platina.uz

Саудия байроғи ўзгарадими?

Байроқдаги калима олиб ташланиб, мамлакатнинг исми араб ва инглиз тилларида ёзиб қўйилиши ҳақида кўплаб хабарлар тарқалмоқда.

Жаҳон
2 июнь, 16:11
Саудия байроғи ўзгарадими?
Фотоколлаж: Platina.uz

Охирги пайтларда айрим Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда (айниқса Facebook) “Саудия Арабистони подшоҳлиги давлат байроғини ўзгартирмоқчи”, деган мазмундаги хабарлар пайдо бўлди.

Миш-мишлар кимдан чиқди?

Муаллифларнинг ишонтиришича, Саудия Арабистони давлат байроғидаги “таййиба калимаси”ни (“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳи”, арабча – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расулидир”) олиб ташлашни режалаштиряпти. Турли буюмларга бу байроқ туширилиши ислом шиори бўлган сўзларни таҳқирлаш ҳисобланишини боис, шундай йўл тутилаётган эмиш.

Аслида бу миш-миш 2022 йилда тарқала бошлаган ва ора-сира турли муаллифлар томонидан билиб ёки билмасдан яна репост қилиб турилади.

Хусусан, Бангладешнинг Banglanews24.cом онлайн ахборот порталида 2022 йил 6 февралда “Калимаи Таййиба Саудия Aрабистони байроғидан олиб ташланади” сарлавҳали мақола чоп этилган. Бу ахборот Facebook’да репост қилинган бўлиб, 5 млн.дан зиёд кўрилган.

Мақолада айтилишича, гўёки Саудия ҳукумати миллий байроқ ва мадҳияни ўзгартиришга қарор қилган. Байроқдаги калима олиб ташланиб, мамлакатнинг исми араб ва инглиз тилларида ёзиб қўйилади.

Бу ўзгаришлар Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг “2030 йил Саудияга назар” дастури лойиҳасида амалга оширмоқчи бўлган ғояси, дейилади мақолада. (Аслида бу дастур мамлакатнинг нефтга қарамлигини камайтириш, иқтисодиётини диверсификация қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, инфраструктура, рекреацион соҳа ва туризм тизимини ривожлантиришга қаратилган – таҳр.)

Гўёки Саудия Арабистонининг матбуот агентлиги – SPA’нинг хабар қилишича, Саудия Шўро кенгаши бу ғояни қўллаб овоз берган эмиш.

“Фактчекинг” натижалари

Бу хабар “фактчекинг” филтридан ўтказилганида, ёлғонлиги маълум бўлган. Хусусан, France Press ахборот агентлигининг фактларни текшириш хизмати сайтида бу масала атрофлича текширилган.

AFP’нинг ёзишича, бу хабарлар нотўғри! Улар таянган Саудия давлат оммавий ахборот воситаларида байроқнинг шаклига эмас, ундан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритиш лойиҳаси ҳақида хабар берилган.

Саудия Aрабистонининг Шўро кенгаши 2022 йил 31 январда байроқнинг дизайни эмас, балки ундан фойдаланиш қоидаларини қайта кўриб чиқишни кўзда тутувчи қонунга ўзгартириш киритиш лойиҳасини маъқуллаган.

“Саудия Aрабистонининг Шўро кенгаши душанба куни кўпчилик овоз билан давлат байроғи, герби ва мадҳияси ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини маъқуллади, лекин уларнинг шакли ва мазмунига эмас”, дея хабар берган Saudi Gazette нашри.

Мақолада айтилишича, таклиф этилаётган ўзгартиришлар байроқ, герб ва давлат мадҳиясидан тўғри фойдаланишни белгилаш, “байроқ ва мадҳиянинг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш ҳамда байроқни таҳқирлаш, унга путур етказиш ёки эътиборсизликдан ҳимоя қилиш”га қаратилган.

SPA’нинг 31 январдаги хабарига кўра, қонунга ўзгартириш киритиш лойиҳаси кенгаш томонидан маъқулланган, бунда байроқдан исломий калима олиб ташланиши ҳақидаги нотўғри даъволар йўқ.

The Associated Press ахборот агентлиги, шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларининг хабарларига иқтибос келтирган ҳолда, ўзгаришлар байроқ дизайнига таъсир қилмаганини хабар қилган.

“Яқин Шарқ” газетаси Asharq Al-Awsat ҳам шундай деб ёзди: “Ўзгартириш байроқ, герб ва миллий мадҳия тизими билан чекланади, уларнинг мазмуни ва шаклига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди”.

Саудия Арабистонининг “Байроқ тўғрисида”ги қонунининг жорий талқини текширилганида ҳам ҳеч қандай ўзгаришлар аниқланмади.

AFP, шунингдек, Саудия Aрабистони олий маслаҳат органи – Шўро кенгашининг байроқ дизайнини ўзгартиришни таклиф қилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай расмий хабарларни топмаган.

Алоҳида эътибор талаб қилувчи ўзига хос байроқ

Қайд этиш жоиз, Саудия Арабистони подшоҳлигининг ҳозирги байроғи ва мадҳияси Қиролнинг 1973 йил 15 мартдаги фармони билан қабул қилинган. Унда яшил матога оқ рангда “Таййиба” калимаси ва унинг остида қилич сурати туширилган.

Cаудия Арабистони давлат байроғи. AFP/FayezNureldine

Бу байроқ ва унинг қўлланилиш тартиби бошқа давлатларникидан фарқ қилади. Масалан, байроқдаги исломий калима ҳар икки тарафдан ҳам бир хил ўқилиши учун ёзувли икки парча мато бирлаштириб тикилади.

Шунингдек, Саудия байроғи ҳеч қачон пастга туширилмайди, ҳатто мотам пайтларида ҳам.

Саудия Арабистони байроғи ҳеч қачон пастга туширилмайди.

Қонунга кўра, Саудия байроғи доим тоза ва дазмолланган ҳолда бўлиши лозим. Уни турли ҳайвонлар ёки исломда ҳаром ҳисобланган буюм ва ҳаракатларда қўллаш мумкин эмас.

Бу калима мусулмонлар учун муқаддас бўлгани боис, мазкур байроқни кийимлар, пойабзаллар, реклама маҳсулотлари ва бошқа буюмларга тушириш тақиқланади.

Ҳатто 2002 йилда FIFA футбол бўйича жаҳон чемпионати қатнашчиларининг байроқлари суратини футбол тўпига туширганида, Саудия байроғи ҳам акс эттирилгани катта можарога сабаб бўлган эди. Саудия мулозимлари муқаддас калима ёзилган коптокни одамлар тепиб юриши номақбул иш, дея эътироз билдиришган.

Бундан ташқари, 2007 йилда АҚШ ҳарбийлари афғонистонлик болаларга вертолётдан турли ўйинчоқлар, жумладан, Саудия байроғи туширилган коптокларни ташлаганида норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+