АҚШ Грузияга виза чекловлари киритади
Энтони Блинкен муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқиш жараёнини бошлаганини эълон қилди. Бунга ўша "машҳур" қонун сабаб бўлмоқда.
Қўшма Штатлар Грузиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунга жавобан Грузияга нисбатан виза чекловлари сиёсатини жорий қилмоқда.
АҚШ Грузияда мухолифат ва демократик эркинликларни бостириш воситаси деб ҳисоблаган "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига жавобан мамлакатга нисбатан виза чекловлари сиёсатини жорий қилаётганини эълон қилди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотида Грузия раҳбариятидаги ҳеч кимга зудлик билан виза санкцияларини жорий этиш ҳақида гап йўқ – Давлат департаменти раҳбари фақатгина бундай санкцияларни энди жорий этиш мумкинлигини маълум қилган.
"Ким Грузиядаги демократик жараёнлар ёки институтларга путур етказса, шу жумладан, 2024 йил октябрдаги парламент сайловларидан олдин, жараён давомида ёки ундан кейин АҚШ визасини олиш ва Қўшма Штатларга ташриф буюриш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу шахсларнинг яқин оила аъзолари ҳам ушбу чекловларга дучор бўлиши мумкин", деди Блинкен ўз баёнотида.
Баёнотда, Қўшма Штатлар нуқтаи назаридан, ҳукмрон "Грузия орзуси" партияси томонидан парламент орқали қабул қилинган "Хорижий таъсирнинг ошкоралиги" қонуни сўз ва йиғилиш эркинлигини чеклаб қўйиши ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкинлиги тушунтирилади.
Бундан ташқари, Давлат департаменти раҳбари таъкидлаганидек, Грузия расмийлари янги қонунга рози бўлмаганларни қўрқитиш ва бостиришга ҳаракат қилмоқда ва буларнинг барчаси Грузия Конституциясида қайд этилган мақсадга – Евро-Атлантика ҳамжамиятига интеграцияга зид келади.
"Биз Грузия раҳбарияти қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, мамлакатни демократия ва Евро-Атлантика интеграцияси сари янада илгари суриш учун қадамлар қўйишига умид қилишда давом этамиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни кўриб чиқишда биз ўз ҳаракатларимиз бўйича қарор қабул қилишда Грузиянинг ҳаракатларини ҳисобга оламиз", — деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари баёнотида.
Аввалроқ Грузия мазкур қонунни қабул қилса Европа иттифоқига аъзоликка номзод мақомидан маҳрум бўлиши мумкинлиги айтилганди.