Россияда йирик тозалаш: Путин армиясидаги кирдикорлар
Украинага уруш бошланган кунданоқ, рус қўшинида ҳарбий техника ва бошқарувнинг самарасизлиги билан бир қаторда яна икки муаммо юзага чиқди: таъминот ва ҳарбий алоқанинг ёмонлиги.
Россия 2023 йилда ҳарбий соҳага сарфланган маблағлари бўйича дунёда АҚШ (916 млрд. доллар) ва Хитойдан (296 млрд. доллар) кейин 3-ўринда туради. Россия ўтган йили ушбу соҳага 109 млрд. доллар сарфлаган бўлиб, бу 2022 йилдагидан 24 фоизга, охирги 10 йил билан таққослаганда эса 57 фоизга кўп.
Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ ҳарбий бюджети мамлакат ЯИМнинг 3,4, Хитойники 1,7 фоизини ташкил этгани ҳолда, Россия мудофаа харажатлари улуши ЯИМнинг деярли 6 фоизига тенг.
2024 йилги Россия ҳарбий бюджети эса 112 млрд. долларга чиқиши кўзда тутилган. Тожикистон ЯИМнинг 10 бараварига тенг ва Ўзбекистон ЯИМдан деярли 15 фоизга кўп ушбу улкан молиявий оқим “қозон” тепасида турган рус генераллари ва молиявий соҳа раҳбарлари иштаҳасини қўзғатиши табиий. Совет давридан мерос қолган самарасиз иқтисодий сиёсат, коррупция ва ташмачилик ҳамда қўшиб ёзишлар ёрдамида бу маблағнинг ярми кўзланган мақсадга сарфланган бўлса ҳам катта гап. Ҳар ҳолда Украинага қарши уруш кўп сирларни очиб ташлади.
Уруш фош этган ўғирликлар
Уруш туфайли, ҳужумга шай, дея ҳисобот берилган ҳарбий техникаларнинг деярли учдан бири аслида яроқсиз экани, аксарият қисмига эса эҳтиёт қисмлари етишмаслиги фош бўлиб қолди. Ҳисоботларда таъмирлаш учун, деб ҳар йили олинган миллиардлаб доллар пуллар режадаги мақсад учун сарфланмагани маълум бўлди.
Албатта, йиллар давомида кўзи шамғалат қилиб келинган Путин бу ҳолатдан хабар топгач, соҳанинг “авра-астари”ни чиқариб текширувлар ўтказишни буюрган бўлиши табиий. Натижалар ўзини узоқ куттирмади – Россия мудофаа вазирлигида (МВ) тозалашлар бошланди.
Аввал Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов (23 апрел), МВ кадрлар бошқармаси бошлиғи Юрий Кузнецов (13 май) ва 58-армия собиқ қўмондони Иван Попов (17 май) пора олиш ва фирибгарликда айбланиб қамоққа олинди.
Кейинроқ жорий йилнинг 23 май куни бош штаб бошлиғи ўринбосари, алоқа бўйича бош бошқарма бошлиғи, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ҳамда Давлат мудофаа харидлари таъминоти департементи бошлиғи Владимир Вертелецкий ҳибсга олинди.
Бу тозалашлар ҳамда Россия армиясининг дунёдаги 2-армия эмаслигини фош қилган яна бир воқеа эса Евгений Пригожин кўтарган исён билан боғлиқ. Кичикроқ бир қўшин билан Москвани олиб қўйишига сал қолган “Вагнер” кўрсатган “ўйин” рус армияси ва рус сиёсий-ҳарбий элитасининг аҳволи нақадар аянчли экани, барча ваҳимаю хўрозланишлар шунчаки пропаганда “кучи” эканини бутун дунёга ошкор қилди. Гарчи Пригожин ўз шаштидан қайтгани ва бунинг учун кейинроқ билвосита, лекин ошкора ва “ибратомуз” ўлим жазосига ҳукм қилинганига қарамасдан, Путинга қарши исён кўтаришга журъат қилишининг ўзиёқ кузатувчиларни тафаккурга чорлайди.
Россиялик журналистларнинг маълумотларига кўра, Шамарин 235-гарнизон ҳарбий суди томонидан Россия ЖКнинг 290-моддаси 6-қисми бўйича – жуда катта миқдордаги (36 млн. рубл) пора олиш иши бўйича ҳибсга олинган. Тергов идорасининг илк талқинларига кўра, Шамарин Пермдаги “Телта” телефон заводи бош директоридан 2016 йилнинг апрелидан 2023 йилнинг октябригача 36 миллион рубл миқдорида пора олган. Шамарин бу пулларни Перм телефон заводининг бош директори ва бош ҳисобчисидан МВга етказиб бериладиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва умумий ҳомийлик учун олган. Унга 15 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси хавф солиб турибди.
