Магистратура учун чет тилини билиш талаби юмшатилди
Эндиликда тил билиш даражаси талаби таълим йўналишига қараб ўзгаради.
Янги тартибга кўра, магистратурага киришда талаб қилинадиган чет тили сертификатининг даражаси B1’дан C1’гача дифференциялаштирилади.
Олий таълим муассасаларига қабул жараёнига бағишланган, 25 майдаги Президент фармонида шундай талаб белгилаб қўйилди.
Фармонга мувофиқ, ОТМ магистратурасига қўйилган чет тилини билиш талаби ўқув йўналишларига кўра фарқланадиган бўлди.
Аввалги тартибга кўра, магистратуранинг филология йўналишлари учун C1 даража, қолган барча йўналишлар учун B2 даража талаб қилиб келинган.
Фармонда кўрсатилган янги тартибга кўра, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилади:
- хорижий тиллар йўналишлари бўйича – камида С1;
- гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича – камида В2;
- бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича – камида В1 бўлиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қабул вақтлари ўзгаргани маълум бўлганди. Шунингдек, давлат грантида ўқиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди.