platina.uz

Жазирама бошланмоқда: иссиқ танага қандай таъсир қилади?

Маълумотларга кўра, ҳар йили АҚШда 700 дан ортиқ одам кучли иссиқдан ҳалок бўлади. Уларнинг кўпи юрак-қон томир касалликларидан азият чеккан бўлади. 

Жамият
6 июнь, 11:40
Жазирама бошланмоқда: иссиқ танага қандай таъсир қилади?

Айни кунларда баҳор деярли тугаб, ёзнинг иссиқ кунлари бошланган. Ҳатто айрим ҳудудларда жазирама иссиқ аҳолини безовта қила бошлади. Хўш, иссиқлик тўлқинлари инсон ҳаётига қандай хавф туғдириши мумкин?

Иссиқлик ҳаммага таъсир қилади, аммо баъзи заиф гуруҳлар, масалан, кекса одамлар ва чақалоқлар жиддий зарар кўради. Яъни ҳаддан ташқари иссиқлик таъсирида тана қизиб кетганда қон томирлари очилади. Бу қон босимининг пасайишига олиб келади ва қонни танага суриш учун юрак қаттиқроқ ишлашга мажбур. Мазкур ҳолат - қон томирлари оқиши қичиш, иссиқлик тошмаси тошиши ёки оёқларнинг шишиши каби енгил аломатларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, терлаш суюқлик ва тузнинг йўқолишига сабаб бўлади ва энг ёмони, танада улар орасидаги мувозанат ўзгаради.

Аломатлар қуйидагиларда намоён бўлади: бош айланиши, кўнгил айниши, ҳушдан кетиш, бош оғриғи,кучли терлаш,чарчоқ, совуқ, рангпар ва хиралашган тери. Агар қон босими жуда пасайиб кетса, юрак хуружи хавфи ортади.

Нега бизнинг танамиз бундай муносабатда бўлади?

Одам танаси ҳар қандай об-ҳавода 37 градус асосий ҳароратни сақлашга интилади. Аммо об-ҳаво исиши билан тананинг асосий ҳароратини пасайтириш учун нима қилиш керак? Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) бу борада шундай маслаҳат беради: енгил ва мос кийим кийиш, иложи борича кондиционердан фойдаланиш, очиқ ҳавода фаолиятни чеклаш, кўпроқ суюқлик ичиш, спиртли ичимликлардан чекланиш, қуёш кремлари ва шляпа ёхуд шунга ўхшаш бош кийимлардан фойдаланиш, узоқ муддат берк бўладиган транспорт воситаларидан фойдаланмаслик ва ҳоказо. Агар бундай эҳтиёт чоралари кўрилмаса, одамни иссиқ уриши, натижада, унинг ҳарорати 40 градусдан ошиб, ҳатто юқори даражадаги ҳароратни сезмаслиги, умуман, ўзида бўлмаслиги мумкин.

Кимлар кўпроқ хавф остида?

Кексалар ёки юрак хасталиги каби узоқ муддатли касалликка чалинганлар танадаги иссиқлик таъсирига дош беролмайди. Қандли диабетга чалинганлар ҳам бунга қодир эмас, чунки бу касаллик танадаги сувни тезроқ йўқотишга олиб келади ва унинг баъзи асоратлари қон томирлари ва терлаш қобилиятини ўзгартириши мумкин. Болалар ва кам ҳаракатчан бўлганлар ҳам бу борада заифроқ. Деманс каби мия касалликлари ҳам одамларни иссиқдан бехабар қолдириши ёки бу ҳақда мияга ҳеч қандай сигнал юбормаслиги мумкин.

Иссиқлик ўлдирадими?

CDC маълумотларига кўра, ҳар йили АҚШда 700 дан ортиқ одам ҳаддан ташқари иссиқдан ҳалок бўлади. Уларнинг аксарияти тана ҳароратини барқарор ушлаб туришга уриниш оқибатида зўриқишдан келиб чиққан юрак хуружи ёки қон томирлари билан боғлиқ муаммолардан азият чеккан. Ўлим хавфи ёзнинг ўрталари ёки охирларида деярли кузатилмайди. Хавф баҳорда ёки ёзнинг бошларида юқори ҳарорат оқибатида инсон ҳаётига раҳна солиши мумкин. Сабаби биз ёз ўтиши билан кундалик ишларимизни ўзгартира бошлаймиз ва иссиқлик билан курашишга кўпроқ кўниккан бўламиз. Маълумотларга кўра ўлим суръати иссиқлик тўлқининг дастлабки 24 соатида ошиши мумкин экан. Агар сиз тавсия этилган йўл-йўриқларга риоя қилсангиз, ташвишланишга ҳожат йўқ, дейди соҳадагилар.

Сўғдиёна Собирова
ЎзДЖТУ талабаси

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+