Дубайга бир ҳафталик саёҳат Чорвоққа боришдан анча арзон тушади
Ўзбекистон дам олиш зоналаридан кўра Дубайга бир ҳафтага бориб келиш анча арзонга тушиши ҳақида Platina.uz мухбири махсус репортаж тайёрлади.
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) қадимий анъаналарни янги инновациялар билан уйғунлаштирган кўзни қамаштирувчи чўл ажойиботидир. Эрталаб туя минишингиз, тушдан кейин кўм-кўк денгизда чўмилиб, қуёшда тобланишингиз ва кечқурун дунёдаги энг баланд бино тепасида ҳашаматли кечки овқатдан баҳраманд бўлишингиз мумкин бўлган жойни тасаввур қилинг.
Тепадан қараганда қуруқ ер бўлиб кўриниши мумкин, ҳали хулоса чиқаришга шошилманг. Аэропортдан дарҳол пулингизни амирлик дирҳамига алмаштириб олинг, чунки кафе, дўконларда тўғридан-тўғри пул айирбошлаб олмоқчи бўлсангиз, озгина зарар қиласиз.
БАА – туризмнинг глобал маркази. Меҳмонхоналар ҳар қадамда ва жудаям яхши нархда 4-5 юлдузлилардан жой олиш мумкин. Бир киши учун 4 юлдузли меҳмонхона, бориш ва қайтиш, автобусда трансфер, мазали нонушта 7 кун учун ўртача 3-4 миллион сўмга тўғри келяпти.
БАА еттита амирликдан иборат бўлиб, ҳар бирининг ўзига хос жозибаси бор, лекин Дубай ва Абу-Даби кўпинча диққат марказида бўлади. Дубай ўзининг ажойиб Бурж Халифа, жозибали савдо марказлари ва палма дарахтларига ўхшаш сунъий оролларни ўз ичига олган ултра замонавий силуэти билан машҳур. Пойтахт Абу Даби муҳташам Шайх Зайд масжиди билан фахрланади ва ҳаяжонли Формула-1 Гран-присига мезбонлик қилади. Шайх Зайд ёки Оқмачитга кириш бепул бўлса ҳам, олдиндан регистрация қилиб, онлайн чипта олишингиз керак. Фақат бир қоида бор, эркак ва аёллар Ислом динига мос равишда кийинишлари керак бўлади.
Кириш ва чиқиш масчид дарвозалари орқали эмас. Тахминан 1 км. масофада шишали юмалоқ биноларни кўришингиз мумкин, шу ердан масчидгача ерости йўли орқали хоҳласангиз пиёда, хоҳласангиз бепул кичик транспорт билан кета оласиз. Масчидга қўлдан тўқилган 5400 метр, 35 тоннали ажойиб гилам тўшалган. Киришингиз билан ёқимли ифорлар сизни мафтун қилади.
Ҳа, нега айнан Шайх Зайд? Бу одамнинг расмини амирлик бўйлаб ҳар қаерда, меҳмонхона, кўчалар, савдо марказлари, пул бирлигида учратиш мумкин. Шайх амирликнинг 1971-2004 йиллар оралиғида президенти бўлган ва мамлакатда ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада ўзгаришлар қилиб, аҳолининг ҳурматини қозонган.
Шу ўринда қизиқ факт, амирлик аёллари 30 ёшгача турмушга чиқмайдиган бўлса, давлат ўз ҳисобидан уй беради. Аёлларнинг мавқеи анча баланд ва сиз кўчада оғир ишда ишлайдиган аёлни ҳеч қачон кўрмайсиз.
Батафсил юқоридаги видеорепортажда.
Гулноза Қодирова,
БААдан Platina учун махсус