Жулиан Aссанж: жиноятчими ёки эркин овоз курашчиси
Австралиялик машҳур хакернинг ўзбек элитасига қандай алоқаси бор?
Ўтган ойда Сайпан оролида жаҳон миқёсида шов-шув кўтарган хакер ва журналист Жулиан Ассанжнинг 18 йиллик саргардонлигига чек қўйилди: АҚШ суди уни таъқиб қилишни расман тўхтатди. Ниҳоят Ассанж масаласи ёпилди.
Жулиан Aссанж нима билан танилган?
Жулиан Пол Ассанж 1971 йил 3 июлда Австралиянинг Таунсвил шаҳрида туғилган. Ёшлигида 37 та мактаб ва 6 та университетни алмаштирган, лекин бирорта олий ўқув юртини тамомламаган.
Онасининг бир мусиқачи билан муносабатлари зўравонликка айланиб кетгач, 11 ёшидан 16 ёшигача бўлган даврда уйдан қочиб, саргардонликда яшаган.
У 1987 йилга келиб, 16 ёшидан бошлаб, дастурлашга қизиқиб қолган ва кейинчалик Mendax “никнейми” остида хакерлик билан шуғулланган. (Мendax – латин тилида “олижаноб ёлғон” дегани).
Ассанж дўстлари билан биргаликда International Subversives (“Халқаро қўпорувчилар”) хакерлар гуруҳини ташкил этган.
Жулиан Aссанж хакер сифатида АҚШ давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг маълумотлар базаларини бузиб кириб, махфий маълумотларни ўғирлаш каби жиноятларда гумон қилинган.
У 1991 йилда, 20 ёшида, Канаданинг Nortel Networks телекоммуникация компанияси серверига киришда гумон қилиниб, терговга тортилди. Тергов ҳаракатлари бир неча йил давом этди. 1996 йилда Жулиан Aссанж унга қўйилган 31 та айбловнинг аксарияти бўйича иқрор бўлди, бироқ атиги 1,3 минг доллар миқдоридаги жаримага тортилди. Чунки суд унинг хатти-ҳаракатларида жиноий ғараз ёки шахсий манфаат топмади.
Кейинчалик Ассанж компютер хавфсизлиги бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади ва ахборот технологиялари соҳасида бир нечта касбларни алмаштирди. 1998 йилда у Австралияда Earthmen Technology – тармоққа киришни аниқлаш технологияларини ишлаб чиқувчи компанияга асос солди.
WikiLeaks тарихининг бошланиши
Жулиан Ассанж 2006 йилда ҳамфикрлари билан бирга WikiLeaks веб-сайтини яратди. У “эркин маълумот алмашув нолегитим бошқарувга чек қўяди” деган умидда шу ишга қўл урганини айтади.
Янги сайт аноним манбалардан олинган махфий маълумотларни жамоатчиликка тақдим эта бошлади. Дастлабки шундай махфий ҳужжат 2006 йил декабр ойида эълон қилинди. У Сомали Ислом Судлари Иттифоқининг ҳукумат амалдорларини қатл этишга чақирган қарори эди. Кейинчалик WikiLeaks ҳужжат ҳақиқий эмас, балки “AҚШ разведкасининг атай уюштирган туҳмати" бўлиши мумкинлиги ҳақида раддия эълон қилди.
Aссанж 2010 йилда WikiLeaks сайтида 2007 йилда Бағдодда бир гуруҳ тинч аҳоли AҚШ армиясига тегишли иккита Apache вертолёти томонидан ўққа тутилгани акс этган видеони эълон қилганидан кейин халқаро миқёсда машҳурликка эришди. Бу отишма қурбонлари орасида Reuters агентлигининг икки мухбири ҳам бўлган. Aссанж бу видеони Исландиядаги хавфсиз уйи – ўзи ва бошқа WikiLeaks маъмурлари “бункер” деб атовчи бинодан туриб, сайтга жойлаган.
Кейинчалик бу видеоматериал манбаси – АҚШ армиясининг 1-табақали оддий аскари, собиқ разведка кичик таҳлилчиси Брэдли Мэннинг экани маълум бўлди.
