Нега Исроил ҲАМАСни мағлуб эта олмаяпти?

Улар яҳудий аскарларини мазлум, маданиятли ва мусичадек беозор, фаластинликларни эса тиш-тирноғигача қуролланган, Исроилга зарар етказишдан бошқа мақсади йўқ ваҳший, жоҳил ҳамда маданиятсиз оломон қилиб кўрсатган.

Таҳлил
30 июнь, 9:52
Нега Исроил ҲАМАСни мағлуб эта олмаяпти?

Исроил ҳарбий раҳбариятида Ғазони босиб олиш амалиёти борасида бир қадар тушкунлик кузатилмоқда.

Жумладан, шу ҳафта бошида Исроил миллий хавфсизлик кенгаши бошлиғи Цахи Ҳанегби ҲАМАСни мафкура сифатида йўқ қилиб бўлмаслигини тан олди.

Лекин айнан шу мансабдор шахс ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумидан бир неча кун аввал "Фаластин исломий гуруҳи ҲАМАС биздан қўрқади ва Исроилнинг унга босими қалтис ҳаракатлардан тўхтатиб туради", дея исроилликларни тинчлантирувчи баёнот берган эди. Исроил ОАВ энди бу баёнотни "Яҳудий давлатининг ҳушёрлигини сўндирган ва чалғитувчи баёнот бўлган" дея қораламоқда.

Армия иккиланмоқда

Исроил элитаси орасида ҲАМАС курашининг ғалаба билан тугашига очиқ шубҳа билдираётган биргина Цахи Ҳанегби эмас. 

Жорий йилнинг 15 май куни Исромил армияси – ЦАХАЛнинг собиқ генерали Ицхак Брик ҳам Исроил ҲАМАСни енга олмайди, дея мулоҳаза билдирди.

"ЦАХАЛ ҳатто узоқ муддатга чўзилувчи жанговар ҳаракатлар шароитида ҳам ҲАМАС ҳаракатини йўқ қила олмайди. Яҳудий армиясининг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий амалиёти эса Исроил тобутига қоқилувчи охирги мих бўлади", деган собиқ ЦАХАЛ мулозими. 

Брик Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларнинг самара беришига шубҳа қилган, бу ҳаракатлар давом этса, армиянинг оғир талафотларига, иқтисодий инқироз, халқаро муносабатларнинг баттар ёмонлашуви ва Исроил ичида ижтимоий бўлинишга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. 

Яқинда эса ЦАХАЛ матбуот котиби Даниэл Ҳагари "ҲАМАС – бу мафкура, уни қуролли йўл билан йўқ қилиб бўлмайди”, деди. Ҳагарининг бу гаплари Исроил парламенти Кнессет депутатларининг ғазабини келтирди. Улар нима бўлганда ҳам армия ўз ишини давом эттириши ва ҲАМАСни йўқ қилиши лозимлигини уқдиришди.

Дарҳақиқат, яҳудий аскарлари деярли 9 ойдан бери барча қонунлар, инсонийлик ҳамда ахлоқ меъёрларини оёқости қилган ҳолда фаластин халқига геноцидни давом этаётган бўлса-да, арзирли муваффақият қозонилгани йўқ. Тўғри, айрим ҲАМАС раҳбарлари ва уларнинг оила аъзолари йўқ қилинди. 50 мингга яқин тинч аҳоли ўлдирилди. Ғазо сектори ер билан текислаб ташланди. Барча аҳоли Рафаҳ шаҳри ҳудудига сиқиб чиқарилди. Бироқ ҲАМАС гаровга олган исроилликларнинг аксарияти ҳамон озод этилмади. ҲАМАС билан билвосита музокаралар натижасида ихтиёрий равишда озод қилинган айрим шахслар бундан мустасно, албатта.

Шу йилнинг 8 июнида ЦАХАЛ АҚШ разведкаси ва аскарлари ёрдамида гаровдагиларни зўрлик билан озод қилиш амалиёти ҳам ҳарбий жиҳатдан бежирим деб бўлмайди. 4 киши қутқарилгани эвазига 210 фаластинлик тинч аҳоли ўлдирилди, 400 га яқини ярадор қилинди. 

