилган.
Трампнинг популистик фаолиятида ёрқин мисоллар кўп. У ҳатто тасодифий ҳолатларни ўз фойдасига буриб юбориш маҳоратига эга.
Узоққа бормасдан, 2024 йилнинг 13 июл куни АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Батлер шаҳрида сайловолди митингида рўй берган нохуш ҳодисани мисол қилиш мумкин. Митинг чоғида Томас Крукс исмли шахс унга ўқ узди, бироқ бахтли тасодиф – Трамп бошини илкис буриб юборгани боис, ўқ сиёсатчининг ўнг қулоғини ялаб ўтди холос. Бундай фавқулодда вазиятлар учун ишлаб чиқилган протоколга мувофиқ, Трампнинг тансоқчилари уни хавфсиз жойга кўтариб олиб чиқишлари керак бўлса-да, у бунга рухсат бермади, ўз оёғида минбарни тарк этишни маъқул кўрди. Воқеанинг энг кулминацион нуқтаси – Трамп қўриқчиларни бир зум тўхтатиб, қўлини мушт қилиб тепага кўтарди-да, “курашинг” (fight) дея уч марта ҳайқирди. Йиғилган одамлар эса унга жўр бўлиб “АҚШ, АҚШ” дея қичқиришди. Уни машинага тиқишаётганида бирпас тўхтатиб, қўлини мушт қилиб тепага кўтарди. Бир зумда Трамп одамлар ва ҳатто дунё жамоатчилиги олдида жасоратли ва қўрқмас сиёсатчига, қаҳрамонга айланди!
Бу популистик маҳорат унга катта сиёсий дивиденд келтирди: шу пайтгача Трампни президентликка номзод сифатида кўрсатишга иккиланиб турган республикачилар партияси дарров унинг номзодини тасдиқлади. Икки кундан кейин ўтказилган тегишли анжуманда аксарият республикачилар Трамп билан бирдамлигини изҳор қилиш учун ўнг қулоқларига лейкопластир ёпиштирилган ҳолда келишди.
Биргина твити билан жаҳон сиёсати ва иқтисодиётини чайқатиб юборишга қодир шахс, ижтимоий тармоқда ва реал ҳаётда миллионлаб “фолловер” ва мухлисларига эга миллиардер ва инноватор Илон Маск ҳам Доналд Трампнинг президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Айрим экспертларнинг тахмин қилишича, бу воқеа, тасодифий ёки уюштирилганидан қатъи назар, Трампнинг сайловларда ғолиб чиқиш эҳтимолини 30-40 фоизга оширган. Бироқ 5 ноябргача – президент сайловчигача ҳали анча муддат бор. Вазият яна ўзгариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Популизмнинг хавфли жиҳатлари
Популизмни хавфли ва салбий сиёсий мафкура, деб аташ мумкин. Энг аввало, популизм оқилона тафаккур ва мантиқий қиёслашдан узоқ тушунча. Бу мафкура халқ оммасининг ҳиссиёти ва сиёсий онги билан “адолатсиз” ўйнашишдан бошқа нарса эмас.
Канадалик дипломат, сиёсатшунос тадқиқотчи Стефан Дион айтганидек, "маданий ҳимояланмаслик ҳолати популизмни келтириб чиқаради”.
Масалан, Россиядаги сиёсатчилар учун аксилмиграцион популистик фикрлар жуда оммабоп. Улар обрў йиғиш ва танилишнинг энг тез ва осон йўли сифатида ултрамиллатчилик ва мигрантларга қарши сиёсат “қартаси”дан тез-тез фойдаланиб туришади. Чунки бирор-бир гомоген жамият ичига ўта “бегона” қатлам қўшилса ва интеграциялашувнинг имкони бўлмаса, бу жамиятда миллатчилик ва шовинизм кучайиб кетади. Бу ҳар қандай миллат ва жамиятнинг ўзлигини сақлаб қолиш учун илк табиий ҳимоя рефлекси ҳисобланади. Популистлар ана шу рефлексдан фойдаланишга интилишади. Бироқ бундай ёндашув ўша сиёсатчи ёки сиёсий ҳаракатга фойда берса-да, жамият учун хавфли.
