Озодликка интилаётган Янги Каледония
Дунё ҳамжамиятида кўринаётган янги можарода Франция, Озарбайжон ва қисман Хитой ўзаро жиғиллашмоқда.
Париждан 17 минг км. узоқликда, Франциянинг ташқи ҳудудида жойлашган Янги Каледонияда оммавий тартибсизликлар тўхтамаяпти. Французлар у ерга қўшин юборди. Ва негадир... Озарбайжонни қўзғолон кўтаришга ёрдам беришда айблади.
Маҳаллий аҳоли Париждан норози
Франциянинг хориждаги ҳудуди Янги Каледонияда бир неча кундан бери нотинчлик ҳукм сурмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, маҳаллий аҳоли ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар натижасида 4 киши ҳалок бўлган, 200 га яқин киши ҳибсга олинган. Маҳаллий савдо-саноат палатаси тўқнашувлардан кўрилган зарарни 200 миллион еврога баҳолаган.
Жорий йилнинг 13 май куни тинч намойиш шаклида бошланган норозиликлар тез вақт ичида оммавий тартибсизлик ва талон-торожларга айланиб кетди. Намойишчилар савдо марказлари ва давлат идоралари биноларига ўт қўйишди. Полиция билан қуролли тўқнашувлар ва отишмалар ҳам рўй берди. Франция ИИВ бошлиғи Жералд Дарманеннинг айтишича, намойиш куни 54 полициячи жабр кўрган, 82 ҳуқуқбузар қўлга олинган.
Шу куннинг ўзида Франция бош вазири Габриэл Аттал расмий Париж оролга қўшимча ҳарбийлар жўнатишини эълон қилди. Улар денгиз портлари ва аэропортларни ҳимоя қилишади. Шунингдек, намойишчилар ўзаро маълумот алмашув ва халқни исён кўтаришда фойдаланилаётган TikTok ижтимоий тармоғи фаолияти ҳам чеклаб қўйилади.
Норозиликлар сабаби
Тартибсизликларга Франция конституциявий қонуни лойиҳаси сабаб бўлди. Унга кўра, Янги Каледонияда ўн йилдан ортиқ яшаган фуқаролар маҳаллий сайловларда овоз бериши мумкин. Қонун лойиҳаси ҳозир Миллий мажлисда (Франция парламентининг қуйи палатаси) кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирги қонунчиликка кўра, 1998 йилдаги Нумеа келишуви имзоланган пайтда сайлов рўйхатига киритилганлар ва уларнинг фарзандлари Янги Каледонияда сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга. (Нумеа келишувига кўра бу ҳудудга кенгроқ мухторият берилган эди. – таҳр.)
Янги қонун Янги Каледония мустақиллиги тарафдорларининг ғазабига сабаб бўлди. Улар сайловчилар таркибига сўнгги 20 йил ичида ҳудудга кўчиб келган европаликлар ҳам киритилса, маҳаллий муқим аҳоли камчилик ҳисобланиб қолишидан хавотир олмоқда. Янги кўчиб келган европаликлар сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлса, бу шароитда қабул қилинган ҳар қандай янги қонунлар маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилмай қўйишидан қўрқмоқда. Бундай сценарийда эса Франциядан тинч йўл билан мустақил бўлиш орзуси билан “хайрлашса” ҳам бўлади.
Янги Каледония ва Франция муносабатлари
Маълумот ўрнида айтиш лозим, Янги Каледония – Франциянинг денгиз орти ҳудуди ҳисобланади. Бу ҳудуд таркибига йирик Янги Каледония ороли ҳамда Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, Aвстралия ва Фижи ороллари орасида жойлашган кичик ороллар мажмуаси киради. Ҳудуд майдони – 18,5 минг кв. км. (асосий йирик орол – 16,7 минг кв. км.)
Янги Каледония аҳолиси, 2019 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 271,4 минг киши бўлиб, уларнинг деярли ярми маҳаллий канак халқидир. Маъмурий марказ – Нумеа шаҳрида 100 мингга яқин киши истиқомат қилади.
Франция Янги Каледонияни 1853 йилда ўз мулки деб эълон қилган. 1998 йилда расмий Париж ва Нумеа (Янги Каледония пойтахти) ўртасида Нумеа келишуви имзоланган. Келишувда келажак 20 йил ичида Янги Каледонияда оролларнинг келажаги бўйича учта референдум ўтказилиши белгиланган эди.
