Дала четларидаги майдонлар 10 йилгача ижарага берилади
Пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига 10 гектаргача ер участкалари ажратилиши мумкин бўлади.
Ўзбекистонда дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар ижарага берилади.
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-936-сон, 17.07.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ер кодексига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари 10 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин бўлади.
Шунингдек ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони 10 гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча киритилди.
Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлар берилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.