Японияда овқатни шўр қиладиган қошиқ сотувга чиқарилди
Мамлакатда катталар кунига ўртача 10 грамм туз истеъмол қилишади, бу ЖССТ томонидан тавсия этилган миқдордан икки баравар кўп.
Японияда озиқ-овқат таъмини янада шўр қиладиган батарея билан ишлайдиган қошиқ сотувга чиқди.
Пластмасса ва металлдан тайёрланган қошиқ туз истеъмолини камайтириш учун курашаётган одамларга мўлжалланган, чунки тадқиқотчилар бу масалада соғлом овқатланишни тарғиб қилишади. Зеро, натрийни ортиқча истеъмол қилиш юқори қон босими, инсульт ва бошқа ҳолатларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра Японияда катталар кунига ўртача 10 грамм туз истеъмол қилишади, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган миқдордан икки баравар кўп.
Электр туз қошиғи натрий иони молекулаларини тилда тўплаш учун қурилманинг учи орқали заиф электр токини ўтказиш орқали ишлайди.
Қошиқнинг оғирлиги 60 грамм ва қайта зарядланувчи литюм батареяда қувватланади.
Компаниянинг 2021 йилда ўтказган сўровига кўра, туз истеъмолини чеклашга ҳаракат қиладиган одамлар кўпинча озиқ-овқат мазасиз бўлиб қолганидан шикоят қиладилар. Япон ишлаб чиқарувчи компанияси - Кириннинг фикрига кўра, қошиқ таомнинг шўрлигини бир ярим баравар оширади. Фойдаланувчилар мазкур қошиқдан фойдаланиш интенсивлигини тўрт хил даражадан танлашлари мумкин.
Қошиқ Меижи университети профессори Хомеи Мияшита билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, у аввалроқ токлар ёрдамида электр таёқчалари прототипида таъмни яхшилаш эффектини кўрсатган ва ўтган йили Ig Nobel Nutrition мукофотини қўлга киритган.
Дастлаб 200 та маҳсулотнинг ҳар бирини 19 800 иен (99 фунт) эвазига онлайн сотувга қўйилади. Шу ойда (июнь) япон сотувчисида чекланган савдо бўлади. Бироқ компания беш йил ичида бутун дунё бўйлаб бир миллион фойдаланувчига эга бўлишга умид қилмоқда.
“Умуман япон халқи туз истеъмол қилиш миқдорини камайтириши керак, аммо истеъмол қилишга одатланган нарсадан узоқлашишимиз қийин бўлиши мумкин. Мана шу электр қошиқни ишлаб чиқишимизга сабаб бўлди", - дейди Кирин тадқиқотчиси Аи Сато.