platina.uz
Жамият

Аҳоли тўлаган пулларни ўзлаштирган "Махсустранс" инспектори жазоланди

Айбланувчи чиқиндини олиб кетиш учун тўланган маблағни нақд ёки пластик картасига ўтказиш йўли билан қабул қилиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатган. 

Аҳоли тўлаган пулларни ўзлаштирган "Махсустранс" инспектори жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида аҳолининг чиқинди учун тўлаган пулларини ўзлаштирган "Махсустранс" инспекторига суд ҳукми ўқилди. Ушбу суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

“Yunusobod Maxsustrans” автотранспорт филиали инспектори лавозимида ишлаб келган Ф.Ш. 2023 йилнинг январь ойидан июнь ойига қадар бўлган давр мобайнида Юнусобод туманидаги “Обод” ва “Боғисбўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқароларнинг чиқинди учун тўлаган маблағларини тало-торож қилган.

Ф.Ш. жами 23.969.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини нақд шаклида ёки ўзининг пластик картасига ўтказиш йўли билан қабул қилиб, ушбу истеъмолчиларга махсус касса аппаратидан тўлов квитанциясини чоп қилмасдан, ўзи гуёки пул маблағлари кирим қилинганлиги ҳақида соҳта квитанцияларни имзолаб, пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Суд тафсилотларига кўра, Ф.Ш.га дастлаб зарарни қоплаш эвазига ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермаслик таклиф этилган, бироқ у етказилган зарарни қопламаган.

Якуний суд ҳукмига кўра, Ф.Ш. айбдор деб топилди ва узил-кесил 2 йил 3 ой 1 кун муддатга сутканинг кечки соат 22:00дан эртаси куни соат 06:00га қадар озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, етказилган зарар судланувчи томонидан тўлиқ қопланиши таъминланган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid