Фаластинни тан олувчилар кўпаймоқда: сабаб ва оқибатлар
Иккинчи жаҳон уруши давридаги воқеалар боис “тарихий айбдорлик” ҳиссидан ва яҳудий лоббисининг босимидан қимтиниб юрган Европа ҳам Фаластинни давлат сифатида тан ола бошлаяпти.
Фаластин муаммоси бўйича халқаро муносабатлар тизимида янги бурилиш даври бошланди: Иккинчи жаҳон уруши давридаги воқеалар боис “тарихий айбдорлик” ҳиссидан ва яҳудий лоббисининг босимидан қимтиниб юрган Европа Иттифоқи давлатлари ҳам Фаластинни давлат сифатида тан ола бошлаяпти.
Бунга Исроил армиясининг Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид ва уруш жиноятларини давом эттираётгани сабаб бўлмоқда. Айрим давлат раҳбарлари таъкидлаганидек, “Яҳудий давлатининг фаластинлик тинч аҳолига қарши амалга ошираётган ваҳшийликлари фашистларнинг яҳудийларга қарши амалга оширган жиноятларидан ҳам ошиб тушмоқда”.
Яқинда Ирландия, Норвегия ва Испания Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди. Қарор расман 28 майдан кучга киради.
“Икки давлат ечими - ҳам Исроил, ҳам Фаластин учун тинчликка олиб борадиган ягона йўлдир”, - деган Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде. “Ҳозирги муҳим дақиқаларда биз Фаластинни минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича кенг қамровли режа устидаги ишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда тан оламиз”.
Ирландия Бош вазири Саймон Харрис ҳам унинг мамлакати Фаластин давлатини тан олишини айтди. Саймон Харрис май ойи бошида БМТ Бош Aссамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш жараёнини эсга олди: ўшанда БМТга аъзо 143 давлат Фаластинга ташкилотдаги мақомини кенгайтирувчи резолюция учун овоз берган эди.
"Ғазодаги фаластинликлар энг оғир азоб-уқубатлар, маҳрумлик ва очликни бошдан кечирмоқда", - деган Харрис. "Кўпчилик учун тасаввур қилиб бўлмайдиган ва ҳамма учун қабул қилиб бўлмайдиган гуманитар фалокат реал вақтда содир бўлмоқда."
Мадридда Испания бош вазири Педро Санчес 28 май куни мамлакати Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. "Биз Фаластинни учта сўз билан ифодалаш мумкин бўлган кўплаб сабабларга кўра тан оламиз: тинчлик, адолат ва барқарорлик", деган Санчес. "Биз икки давлат ечими ҳурмат қилинишига ишонч ҳосил қилишимиз керак ва ўзаро хавфсизлик кафолатлари бўлиши керак." Ҳар икки томоннинг тинчлик музокаралари олиб бориши муҳим ва шунинг учун биз Фаластинни тан оламиз”.
Исроил муносабати
Исроил Ирландия, Норвегия ва Испаниядаги элчиларини “шошилинч маслаҳатлашувлар учун” чақириб олганини айтди.
Бироз вақт ўтгач, Исроил Испаниядаги элчисини ҳам чақириб олганини эълон қилди.
"Исроил жим турмайди; бошқа жиддий оқибатлар ҳам бўлади", деган Кац. "Aгар Испания Фаластин давлатини тан олиш ниятини амалга оширса, унга қарши ҳам худди шундай қадам қўйилади", деган Исроил ташқи ишлар вазири Кац.
22 май куни эса, Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин давлатининг мустақиллигини расман тан олганидан қутуриб кетган Исроил миллий хавфсизлик вазири, ультраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвир провокация уюштириб, Ал-Ақсо масжидини қамал қилди.
Исроил ҳукумати бир неча бор Фаластин давлатчилигини тан олмаслигини билдирган ва Ғарбий соҳил ва Ғазо секторида Фаластин давлати тузилишига қарши. Унга кўра, бундай давлат Исроилнинг мавжудлигига таҳдид солади.
АҚШ муносабати
АҚШ Фаластин давлатини расман тан олмайди. Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш, жумладан, БМТга тўлақонли давлат сифатида қабул қилишга қарши турган ягона давлат АҚШ ҳисобланади.
Қўшма штатлар бу борадаги БМТ резолюцияларига Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида мунтазам вето қўйиб келмоқда.