Популист сиёсатчи жамиятдаги асл муаммоларга ечим топа олмайди ёки буни истамайди. Халқни чалғитиш, халқ нафрати ва норозилигини ҳокимиятдан бошқа объектларга – мигрантлар ва бошқа миллатларга йўналтириб юборишни исташади ва бунга муваффақ бўлишади ҳам.
Популизм жамиятни бўлиб юборишга хизмат қилади. Популистлар турли утопия ва қарашларга танқидий ёндашмайди. Аксинча, популистлар жамият аъзоларининг сиёсий қарашларини янада примитивлаштиришга интилишади. Популист учун одамларнинг сиёсий саводсиз бўлиши айни муддао. Масалан, Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани тақиқлаб қўйилганини бунга мисол қилиш мумкин.
Популистлар ижтимоий муаммоларни гўё тез ва осон ҳал қилишга ваъда беришади. Масалан, “ҳадемай ўт ўчирувчиларнинг маоши 3000 долларга чиқади” “август ойида ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, “бу йил баҳорда ўзингиз кўрасизлар – сел тошқинлари муаммоси сизларни безовта қилмайди”, “чироқ ўчиши муаммоси энди ўтмишда қолди” ва ҳоказо. Афсуски, реал ҳаётда бу популистик ваъдаларнинг бирортаси амалга ошмаган.
Популист атайлаб одамларнинг туйғулари ва инстинктларига таъсир қилади, онги юқори бўлмаган кенг ижтимоий қатламнинг истакларини қондиришга уринади. Масалан, Ҳиндистонда овоз олиш учун энг камбағал, гадой, саводсиз ва деградатив қатламга таянишади. Чунки улар миллионлаб сайловчи дегани. Ўтган асрда Россияда болшевиклар партияси ҳам асосан ана шу йўқсил қатламга таяниб инқилобни амалга оширганини эсга олиш мумкин.
Популистлар (масалан, сиёсатчи ва блогерлар) фақат уларга ишонадиган “кўрмуридлардан” иборат армия яратишга уринади. Бунинг учун турли қатлам ва мавзулардан – миллий, диний, ижтимоий туйғулардан фойдаланиш мумкин. Популист ўзига қаратилган нафратни ҳам ўз ҳамфикрлари “армияси”га буриб юборади. Кимдир шахсан уни, шахсий қилмиши учун сўкса-да, “улар БИЗни сўкишяпти, кўрдингларми, аммо БИЗ таслим бўлмаймиз, бундай ёмон одамларга бирга қарши бирга курашаМИЗ. Биз бу йўлда доим собит тураМИЗ” дея унга эргашганларнинг ҳиссиётини қўзғатишга, ўзини янада улуғлашга, “сизларга мен етакчиман” деган фикрни яна бир марта ўз мухлислари миясига сингдиришга уринади.
Популизмга хос жиҳатлардан яна бири – демагогия ҳисобланади. Демагогия (қадимги грекча “халқни бошқариш”) – содда айтганда, гап билан аравани қуруқ олиб қочишдир. Демагог мунозара қилиш ва нотиқлик усулларидан фойдаланган ҳолда, фактларни бузиб, уларни нотўғри талқин қилган ҳолда гап билан суҳбатдошига таъсир этишга уринади. Демагогия сиёсий мақсадларга эришиш учун, реклама ҳамда пропаганда учун жудаям таъсирли, аммо “ғирром” қурол ҳисобланади.
Демагогиянинг кўплаб усуллари бор. Шулардан бири хато силлогизмлардир.
Масалан, Исроил ҳукумати “биз Холокостда қийналганмиз, демак биз мазлуммиз.
Фаластинликлар (уларнинг ерларини тортиб олганимиз учун раҳмат айтиш ўрнига) биз-мазлумларга тош отяпти. Мазлумларга эса фақат золим ва ёвузлар тош отади. Демак, фаластинликлар – золим ва ёвузлардир”, деган нотўғри хулосага одамларни ишонтирмоқчи бўлишади.
