Андижонда бандлик маркази директори ва шерикларининг қилмишлари ошкор бўлди
Улар ишсиз фуқароларни касбга ўқитишда тўланадиган стипендия пулларини талон-торож қилган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди бандлик маркази мутасаддиларига оид суд иши кўриб чиқилди. Ушбу суд ҳужжати Platina.uz таҳририятида мавжуд.
Иш ҳужжатига кўра, Андижон тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази собиқ директори марказ бош ҳисобчиси ҳамда марказнинг касбга ўқитиш мутахассиси билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ноқонуний бойлик орттириш учун ягона мақсад сари ҳаракат қилган. Улар ишсиз фуқароларни стипендия пуллари тўланадиган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида бюджет маблағлар ҳисобидан ажратиладиган маблағларни ўзлаштириб мазкур пул маблағларини банкдан олинишига эришишган.
2019-2022 йиллар давомида бюджетидан фуқароларнинг стипендия пули сифатида шакллантирилган жами 37.053.015 сўм пул талон-торож қилинган.
Судланувчи бўлган собиқ бошлиқ судда у ўз айбига қисман иқрорлигини билдирди.
Якуний суд ҳукмига кўра, бандлик маркази собиқ раҳбари ЖКнинг ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “б,в,г” бандлари, 209-моддасининг 2-қисми “а”банди билан айбли деб топилди.
Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида 66.900.000 сўм жарима жазоси, 2 (икки) йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иккинчи айбланувчи бўлган собиқ бош ҳисобчига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида 66.900.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек унга узил-кесил ўташ учун 2 (икки) йил 1 (бир) ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 7 (етти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Марказда ўқитиш мутахассиси лавозимида ишлаган судланувчига эса ЖК 28,209-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида 22.300.000 сўм жарима жазоси ва 1 йил мансабдорлик вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
