Россияда урушга ёлловчи идоралар рўйхати кенгайтирилди
ИИВ, ФХХ кабилар ҳам жиноий иш очилган шахсларни урушга жўнатиши мумкин. Лекин террорчилик, жосуслик ва давлатга хиёнат бўйича ҳукм қилинганлар билан шартнома тузилмайди.
Россиядаги ИИВ, Федерал Хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Федерал божхона ва ҳатто Федерал суд приставлари (ижрочилари) хизматига жиноий иш очилган шахсларни урушга ёллаш ҳуқуқи берилди.
Ҳамма фронтга!
Украинага уруш бошланганидан бери жиноий иш фигурантларини урушга ёллаш билан фақат Россия Тергов қўмитаси шуғулланаётган эди. Энди бунга бошқа куч ишлатар идоралар ҳам қўшилди.
Гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгач, кўп ҳолларда уларга дарров урушга жўнаш таклифи берилади. Агар шахс рози бўлса, у дарҳол энг яқин ҳарбий комиссариатга жўнатилади. Номзоднинг ёши ва жисмоний ҳолати тегишли талабларга жавоб берса кифоя.
Тергов изоляторларига жойлаштирилган шахсларни ёллаш эса шу идораларнинг ўзида бошланади. Улар рози бўлгач, аввал ҳарбий комиссариат, кейин эса у хизмат қилиши кўзда тутилган ҳарбий қисм ихтиёрига жўнатилади. Бунда албатта ҳарбий хизмат шартномаси тузилади.
Урушга бориш таклифи бериладиган шахсларга “жанговор ҳаракатларда иштирок этиш - нафақат жазодан озод қилиши, балки шахсан унга ва унинг оила аъзоларига турли имтиёз ва моддий манфаат олиш ҳуқуқини бериши” тушунтирилади.
Россиялик адвокат Александр Почуевнинг айтишича, бундай янги аскарлар “Шторм” ҳарбий бўлинмалари шахсий таркибидан жой олади. Reuters агентлигининг ёзишича, "Шторм" "жарима батальонлари" ҳарбий хизмат эвазига гуноҳи авф этилиши ваъда қилинган маҳкумлар ҳамда интизом талабларини бузган мунтазам армия аскарларидан ташкил топади.
Эслатиб ўтиш жоиз, яқин-яқингача Россия қонунчилигида судланган шахслар, маҳкумлар ва тергов изоляторларидаги шахслар билан ҳарбий хизмат шартномаси тузиш тақиқланган эди. Бироқ яқинда Россия Давлат думаси "Мобилизация ва мобилизацион тайёргарлик ҳақида"ги, "Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат ҳақида”ги, шунингдек, Жиноят ва жиноятни ижро этиш ҳақида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш киритиб, уруш даврида маҳкумларни рус армиясига ёллаш йўлидаги бу тўсиқни олиб ташлади. Масалан, авваллари маҳкумларнинг ҳарбий ҳисобда туриши шарт эмас эди. Бироқ янги қонунчиликка кўра бу “хатолик” ҳам “тузатилди”.
Шундай бўлсада, урушга ёлланадиган маҳкумларга қўйиладиган чекловлар ҳам мавжуд. Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этган маҳбуслар, шунингдек, террорчилик, жосуслик ва давлатга хиёнат бўйича ҳукм қилинганлар билан шартнома тузиш мумкин эмас. “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясинниг собиқ раҳбари, марҳум Евгений Пригожин ҳаётлигида берган интервьюларидан бирида қамоқхона тушунчалари бўйича паст кастага туширилганлар ҳам урушга жалб этилмаслигини айтган эди. Пригожин ҳарбий қисмларда тушунмовчиликка ва ўзаро маиший жанжалларга йўл қўймаслик мақсадида шунга қарор қилинганини билдирган эди.
Бир ўқ билан икки қуён уриляпти
Украинага уруш очган Путин олдида бошқа муаммолар қаторида мунтазам аскарлар топиш муаммоси турар эди. Оммавий мобилизация эълон қилинса, мамлакатдан ҳамма қочиб кетиши тайин. Уруш бошланганида деярли 1 миллионга яқин ҳарбий хизмат ёшидаги фуқаролар хорижга чиқиб кетган эди. Шу боис Путин ҳам салафлари синовидан ўтган усул – маҳкумларни урушга жўнатишни йўлга қўйди. Шу билан бирга, айрим маълумотларга қараганда аҳоли таркиби рус бўлмаганлар кўпчиликни ташкил эжтувчи минтақалар – Доғистон ва Бурятия каби ҳудудлардан нисбатан кўпроқ аскар олиняпти. Фронтдан келаётган 200-юк – тобутлар ҳам айни шу ҳудудлар улушида нисбатан кўпроқ миқдорни ташкил этади.
Айрим тахминларга кўра, Кремл бу йўл билан рус эмас халқларни камайтириб, миллий мувозанатни “соғломлаштириш” ҳамда жиноятчи унсурлардан қутулишни мақсад қилган бўлиши мумкин.
Маҳкумларни урушга жўнатиш ҳозирча иккита катта натижа беряпти. Аввало уруш тегирмонидан омон қайтишга муваффақ бўлган собиқ маҳкум ветеранлар яна жиноятларга қўл уришмоқда. Иккинчидан эса, қамоқхоналар бўшаб қолаётганидан ёпилиб кетмоқда.
Айрим маълумотларга кўра, Россия бўйлаб қамоқхоналар таркиби деярли 200 минг маҳбусга камайган. Жумладан, Красноярск ўлкаси раҳбарияти ҳам қамоқхоналар ёпилаётганини тан олган. Ўлканинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Марк Денисов буни “колонияларда сақланаётган маҳкумлар миқдори”нинг камайгани билан изоҳлаган. Денисовнинг маълум қилишича, Красноярск ўлкасидаги 27 та жазони ижро этиш муассасаларида 2024 йил 1 январ ҳолатига 12 530 нафар гумонланувчи, айбланувчи ва маҳкумлар сақланган. Бир йил аввал эса бу рақам 15 182 киши эди. Яъни, бу муассасаларда сақланаётган шахслар миқдори 17,5 фоизга камайган.
BBC ва "Медиазона" нашрлари ўтказган журналистик суриштирув натижасига кўра, фақатгина "Вагнер" ёлловчилари бу ўлкадан 3000 га яқин маҳбусни урушга жўнатишга муваффақ бўлган.
Бироқ омбудсман Марк Денисов қамоқхоналарнинг маҳбуслар камайгани боис ёпилаётганини маъқулламаслигини билдирган.
"Махсус ҳарбий операция (Украинага урушнинг Кремл талқинидаги шакли – таҳр.) эртами-кечми якунланади, ҳаммаси ўз доирасига қайтади, лекин жамиятнинг ижтимоий таркиби ўзгариб кетмайди. 5 йилдан кейин биз қамоқхоналарда жой етишмаслиги боис маҳбусларнинг ҳуқуқлари бузилиши ва маҳкумларни сақлаш шароитлари оғирлашувига гувоҳ бўламиз. Ва яна харажат қилиб, янги қамоқхоналар қуришга мажбур бўламиз", деган омбудсман.