Ёки ҳозирги айрим блогерлар севган хато силлогизм - “биз (аслида – мен) мусулмонлармиз. Улар бизни (аслида – мени, ахмоқона ишларим ва гапларим учун) танқид қилишяпти. Демак, улар – мусумонларга қарши. Мусулмонларга эса фақат кофирлар қарши бўлади. Демак, улар – кофирлар ва улар ноҳақ. Мен эса ҳақман”, деган хато хулоса ясаб, мухлисларини ишонтиришга уринади.
Популистларга хос яна бошқа хислат – улар душманга (“бюрократия, коррупция ва бошқаларга) қарши очиқ ёки махфий тарзда курашга чақиришади доим. Агар душман бўлмаса, ўйлаб топилади. Россияда Украина ҳамда мигрантлар мавзуси ана шундай ўйлаб топилган душманлардир. Гўёки шу “муаммолар” бартараф этилса, ҳаёт дарров яхшиланиб кетади, ҳамма муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Иқтисодий популизм
Нафақат сиёсий, балки иқтисодий популизм ҳам мавжудлигини айтиш жоиз. Масалан, 1980-йилларда Лотин Америкаси давлатларида миллий иқтисодиёт шундай популистларнинг “қўлида қолган”. Улар халқнинг даромадлари ўсиб бориши ҳамда мамлакат бойликларининг халқ орасида тақсимланишига асосий эътибор қаратган. Инфляция эҳтимоли, бюджет дефицити, хусусий секториннг давлат аралашувига реакцияси уларни қизиқтирмаган.
Популизм – демократиянинг чала туғилган боласи
Сиёсатчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, популизм – номукаммал демократия ҳамда ижтимоий-иқтисодий зўриқиш ва норозикнинг оқибати ҳисобланади.
Чунки демократик давлатда кўпчилик аҳолининг иродаси ҳокимият тепасига келади, бироқ камчилик аҳоли қатламининг ҳам ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланади. Давлатчилик тизимлари барқарор ишлайди.
Популизмда эса “халқ” тушунчасига “ёпишиб” олинади. Популист сиёсатчилар аввал ташкил топган институт ва механизмларни инкор қилишади, “халқ фалон нарсани истаяпти” дейишдан нарига ўтмайди.
Популистик ғоялардан сепаратистлар ҳам фойдаланишади. “Айтайлик, фалон халқ бу давлатдан ажралиб чиқишни истаяпти” деб қичиқиришади, хориж ОАВларда жар солишади, хориждан сиёсий бошпана олишади. Бироқ мабодо референдум ўтказилса, аслида фалон халқнинг ярми ҳам бу фикрга рози эмаслиги ошкор бўлади...
Хулоса қилиб айтганда, популизм давлат ва халқ учун сиёсий фирибгарлик, деб аташ мумкин. Масалан, кимдир сизга, “менга 10 сўм беринг, бир соатда 100 сўм қилиб қатараман” деса ишонмайсиз. Чунки сизда бу вазиятни таҳлил қилиб, нотўғри гап эканини аниқлаш учун етарли минимал иқтисодий ва мантиқий тушунчалар мавжуд. Бироқ бирорта популист сиёсатчи, депутат ёки амалдор “агар мени сайласанглар, бир йил ичида фалонта иш ўрни яратаман, ҳеч ким хорижга ишга кетишга мажбур бўлмай қолади, кейинги йил бирорта ҳам камбағал қолмайди” деса, унга ишонувчилар кўп бўлади. Зеро, ҳаммада сиёсий билим ва онг талаб даражасида эмас, афсуски. Шу боис, худди сувараклар иссиқ, нам ва қоронғу жойда кўпайганидек, популизм айнан сиёсий билим ва дунёқараш тор бўлган жамиятлар ичида яхши ривожланади. Фақат сиёсий билим ва тафаккур билан қуролланган жамиятгина популизмга ишонч билан қарши тура олади.
Абулфайз Сайидасқаров