2016 йилда Ассанж, агар унинг хабарчи-манбаси Брэдли авф этилса, АҚШга таслим бўлишга ваъда берди. 2013 йилда 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Мэннинг 2017 йилда президент Барак Обама томонидан авф этилди ва ҳарбий хизматда қолдирилди. Бироқ Ассанж ваъдасининг устидан чиқмади.
Брэдли умумий ҳисобда Ироқ бўйича 400 минг, Афғонистон бўйича 90 минг ҳисоботлардан иборат махфий маълумотлар базаларини, шу билан бирга АҚШ давлат департаментига тегишли ва унинг дипломатлари ёзган 250 минг телеграмма ҳамда Гуантанамода сақланувчи маҳбуслар ҳақидаги 800 та таҳлилий маълумотларни Ассанжга тақдим этган.
Кейинчалик WikiLeaks сайти AҚШнинг Aфғонистон ва Ироқдаги ҳарбий кампаниялари ҳамда америкалик дипломатлар ўртасидаги ёзишмаларга оид махфий маълумотларни ўз ичига олган ушбу ҳужжатларнинг барчасини эълон қилди. Мазкур материаллар жосуслик ўйинлари, ҳукуматлардаги юқори мансабдорларнинг коррупцион жиноятлари, ҳарбий жиноятлар ва АҚШ дипломатиясининг жамоатчиликдан яширин сирларидан сўзларди. Мазкур ҳужжатлар яшин тезлигида дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилди.
Эҳтиётсизликми ёки мақтаниш?
WikiLeaks таҳририяти хабарчи-манбаларининг фош этилишига ўзи ҳам сабабчи бўлган. Масалан, 2011 йилда АҚШ давлат департаменти махфий ҳужжатларини чоп этишганида бу маълумотларни тақдим этган шахсларнинг номларини ўчиришни унутган. Бу хато манбаларнинг фош этилиши ва маҳкамага тортилишига сабабчи бўлган. Кўплаб сиёсатчи ва дипломатлар хавф остида қолган.
Таъқибнинг бошланиши
2010 йилда АҚШда Ассанжга нисбатан 1917 йилдаги Жосуслик ҳақидаги қонун (The Espionage Act of 1917) талабларини бузишда гумонланувчи сифатида суриштирув ҳаракатлари бошланди. Шу йили Ассанж WikiLeaks сайтига киберҳужумларнинг олдини олиш, сайт ходимлари ва манбаларнинг анонимлигини сақлаш мақсадида сайт сервери Швецияга кўчирилди. Чунки бу мамлакат қонунчилиги фойдаланувчиларнинг анонимлиги учун ишончли ҳимояни таъминлайди. У шу йилнинг август ойида Швецияга келиб, яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишга ариза топширди. Бироқ ўша ойнинг ўзида Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари унга Швециянинг икки фуқаросига нисбатан жинсий характердаги жиноятлар содир этишда айбловлар қўйди. Ассанж бу айбловлар сиёсий тусга эгалигини билдирди.
Гап шундаки, Ассанж хакерлик ва журналистликдан “бўш пайтларида” бир йўла икки хоним – Анна Ардин ва София Виленнинг кўнглини овлаб юрган. Улар ўзларидан ҳам бошқа “рақобатчи”си мавжудлигини билиб қолгач, рашк таъсирида Ассанжни судга беришган.
Натижа шу бўлдики, Ассанжнинг Швецияда яшаш ва ишлаш рухсатномаси олиш бўйича берган аризаси рад этилди ва 2010 йил 18 ноябрда Стокҳолм округ суди уни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Суднинг мамлакатни тарк этмаслиги ҳақидаги қарорига қарамасдан, уни АҚШга экстрадиция қилишларидан хавотир олган Ассанж Буюк Британияга кетишга мажбур бўлди.