Охирги овоз бериш 2021 йилда ўтказилган бўлса-да, COVID пандемияси туфайли ҳақиқий эмас, деб топилди. Қизиғи шундаки, ҳар учала референдумда ҳам кўпчилик аҳоли Франциядан мустақил бўлишга қарши овоз берган. Шу боис Янги Каледония анчайин кенг шаклдаги автономиясини сақлаб қолди, бироқ таълим ва мудофаа масаласида Парижга қарам бўлиб қолаверди. Бунинг учун орол Франциядан ўзига хос компенсация – субсидия олиб туради.
Янги Каледонияда Франция президенти тайинлайдиган Олий комиссар французлар ҳокимиятини тамсил этади. Ижро этувчи ҳокимият эса маҳаллий ҳукумат қўлида.
Озарбайжоннинг нима алоқаси бор?
Франция ва унинг ташқи ҳудуди ўртасидаги можаролар ўз йўлига, бироқ Париж тўсатдан Озарбайжонга “ташланиб қолди”: Франция расмийлари Янги Каледонияда рўй бераётган воқеаларда Озарбайжонни айблай бошлади. Уларнинг иддао қилишича, Боку Янги Каледония ишларига аралашиб, одамларни Францияга қарши гиж-гижлаб, оролдаги мустақиллик ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда эмиш.
“...Озарбайжонга келсак, бу хаёлот эмас, бу ҳақиқат. Янги Каледония мустақиллигини тарғиб қилувчи айрим гуруҳларнинг етакчилари, афсуски, Озарбайжон билан келишиб олган, бунга шубҳа ҳеч йўқ”, деган Дарманен 16 май куни France2 телеканалидаги чиқишида.
Гўё Бокунинг аралашувидан дарак берувчи “далил”лардан бири шундаки, намойишчилар FLNKS (французча Front de Libération Nationale Kanak et Socialiste – Мустақиллик учун миллий иттифоқ – Канак социалистик миллий озодлик фронти) байроқлари билан бирга, Озарбайжон байроқларини ҳам кўтариб олишган. Франция ОАВнинг кўплаб репоржатларида эса мустақиллик учун курашчиларнинг Озарбайжонга хос белги ва суратлар туширилган футболкаларни кийиб олганини кўриш мумкин.
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни қатъиян рад этиб, уларни "таҳқирловчи баёнотлар" деб атади ва "Озарбайжонга қарши туҳмат кампаниясини тўхтатишга" чақирди. “Франция ички ишлар вазири Озарбайжонни Янги Каледониядаги мустақиллик намойишларини қўллаб-қувватлашда айблашдан кўра, ўз мамлакатининг бундай норозиликларга сабаб бўлган хориждаги муваффақиятсиз сиёсатига эътибор берса бўларди”, дейилади департамент баёнотида.
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Aйхан Гажизаде эса “Инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилинадиган, тартибсизликлар пайтида намойишчилар ўлдириладиган, исломофобия ва мусулмонларга қарши ҳужумлар кенг тарқалган, шунингдек, антисемитизм мавжуд бўлган Франциядан фарқли ўлароқ, Озарбайжонда асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўлиқ кафолатланган”, деди ва расмий Париждан узр сўрашни талаб қилди.
Шубҳа учун асослар бор
Бу можарода ким ҳақлигини айтиш мушкул, бироқ Франциянинг Озарбайжондан шубҳаланишига (байроқдан ташқари) асос бор. Ҳатто 2 та асос бор!
Биринчидан – Озарбайжон Қўшилмаслик ҳаракатининг фаол иштирокчиси. Бу халқаро сиёсий ҳаракат 1961 йилдан бери мавжуд бўлиб, 120 га яқин давлатни ҳарбий блокларда қатнашмаслик ғояси остида бирлаштиради. Боку бу ҳаракатга 2011 йилда қўшилган.