Вашингтон “Фаластинни тан олишнинг ҳали вақти келмаган, бу муддатидан олдинги чора”, деб ҳисоблайди.
АҚШ президенти Жо Байден ҳам деярли ҳар бир чиқишида Исроил тарафида экани ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилиб келмоқда. Ҳатто ўз партиядошлари - демократларнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва Исроилни қурол-яроғ ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашни чеклаш, Фаластин давлати тузилиши борасида амалий қадамлар қўйиш ҳақидаги таклифларини ҳам рад этиб келмоқда.
Жорий йилнинг 21 май куни АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси тингловларида сўзга чиққан Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Исроилга ён босиб гапирди. У Исроил ҳукумати такрорлаб келаётган баҳона – “ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи”га аоссий урғу берди. Сенат аъзоларининг Ғазо секторида тинч аҳоли ўлдирилаётгани ҳақидаги саволларига эса, “АҚШ томони уларнинг аҳволини енгиллатиш учун барча чораларни ишга солмоқда”, дея умумий тарзда жавоб берди.
Ва бошқалар
Умуман олганда, Жаҳон бўйича эса 135 дан зиёд давлат, жумладан, собиқ совет республкаларининг деярли барчаси Фаластинни давлат сифатида тан олади.
Май ойи бошида БМТ Бош Aссамблеясининг 193 аъзосидан 143 нафари Фаластиннинг БМТга аъзо бўлишини ёқлаб овоз берган эди.
Европада эса фақат тўққизта давлат Фаластин давлатчилигини қўллаб-қувватламоқда.
Буюк Британия ҳам Фаластинни тан олиш устида ишламоқда. Жумладан, жорий йил бошида Ташқи ишлар вазири лорд Дэвид Кемерон ҳукумат ўз иттифоқчилари билан биргаликда “Фаластин давлатини, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида тан олиш масаласини кўриб чиқиши” мумкинлигини айтди.
Австралия ҳам яқинда Фаластинни тан олишга тайёрлигини маълум қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Пенни Вонг, ҳукумат ва параламент Фаластин давлатини тан олиш масаласини кўриб чиқаётганини айтган. “Минтақада икки давлат мавжуд бўлиши – зўравонликнинг адоқсиз доирасини узишга ёрдам беради” деган Вонг хоним.
Деярли барча араб давлатлари Фаластинни тан олади ва агар Ғарб Фаластин давлатини сиёсий жараённинг бир қисми сифатида тан олсагина, урушдан кейинги Ғазони қайта тиклашга ёрдам беришини таъкидлайди.
Фаластинни тан олишнинг ҳуқуқий оқибатлари
Айни пайтда кўплаб давлатлар нафақат Фаластинни давлат сифатида тан олган, балки у билан дипломатик муносабатлар ҳам ўрнатган. Бу давлатларда Фаластин элчихоналари ҳам очилган.
Шу боис, Исроилнинг Фаластинни тан олиш ва Фаластин давлати тузилишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилаётгани – бурчакка тақалган ва қутурган ваҳшийнинг оғзидан кўпик сочганча атрофдагиларга ташланишига ўхшайди. Бироқ бу уринишилар вақтинча. Чунки халқаро ҳамжамият Исроил ҳукуматинининг асл башарасини кўриб бўлди. Яҳудий давлатининг ярим аср олдинги, рўй бергани ёки кўлами айрим экспертлар томонидан шубҳа остига қўйиладиган, фаластинлик аёллар ва болаларни ўлдиришни оқлай олмайдиган Холокост “қалқони” ортига яшириниб, инсониятга қарши жиноятларини давом эттиришига, халқаро ҳуқуқ қоидаларига намойишкорона ва истеҳзо билан тупуриб келаётганига энди ортиқ тоқат қила олмайди.
