"Бухоро тажрибаси": вилоят фаоллари аҳолига мурожаат йўллади
Айтилишича, Бухорода илк бора юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўрганиш ҳамда ойлик иш ҳақи эвазига ишлаш амалиёти жорий этилади.
Бухоро вилояти халқ депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда агрокластер эгалари вилоят аҳолисига мурожаат йўллади.
Унда асосий масала сифатида “Бухоро тажрибаси” кўрилган. Вилоятда расман 55,5 минг нафар фуқаро ишсиз деб қайд этилган бўлса, бу ойда яна 21,5 минг битирувчилар меҳнат бозорига кириб келади.
2024 йил бошида ҳудуддаги 238 минг аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 11,8 фоизни ташкил этган.
Хусусан, йил бошида 54 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, шу даврга қадар амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида уларнинг 26 мингга яқинини камбағаллик даражасидан чиқаришга эришилди.
"Бу борада вилоятда 209 395 та янги иш ўринларини яратиш бўйича ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар кенгашлари сессияларида тасдиқланган режаларнинг ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, вилоятимиздаги 544 та маҳалланинг драйверидан келиб чиқиб, шакллантирилган 1 300 га яқин лойиҳаларни ишга тушириш, ишлатилмасдан турган 3,2 млн. гектар ер майдонидан самарали фойдаланишни таъминлаш, ип-калавани қайта ишлашни 57 фоиздан 85 фоизга олиб чиқиш, экспортни ҳозирги 140 млн.дан 570 млн. долларга ошириш устувор вазифамиздир" дейилади мурожаатда.
Бухорода 103 минг 800 нафарга яқин киши узоқ муддатга хорижий давлатларга кетган бўлиб, олиб борилган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида уларнинг 25 мингдан ортиғи ўз оилалари бағрига қайтиб келишган.
Илк маротаба жорий йилдан бошлаб вилоятда 548 та умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўрганиш ҳамда ойлик иш ҳақи эвазига ишлаш амалиёти жорий этилади.