Жарималар миқдорини ҳуқуқбузарликка мутаносиб равишда ўзгартириш таклиф этилди
Масалан, тонировка рухсатномаси ҳозирда 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса бир неча баравар кўплигича (8,5 млн сўм) қолмоқда.
Ўзбекистонда содир этилган ҳуқубузарликларни белгиланган жарималарга мутаносиблигини текшириш таклиф этилди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди.
Бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда.
"Масалан, автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда" дейилади хабарда.
Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.
Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади.
Шунингдек, кейинги йилларда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузиш оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, инсон ўлимига олиб келаётган ЙТҲлар сони кўпайиб бормоқда (2023 йилда 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, шулардан 9209 тасида фуқаролар жабр кўрган бўлиб, 2282 таси одам ўлимига сабаб бўлган).
Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур (пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш (170 минг сўм), пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши (113 минг сўм).
Маълумот учун: Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда – 1,6 млн сўм, Францияда – 1,85 млн сўм, БААда – 1,7 млн сўмни ташкил этади.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (Беларус, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида "огоҳлантириш" институти жорий қилинган. "Огоҳлантириш" жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (23-модда) мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун 7 турдаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин. Бироқ маъмурий жазо тури сифатида "огоҳлантириш" қўлланилмайди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
1) жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш;
2) фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш;
3) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш;
4) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида "огоҳлантириш" институтини киритиш.