platina.uz

2023 йилдаги молиявий барқарорлик баҳоланди

Кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг юқори баҳоланиш тенденцияси давом этмоқда. Сўнгги йиллар давомида юқори суръатларда ўсиб бораётган уй-жойларнинг бозор қиймати ушбу активларга бўлган талабни янада оширмоқда.

Иқтисод
24 май, 12:38
2023 йилдаги молиявий барқарорлик баҳоланди

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йил учун молиявий барқарорлик шарҳини тайёрлади.

Унда 2023 йил учун молиявий барқарорлик шарҳида молиявий заифликлар харитаси, глобал ва Ўзбекистон иқтисодиётидаги молиявий шароитлар, молиявий сектордаги вазият, номолиявий сектордаги ҳолат, активлар бозоридаги ҳолат, банк тизими бўйича макро стресс-тест натижалари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлар, макропруденциал сиёсат асосларини такомиллаштириш имкониятлари, молиявий барқарорлик учун ички ва ташқи хатарлар каби масалалар қамраб олинган.

Ҳужжатда келтирилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда нисбатан қатъий молиявий шароитлар сақланиб қолган Ташқи сектордаги хатарлар бўйича кутилмаларнинг ёмонлашиши, шунингдек халқаро молия бозоридаги юқори ўзгарувчанлик таъсирида молиявий шароитларнинг қатъийлашиши кузатилган. Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда банк тизимида шаклланган нисбатан юқори стресс даражаси 2023 йил якунида сезиларли пасайгани қайд этилган.

Аҳолининг қарз юки ўсмоқда

Тадқиқотларга кўра, ўтган йили муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши деярли ўзгаришсиз 3,5 фоиз атрофида сақланиб турди. Бунда, Ўзбекистон бўйича муаммоли кредитлар улуши Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича 25 процентил чегарасидан бироз юқори даражани қайд этиб, ушбу минтақанинг деярли медиана кўрсаткичлари доирасида шаклланишда давом этмоқда.

Аҳолининг ялпи кредитлар бўйича қарз юкида ўсиш кузатилмоқда. 2023 йил якунида аҳолининг ялпи кредитлар бўйича қарз юки ҳолатида яхшиланиши кузатилишига қарамай, ушбу кўрсаткич йиллик ҳисобда ортган. Аҳолининг ипотека кредитлари бўйича қарз мажбуриятларини бажариш имконияти билан боғлиқ хавотирлар сақланиб қолмоқда. Шунингдек, сўровнома натижаларига кўра, банкдан қарздор респондентларнинг умумий қарз юки даражаси 87 фоиз доирасида шаклланган.

Кўчмас мулк нархлари ўсишда давом этмоқда

Кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг юқори баҳоланиш тенденцияси давом этмоқда. Сўнгги йиллар давомида юқори суръатларда ўсиб бораётган уй-жойларнинг бозор қиймати ушбу активларга бўлган талабни янада оширмоқда. Юқори талаб шароитида таклиф ҳажмининг сезиларли ортда қолиши уй-жой нархларининг фундаментал омилларга, хусусан аҳоли даромадига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўсиш тенденциясини юзага келтирмоқда. Бундан ташқари, уй-жойларни ижара бериш хизмати рентабеллигининг пасайишига қарамай, спекуляция омили таъсирида кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик ва талаб ҳажми ортган. 2023 йил давомида кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг ўртача бозор нархи фундаментал нархидан 24 фоизга юқори баҳоланиши кузатилди.

Автокредитлар ўсиш суръати секинлашди

Макропруденциал чораларнинг қатъийлаштирилиши натижасида 2023 йилнинг иккинчи ярмида автокредитларнинг йиллик ўсиш суръатида секинлашиш кузатилди. Макропруденциал чоралар автомобил нархларининг кескин пасайиши шароитида автокредитлар бўйича йўқотишларни тижорат банкларида захира билан таъминлаш ҳамда автомобил бозорида юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг банк тизими молиявий барқарорлигига таъсир кўламини камайтириш имконини беради.

Корпоратив секторнинг молиявий ҳолати ёмонлашди

2023 йилда корпоратив сектордаги молиявий ҳолат бироз ёмонлашди. Танлаб олинган йирик корхоналарнинг леверажи ўсувчи динамикани намоён этди. Корхоналар учун хорижий валютадаги банк қарзларига хизмат кўрсатиш харажатларининг ўсиши, фоизли харажатларни қоплаш коэффициенти ҳамда рентабеллик кўрсаткичларида пасайиш кузатилди. Ушбу кўрсаткичлардаги ўзгаришларнинг сақланиб қолиши корпоратив секторда шоклар юзага 4 келган тақдирда молия тизимида ҳам сезиларли йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Прогнозлар

2024–2026 йиллар учун ўтказилган макро стресс-тест натижалари асосий сценарий бўйича банк тизимининг макроиқтисодий шокларга бардошлилигини, хатарли сценарий бўйича эса сезиларли йўқотишлар юзага келиши мумкинлигини кўрсатди. Асосий сценарий бўйича банк тизими капитал монандлилиги ва левераж коэффициентлари ўрнатилган минимал талаблардан юқори, хатарли сценарий бўйича эса банк тизими капитал монандлилик 5 коэффициенти минимал талабдан пастда шаклланиши эҳтимоли мавжуд. Хатарли сценарийда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва сўмнинг қадрсизланиши хорижий валютада қарз олувчиларда қарзга хизмат кўрсатиш бўйича қийинчиликларни юзага келтириб, муаммоли кредитлар миқдори ва кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар ҳажмининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+