Аввалроқ, 2023 йилнинг ёзидаёқ “Телта” заводи бош директори Aлександр Високов ва бош бухгалтер Елена Гришина фирибгарлик иши бўйича ҳибсга олинган эди. Айнан уларни тергов қилиш жараёнида рус ҳарбий элитасидаги порахўрлик ҳолатлари маълум бўлгани эҳтимолга яқин.
Шунингдек, Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов катта миқдорда пора олишда айбланган. У 23 апрел куни, вазирликни Сергей Шойгу бошқариб турган пайтда ҳибсга олинган. Иванов Шойгу “жамоаси”га тегишли амалдор бўлса-да, ўшанда вазир ўз ходими ва дўстини сақлаб қолиш учун ҳеч нарса қила олмаган.
Юрий Кузнецов, "Янги Европа" нашри маълум қилганидек, Россия қуролли кучлари бош штабининг 8-бошқармаси бошлиғи бўлиб юрган пайтларида давлат сирларини сотиш билан шуғулланган.
Шундан сўнг, 17 май куни генерал-майор Иван Поповнинг катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб ҳибсга олингани маълум бўлди. Унга Россия ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми билан айблов эълон қилинган. Айрим фикрларга кўра, Попов бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов билан “сан-манга” бориб қолган. “Ҳақиқатпарварлиги” билан ном қозонган Попов аввал 58-армия қўмондонлигидан олинган, сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Терговчилар Поповни уруш ҳудудида мудофаа линияси яратиш учун ажратилган қурилиш материалларини талон-торож қилиш орқали давлатга 100 млн. рубл миқдорида зарар етказишда айбламоқда.
Давлат мудофаа харидлари таъминоти департаменти бошлиғи Владимир Вертелецкийга эса, жумладан, 2022 йилда давлат шартномаси бўйича тугалланмаган ишларни қабул қилиш ва шу тариқа давлатга 70 миллион рублдан ортиқ миқдорда зарар етказиш айби қўйилган.
Албатта, айрим МВ раҳбарлари (ҳозирча) шунчаки лавозимдан четлатиш билан қутулиб қолишди. Путин кейинги муддатга президент этиб “сайлангач”, 2012 йилдан бери Мудофааа вазири бўлиб келаётган Сергей Шойгу 14 май куни Россия хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланиб, унинг ўрнига собиқ бош вазир ўринбосари Андрей Белоусов олиб келинди.
Гарчи, янги тайинланган Мудофаа вазири Андрей Белоусов илк коллегия кенгашида мудофаа тизимида янги маъмурий ўзгаришлар бўлмаслигини ваъда қилган бўлса-да, яқин орада Шойгунинг камида 4-5 нафар ўринбосари мансабидан айрилиши мумкин. “Номзодлар рўйхати”да Алексей Криворучко, Татяна Шевцова, Павел Попов, Руслан Цаликов ва Юрий Садовенко борлиги гумон қилинмоқда.
Гуруҳлараро кураш қурбонлари
Барча тизимларда бўлгани каби, Россия ҳукуматида ҳам турли қудратли гуруҳлар зимдан ўзаро кураш олиб боришади. “Новая Европа” нашрининг ёзишича, ушбу ҳибсга олишлар “рақобатчиларни йўқотиш” ёки “бўйсундириш” сценарийсига ўхшаб кетади.
Хусусан, ҳибсга олинган собиқ мулозимлар Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва МВ ўртасидаги кураш қурбони бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Зеро, Путин қарияпти. Бунинг устига, халқаро майдонда Россияга салбий муносабат, глобал иҳоталаниш, халқаро санкциялар босими, чўзилиб кетган урушдаги стратегик муваффақиятсизликлар, ноўрин харажатлар ва қурбонлар, халқ норозилиги, иқтисодий инқирозлар фонида Путин тахти анча “лиққиллаб” қолган. Бу каби омиллар яқин келажакда Россия давлат раҳбари курсиси учун курашлар бошланиши ва бу курашда ФХХ раҳбарлари иштирок этишга иштиёқманд эканини кўрсатади.
Тўғри, ФХХ бу ҳибсга олишларни коррупцияга қарши кураш қобиғига ўраб тақдим этмоқда. Зеро, аламини кимдан олишни билмаётган рус “ватанпарварлари” айнан порахўрлар ва ҳарбий кийимдаги фирибгарларнинг “қонига ташна”. Деярли барча юқори мартабали армия қўмондонлари коррупциялашган, деган айблов эса ҳеч кимни ажаблантирмайди.