Озарбайжон 2019-2022 йилларда ушбу ҳаракатга раислик қилган, 2019 йилда Президент фармони билан ташкил этилган Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази 2023 йилда Франция истилочилигига қарши Боку ташаббус гуруҳини ҳам яратган. Мазкур гуруҳ 2023 йилда неоколониализм мавзусида бир нечта конференция ўтказган. Жумладан, ўтган йилнинг октябр ойида "Неоколониализм: инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва адолатсизликлар", ноябр ойида эса "Деколонизация: аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш" мавзуларида халқаро тадбирлар уюштирилган.
"Деколонизация: аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш" конференциясида Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев сўзга чиқиб, Францияни мустамлакачилик сиёсатини давом эттираётганликда айблади. “Ўзининг мустамлакачилик сиёсатидан воз кеча олмаётган Франция Европадан ташқарида, хориждаги ҳамжамиятларда ҳамда Тинч, Ҳинд ва Aтлантика океанлари ҳудудларида яшовчи халқларнинг эркинлик ва мустақилликка интилишларини ҳурмат қилмайди ва бунга йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрмоқда", деган Aлиев. У ўз нутқида Францияни 29 марта тилга олган.
Энг ғалатиси, Янги Каледонияда бошланган намойишлардан бир ой аввал Озарбайжон парламенти Миллий мажлисда “Янги Каледония: тарих, замонавий муаммолар ва кутилаётган келажак” конференцияси бўлиб ўтди, унда Франциянинг ташқаридаги ҳудудларидан сиёсатчилар ҳам иштирок этди. Озарбайжон парламенти ва Янги Каледония Конгресси (маҳаллий парламент, ҳар беш йилда сайланадиган 54 депутатдан иборат) ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандум имзолашган. “Биз ишонамизки, Янги Каледония мустақилликка эришади (!) ва унинг халқи халқаро ташкилотларда мустақил давлат вакиллари сифатида иштирок этишади”, деган эди ўшанда Озарбайжон миллий мажлисининг халқаро алоқалар қўмитаси раҳбари Самед Сейидов.
Иккинчидан, Озарбайжон, содда қилиб айтганда, “душманимнинг дўсти ҳам душманим” тамойили асосида иш кўрмоқда. Бу Тоғли Қорабоғ можароси ва Арманистон билан боғлиқ.
Озарбайжон ва Франция ўртасидаги муносабатлар Қорабоғда 2020 йил сентябр ойида бошланган иккинчи урушдан сўнг ёмонлашди. Франция президенти Эммануел Макрон Париж бу можарода Ереванни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. (Францияда арманлар кўп ва арман лоббиси ҳукуматга таъсир қила олади).
Қорабоғ тўлиқ Боку назоратига ўтганидан сўнг, Макрон Франция “Aрманистонга сиёсий ва гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этиш”, республиканинг “ҳудудий яхлитлигини диққат билан кузатиб бориш” ва зарур бўлса, арман халқи ва халқаро ҳуқуқларга риоя қилиш учун “Арманистон тарафда туриб ҳаракат қилишга” ваъда берди.
Боку бунга жавобан Озарбайжон Парижни қарши тарғиботда ва сўнгги 3,5 йил ичида Озарбайжон ва Aрманистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашувига путур етказишда айблади.
2024 йил апрел ойида Франция Озарбайжондаги элчисини маслаҳатлашувлар баҳонасида чақириб олди ва бу қадамни Бокунинг “бир томонлама ҳаракатлари” билан боғлади.
Қисқа қилиб айтганда, Янги Каледония масаласи Боку учун, ҳам қасос, ҳам ултиматум қўйиш учун яхши дастак ҳисобланиши мумкин. “Янги Каледонияга аралашмаслигимизни истасанглар, сизлар ҳам Арманистон билан муносабатларимизга аралашманглар” маъносидаги сиёсий муждани Париж аллақачон тушунган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Лекин, шу билан бирга, расмий Бокунинг қайд этишича, Озарбайжон томони оролни қўллаб-қувватлашда сиёсий ва маънавий чегарадан чиқмаган. Париж шу пайтгача Озарбайжоннинг оролдаги махфий фаолияти ҳақида ишончли далил келтира олмаган.