Хўш, нега АҚШ ва Ғарбнинг тинимсиз ҳарбий-техникавий, молиявий, сиёсий ёрдамига қарамасдан, оғиз кўпириб мақталган Исроил ҳарбийлари ва махсус хизматлари ижобий натижаларга эриша олмаяпти?

Бунинг бир неча омиллари мавжуд:

Халқаро ахборот майдонидаги мағлубият

Шу пайтгача яҳудий аскарларининг Фаластиндаги ҳарбий амалиётларини фақат Ғарб медиаси ёритган. Табиийки, улар холислик тарозисини четга суриб қўйиб, яҳудий аскарларини мазлум, маданиятли ва мусичадек беозор, фаластинликларни эса тиш-тирноғигача қуролланган, Исроилга зарар етказишдан бошқа мақсади йўқ ваҳший, жоҳил ҳамда маданиятсиз оломон қилиб кўрсатган. Барчани бу сунъий имижларга ишонтиришга муваффақ бўлган. Яҳудий аскарларининг ҳар қандай қотиллиги ёки оммавий қирғинлари – ўзини ҳимоя қилиш, дея оқланган.

Бироқ айнан Ғарб яратган интернет ва ижтимоий тармоқлар энди Фаластиндаги асл вазият, Яҳудий давлатининг асл башарасини фош қилиб қўймоқда. Чунки ҳозирги ижтимоий тармоқларда ҳеч ким ахборот оқимини тўла цензура қилиб, чеклай олмайди. Ҳар бир инсон журналист бўла олиши ва ҳар бир воқеа бир зумда барчанинг қулоғига етиб бориши мумкин. Бунинг натижасида ижтимоий фикр мувозанати фаластинликлар фойдасига силжиган. Яҳудий давлати аскарларининг ўзлари ҳам Ғазо секторидаги ноинсоний қилиқларини видеотасвирга олиб, мақтаниш учун интернетга жойламоқда. Масалан, яқинда Исроил аскарларининг бир фаластинлик уйига бостириб киргани, уйда ёлғиз ўтирган кекса аёлни итга талатишгани акс этган тасвирлар тарқалди. Бунга ўхшаш, шунингдек, диний ва миллий туйғулар топталган тасвирлар Исроилга нисбатан ҳамдардлик уйғотмайди албатта. 

Халқаро муносабатлар майдонидаги мағлубият

Фаластин муаммоси борасида жаҳонда шу пайтгача “оломон эффекти” ҳукмрон эди. Содда қилиб тушунтирганда, "дунёнинг қудратли ва маданиятли давлатлари Исроилни қўллаяпти, демак, биз ҳам шундай йўл тутишимиз" керак деган фикр ҳукмрон эди. Бироқ яҳудий аскарларининг фаластинликларни пашшадек қираётгани, қилаётган ваҳшийликлари жаҳон афкор оммасини Исроил давлатининг "тил ва қўл теккизиб бўлмас" имижини, яҳудийлар ҳукмрон медиа ва кинокомпаниялар яратган "мазлум, эзилган ва беозор яҳудий халқи" образининг ҳаққонийлигини шубҳа остига қўйди. Натижада 2024 йилнинг айни давригача 9 та давлат Фаластинни тан олди ва бундай давлатлар сони 147 га етди. Исроилнинг қонхўрликларини танқид қилувчи давлатлар, ташкилотлар ва машҳур шахслар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Яҳудий лоббиси кучли бўлган АҚШ ва Европада ҳаттоки яҳудий миллатига мансуб фуқаролар ҳам ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб чиқмоқда. 

Яҳудий лоббисининг таъсири кучли бўлган Европа давлатлари ҳукуматлари ҳам Яқин шарқда тинчлик ўрнатилиши учун Фаластин давлатини тузишга қарши эмасликларини изҳор қилмоқда. 

Бунинг устига, ҳаддидан ошган Исроил нафақат бошқа давлатлар, балки халқаро тузилмаларни ҳам назар-писанд қилмаяпти, уларнинг қарорларини бажармаяпти, ҳатто Халқаро судга босим ўтказмоқда, прокурорларни жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид солмоқда. Яъни Исроил бутун подани бузаётган тиррақи бузоққа айланиб қолмоқда. Бундай шароитда Исроилга ён босиш ва унга ҳамдард бўлиш – миллий ғурур ва амбицияларга тўғри келмаслиги кундек равшан.