Давлат хавфсизлик хизмати тизими кўзлаган мақсадига деярли етишди: асосий доналар сиёсат тахтасидан олиб ташланди. Бу билан элита ўзини оқлади: “ҳаммасига шу аблаҳлар айбдор эди, мана уларни йўқ қилдик, энди ҳаммаси яхши бўлади”, дея Путинга ва қисман халққа ҳисобот берган бўлди. Шу билан Украинадаги уруш фош этган муаммолар “китоби” ёпилди ҳисоб. Бу ҳибсга олишлар ёрдамида Россия олий раҳбарияти ҳам, халқи ҳам деярли тинчлантирилди, ҳовурдан туширилди.
Бошқа ҳарбий мулозимларнинг олиб ташланиши-ку тушунарли. Лекин алоқа бўйича бош бошқарма бошлиғининг ишдан олиниб, қамоққа улоқтирилиши бироз изоҳ талаб қилади.
Маълумки, Украинага уруш бошланган куниданоқ, Россия армиясидаги ҳарбий техника ва бошқарувнинг самарасизлиги билан бир қаторда, иккита катта муаммо юзага чиқди. Биринчиси таъминот бўлса, иккинчиси ҳарбий бўлинмалараро алоқанинг ёмонлиги билан боғлиқ. Айниқса, алоқа борасидаги камчиликлар рус армияси учун ҳақиқий фалокатга айланди. У қўшинларнинг жанговар самарадорлигига жуда ёмон таъсир кўрсатди.
Маълумки, урушда турли ҳарбий бўлинмалар – мотоўқчи, танк, артиллерия, авиация, электрон уруш, учувчисиз самолётлар ва бошқа бўлинмалар ўзаро алоқада бўлган ҳолда ягона мушт бўлиб жанг олиб бориши талаб этилади. Элементар алоқа сифати яхши эмаслиги, маълумотларни шифрлаш ва узатиш-қабул қилишда муаммолар туғилгани учун аввало алоқа бўйича бош бошқарма айбдор бўлиши табиий. Чунки сифатли ва ҳимояланган алоқа тизими учун аввало замонавий ва сифатли алоқа ускуналари бўлиши талаб этилади. Экспертларнинг таъкидлашича, бу муаммо рус армиясида шу пайтгача кўнгилдагидек бўлмаган ва катта эҳтимол билан ҳозир ҳам – урушнинг 3-йили кетаётган бир паллада ҳам охиригача ҳал этилмаган.
Экспертларнинг тахминларига кўра, Шамарин турли қурилмалар ва техник жиҳозларни ишлаб чиқиш ва етказиб бериш буюртмаларини тақсимлаш учун мунтазам равишда пора олиб келган. Яъни давлат керакли техника учун пул ажратса, уни ким ишлаб чиқариши ва ким етказиб бериши ҳақидаги ҳал қилувчи қарорни Шамарин чиқарган. У ўзи “ёқтирган” лойиҳалаш ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва саноат корхоналарига катта молиявий оқимларни йўналтириш имконини берадиган давлат шартномаларини тузиш билан шуғулланган.
Вертелецкий эса, юқорида айтилганидек, давлат харидлари учун тендерларни тақсимлашдаги нохолислиги учун қамоққа олинди.
Манфаатлар тўқнашуви
МВ генераллари турли ускуна ва ҳарбий техникаларни олишда уларни “рози қилган” фирмалар билан шартнома тузишган. Шахсий манфаатлар аралашган жойда техника сифати ва етказиб бериш муддатлари қандай бўлиши мумкинлигини, пировардида эса бу рус армияси қудрати ва урушдаги вазиятга қанчалик таъсир қилишини ўзингиз тасаввур этаверинг.
Ҳатто армия учун мутлақо кераксиз техникаларга “сунъий эҳтиёж” яратилган ва бунинг учун давлат маблағлари исроф қилинган. Кўплаб миқдордаги товарлар ҳамда эҳтиёт қисмлари етказиб берилмаган бўлса-да, “қабул қилинди”, дея ҳужжатлаштирилиб, бюджет пуллари “еб юборилган”. Хуллас, Вертелецкий ва унинг ҳамтовоқларидан иборат коррупцион тизим барча ҳужжатларни сохталаштириши натижасида бюджет пуллари ҳарбий амалдорлар ва уларнинг “кўнглига йўл топа олган” тадбиркорларнинг шахсий чўнтагига тушган.
