platina.uz

Арзон нарх сабабли газ етказиб бериш бўйича Россия-Хитой келишуви имзоланмади

Бу ҳолат Россия иқтисодий ёрдам учун Хитойга тобора кўпроқ қарам бўлиб қолаётганини исботлайди. 

Таҳлил
8 июнь, 19:54
Арзон нарх сабабли газ етказиб бериш бўйича Россия-Хитой келишуви имзоланмади

Россиянинг Хитой билан йирик газ қувури бўйича битим тузишга уринишлари Пекиннинг нарх ва етказиб бериш бўйича шартлари Москва учун асоссиз кўрингани боис тўхтаб қолган. Financial Times кўплаб манбаларга таянган ҳолда шу ҳақда хабар бермоқда.

Пекиннинг “Сибир қудрати 2” (“Сила Сибири 2“) қувурига нисбатан қатъий позицияси Россиянинг Украинага бостириб кириши боис Путин иқтисодий ёрдам учун Хитой етакчиси Си Цзинпинга тобора кўпроқ қарам бўлиб қолаётганини исботлайди.

Вазиятдан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, Хитой Россия томонидан субсидияланган ички нархларга яқин нарх белгилашни талаб қилиб, йиллик режалаштирилган 50 миллиард куб метрли қувватнинг фақат бир қисмини сотиб олиш мажбуриятига рози бўлган.

Газ қувури қурилиши маъқулланса, Россиянинг давлат газ экспорти бўйича монополисти "Газпром"нинг оғир молиявий аҳволи яхшиланади, Россия ғарбида жойлашган, бир пайтлари Европани таъминлаган газ конлари билан Хитойни туташтиради.

Ўтган йили "Газпром" Европага газ сотишнинг кескин пасайиши фонида 629 миллиард рубл (6,9 миллиард AҚШ доллари) зарар кўрдики, бу охирги чорак асрдаги энг катта йўқотиш ҳисобланади. Европа эса Россия энергетикасига муқобил вариантлар топишда ва аҳолисини энергия билан таъминлашда кутилганидан ҳам каттароқ муваффақиятга эришди.

Россия “Сибир қудрати-2” бўйича “яқин келажакда” келишувга эришишига ишончи комил эканини таъкидлаган бўлса-да, айрим манбаларга кўра, “Газпром” раҳбари Aлексей Миллер ўтган ойда Россия раҳбарининг Пекинга давлат ташрифи чоғида Путинга ҳамроҳлик қилмаганига ҳам айнан газ қувури бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани сабаб бўлган.

Газ қувури бўйича келишув Путиннинг Си Цзинпин билан учрашганида қўйган учта асосий илтимосларидан бири бўлган. Муаммо билан яхши таниш шахсларнинг сўзларига кўра, қолган иккитаси – Хитой банкларининг Россиядаги фаолияти ҳамда Хитойнинг шу ой Украина томонидан ташкил этиладиган тинчлик конференциясида қатнашишдан бош тортиши билан боғлиқ.

Қувур бўйича келишувга эришишга ҳали эрта. Хитой банклари билан таклиф қилинган ҳамкорлик эса Россия сўраганидан анча кичикроқ миқёсда қолмоқда.

Берлиндаги Карнеги Россия-Евроосиё маркази директори Aлександр Габуевнинг сўзларига кўра, Россиянинг келишувни таъминлай олмагани – Украинадаги уруш туфайли Хитой мамлакатлар ўртасидаги муносабатлардаги энг катта ҳамкорга айланганини кўрсатади.

“Хитой Россия газига стратегик жиҳатдан, яъни Тайван ёки Жанубий Хитой денгизи атрофида денгиз можароси юзага келган тақдирда ёпиб қўйилиши мумкин бўлган денгиз йўллари билан боғлиқ бўлмаган хавфсиз таъминот йўли сифатида керак бўлиши мумкин”, дейди Габуев. "Aммо буни фойдали қилиш учун Хитой ҳақиқатан ҳам жуда арзон нарх ва ўзига қулай мажбуриятларни талаб қилади."

Колумбиянинг CGEP компанияси томонидан май ойида чоп этилган ҳисоботга кўра, Хитойнинг импорт қилинадиган газга бўлган талаби 2030 йилга келиб 250 миллиард м3 га етиши кутилмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткич камроқ – 170 миллиард м3 бўлган эди.

Ушбу ҳисоботда айтилишича, 2030 йилга бўлган талаб даражаси қувурларни етказиб бериш ва суюлтирилган газ учун мавжуд шартномалар орқали қондирилиши мумкин. Бироқ, 2040 йилга келиб, Хитойнинг импорт талаби ва мавжуд газ сотиб олиш мажбуриятлари ўртасидаги фарқ 150 миллиард м3 га етади.

Россиянинг газ экспорти учун муқобил қуруқлик йўлининг йўқлиги “Газпром” Хитойнинг шартларига рози бўлиши мумкинлигини англатади, дейди Габуев.

"Хитой вақт ўз томонида эканига ишонади. Хитойда руслардан энг яхши шарт ва нархни “савдолашиш” ва Хитой-Россия муносабатларида эътибор бошқа жиҳатга кўчишини кутиш имконияти мавжуд”, дейди у. “Қувурни тезда қуриб битириш мумкин, чунки газ конлари аллақачон ўзлаштирилган. Охир-оқибат, русларнинг бу газни сотишнинг бошқа вариантлари йўқ.

Украинадаги урушдан олдин Газпром Россиянинг ички бозорини субсидиялаш юкини Европага юқори нархларда газ сотиш билан мувозанатлаштирар эди.

CGEP тадқиқотчилари 2019-21 йиллардаги божхона маълумотларига таяниб маълум қилишича, Хитой ҳозир ҳам газ учун Россияга бошқа етказиб берувчиларга нисбатан камроқ – бир миллион Британия иссиқлик бирлигининг (БИБ) ўртача нархи 4,4 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

(БИБ, инглизча BTU - British thermal unit. Инглиз ўлчов бирлигига кўра, 1 фунт сувни Фаренгейт бўйича 1 даража ҳароратга қадар иситиш учун сарфланадиган энергия. 1 BTU 252 калорияга тенг – таҳр.)

Ҳозирда Мянма гази учун бу бирлик баҳоси 10 AҚШ доллари ва Ўзбекистон учун 5 AҚШ долларига тенг.

Россия марказий банки эълон қилган маълумотларга кўра, худди шу йилларда Россия Европага ҳар миллион БИБ учун тахминан 10 AҚШ доллари миқдорида газ экспорт қилган.

2023 йилда "Газпром"нинг Европага экспорти 22 миллиард м3 камайди. Украинага тўлиқ миқёсда бостириб киришдан олдинги ўн йил ичида бу кўрсаткич йилига ўртача 230 миллиард м3 бўлган. 2023 йил охирида Украина билан газ транзити бўйича шартнома муддати тугаганидан сўнг, бу миқдор янада камайиши мумкин.

Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш бўйича келишувга эриша олмаслик Россия учун яна бир кучли зарба бўлади. Яқинда Россиядаги йирик банклардан бирининг эълон қилинмаган, бироқ Financial Times танишган ҳисоботига кўра, "Сибир қудрати 2" "Газпром" учун асосий прогнозидан чиқариб ташланган. Бу компаниянинг 2029 йил – банк лойиҳа ишга тушишини кутган давр учун учун кутилган фойда прогнозини деярли 15 фоизга камайтиради.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+