Қўшимча сифатида айтиш мумкинки, Озарбайжон парламентида Франциянинг Ўрта Ер денгизидаги орол ҳудуди бўлмиш Корсика халқини қўллаб-қувватловчи гуруҳ ҳам тузилган. Бу гуруҳдаги депутатларнинг қайд этишича, “Франция ҳукумати 150 мингдан зиёд одам гапирадиган тилни йўқ қилиш сиёсатини юритмоқда. Шунингдек, Корсика халқининг миллий ўзлигини йўқотишга уринмоқда”.
Боку Янги Каледонияни “ташлаб қўймоқчи” эмас
Янги Каледониядаги норозилик намойишлари фонида Боку ташаббус гуруҳи 15 май куни намойишчилар қўллаб-қувватланган баёнот эълон қилди.
“Биз Франция хавфсизлик кучлари томонидан Канак халқига нисбатан содир этилаётган зўравонликлардан қаттиқ хавотирдамиз. Оммавий йиғилишларни тақиқлаш, мустақиллик тарафдорларининг ҳибсга олинишини бу муаммонинг барқарор ечими деб бўлмайди. Франция сенати ва миллий ассамблеяси Янги Каледонияда ноқонуний конституцион ўзгаришларни тўхтатиши керак”, дейилади 15 майдаги баёнотда.
Боку ташаббус гуруҳининг ушбу баёнотини Франциянинг денгиз орти ҳудудлари – Янги Каледония, Француз Полинезияси, Француз Гвинияси, Мартиник ва Гваделупа мустақиллиги учун курашаётган яна 14 та ташкилот ҳам имзолаган.
Франция нега “тихирлик қилмоқда”?
Шу ўринда демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳамда халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойилларига риоя этишини таъкидловчи Франция нега Янги Каледонияни қўлдан бермоқчи эмас, деган ҳақли савол туғилади. Париждан учган самолёт Янги Каледонияга 24 соатда етиб келади. Бунчалик узоқ ҳудуд учун жон-жаҳди билан курашиш учун асослар бор, албатта.
Гап шундаки, Янги Каледония иқтисодиёти ноёб метал – никел қазиб олишга асосланган. Бутун дунёда аниқланган никел захираларининг 25 фоизи шу ҳудудда жойлашган! Никел эса металлургия, электроника, автомобилсозлик, мусиқа асбоблари, озиқ-овқат ва тиббиёт саноати учун ўта муҳим хомашё. Хусусан, никел воситасида зангламас ва катта ҳароратга бардошли пўлат, метал қотишмалари ҳамда ҳимоя қатламлари ишлаб чиқарилади. Никел симларидан мусиқа асбобларининг торлари, тиббий протез ва тиш брикетлари, ошхона анжомлари ҳамда кимё саноати учун идишлар тайёрланади. Чунки никел одам соғлиги учун мутлақо хавфсиз. Никел қотишмалари электроника жиҳозлари ва атом реакторлари учун ҳам ўта зарур хомашё.
Янги Каледония 2014 йилда 2 млрд. доллардан зиёд ҳажмда фероникел, никел рудаси ва балиқ экспорт қилган. 2015 йилда бу маҳсулотлар экспортининг 31,7 фоизи Хитой, 15,1 фоизи Япония, 10,6 фоизи Жанубий Корея, 8 фоизи Австралия, 7,1 фоизи Франция, 5,1 фоизи Белгия ҳиссасига тўғри келган. Таҳлилчиларнинг тахминига кўра, бу йирик орол мустақил давлатга айланса, ўзини ўзи бемалол “боқа” олади.
Ҳеч қайси давлат бундай стратегик маҳсулот “хазинасини” қўлдан чиқаргиси келмайди, албатта.
Қолаверса, Франция президенти Макроннинг сиёсий амбициялари ҳам бунга йўл қўймайди. “Янги Каледонияни қўлдан берган президент” сифатида тарихда қолишни истамайди.
Бундан ташқари, узоқ ҳудудларда ҳам таъсирга эга бўлиш, савдо, иқтисодий алоқалар, ҳарбий-сиёсий жиҳатдан ҳам катта имкониятлар яратади. Масалан, БМТнинг 1982 йилдаги “Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенция”сига мувофиқ, денгизга туташ соҳилга ёки бирор қуруқлик, айтайлик, оролга эга бўлиш, унга туташ 12 денгиз мили – 22,224 км. ҳудуддаги сувларни ички сувлар деб эълон қилиш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари, туризм, илмий тадқиқотлар ва бошқа мақсадлар учун ҳам Янги Каледонияни ушлаб туриш Францияга кўпгина устуворлик ва имтиёзлар тақдим этади.