Буёқда аскарлар Путин амбициялари ва фантазиялари йўлида жон бериб, қон тўкаётган бир пайтда генераллар шахсий бойлигини кўпайтириш билан шуғулланган. Чунки “қоғозларда” ҳаммаси батартиб, ҳамма нарса етарли. Лекин амалда ўткир танқислик кузатилган ва кузатилмоқда. Масалан, ҳужжатларга кўра, фалон минг тонна ёқилғи сотиб олинган бўлса-да, амалда ҳарбий техникалар оддийгина ёқилғи етишмаслиги ёки таъминот ёмонлиги боис тўхтаб қолиб, рақиб томонидан йўқ қилинмоқда.
Ўқ-дори ва қурол аслаҳалар борасидаги етишмовчилик ва қўшиб ёзишлар кўлами ҳам ўта даҳшатли. “Шойгу, Герасимов, қани ўқ ва қуроллар?”, дея ғазабдан бўғриқиб, урушда ўлдирилган “вагнерчилар”нинг мурдаларини кўрсатиб, видеолар чиқарган марҳум Пригожин ҳам бир жиҳатдан ҳақ бўлган.
Номи махфий қолишини истаган рус ҳарбийларидан бирининг “Новая газета” нашрига берган интервюсида айтишича, ҳужжатларга кўра, Россия армияси алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланган. Ҳолбуки, бутун бошли полклар умуман рациясиз жанг қилишган! “Бизнинг бўлимимизда битта алоқа мосламаси иш ҳолатида эди, холос. Қолганлари бузуқ эди. Натижада, Россия инсонпарварлик ёрдами ходимлари аҳолидан пул йиғиб, бутун полк учун рациялар сотиб олиб беришди. Шу пайт штабдан бир инспектор келиб, радиостанциялар армия стандартларига мос эмас дея, “тирноқ остидан кир” қидира бошлади. Ёрдам етказилишини назорат қилган вилоят раҳбари аралашганидан кейингина тинчиб қолишди” дея эслайди ушбу ҳарбий хизматчи.
Қизиғи шундаки, Россия етакчи фирмалари МВ буюртмаси билан ишлаб чиқарган ҳарбий услубдаги рацияларни Интернетда бемалол сотиб олиш мумкин. Улар қандай қилиб, “қўлга” чиқиб кетганини ҳеч ким тушунтириб бера олмайди.
“Новая газета” суҳбатдошининг айтишича, кўпгина бўлинмаларда жароҳат олганлик ҳолатлари, таътиллар ва мукофотларни расмийлаштириш учун аскарлар ва зобитлардан ноқонуний пул йиғиб олинади. Бу ҳам камлик қилгандек, ҳарбий қисм командирлари халқ ва хайрия ташкилотлари жўнатган гуманитар ёрдамни “ташқарига” сотиб юборишади. Ҳатто қурол ва ўқ-дориларни сотишга журъат қилишади ва “тушган даромаддан” юқори ҳарбий раҳбариятга улуш бериб туришади.
Йиғиштирилаётган арқон
Халқда “арқонни узун ташлаб қўйиш”, деган нақл бор. Ушбу ҳибсга олишлар ҳали кўплаб жиноят ишларининг дебочаси бўлиши мумкин. Зеро қўлга олинган мулозимлар ҳали кўп сирларни терговчилар билан “баҳам” кўришади, собиқ ҳамкасбларини аямай сотишади, келажакда кўплаб янги “ишлар” бўйича гувоҳлик беришади.
Албатта, армия тизимидаги бу ўғирликлардан юқори раҳбарият ва ФХХ бехабар бўлган, дейиш қийин. Зеро МВ билан тузиладиган барча шартномалар, қурол ва кийим-кечак сотиб олиш бўйича буюртмалар ва бошқа молиявий ҳужжатлар ходимларнинг бутун жамоаси томонидан тайёрланади ҳамда ФХХ контрразведка бўйича кураторлари томонидан текширилади. Улар Тимур Иванов ёки Юрий Кузнецовнинг “бизнесидан” хабардор бўлишгани табиий. Демакки, бу репрессиялар кўлами келажакда янада кенгайиши ва бошқа идораларни ҳам қамраб олишини прогноз қилиш мумкин.
Кечув пайтида олмаштирилган отлар
Дарёни кечиб ўтилаётган пайтда отларни алмаштириб бўлмайди, дейишади. Айни уруш пайтида жанглар учун бевосита масъул шахсларнинг алмаштирилиши Россиянинг ҳужум ва мудофаа қудратига таъсир этмайди, дейиш ўта соддалик бўларди. Бироқ бунга мажбурлик мудофаа тизимидаги коррупциянинг чидаб бўлмас даражага чиққанини кўрсатади.