2010 йил декабр ойида Ассанж уни экстрадиция қилинишини талаб этган Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари талабига биноан Лондонда ҳибсга олинди. Бироқ тез орада 240 минг фунт-стерлинг гаров эвазига, мамлакатни тарк этмаслик ҳақидаги тилхат олиниб озодликка чиқарилди. Ассанж экстрадиция борасидаги суд мажлисини кута бошлади. 2011 йил феврал ойида суд уни Швецияга топшириш ҳақида қарор чиқарди. 2012 йил июн ойида эса Буюк Британия Олий суди Ассанж адвокатларининг апелляция шикоятини рад этди. Ассанж дарҳол Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудига яширинди ва унга сиёсий бошпана беришларини сўради. Чунки уни Швецияга, у ердан эса AҚШга экстрадиция қилишларидан чўчиётган эди. Бу ерда у деярли 7 йил яшади.
2016 йилда WikiLeaks Россиянинг АҚШдаги президент сайловларига аралашуви ҳақидаги можаро билан боғлиқ бир журналистик суриштируви билан машҳур бўлди. Сайтда АҚШ демократик партияси раҳбариятининг ўзаро электрон ёзишмалари эълон қилинди. АҚШ ҳукумати Россия ҳарбий разведка тузилмасини Демократик партия серверларига хакерлик атакаси уюштиришда айблади. Кремл буни рад этди.
Аксарият манфаатдор томонларнинг таъкидлашича, партия раҳбариятининг ёзишмалари бу партиядан президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг рейтингига салбий таъсир кўрсатиб, унинг сайловда ютқазишига билвосита сабаб бўлган.
Ассанжнинг таъқиб этилиши ҳуқуқбонлар ҳамда сиёсий фаоллар томонидан “инсон ҳуқуқларини бузиш” дея баҳоланди, Ассанж ҳимояси учун кўплаб норозилик намойишлари ўтказилди. Ассанжни қамоққа олишларига у ёки бу тарзда ҳисса қўшган ҳукуматлар, вазирликлар, амалдорлар, ҳатто PayPal, MasterCard, Visa, Moneybookers каби тўлов тизимларининг ҳамда Amazon.com сайтларига саноқсиз киберҳужумлар уюштирилди. Ассанжнинг ҳамкасблари – хакер ва журналистлар шу тариқа у билан бирдам эканлигини намойиш этишди.
Бу даврда эса америкаликлар WikiLeaks сайти ва унинг асосчиси Aссанжга қарши жосуслик қонунини бузганликда гумон қилиб, ўз суриштирувларини давом эттиришди.
Бошпана бекор қилинди
2019 йил 11 апрелда Эквадор президенти Ленин Морено Жулиан Aссанжни Буюк Британиядаги элчихона ҳудудидан берилган бошпанадан маҳрум қилди. Бунга Ассанжнинг “бир неча марта бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик борасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузгани” асос қилиб кўрсатилди. (Аслида эса аввалроқ ушбу президент аралашган коррупцион жанжал чиққан ва Эквадор ҳукумати бу махфий маълумотлар ошкор қилинишида WikiLeaks’ни айблаган эди). Британия полицияси шу куниёқ элчихонага кириб, Ассанжни ҳибсга олди. 2012 йил 29 июнда Aссанж гаров шартларини бузгани учун Буюк Британияда 50 ҳафталик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2019 йил май ойида Жулиан Aссанж компютер маълумотларини ноқонуний олиш учун тил бириктиришда айбланди. Бироз вақт ўтгач, AҚШ адлия вазирлиги Aссанжга қўшимча 17 та айблов қўйди, шу жумладан, америкалик ҳарбий хизматчини Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар бўйича минглаб махфий манбаларни олишга ундаш ва WikiLeaks сайтида эълон қилишда айбланди.
Жулиан Aссанж 50 ҳафталик қамоқ муддатини ўтаб бўлгач, унга "махсус сабабларга кўра", АҚШга экстрадиция қилингунига қадар озодликка чиқиш рад этилди. Шу билан бирга, Швеция прокуратураси Aссанжга 2010 йилда биринчи марта қўйилган жинсий зўравонлик айбловлари янгиланиши муносабати билан уни экстрадиция қилишни талаб эта бошлади.