Яна ўша Хитой
Бу можароларда Озарбайжон роли ҳақида гапирганда, айрим таҳлилчилар асл “қўғирчоқбоз” – Хитой эканини айтишади.
Аввало, Хитой Ғарбнинг Тайван, Тибет ва Уйғуристон масалаларида Пекин сиёсатига “бурун суқиши”дан безор ва юқорида муҳокама этилган масалаларга аралашиб, Европа ҳамда АҚШнинг “ноинсоний қиёфасини” кўрсатиб қўйишни истайди.
Иккинчидан, Хитой Тайван, Тибет ва Уйғуристон масалаларида уни ёқлаб овоз берувчи “тарафкашларни” кўпайтиришдан манфаатдор. Уммондаги бу каби мустамлака ҳудудларни ўз тарафига тортиш ва имкон бўлса, уларнинг мустақиллигига эришиш – Хитойга улкан халқаро-сиёсий бонуслар олиб келади. (Хитойнинг Фаластин ва Афғонистон бўйича “жонкуяр ва дўстона” қадамлари ортида ҳам шу мақсад ётибди, деган фикрлар мавжуд.)
Учинчи жиҳат эса, албатта, иқтисодиёт билан боғлиқ. Бу каби оролларда табиий қазилма бойликларининг кўплиги ҳамда уларнинг муҳим денгиз савдо йўлларига яқин жойлашгани Хитойнинг минтақада иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий режаларини амалга ошириши йўлида хизмат қилиши мумкин.
Яқин истиқбол
Жорий йилнинг 15 май куни Франция оролда фавқулодда вазият эълон қилиб, қўшимча ҳарбий кучларни жўнатди.
17 май куни Франциянинг Янги Каледониядаги Олий комиссари Луи Ле Франк тартибсизликлар шиддати пасайганини айтди. "Бу тун нисбатан тинчроқ ўтди, биз тинчлик қайтганини эълон қилсак бўларди, аммо бутун Нумеа агломерациясида ҳали тинчлик ўрнатилмади. Хусусан, Нумеа шаҳар ҳудудида яна тўқнашувлар содир бўлди ва исёнкорлик кайфияти сақланиб турди", деди Олий комиссар BFMTV телеканали эфирида.
23 май куни эса Франция президенти Эммануэл Макрон Янги Каледонияга ташриф буюрди.
“Ҳеч нарса сиёсий ёки жиноий зўравонликни оқлай олмайди”, деган Макрон уни оролда кутиб олган журналистларга.
Макрон FLNKS етакчиларидан “яқин соатлар ичида” йўлларни очишни талаб қилган. Эвазига фавқулодда ҳолат бекор қилинишини ваъда берган. Полиция ва жандармларга шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги алоқаларни тиклаш, яъни йўлларни тўсиб олган исёнчилардан тозалаш учун фаол ҳаракатларга ўтишга рухсат берилган. Шу мақсадда оролга 3 мингга яқин полициячи ва жандарм ташланган. Шунингдек, полиция зирҳли машиналари ва вертолётлар ҳам олиб келинган.
Лекин Макроннинг бу ташрифи стратегик эмас, тактик вазифаларни кўзлайди. У ҳозирча тўполонларни тўхтатиш ва кейин орол халқини турли ҳуқуқий-сиёсий расмиятчиликлар билан “ҳолдан тойдириш”ни мақсад қилмоқда. Албатта, конституцияга ўзгартириш киритиш ҳам бекор қилинмайди, ортга сурилади холос.
Табиийки, Макрон оролга мустақиллик беришни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Ўтган 3 та референдумда аҳоли бунга қарши овоз бергани Франция президенти учун ажойиб дастак. Истиқболда эса Макрон янги референдум эмас, янги келишувга эришишни мақсад қилмоқда. Бу келишувда маҳаллий аҳоли ва кўчиб келган французлар – “калдошлар”нинг сайлов ва бошқа ҳуқуқлари кўрсатиб берилиши режалаштириляпти.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.
Телеграмда кузатиб боринг!