Эрон муҳим сиёсий тадбир арафасида

28 июн куни Эронда навбатдан ташқари президент сайловлари бўлиб ўтади. Унда жами олти нафар номзод қатнашади. 

Жаҳон
7 кун аввал, 14:05
Эрон муҳим сиёсий тадбир арафасида

Эрон муҳим сиёсий тадбирда тайёргарлик кўряпти. 28 июнда мамлакатда муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилади. 

Аслида тайёгарлик ишлари Эроннинг 8-президенти Иброҳим Раисий шу йилнинг 19 май куни авиаҳалокатга учраганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас бошланган эди. Жумладан, 30 майдан 3 июнга қадар номзодлар рўйхатга олинди. 12 июнда эса сайловолди тарғибот кампаниясига старт берилди. Кампания сайловдан бир кун олдин, яъни 27 июн куни эрталаб тўхтатилади. 

Эрон Конституциясининг 131-моддасига мувофиқ уюштирилаётган ушбу сайловларнинг қандай натижа билан якунланиши нафақат сиёсатчилар, балки мамлакат аҳлини ҳам қизиқтиради. Айни пайтда Эронда аҳолининг сиёсатга қизиқиши мамлакат тарихида инқилоб даврини ҳисобга олмаганда анчайин юқори. 

Умид энг охирида ўлади...

Сиёсатга қизиқиш, бир жиҳатдан Эрон халқининг жаҳондаги ўзгаришларни кузатган ҳолда мамлакат ички ва ҳатто ташқи сиёсатида ҳам ўзгаришларга эҳтиёж сезаётгани билан боғлиқ. Хусусан, аёлларнинг ҳуқуқий аҳволини ва умуман инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ҳамда диний ислоҳотларга эҳтиёж бугун пайдо бўлиб қолмаган. 

Биргина мисол, шиаларда мутъа – вақтинчалик (ҳатто 1 соатлик – таҳр.) никоҳга рухсат берилгани боис, ёш-ёш қизчаларни ҳам “қонуний” фоҳишаликка мажбурлаш авж олган. Ҳатто шиаларда муқаддас ҳисобланган Карбало шаҳрида кўчаларда очилган “никоҳ идоралари” аслида одам савдоси ва фоҳишабозлик уяларига айланган. Бундай “идора” ходимлари амалда қўшмачи ролини бажариб, потенциал мижозларга ва хорижликларга “1 соатли хотин” ёки “лаззат никоҳи” таклиф қилиб юради. Иқтисодий жиҳатдан қийналган аёллар ва оилалар эса 3-4 танга умидида бундай “мутъатчи бизнес гуруҳлар”га қизларини бериб қўйишга мажбур бўлмоқда. Хуллас, Эронда аёллар ва болалар - ҳуқуқлари энг кўп топтилаётган ижтимоий қатлам сифатида қолмоқда. 

Курд миллатига мансуб 22 яшар эронлик Махса Аминийнинг 2022 йил 16 сентябр куни полиция томонидан ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар эса халқ сабр косасини тўлдирди, қалбларни жунбушга солди. Мамлакатда норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлар юз берди. Одамлар ўлди. Эрон фуқаролар уруши гирдобига тортилишига бир баҳя қолди. Қолаверса, ядро дастури туфайли келиб чиққан халқаро иҳоталаниш ва санкциялар миллий иқтисодиёт аҳволи ва ижтимоий сиёсатига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда ишсизлик, инфляция ва коррупция кучаймоқда. Хусусан, жорий йилда инфляция 2023 йилга нисбатан 40,8 фоизга ошган. Бундай шароитда халқ сиёсий ўзгаришларни интиқлик билан кутиши табиий. 

Эҳтимолий президентлар

Эронда сайловларда қатнашувчи номзодларни рўйхатга олиш жараёни (30 май-3 июн) анча шов-шувлар билан бошланиб, мунозаралар ва норозиликлар билан якунланди. Беш кун ичида қарийб 80 номзод рўйхатга олинган. 