АҚШнинг ҳимоячилиги ҳам вақт масаласи. Шу йил охирида АҚШда сайловлар ўтказилади. Америка халқи эса Исроилнинг бузғунчи ва ваҳшиёна қилмишларини қўллаб-қувватлашдан чарчаган. АҚШда ҳатто аксилсионист яҳудийлар ҳам Ғазо секторида қирғинбаротни тўхтатиш, Фаластин давлатини тузишни талаб қилмоқда. Бу жараён кучайиб борса, қудратли яҳудий лоббисини ҳам Фаластинни тан олиш ва минтақада тинчлик ўрнатиш жараёнига қаршилик қила олмай қолиши мумкин. Халқ овози муҳим бўлган АҚШда эса ҳар қандай яҳудийпараст сиёсатчи ҳам энг аввало ўз лавозимида яна бир муддат қолишни ўйлайди. Қолаверса, АҚШ Исроилнинг очиқдан-очиқ жиноятларини хаспўшлайвериб, ўз “юмшоқ кучини” аямай исроф қилмоқда. Бу орада АҚШнинг халқаро ҳамжамият олдидаги имижи ҳам Исроилнинг қўли қонга ботган ҳукуматини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлиши мумкин.
Бироқ Фаластинни тан олиш ва уни БМТга қабул қилиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Исроил шу пайтгача БМТнинг Фаластин бўйича бирорта ҳам резолюциясини бажармаган ва бажармаслиги ошкора айтиб келади.
Қолаверса, Исроил Ғарбий соҳил ва Жўлон тепаликларини ҳам истило қилган. Айни пайтда Фаластин учун БМТ ажратган ҳудудларни босиб олишда давом этмоқда. Бу ерда яшаётган арабларни уйидан ҳайдаб чиқариб, хориждан кўчиб келаётган “янги” яҳудийларни жойлаштирмоқда.
Бундан ташқари Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти, деб ҳисоблайди. Лекин халқаро келишувларга кўра Шарқий Қуддус Исроилга тегишли эмас. Шу боис Фаластин давлати тан олиниб, давлат тузилган тақдирда ҳам, чегараларни белгилаш ва уларни қўриқлаш масаласида ҳали кўп қуролли тўқнашувлар келиб чиқиши мумкин.
Минг чақиримли йўл ҳам биринчи қадамдан бошланади
Бироқ Фаластиннинг давлат сифатида тан олиниши катта имкониятлар эшигини очади. Бу ҳолда Исроил армияси истаган пайтида “аксилтеррор ёхуд қасос операцияси“ баҳонасида фаластинликлар ерига бостириб кириб, тинч аҳолини ўлдира олмайди. Кирса ҳам расман агрессия ҳисобланади ва бу санкциялар ҳамда халқаро майдонда қораланишига, дунё саҳнида “яккамохов” бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Қолаверса, АҚШ ҳам бу шароитда Исроил тарафида бўлишга қийналади. Агар Исроилни ҳимоя қилишда давом этса, бошқа агрессор давлатларни ҳам тан олган бўлади ва ҳоказо.
Фаластин мустақил бўлса, ўз тақдирини ўзи белгилаш, еср ости ва усти бойликларидан, денгиз ҳудудидан, солиқларидан ўзи истаганидек фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бошқа давлатлар ҳамда халқаро донор ташкилотларнинг ёрдами ҳам Исроил орқали эмас, бевосита Фаластинга берилади. Шунингдек, Фаластин ўз ҳудудида истаган давлатнинг ҳарбий базаларини жойлаштириш, улардан ҳарбий ёрдам сўраш, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини ўрнатиш ва бошқа кўплаб ҳуқуқларига эга бўлади. Бошқа давлатлар ҳам Фаластинга очиқ ва расмий ҳарбий-иқтисодий ёрдам кўрсата олади. АҚШ эса Фаластин иттифоқчиларига қарши урушиш - Яқин Шарқда яна бир Вьетнам яратишни истамайди, албатта. Яна ўша гап – АҚШ халқи Яҳудий давлатининг жиноятларини абадий хаспўшлай олмайди.
Қолаверса, Фаластин мустақил давлатга айланса, Исроилнинг ҳар бир жинояти учун уни Халқаро жиноят судига бериши, халқаро ташкилотларнинг ҳуқуқий баҳо беришини, санкциялар киритишини сўраши ҳамда Исроилдан товон пули талаб қилиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, Фаластин етарли қуролли қаршилик кўрсата олмаган тақдирда ҳам, Исроилни судга бериб, “тинкасини” қуритиши мумкин.
Қисқаси, яқин йиллар ва ҳатто ойлар ичида халқаро муносабатлар тизимини улкан эврилишлар кутмоқда. Энг муҳими, Исроилнинг тажовузкор сиёсати тийилиши оқибатида Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига ажойиб имконият ва умид пайдо бўлмоқда.