ҲАМАС резерви – бутун Фаластин халқи

Қайсидир қариндоши яҳудий аскари томонидан ўлдирилган, қийноққа солинган, қамоққа ташланган фаластинлик бола қалбидаги қасос туйғусини тасаввур қилинг. Албатта, сионизм ва яҳудийларга нафрат ва қасос туйғуси билан яшайди. Бу туйғу уни ўлгунича тарк этмайди. Топса қурол, топмаса тош билан бўлса-да, ваҳший ҳайвондан баттар мустамлакачиларга қаршилик кўрсатишга уринади. Демакки, ҲАМАСни аскарий захира билан озиқлантирувчи томири бутун фаластин халқи ҳисобланади. Қачонки бу халқ бутунлай қириб юборилса ёки мажбуран хорижга сургун қилинсагина, ҲАМАС мағлуб бўлиши мумкин. 

Албатта, Исроил ҳам буни яхши тушунади ва шунга ўхшаш режаларини юқори минбарлардан туриб расман ва очиқ маълум қилишдан чўчимаяпти. Ҳатто фаластинликларни квота асосида Шимолий Америка ва Европа давлатларига тарқатиб юбориш ёхуд Иорданияга кўчириб юбориб, шу ерда Фаластин давлатини тузиб бериш каби фантастик сценарийлар ишлаб чиқилган. Исроил ҳукуматининг Ғазо секторини бутунлай эгаллаб олиш режалари ҳам яширилмаяпти. Маҳаллий ва келгинди яҳудийлар ҳозирданоқ “ўлмаган айиқнинг терисини” бўлиб олишмоқда: Ғазо секторидаги ерларни ким ошди савдосида сотишяпти. Чунки нефт конлари мавжуд ушбу ҳудуд Исроил иқтисодиётини гуллаб-яшнатиши аниқ. Сўлим денгиз соҳиллари эса курортлар яратиш, туризмни ривожлантириш ва умуман роҳатда яшаш учун қулай кўчмас мулк, дея баҳоланяпти. Бу ерда фаластинликлар борлиги инобатга олинмаяпти. Улар билан ҳисоблашиш шарт эмас, уларнинг ҳам, жаҳон халқларининг ҳам қўлларидан ҳеч нарса келмайди барибир, деган ишонч ҳукмрон. Фаластинликларни гўёки суварак ва каламуш каби ҳайдаб ёки қириб ташлаб, ерларини олиб қўйиш керак, деган режаларни айтишдан истиҳола қилишмаяпти.

ҲАМАС халқаро майдонда ёлғиз эмас

Эрон, Сурия, Яман ҳусийлари, “Ҳизбуллоҳ” ва ҳатто Россия ва Ливан ҳам ҲАМАСга яширин ёки ошкора ҳарбий-молиявий ёрдам бераётган ёки ёрдам беришга тайёр тузилмаларнинг айримлари холос. Гарчи АҚШ Исроилни тиш-тирноғигача қуроллантириб, миллиардлаб доллар ажратаётган бўлса-да, ҲАМАСга қарши уруш кутилган самара бермаяпти. Тўғри, Исроил армияси деярли бутун Ғазо аҳолисини Рафаҳга сиқиб чиқариб, (асосан Миср билан) чегарадаги назорат-ўтиш пунктларини иҳоталаб, ҳудудни бутун дунёдан узиб қўйди. Бироқ жаҳон ҳамжамияти бу қонунсизликларга ортиқ жим қараб тура олмайди. Ҳатто АҚШда ҳам оддий америкаликлар ўз солиқлари ҳисобидан Исроил хунрезликлари молиялаштирилишини истамаяпти. 

Куни кеча АҚШ президент сайловлари олдидан номзодлар Жо Байден ва Доналд Трамп ўртасида ўтказилган мунозараларда ҳам республикачилар вакили Эронни ҲАМАСни қўллаб-қувватлашда айблади. Эрон қудрати пасайтирилса, ҲАМАС кучсизланади, деди.

