АҚШда кучли торнадо сабаб камида 15 киши ҳалок бўлди
Табиий офат мамлакатнинг марказий қисмига ёпирилган ва кенг кўламли вайронагарчилик, электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлган.
АҚШнинг марказий қисмига ёпирилган ва кенг кўламли вайронагарчилик ва электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлган торнадо ва бўронлар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди.
Жумладан, Техас шимолида етти киши, Арканзасда бешта, Оклахомада икки ва Кентуккида бир киши ҳалок бўлди. Яна бир неча ўнлаб одамлар жабрланган. 500 мингга яқин одам электрсиз қолди.
Техас губернатори Грег Эбботнинг айтишича, штатдаги округларнинг учдан бири табиий офат ҳудуди деб эълон қилинган.
Техасдаги Кук округидан Шериф Рей Саппингтон матбуот анжуманида Вэлли-Вью ҳудудини ёриб ўтган торнадода икки ва беш ёшли икки бола ва бир оиланинг уч аъзоси ҳалок бўлганини айтди.
"Торнадодан фақат вайроналар қолмоқда. Вайронагарчилик жуда қаттиқ", - деди у.
Индиана штатида Индианаполис 500 автопойгаси старти тўрт соатга кечиктирилди ва мухлислардан (улардан 125 минг нафари кутилганди) трибуналарни тарк этиб, хавфсиз жойга паноҳ топишлари сўралган.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойи охирида ҳам торнадо сабаб АҚШда беш киши ҳалок бўлганди.