Арктика ва Антарктида тадқиқотчиси вафот этди
Артур Чилингаров илмий-сиёсий фаолияти сабаб тўкин ҳаёт кечирган. У интервьюларидан бирида “Қутбчи сифатида топган бойлигим умримнинг охиригача етади” деганди.
Россия Давлат думаси депутати, қутб тадқиқотчиси Артур Чилингаров 84 ёшида вафот этди.
Матбуот хизматининг келтиришича, Парламент қуйи палатасининг раиси Вячеслав Володин Чилингаров ҳар қандай соҳада, жумладан, қонун ижодкорлигида ҳам муаммоларни самарали ҳал қилганини таъкидлаган. Чилингаров биринчи чақириқдан бошлаб Давлат Думасига сайланган, парламент қуйи палатасида фақат бир чақириқ ишламаган холос.
Тиниб-тинчимас тадқиқотчи
Чилингаров 1939 йил 25 сентябрда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида арман миллатига мансуб Николай Чилингаров оиласида туғилган. 1963 йилда Адмирал Степан Макаров номидаги Ленинград олий денгиз муҳандислик мактабининг Арктика факультетини (ҳозирги Адмирал С. О. Макаров номидаги Давлат денгиз ва дарё флоти университети) океан муҳандислиги мутахассислиги бўйича тамомлаган.
География фанлари доктори. Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (2008). “СССР қаҳрамони” (1986) ва “Россия Федерацияси қаҳрамони” (2008) олий мукофотлари ҳамда кўплаб орден ва медаллар соҳиби.
Марҳум олим қутб экспедицияларининг ташкилотчиси бўлган. Хусусан, у “Сибир” атом музёрар кемасида Шимолий қутбга уюштирилган илмий экспедиция раҳбари, Ил-76 самолётининг Антарктидага трансконтинентал парвози раҳбари бўлган.
Олим 1986 йилда Чернобил АЭСда юз берган авария оқибатларини бартараф этишда ҳам қатнашган.
“Абадий” депутат
Артур Чилингаров сиёсатга 1990-йилларда кириб келган эди. У 1991-1993 йилларда РСФСР Олий Кенгаши раиси Руслан Хасбулатовнинг Арктика ва Антарктика масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 1993 йилдан 2011 йилгача Давлат Думасининг 1-5-чақириқ депутати, 2002 йилдан эса "Ягона Россия" фракцияси аъзоси бўлган. 2011 йилнинг ноябридан 2014 йилнинг июлигача парламентда Тула вилоятидан сенатор бўлган.
У 2016 йилда яна Давлат Думасига қайтиб келган. 7-8- чақириқ депутати этиб сайланган, “Ягона Россия” фракцияси аъзоси бўлган.
Артур Чилингаров парламент қуйи палатасининг энг кекса депутатларидан бири эди.
Қонун ижодкорлиги
Чилингаров 1993 йилдан 2021 йилгача Давлат Думаси депутати сифатида 77 та қонунчилик ташаббуси ва федерал қонунлар лойиҳаларига қўшимчалар муаллифи бўлган.
Олим депутат Давлат Думасида Россияда фуқаролик ҳуқуқларини чеклаш ва жазоларни кучайтириш билан боғлиқ кўплаб қонун лойиҳалари учун овоз берган.
Федерация Кенгаши аъзоси сифатида Қримнинг босиб олиниши ва Россия қўшинларининг Украинага киришини маъқуллаган.
Артур Чилингаров мулкни мусодара қилиш ва Америкага қарши санкциялар тўғрисидаги қонунларнинг ҳаммуаллифи бўлган.
2012 йил 26 декабрда Чилингаров россиялик етим болаларни АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқлаш учун овоз берган.
Уруш тарафдори ва санкциялар нишони
Олим Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида ўтказилган “сохта референдумлар” ва “Украина ҳудудларини Россия босқинчи кучлари томонидан қўшиб олиниши”га жавобан 2022 йил 30 сентябрда АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган. АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, қонунчилар бир овоздан “сохта янгиликлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилган ва айрим қонунчилар уруш ҳақида Россия дезинформациясини тарқатишда муҳим рол ўйнаган.
Артур Чилингаров 2023 йил 23 февралда Канаданинг “режим ҳамкорлари” санкциялари рўйхатига киритилган. Чунки олим “Украинанинг тўртта вилоятини босиб олиш ва қўшиб олишга уриниш билан боғлиқ қонунлар учун овоз берган”. Шу каби сабабларга кўра, у Украина ва Янги Зеландиянинг санкциялар рўйхатига ҳам киритилган.
Интиҳо
Чилингаров 2024 йил 1 июнда Москвада, узоқ ва оғир хасталикдан сўнг 85 ёшида вафот этди. Москвадаги Новодевичье қабристонига дафн этилди.
Чилингаровнинг вафоти муносабати билан Россия президенти Владимир Путин ҳам таъзия изҳор қилди.
Мерос
Артур Чилингаров илмий-сиёсий фаолияти ортидан тўкин ҳаёт кечирган. Бир неча йил аввал берган интервьюларидан бирида “Қутбчи сифатида топган бойлигим умримнинг охиригача етади” деган эди.
Чилингаров ва унинг хотини Татьяна Чилингаровадан бир ўғил ва бир қиз қолган.
Олимнинг фарзандлари ҳам оталарининг обрўсидан фойдаланиб катта молиявий муваффақиятларга эришган.
Ўғли Николай (1974 йилда туғилган) – бир неча компанияларнинг соҳиби бўлиб, уларнинг энг машҳури “Север Спец Групп” нефт қудуқларини кавлаш корхонаси ҳисобланади.
Қизи Ксения (1982 йилда туғилган) "Arctic Explorer" премиум классдаги қишки кийимлар брендининг ҳамсоҳиби.
Чилингаровга тириклигидаёқ ҳайкал ўрнатилган: Санкт-Петербург шаҳридаги Москва ғалаба хиёбонига олимнинг бюсти ўрнатилган. Шунингдек, Россия почтаси олимга бағишлаб кўплаб тематик почта маркалари чоп этилган.