Дяерли кутилмаган воқеа ва демократик қатламни хушнуд қилган ҳолат – 4 аёлнинг номзодлик учун ариза бергани бўлди. Зуҳра Илоҳиён (56 ёш), Саййида Ҳамида Зарабодий (45 ёш), Ҳожар Чинороний (45 ёш) ва Рафат Байят (66 ёш) – Эрон парламенти - Мажлиснинг собиқ депутатларидир. Тўғри, кейинчалик Зуҳра Илоҳиён аризасини қайтариб олиб, сайловларда қатнашиш фикридан қайтганини эълон қилди.

Шу йилнинг 4 июнидан 10 июнигача эса Ислом инқилоби қўриқчиларининг махсус гуруҳи бу ва бошқа номзодларни “муносиблигини аниқлаш” мақсадида текширувдан ўтказиб, 11 июнда ўз хулосаларини эълон қилди. 

Афсуски бу аёлларнинг бирортаси ҳам якуний рўйхатга тушмади. Энг қизиғи, ҳалол ва қатъиятли президент сифатида (2005-2013) тарихда қолган Маҳмуд Аҳмади Нажод (67 ёшда) ҳам шиа инқилоби қўриқчиларининг “чиғириғидан” ўтказилмади. “Мақбулчилар” номзодларни нега рад этганини тушунтиришга мажбур эмас. Бироқ, тахминларга кўра, номзодларнинг Эроннинг амалдаги ҳукуматига қанчалик садоқатли экани, янада аниқроқ айтилса, Оятуллоҳга қанчалик ёқиши инобатга олинади. 

Натижада фақат қуйидаги шахсларга президент сайловларида иштирок этишга рухсат берилди:

•  Муҳаммад Боқир Қолибоф — парламент спикери, Теҳроннинг собиқ ҳокими, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ қўмондони.

•  Саид Жалилий — Мақбуллик кенгаши аъзоси, ядро дастури бўйича собиқ бош музокарачи.

•   Али Ризо Зоконий — Теҳрон ҳокими.

•   Масъуд Пезешкиён — парламент депутати.

•   Мустафо Пурмуҳаммадий – собиқ Ички ишлар ва адлия вазири.

•   Амир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий — Шаҳидлар ва ветеранлар иши бўйича бўйича Фонд раҳбари.

Номзодлар сайловолди баҳсларида Эрондаги иқтисодий муаммолар учун ҳукуматни айблашди. Деярли барча номзодлар санкцияларни бекор қилдиришга эришиш, сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, туризмни ривожлантириш, тиббиёт соҳаси ходимларининг маошларини ҳамда  Таълим вазирлиги бюджетини ошриши ва бошқа улкан ва эзгу ўзгаришларни ваъда қилишди. 

“Севимли” номзодлар

Албатта ҳар қандай сайловда фаворитлар бўлади. Бу сафарги сиёсий курашларда номзодлардан фақат Қолибоф ва Жалилий эҳтимолий ғолиблар сифатида кўрилмоқда. Уларнинг иккови ҳам консерваторлардир.

Лекин Қолибов анчайин мўътадил сиёсий қарашларга эга. 

Жалилий эса эски анъаналар ва Оятуллоҳ “чизиб берган” сиёсий курснинг ҳар бир нуқтасига амал қилишга уриниши билан машҳур. У президент бўлса, ўта қаттиққўл сиёсат юритиши ва инсон ҳуқуқлари борасидаги барча орзуларга барҳам бериши кутилмоқда. Қолаверса, Жалилий Эрон сиёсий элитаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. У олий раҳбар Оятуллоҳ Ҳоманаи ва Инқилоб қўриқчилари копуси раҳбарияти билан жуда яқин. 

Қолибоф эса технократ ҳисобланади. У ҳам Оятуллоҳ Ҳоманаи ва Инқилоб қўриқчилари корпуси билан яхши муносабатда. Бироқ ултраконсерватив оқим тарафдорлари унинг президент бўлишини истамаслигини ОАВ орқали ҳам очиқ айтмоқда.

Фақат биргина номзод - Масъуд Пезешкиён ислоҳотчи ҳисобланади. Пезешкиённинг ғолиб бўлишига сабаб бўлувчи омиллар бор. Аввало у бошқа номзодлар каби элита билан қалин дўст бўлмаса-да, бирор-бир элита қатламига қарши турмаслиги билан ҳам машҳур. 