Албатта, раҳбарлари қамоққа олинган ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар самарадорлиги ҳам вақтинча пасайиб кетиши мумкин. Янги тайинланган раҳбар токи вазиятни ўрганиб, мослашиши ва янги режалар билан фаол иш юритиши учун вақт керак бўлади. Қолаверса, мавжуд бюрократик “анъаналарга” кўра, янги келган раҳбар ўзи билан бутун жамоасини олиб келади ва шу пайтгача ишлаб турган ходимлар ўрнига қўяди. Бу жараён тепадан пастга қараб давом этади. Бу эса, бутун тизим янги раҳбарлар билан алмашади, деганидир. Демакки, ҳарбий таъминотда, хусусан, жуда оғриқли ва муҳим алоқа тизимида яна иш самарадорлиги пасаяди ва алал-оқибат Россия армиясини бир муддат заифлаштириб қўяди. Янги раҳбариятнинг янги стратегик режаларни амалга ошириши ҳам армия фаолиятида ўзига хос “пауза” пайдо қилади. Натижада, бюрократик машина ҳаракати фалажланади, қарорлар қабул қилиш кўп вақт ола бошлайди. Ҳарбий экспертларнинг айтишича, ҳамма кутганидек, рус армиясининг ёзги жўшқинлиги кузатилмайди, бироз турғунлашув фазаси бошланади.
Ҳарбий тадқиқотчи Кирилл Михайловнинг билдиришича, Россия қуролли кучларини янада самаралироқ қилиш учун бир неча ҳибсга олишлар етарли бўлмайди. Россия армияси урушда бирмунча муваффақиятлар кўрсатиб, янги ҳудудларни босиб олаётганига қарамасдан, тизимда муаммолар шунчалик кўпки, ҳатто энг ҳалол ва коррупциядан ҳазар қиладиган ҳарбий раҳбар ҳам уларни тезда ҳал қила олмайди. Бу эса урушнинг янада чўзилиши, харажатлар ва қурбонлар кўламининг янада ортишидан дарак беради.
Ҳамма нарса уруш учун...ми?
Россия бюджетида ҳарбий соҳага йўналтирилган харажатлардан ташқари, уруш қатнашчиларини ўқитиш, собиқ қатнашчиларни моддий рағбатлантириш, ярадорлар учун нафақа ҳамда тиббий хизматлар, уларнинг ҳамда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари учун моддий-молиявий таъминот масалалари ва бошқалар ҳам халқ зиммасига юк бўлиб тушмоқда.
Хусусан, 2024 йил учун қабул қилинган Россия давлат бюджетида мудофаа учун ажратиладиган маблағлар улуши рекорд даражага чиққан. Россия ҳукумати “миллий мудофаа” учун 10,8 трлн. рубл ажратишни режа қилган. Бу эса 2024 йил учун кутилган харажатларнинг 29,4 фоизини ташкил этади.
Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, “ижтимоий сиёсат” учун жами харажатларнинг атиги 21,1 фоизи (7,7 трлн. рубл) ажратилади.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг моддий таъминотини, шунингдек, “ҳарбий хизмат ва шунга тенглаштирилган хизматлардан” бўшатилган шахсларнинг нафақаси учун моддий таъминотни ҳам 4,5 фоизга қайта индексациялашни ният қилган.
Бу каби рақамлар, шунингдек, ҳарбий элита раҳбариятида бошланган тозалашлар Россия сиёсати ва иқтисодиёти ҳарбий релсларга ўтказилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бундай шароитда илм-фан ва иқтисодиёт ҳам тинч ҳаётдаги муваффақиятларга, халқ фаровонлигини оширишга эмас, уруш ва мудофаа билан боғлиқ технологияларга урғу бериши табиий.
Шунга қарамасдан, урушдан ҳамма чарчади, Путин атрофидаги амалдорлар ҳам уруш тўхташидан манфаатдор, деган фикрларга қўшилиш қийин. Уруш – ўта қиммат машғулот. Уруш – катта пуллар йўналтириладиган, ноқонуний бойиш учун улкан имконият. Юқоридаги фактлар мисолида таъкидлаш мумкинки, рус элитаси урушни тўхтатишдан эмас, уни чўзишдан ва табиийки, уни ғалаба билан якунлашдан кўпроқ манфаатдор. Зеро ғолибларни ҳеч ким айбламайди. Урушда йўл қўйилган хатолар ҳамда ўғирликлар эса худди навқирон ёшида ҳалок бўлган аскарларнинг мурдалари каби уруш майдонларида қолиб кетади ва унутилади.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.