2019 йил 16 октябрда БМТнинг махсус маърузачиси Нилс Мелцер Белмарш қамоқхонасида сайланаётган Жулиан Aссанжни зиёрат қилди ва Aссанж мунтазам равишда психологик қийноқларга дучор бўлаётганини айтди. 19 ноябрда Швеция прокуратураси Aссанж иши бўйича тергов ҳаракатларини тўхтатди.
2019 йил 2 май куни Лондонда Aссанжни AҚШга экстрадиция қилиш бўйича суд тингловлари бошланди. 2021 йил 4 январда суд Aссанжни руҳий саломатлиги ёмонлиги сабабли экстрадиция қилиш мумкин эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Суд қарорига кўра, Жулиан Aссанж AҚШ прокуратураси апелляция шикояти бериши учун керак бўладиган муддат давомида Британия қамоқхонасида қоладиган бўлди. Кейинги тўрт йил давомида Aссанжни AҚШга экстрадиция қилиш бўйича бир неча суд мажлислари бўлиб ўтди.
Жулиан Aссанж иши бўйича сўнгги тинглов 2024 йилнинг 26 мартида ўтди. Aдвокатлар экстрадицияга қарши чиқишди. Адвокатлар AҚШ ҳукумати Aссанжга бир қанча кафолатлар беришини талаб қилишди. АҚШ Конституцияга киритилган, сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи биринчи тузатишдан фойдаланиш имконияти, суднинг айбланувчига нисбатан холис бўлиши ва ўлим жазосига ҳукм қилинмаслиги шулар жумласидандир.
2024 йил 26 март куни Лондон Олий суди АҚШ ҳукуматидан судланувчи экстрадиция қилинса, унинг ҳуқуқлари таъминланиши ва ўлим жазосига ҳукм қилинмаслиги борасида кафолат талаб қилди.
Шу йилнинг 16 апрел куни бу кафолатлар берилиши ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этди. 2024 йил 20 май куни Лондондаги Aнглия ва Уэлс Олий суди Жулиан Aссанжга уни AҚШга экстрадиция қилиш ҳақидаги аввалги қарор устидан шикоят аризаси беришга рухсат берди. Судялар Aмерика расмийлари томонидан берилган ваъдалар Ассанж экстрадиция қилинган тақдирда унинг ҳуқуқларини таъминлай олмайди, деб топишди.
25 июнда эса Ассанж Англия ва Уэлс олий суди қарори билан гаров эвазига Буюк Британия қамоқхонасидан озод этилгани ҳамда Ассанж ва АҚШ прокуратураси ўртасида дастлабки келишув имзолангани маълум қилинди. Ассанж дарҳол Австралияга учиб кетди.
Ассанж АҚШ прокуратураси билан айбини тан олиш ҳақидаги дастлабки келишувга кўра, фақат битта эпизод – миллий мудофаа ҳақидаги маълумотларни олиш ва ошкор қилиш мақсадида тил бириктириш моддаси бўйича айбини тан олган.
Охирги суд ва озодлик
Суд мажлиси 26 июн куни АҚШнинг Тинч океанидаги замини Сайпан оролида ўтказилди.
Шу куни АҚШ федерал округ суди WikiLeaks асосчсини озод қилди. Тўғрироғи, суд уни аллақачон Белмарш қамоқхонасида ўтган муддатга озодликдан маҳрум қилди, бироқ жазо амалда ўтаб бўлингани муносабати билан Ассанж озодликка чиқди. Журналистнинг иши ниҳоят расман тугатилди.
“62 ойлик (5 йилдан кўпроқ – таҳр) жазо адолатли бўлди”, дея судянинг сўзларидан иқтибос келтирган The Guardian нашри
“АҚШ ҳукумати 100 йиллик Жосуслик ҳақидаги қонунни илк марта Ассанж каби журналистга қарши ишлатди”, дейди Ассанжнинг адвокати Барри Поллак.