Иккинчидан эса Эрон шимоли-ғарбидаги миллионлаб этник озарбайжонлар Пезешкиённи қўллаб-қувватлашади. 

Бироқ Пезешкиённинг президент бўла олмаслигига сабаб бўладиган омиллар ҳам етарди. Аҳолининг сайловларда қатнашиш истаги ўта пастлиги шулар жумласидандир. 

Аниқ, аммо умидсиз келажак

Гарчи Эрон халқи ислоҳотлар ва эркинликларга умид билдирётган, сиёсатга қизиқиши ортиб бораётган бўлсада, янги сайланган президент мамлакат сиёсатига деярли таъсир кўрсатмаслигини жуда яхши билади. Бу ерда президент - Оятуллоҳ сиёсатининг ижрочиси холос. Қолаверса, номзодлар ҳам Оятуллоҳ танлаб берган сиёсатчилардир. Шу боис ким президент бўлишидан қатъи назар, Эрон сиёсати ва деярли ўзгаришсиз қолади. Қандай президент давлат тепасига келишининг мамлакат ва халқ учун “иссиқ-совуғи” йўқ, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Шу боис, экспертлар сайловчиларнинг овоз бериш жараёнидаги иштироки ўта суст бўлишини прогноз қилишмоқда. Ҳукуматдан норози, ислоҳотлар ўтказилишига умиди сўнган эронликлар шунчаки сайловларни бойкот қилади холос. Халқ ҳеч бўлмаса шу йўл билан тизимнинг легитимлигига зарба беришга уринади. 

Бу борада “тажриба” ҳам бор: шу йил март ойидаги парламентига сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг атиги  41 фоизи қатнашди холос. Бу мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткичдир. Қолаверса, ҳукуматга қарашли бўлмаган ОАВлар ҳозирданоқ аҳолини сайловларни бойкот қилишга чақирмоқда. Уларнинг ёзишича, бу сайловлар шунчаки кўзбўямачилик учун ўтказилмоқда ва ҳеч нарсани ўзгартиришга қодир эмас. 

“Авгий отхоналари”

Бироқ янги президент учун етакчилик муддати барқарор ва беғам кечади,  дейиш қийин. Эроннинг бўлажак президенти шу пайтга ҳал қилинмаган ва ҳал этилиши гумон бўлган улкан иқтисодий муаммолар билан юзма-юз бўлади. 

Бунинг устига, халқаро иҳоталаниш, санкциялар, ядро дастури муаммолари ҳам ўз ечимини кутмоқда.

Қолаверса, Исроилнинг Фаластиндаги уруши Эронни ҳам ўта нозик ташқи сиёсат юритишга мажбурлайди. Мабодо мамлакат Исроилга қарши бевосита урушга тортилса, иқтисодий-молиявий муаммолар мамлакатда бостириб бўлмас исёнларга ҳам сабабчи бўлиши мумкин. 

Юнон афсоналарига кўра, Микен подшоси Еврисфей Гераклга Авгий отхоналарини кўп йиллаб йиғилиб кетган тезакдан тозалашни буюрган экан. Геракл эса пул эвазига отхоналарни бир кунда тозалаб беришни ташлашни ваъда қилган.

Геракл яқин атрофдаги дарёдан ариқ қазиб келиб, отхона ичига дарё сувини оқизган ва шу йўл билан мақсадига эришган. 

Бироқ Эроннинг янги Президенти кўп йиллардан бери йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун ўз дарёсини топа оладими йўқми, бу режаси самара берадими, йўқми, асосий савол шунда. Лекин мавжуд фактлар бу саволнинг жавоби, катта эҳтимол билан “йўқ” эканлигига ишора қилмоқда. 

Демакки, сайловларнинг натижаси деярли ўзгариш ясамайди, ечим бўла олмайди. Авгий отхоналари эса яна ўз ҳолича қолаверади, ўз Гераклини кутишда давом этаверади...

Айни пайтда эса Эронда сайловолди кампанияси давом этмоқда. Агар 28 июндаги сайловларда бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг қатъий ва ишончли қўллаб қуввталашига эриша олмаса, 5 июл куни сайловларнинг иккинчи тури ҳам ўтказилиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади

 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+