Ливанга чалғиб кетиш эҳтимоли

Исроил бош вазири Ғазо секторидаги шармандалигини яшириш йўлини топган кўринади. У бир неча сиёсий фирибгарлик схемаларидан сўнг Ливанга уруш очиш лойиҳасини амалга оширишга киришди. Энди Нетаняҳу “Ҳизбуллоҳ”ни йўқ қилиш каби маҳобатли режаси билан ўз лавозимида қолиш учун баҳона қидирмоқда. 

Исроилнинг Haaretz нашри хабар беришича, Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини тўхтатиб, Ливан билан эҳтимолий урушга диққат қаратишга тайёрлигини маълум қилган.

Қайд этиш керак, “Ҳизбуллоҳ” паноҳ топган Ливан билан уруш эҳтимоли эса сўнгги кунларда анча ошган. Жумладан, кўпчилик давлатларнинг ҳукуматлари ўз фуқароларини Ливанга саёҳат қилишдан тийилишга чақирган. Жумладан, АҚШ давлат департаменти Ливандаги америкаликларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга ундаган. Шунингдек, АҚШ Исроил ва Ҳизбуллоҳ уруши бошланадиган бўлса, ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун Исроил ва Ливан яқинига қўшинларини яқинроқ келтиришини билдирди. АҚШ расмийлари ҳатто Исроил Ҳузбуллоҳга қарши уруш бошласа, яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнот берган.

Демакки, Исроил Ливанга ҳужум қилиш режасини амалга оширса, икки фронтда уруш олиб боришга қодир эмаслиги боис, ўз-ўзидан ҲАМАСга қарши фаол жанговар ҳаракатларини тўхтатиши мумкин.

Аниқ старетегия йўқ

Исроил ҳукуматининг мақсади аниқ – ўз хавфсизлигини таъминлаш ва унга таҳдид бўлмиш ҲАМАСни йўқ қилиш баҳонасида бутун Фаластин ерларини эгаллаб олиш, бу ега яҳудийларни кўчириб келишдан иборат. Бироқ бу мақсадга элтувчи йўл ноаниқ. Қолаверса, юқорида айтилганидек, Исроил элитаси ичида ҳам бу масалада бўлинишлар юз бермоқда. Бош вазир аравани бир тарафга, армия бошқа тарафга тортмоқда. Сабр косаси тўлган оддий исроилликлар мутлақо бошқа тарафга тортишни истаяпти. Аниқ режанинг йўқлиги натижани ҳам ноаниқ қилади. 

Қолаверса, урушдан чиқиш, уни қандай якунлаш стартегияси ҳам йўқ. Исроил ҳукумати буни тан олган. Бош вазир Нетаняҳу боши берк кўчага кириб қолган. Зеро, урушни бошлаганлар асосан "тез ғалабага" ишонч билан урушга киради, бироқ урушдан қандай чиқиш ҳақида ўйламайди, одатда. 

Ҳозир минтақадаги “ўйинчиларнинг” ҳеч қайсиси урушни қандай тўхтатишни билмайди. Таклифлар ва режалар кўп, аммо ҳеч бирининг муваффақият қозонишига ишонч ҳамда кафолат йўқ. 

Йил бошида АҚШ ва Европа иттифоқи Ғазода ўт очиш тўхтатилгач, ҳудудга БМТ тинчликчпарвар кучларини жойлаштириш режасини таклиф этган эди. Лекин АҚШ ва Европанинг деярли ярим асрлик“эркалатиш”ларидан талтайиб кетган, нимани талаб этса муҳайё қилишларига ўрганиб қолган Исроил инжиқ ва эркатой бола каби БМТ аскарларини ҳам менсимаслиги аниқ. 

Бироқ яна бир нарса ҳам аниқ: бу тарбиясиз инжиқ болакайнинг тантиқлигини энди ҳеч ким кўтаришни истамаяпти. “Болакай” энди чақалоқ эмас, балки 47 га кирган, фаластинликлар қонига бўялган пичоғини ўқталиб турган барзанги қотил эканини ҳамма билиб бўлди. 

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+