“Мазкур суд таъқиби бутун дунёдаги журналистларни хавотирга солувчи прецедент яратди”, деди австралиялик инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Женнифер Робинсон журналистларга берган интервюсида.
Ассанжнинг ўзи суд қарорига изоҳ беришни истамади.
Суд қарори чиқарилганидан сўнг АҚШ адлия вазирлиги баёнот эълон қилган бўлиб, унга кўра, Ассанжга АҚШга қайтишга махсус рухсатсиз ижозат этилмайди.
Мукофотлар
Жулиан Aссанж Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Amnesty International томонидан 2008 йилда Кения раҳбариятидаги коррупция ҳақидаги материалларни нашр этгани учун мукофотланган. Сидней тинчлик жамғармаси эса 2011 йилда Ассанжни "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги алоҳида жасорати учун" олтин медал билан тақдирлаган.
2011 йилда Aссанж ва WikiLeaks сайти тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатилди.
Жулиан Aссанж “Андергроунд” (1997), “Шифропанклар: эркинлик ва Интренте келажаги” (2012), “Google WikiLeaks’ни учратганида” (2014) ва бошқа бир қанча машҳур китоблар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, у кўплаб китоблар ва филмлар (бадиий ва ҳужжатли филмлар) қаҳрамонига айланган.
WikiLeaks ва Ўзбекистон
Ассанж тарқатган материаллар орасида Ўзбекистон ва ундаги машҳур шахслар ҳақидаги материаллар ҳам талайгина. Улар асосан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси давлат департементига жўнатган дипломатик депешаларига (ҳужжатларда cablegram – каблограмма деб номланади) асосланади.
WikiLeaks эълон қилган махфий депешаларда “Ўзбекистон ҳукумати ва уюшган жиноятчилик ўртасидаги мустаҳкам алоқалар”, шунингдек, “давлат ва хусусий сектордаги лавозимлар мунтазам “сотилиши” ҳақида хабар берилади. Шунингдек, бу телеграммаларда Ўзбекистон (2010 йилларда) коррупция гуллаб яшнаган давлат сифатида тасвирланган.
Ислом Каримов ҳақида
Махфий депешаларда ёзилишича, Ислом Каримов АҚШ билан ўзига манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилишни истаган. Вашингтоннинг Ўзбекистонни демократлаштириш ҳақидаги чақириқларига Каримов “остонадаёқ” рад жавоби берган.
Телеграммаларда айтилишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қудратли давлатларнинг раҳбарларидан ҳам чўчимаган, уларга ўз фикр ва қарашларини қўрқмасдан айта олган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Aфғонистонга юк транзитини тўхтатиш билан таҳдид қилганидан кейин, 2007-2010 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Ричард Норланд Ўзбекистон президенти билан учрашишни сўраган. 2009 йил 18 июн ўтказилган суҳбат бир ярим соат давом этган.
Гулнора Каримова ҳақида
Кўпчилик телеграммаларда президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг жиноий схемалари ҳақида ҳам сўз боради. Элчихона телеграммаларида Гулнора “мамлакатдаги энг манфур шахс”, “криминал барон аёл”, “очкўз ва бешафқат” шахс сифатида таърифланган. Бироқ у ОАВда “хайр-саховатли, маданият, таълим ва ижтимоий масалаларда фаол шахс” ижобий образини яратишга уринган.
2004 йилда жўнатилган телеграммаларда қайд этилишича, “биринчи қиз” отасининг обрўсидан фойдаланиб, мамлакатдаги энг даромадли корхоналардан улуш олиш билан ҳам шуғулланган.
Лола Каримова ҳақида
Тошкентдан 2005 йилда жўнатилган 04TASHKENT3180 рақамли махфий дипломатик хабарлардан бирида ёзилишича, Лола Каримова, опасидан фарқли равишда, ҳокимиятга интилмайди. У кўнгилхушлик ва ўйин-кулгини яхши кўради. Ўшанда 26 ёшли Лола Тошкент бўйлаб Porsche Cayenne спорт машинасида юрган. Элчининг билдиришича, бундай машина ўша пайтда Тошкентда ягона бўлган.